Ўзбекистон блогерлари чемпионатининг низоми
1. Иштирокчилар
1.1. Блогерлар чемпионатида интернет тармоғида ўзининг саҳифаси (блог, веб-сайт), “Telegram”даги шахсий канали, ижтимоий тармоқларда саҳифалари бўлган, давлат (ўзбек) тилида блог юритувчи, республикада ёхуд айни пайтда хорижий давлатларда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари, шу билан бирга, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи, аммо фуқаролиги бўлмаган шахслар қатнаша олади.
1.2. Иштирокчилар ёши, жинси, миллати, дини, ирқи, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар тенг ҳуқуққа эгадир.
1.2. Чемпионатда матн, аудио, фото ва видео шаклидаги постлар қабул қилинади. Постлар қайси шаклда эканидан қатъи назар тенг қабул қилинади ва баҳоланади.
1.3. Чемпионатда истисно тариқасида 1.1-бандда кўрсатилган мезонларга мос келувчи, бироқ шахсий блог юритмайдиганлар ҳам қатнашиши ҳам мумкин. Уларнинг чемпионатда қатнашиш тартиби жуда оддий. Бунинг учун улар http://blog.xabar.uz сайтида рўйхатдан ўтиб, йўриқномада кўрсатилган тартибда ўз ижодий ишларини белгиланган платформага жойлаштирсалар кифоя. Ўзининг шахсий блоги (сайти, канали, веб-саҳифаси)га эга бўлмасдан Блогерлар чемпионатида иштирок этаётган шахслар қолган иштирокчилар билан бир хил ҳуқуққа эга. Шунингдек, ёзган блогпости ўзининг шахсий саҳифасида эмас, балки бошқа электрон ОАВ ёки блогларда чоп этилган шахслар ҳам чемпионатда қатнашиши мумкин (масалан, спорт, ахборот сайтлари блогларида ва ҳ.к.)
1.4. Чемпионатда иштирок этаётган блогерларнинг фикрлари шахсий характерга эга бўлиб, унинг тўғрилиги учун фақат муаллифнинг ўзи жавобгар бўлади. Ташкилотчиларнинг фикри блогер ва ўқувчилар фикридан фарқ қилиши мумкин.
2. Чемпионатнинг мақсад ва вазифалари
2.1. Лойиҳанинг мақсади: Ўзбекистонлик ёш интернет-фойдаланувчилари орасида профессионал блог юритиш кўникмаларини юксалтириш орқали уларнинг фуқаролик жамиятидаги фаоллигини ошириш.
2.2. Лойиҳанинг вазифалари:
- ўзбек тилида блог юритувчи блогерларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш;
- блогерлар томонидан ёзилган фикрларини кенг жамоатчиликка етказишда кўмак бериш;
- жамиятдаги турли муаммоларни муҳокама қилиш ва бу орқали жамоатчилик фикрини шакллантириш;
- ўзбек блогерлари ўртасида ижодий ва дўстона муҳитни шакллантириш
- интернет тармоғида ўзбек тилидаги фойдали ресурсларни бойитиш ва бошқалар.
2.3. Блогерлар чемпионатининг молиявий, ташкилий-техник таъминоти ва сарф-харажатлари Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан амалга оширилади.
3. Чемпионатни ўтказиш тартиби
3.1. Чемпионат 3 босқичдан иборат тарзда ўтказилади.
3.2. Чемпионатнинг биринчи босқичи қуйидаги тартибда ўтказилади:
- Биринчи босқичга аризалар 10 апрель 20 май оралиғида қабул қилинади;
- Биринчи босқич учун ўтган 2017 йил 10 апрелдан 2018 йил 20 майга қадар, яъни сўнгги бир йил ичида ёзилган блогпостлар тақдим этилиши мумкин;
- Иштирокчилар матн, аудио, фото ва видео шаклидаги ижодий ишларини http://blog.xabar.uz сайтига шахсан жойлаши керак.
- Блогпостлар 2018 йилнинг 20 май соат 23.59 гача (Тошкент вақти бўйича) қабул қилинади. Ушбу муддатдан кечиккан иштирокчиларнинг блогпостлари чемпионатга қабул қилинмайди;
- Шунингдек, бир муаллиф икки ёки ундан кўп ижодий иш билан қатнашаётгани аниқланса, чемпионатдан четлаштирилади;
- Биринчи босқич натижасига кўра энг яхши деб топилган 50 нафар блогер кейинги босқичга йўл олади (бордию 50-ўриндаги иштирокчи билан яна бир нечта блогернинг натижаси бир хил бўлиб қолса, уларнинг барчаси кейинги босқичга ўтади);
- Биринчи босқич натижалари 21 май куни эълон қилинади.
