Тузумдаги тизим

Натижавийликни бошқариш тизимининг мувафаққияти ёки омадсизлиги чизиқли раҳбарларга* боғлиқ! “Натижавийликни бошқариш. Амалдаги натижаларни баҳолаш тизими” (Майкл Армстронг, Анжела Бэрон) китобидан

Яқинда курсдошлар билан бўлиб ўтган учрашувда бўлиб ўтган суҳбат мени анча ўйлантириб қўйди ва бу блогпостни ёзишимга сабаб бўлди. Чет элда узоқ йиллар фаолият кўрсатиб, ўтган йили Ўзбекистонга қайтиб келган ва бугунги кунда катта ташкилотнинг раҳбарият тизимида топ менежер бўлиб ишлаётган курсдошим ҳақида гап очилиб қолди.

-Бугун дўстим бошқараётган корхонани айландим. Деярли банкротга учраган корхонани оёққа турғизиб, 1000 дан ортиқ одамни иш билан таъминлагани учун қойил қолдим, аммо мени бир нарса ҳайратга солди — деб гап бошлади курсдошларимдан бири.

-Нима экан?

-Ишчиларни бизга берган саломига дўстим эътиборсиз ўтар ва умуман алик олмас экан.

Даврада ўтирганларнинг ҳаёлидан “Одамни синамоқчи бўлсанг мансаб бериб кўр деб бекорга айтилмас эмас эканда. Тарбияси ва характери ажойиб дўстимиз раҳбар бўлиб одамни менсимайдиган кибрли инсонга айланиб кетибдида…” деган фикр ўқдай ўтганини сезган курсдошим тилга кирди.

-Бугун саломига алик оласан, улар эртага яна қуюқроқ салом беришади. Индин қўл бериб сўрашади ва кейинги кун сени тўхтатиб ўз муаммоларини айтишни бошлайди. Биттаси билан иш вақтида суҳбатлашиб, муаммосини эшитасан. Кейинги ҳафта улар кунига 5 киши, кейинги ой 50 тага етиши ҳеч нарса эмас. Шундан кейин уларни эшитмасдан иложинг қолмайди. Мен учун ишлаб чиқариш жараёни муҳим. Мен ишлаб чиқариш жойига ишни назорат қилиш ва жараённи кўриш учун келаман. Шунга қараб менга берилаётган кунлик маълумотларни кўриб чиқаман. Фикру-ҳаёлим ишлаб чиқариш жараёни тўхтамаслиги, ички ва ташқи бозорга жўнатилиши керак маҳсулотларни режаси билан банд бўлади. Чунки, менда ҳафтасига келиб тушадиган экспорт суммасининг режаси бор. Концентрациямни буза олмайман. Умуман, нега мен уларнинг муаммосини эшитишим керак? Агар мен эшитсам ва уни ечиш учун ҳам киришсам, ташкилотдаги касаба уюшмалари, меҳнат муҳофазаси ходими ва бошқа тизимлар нима учун керак? Ишчиларнинг тўғридан-тўғри бошлиғи нимага керак? Ҳўп, мен эшитдим ҳам дейлик, барибир муаммони ўрганишни тизимдаги масъул ходимларга жўнатаманку? Айнан тизимли равишда текширув ва мажлисларни ўтказиб, керакли ҳужжатларни олиб келиб баён қилишганидан кейин яна эшитаманми? Агар уларга молиявий ёки бошқа ёрдам бериш керак бўлса, мен масъул тизим хулосасига асосан ўша маблағни ажратаманку. Мен учун корхонамда тизим ишлаши муҳим…

Суҳбат бошқарув тизими ва чет элда бу соҳада ортирган тажрибасига уланиб кетди. У ишлаган Корея ва Японияда бу қандай амалга оширилишини айтиб берди. Шу ўринда яна бир қизиқ фикр янгради.