3.3. Чемпионатнинг иккинчи босқичи қуйидаги тартибда ўтказилади:
- Иккинчи босқичда биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган 50 нафар блогер 22-31-май кунлари янги блогпост ёзиши ва уни http://blog.xabar.uz сайтига жойлаши лозим;
- Иккинчи босқичда 22 майдан аввал эълон қилинган блогпостлар кўриб чиқилмайди. Шунингдек, бир муаллиф икки ёки ундан кўп ижодий иш билан қатнашаётгани аниқланса, чемпионатдан четлаштирилади;
- Блогпостларни 31 май куни соат 23.59 гача (Тошкент вақти бўйича) топшириш шарт. Ундан кечиккан иштирокчиларнинг аризаси қабул қилинмайди;
- Иккинчи босқич натижасига кўра энг яхши деб топилган 20 нафар блогер Финал босқичига йўл олади (бордию 20-ўриндаги иштирокчи билан яна бир нечта блогернинг натижаси бир хил бўлиб қолса, уларнинг барчаси кейинги босқичга ўтади);
- Иккинчи босқичга тақдим этилган ишлар 1 июнгача баҳоланади.
- Иккинчи босқич натижалари 2 июнь куни эълон қилинади.
3.4. Чемпионатнинг финал босқичи қуйидаги тартибда ўтказилади:
- Финал босқичида иккинчи босқичдан муваффақиятли ўтган 20 нафар блогер 3–10-июнь кунлари янги блогпост ёзиши ва уни http://blog.xabar.uz сайтига жойлаши лозим;
- Иккинчи босқичда 3 июндан аввал эълон қилинган блогпостлар кўриб чиқилмайди. Шунингдек, бир муаллиф икки ёки ундан кўп ижодий иш билан қатнашаётгани аниқланса, чемпионатдан четлаштирилади;
- Блогпостлар топширишнинг энг сўнгги муддати 10 июнь куни соат 23.59 (Тошкент вақти бўйича) ҳисобланади. Ундан кечиккан иштирокчиларнинг аризаси қабул қилинмайди;
- Финал босқичига тақдим этилган ишлар 13 июнгача баҳоланади. Чемпионатнинг якуний натижалари 13 июнь куни эълон қилинади. Бордию совринли ўринларга даъвогарларнинг натижаси бир хил бўлиб қолса, ғолиб ҳакамлар билан ўзаро келишилган ҳолда Ҳакамлар ҳайъати раиси томонидан аниқланади.
3.7. Бир иштирокчи, гарчи бир нечта блог (канал, сайт, саҳифа)га эга бўлса ҳам, чемпионатда фақат улардан биттаси орқали қатнаша олади.
3.8. Чемпионатнинг барча босқичида блогерлар эркин мавзуда ижод қилишлари мумкин. Айнан танлаб олинган мавзу берилмайди.
3.9. Блогерлар чемпионатига ижодий ишларини юборган иштирокчилар автоматик равишда ушбу НИЗОМ билан танишган ва «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали блогпостларнинг муаллифлик (муаллифларнинг исм-шарифини кўрсатга ҳолда) ҳуқуқига эгалик қилишига розилик билдирган ҳисобланади.
4. Чемпионатда қатнашиш тартиби
4.1. Иштирокчилар, энг аввало, чемпионат учун махсус ташкил қилинган платформа (http://blog.xabar.uz) орқали рўйхатдан ўтишлари лозим.
4.2. Рўйхатдан ўтган иштирокчилар махсус платформа (http://blog.xabar.uz)даги белгиланган жойга блогларини жойлашлари керак! Бунда энг аввал блогпост (матн, аудио, фото ва видео)ларнинг сарлавҳаси жойланади. Сўнгра блогпостнинг матни жойланади. Агар иштирокчи видеоблог тайёрлаган бўлса, видеонинг «Youtube», «Mytube» ёхуд бошқа платформадаги линки махсус кўрсатилган жойга қўйилади. Аудио ва фотоблоглар ҳам худди шундай (ижодий ишларни http://blog.xabar.uz сайтига жойлаштириш тартиби бўйича алоҳида ҚЎЛЛАНМА ишлаб чиқилган).
5. Чемпионатга келиб тушган ижодий ишларни баҳолаш тартиби
5.1. Чемпионатнинг барча босқичларида онлайн овоз берилади;
5.2. Чемпионатга тақдим этилган блогпостларга http://blog.xabar.uz сайтидан рўйхатдан ўтган 3 тоифа фойдаланувчилар овоз бера олади:
1) ҳакамлар ҳайъати;
2) блогерлар;
3) ўқувчи (мухлис)лар.
Бунда:
Ҳакамлар ҳайъати - Блогерлар чемпионати ташкилотчилари томонидан тайинланган малакали мутахассислар ҳайъати;
Блогерлар - порталда иштирокчи сифатида рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар;
Ўқувчилар - блогер бўлмаган, чемпионатни шунчаки ўқувчи сифатида кузатиб борувчи фойдаланувчилар.