-Бир куни иш вақтида ишламай ўтирган ходимни кўриб қолдим ва бориб сўроқ қилишга тушдим. Бундай ҳолат у билан биринчи марта эмаслигини билар эдим. У эса мени устимдан порталга ёзиши билан таҳдид қилишни бошлади. Ўша жойнинг ўзида мобиль телефоним орқали порталга сим қоқдим ва ариза қабул қилиб олувчига вазиятни тушунтириб, телефонни ишчига тутқаздим. Аризасини қабул қилиб олишди. Унга иш вақтидаги ҳолат бўйича ҳайфсан бердик. Чунки бизда ишлаб чиқариш жараёни мураккаб босқичлардан иборат бўлиб, агар режим 1 соатга узилса, маҳсулот тайёр холга келиши 1 ҳафтагача кечикиб кетади. Бу корхона учун катта зарар бўлади. Қонуний ишлаганимиз учун портал юристи ҳам ёрдам бера олмади. Бу қадар қаттиқроқ муносабат билан бошқа ишчиларнинг тартибга риоя қилиши кераклигини кўрсатдик. Мен учун корхонада тартиб ва барқарорлик муҳим…

Шу ўринда жамиятимиздаги муаммони раҳбар эшитиши ва портал орқали ҳал қилиниши бўйича тажриба секин-асталик билан ишлайдиган иерархик тизимли фаолиятга қайтиши керак экан деб ўйлаб қолдим. Сўнги йилларда порталга мурожаат қилиш тажрибаси муаммоларнинг мавжудлигини, унинг характерини ва асосийси ечиш мумкинлигини кўрсатди. Бундан тўғри хулоса чиқарилган ҳолда суд, прократура, ички ишлар ва бошқа вазирликлар фаолиятлари қайта кўриб чиқилди, чиқилмоқда. Адлия вазирлиги ва халқ қабулхоналарининг саъй-харакатлари билан аҳоли орасида ҳам ҳуқуқий саводхонлик ортиб бормоқда. Аста-секинлик билан жамиятда ҳар бир бўғинни тизимли ишлашини йўлга қўймасак, раҳбарларни аслида бажариши керак фаолиятидан бошқа ишларни туни билан бажариб меҳнат самарадорлигини тушириб юборишимиз, натижада яна бошқа муаммоларни келтириб чиқаради. Раҳбарнинг ватанпарварлиги туни билан ишхонада ишлашида эмас, балки қанчалик самарали ишлаши билан баҳоланиши керак. Кўп чет элларда бўлганимда, ходимларни соат 18:00 дан сўнг ишхонани тарк этишини кўраман. Бизда эса, иш шу соатдан кейин бошланади. Чунки, кун мажлисларда, ҳокимиятнинг режаланмаган тадбирларида ва бошқа ташкилий ишларида сарф бўлиб кетади. Раҳбар иш вақти тугаши билан оиласи даврасига кетмасдан ишлаши, 10 км узоқликдаги фарзандини фақат ухлаганида кўргани учун кундузи “imo”да гаплашиши каби нарсаларга қачонгача бардош бераолади? Унинг ҳам сабри бир кун тугайди. Ундан ташқари порталга ёзувчиликни касб қилиб олган “зўравон” одамларни кўпайтириб жамиятдаги барқарорликка таъсир қилиб қўйишимиз мумкин. Бунинг давом этиши футболда вазиятни қўлдан чиқариб қўйган ҳакамдек ҳаммага кетма-кет жарима карточкасини кўрсатаётган одамни эслатадиган ҳолга тушириб қўйиши мумкин. Бу вазиятни кутмасдан тизимли бошқарувни йўлга қўйишимиз, ҳамда ҳамма ишни ўзи бажарадиган раҳбарни қўл остидагиларни фаолиятини бошқарувчи, мувофиқлаштирувчи ва рағбатлантирувчи раҳбарларга айлантиришимиз керак…

PS. Чизиқли раҳбарлар (линейные руководители) — қуйи бўғин раҳбаридан тортиб бир устунга тўғридан-тўғри бўйсунадиган қатъий иерархик табақавий тизимга жойлашган раҳбарларга айтилади.

4.40 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.40 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.59 / 8
  • Муштарийлар баҳоси
    4.53 / 16

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4.5 Бахтиёр Шералиев 11/06/2018
4.5 Расул Кушербаев 11/06/2018
4 Маҳсуджон Асқаров 11/06/2018
4.5 Олимжон Солижон ўғли 11/06/2018

Жуда яхши пост бўлибди. Лекин буни бизда ҳали бери қўллаб бўлмайди. Маъмурий бюрократик тизим яхши ишлашга йўл қўймайди. Муаллифга омад.

3 Давронбек Тожиалиев 11/06/2018

Блогпостда блогернинг шахсий муносабати, янгича фикрлари кам намоён бўлган

4 Уйғун Ғафуров 11/06/2018

Яхши фикрлар бўпти-ю, бироз оз бўпти-даа.

4.5 Ботиржон Шерматов 11/06/2018

Ёзиш услуби яхши, имловий хатолар йук, ижтимоий ахамияти жуда катта, ечим ва тахлил мавжуд. Купрок мисоллар келтирилса, жуда яхши буларди. Айникса ечим борасида.

4 Нодир Закиров 12/06/2018

Иш самарадорлиги ростданам ўрганиб чиқилиши керак барча давлат идораларида. Дўстингиз мисолини келтирганингиз қизиқ бўлибди.

4.5 Абдумалик Носиров 12/06/2018

Мана шу муаммоли тизимни вужудга келтирган вазиятни хисобга олиш лозим. Оддийгина мисол. Давлат идораларида ўз ходимларини иш вақтидан ташқари пайтда ишлатгани учун устама хақ тўлаш механизми бўлмас экан муаммо хал бўлмайди. Ходимни ишдан ташқари "бепул" ишлатгани учун ходимни касаба уюшма химоя қилмас экан муаммо хал бўлмайди. Лекин ишдан ташқари вақт ходимни ишлатиш учун шиорларни тузиш бўйича чемпионмиз.

4 Нигора Умарова 12/06/2018

Баён этиш усули ва имло қоидаларига аҳамият берилиши керак.

4 Мансур Тангишов 12/06/2018

Muallifning o‘z mustaqil fikri sezilmabdi. Tahlil va yechim bo‘yicha ozroq izlanish kerak edi. Lekin yozish uslubi, muammoni qiziqarli bayon qilish mahorati tahsinga loyiq.

4 Қаҳрамон Асланов 12/06/2018

Иш вақти, меҳнат шартномалари, раҳбар ва ходим муносабатлари ҳақида янада кенгроқ тўхталинса бўларди. Мақола жуда тез тугаб қолгандек туюлди

4.5 Беҳзод Қобулов 12/06/2018

Фикрларингизга қўшиламан. Шундай тизим ишлаши керак. Умид қиламизки, ҳозирги ҳаракатлар ўзани айнан шу йўлга бораяпти.

5 Мубашшир Аҳмад 12/06/2018

Менинг иш ташкил этишдаги услубим ер билан битта қилинибди. Офарин, ўзимга анча дарс олдим. Бошқаларга ҳам мақола ғоясини татбиқ этишни таклиф қиламан.

4 Умид Гафуров 12/06/2018

Зўр мавзу танланган, аммо ёзилиши жиҳатдан маълум камчиликлари бор. Биринчи гапдаги "бўлиб ўтган-бўлиб ўтган" ва охирги абзацнинг алоҳида, кичик абзацларга бўлинмаганлиги ўқишни қийинлаштирди.

4 Музаффар Назаров 13/06/2018
5 Шерзод Шерматов 13/06/2018
4.5 Тўлқин Юсупов 13/06/2018

Boshqa finaldoshlaringizga nisbatan biroz dolzarbligi kamroq mavzu tanlabsiz. Yanada kengroq yoritganingizda, maroq bilab o‘qirdim.

5 Саид-Абдулазиз Юсупов 13/06/2018
4.5 Мақсуд Саломов 13/06/2018

Muallifning "ҳамма ишни ўзи бажарадиган раҳбарни қўл остидагиларни фаолиятини бошқарувчи, мувофиқлаштирувчи ва рағбатлантирувчи раҳбарларга айлантиришимиз керак" degan fikriga to'liq qo'shilaman. Duch kelingan har qanday muammo portalga yozish bilan emas, chiziqli rahbarlar doirasida hal qilinishiga erishilsa, jamiyatda anchagina oldinga siljish sodir bo'lgan bo'lardi.

5 Иноят Садикова 13/06/2018

Super! Finalga chiqqanlar kelishib olganmisizlar deyman, o'qigan sarim bir-biringizni blogpostingizdagi go'yani to'ldirib borayabsizlar :) Sizniki huddiki ham barcha muammoni qamrab olgan, ham bitta muammoga bor e'tiborini qaratgan. Ohirgi paragraf kichikroq qismlarga bo'linib, asosiy fikrlar ajratib ko'rsatilishi mn edi.

5 Адҳам Отажонов 13/06/2018
4.5 Шунқор Чориев 13/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
2 та фикр