Блогерлар чемпионатининг барча босқичлари натижаси ҳакамлар ҳайъатининг баҳолари асосида чиқарилади. Яъни биринчи босқичдан иккинчисига ўтувчилар ҳам, иккинчи босқичдан финалга чиқувчилар ҳам, финал босқичи ғолиб ва совриндорлари ҳам фақатгина ҳакамларнинг баҳосига кўра аниқланади.
Чемпионат давомида блогерлар томонидан энг юқори баҳо олган иштирокчи «Блогерлар эътирофига сазовор бўлган блогпост» номинацияси ғолиби сифатида ташкилотчилар томонидан алоҳида тақдирланади.
Шу билан бирга, чемпионат давомида ўқувчилар томонидан энг юқори баҳо олган иштирокчи «Ўқувчилар эътирофига сазовор бўлган блогпост» номинацияси ғолиби сифатида ташкилотчилар томонидан алоҳида тақдирланади.
5.3. Ҳакамлар ҳам, блогерлар ҳам, ўқувчилар ҳам чемпионатга тақдим этилган ижодий ишларни 5 баллик тизимда баҳолашади;
5.4. Блогпостларни баҳолашда қуйидаги мезонларга асосланилади:
- мавзу (ғоя)нинг оригиналлиги;
- ижтимоий аҳамияти;
- матннинг имло хатолардан холилиги, видео, аудио ва фотоблогларда эса техник қусурлардан холилиги, сифати;
- муаллифнинг шахсий фикри мавжудлиги, айтмоқчи бўлган фикри (ғояси)нинг тугаллиги;
- ечим ва таҳлилнинг мавжудлиги;
5.5. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокчиларнинг олдинги ишлари билан ҳам танишишлари ва баҳолашда буни инобатга олишлари мумкин
5.6. http://blog.xabar.uz сайтида рўйхатдан ўтмаганлар ижодий ишларга баҳо бера олмайди.
6. Блогпостга қўйилган талаблар
6.1. Блогерлар исталган кўринишда блогпост ёзиши мумкин. Блогпост ҳажми чекланмаган.
6.2. Ижодий ишлар шаклига (матн, фото, видео, аудио ва ҳ.к.) ҳам чеклов йўқ. Бу блогернинг ўз услубига ва креативлигига ҳавола.
6.3. Жамоанинг меҳнати натижаси бўлган ижодий ишларни жамоа номидан битта киши тошрира олади. Битта ижодий гуруҳдан фақат битта иш қабул қилинади.
7. Тақиқлар
7.1. Шахси номаълум блогерлар томонидан, шунингдек, шахсий фикр эмас, балки таҳририят фикри кўринишида ёзилган блогпостлар чемпионатга қабул қилинмайди.
7.2. Шунингдек, миллий адоват, сепаратизм, ирқчилик, терроризм, уруш, зўравонлик, диний қарашлар, порнография ва ахлоқсизликни тарғиб қилувчи, фейк (ёлғон хабарлар)га асосланган, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига қарши қаратилган ҳамда ўзгаларнинг шаъни, қадр-қимматини камситиш, ўзгаларга туҳмат ва ҳақорат мазмунидаги блогпостлар чемпионатга қабул қилинмайди.
8. Мукофотлар
8.1. Ғолиблар қуйидаги мукофотлар билан тақдирланишади:
1-ўрин (1 та): 15 миллион сўм.
2-ўрин (2 та): ҳар бирига 8 миллион сўмдан.
3-ўрин (3 та): ҳар бирига 5 миллион сўмдан.
(Жами: 46 миллион)
8.2. Шунингдек, ўндан зиёд номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланади. Номинациялар ғолиблари ҳомийлар томонидан тақдим этилган мукофотлар билан тақдирланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди “Чемпионат кашфиёти бўлган блогер”ни алоҳида тақдирлайди.
9. Якуний қоидалар
9.1. Блогерлар чемпионати натижалари “Xabar.uz” ахборот-таҳлилий портали ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
9.2. Чемпионат ғолиблари ва совриндорларига мукофотлар 2018 йилнинг 14 июнь — Халқаро блогерлар кунида тантанали топширилади.
9.3. Блогерлар чемпионатига келиб тушган ижодий ишларни бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш, чоп этиш учун «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталининг розилигини олиш шарт.
10. Қоидаларга ўзгартириш киритиш
10.1. Зарурият туғилганда ташкилотчилар томонидан чемпионат низомига ўзгартириш киритилиши мумкин.
10.2. Чемпионат давомида юзага келган ва ечими ушбу низомда назарда тутилмаган кутилмаган муаммоли вазиятлар ташкилотчилар томонидан ҳал қилинади.