Нега “Сбербанк” Исломий банкингга мурожат этмоқда?

“Сбербанк” ўз бўлимларида “Исломий дарча”ларини очишни режалаштирди. Бу ҳақда банк бошқаруви раиси ўринбосари Олег Ганеев “Интерфакс”га хабар берди.

Унинг тушунтиришича, бу дарчаларда мижозларга шариат талабларига мувофиқ хизмат кўрсатилади. “Бу банкнинг кросс-функционал ишчи гуруҳининг вазифаларидан биридир. Табиийки, “Сбербанк”нинг бутун инфратузилмасида эмас, балки жисмоний шахсларнинг талаби юқори бўлган жойларида бу дарчаларни очамиз”, – дея мазкур ғояни тушунтирди Ганеев.

Унинг таъкидлашича, бундай лойиҳаларни “регулятив қумдон” (болалар қум ўйнайдиган қумдон мисолида – тарж.) доирасида синаб кўришни кўзлаётган Марказий банк ушбу ғояни ҳам қўллашга таёр. Биз буни битта минтақада (синаб кўришни) таклиф этамиз. Битта регионни олиб “қумдон” форматида, айтиш мумкинки, битта Марказий банк манфаатини кўзлаб эмас, балки бутун Россия банк тизими фойдасини кўзлаб иш бошлаш керак. Бу формат қўллаб-қувватланса, ўйлайманки, биринчи дарчаларни биз шу йилнинг ўзида очилишининг гувоҳи бўламиз.

“Сбербанк” вакили бундай дарчалар Бошқирдистон, Татаристон ва Чеченистоннинг баъзи банкларида аллақачон очилгани ҳақида маълумот берди. Исломий банкинг оддий банкингдан кредитдан фоиз олишга нисбатан, савдо суистеъмолликларига нисбатан ҳамда барча вақт билан боғлиқ операцияларга нисбатан қўйилган тақиқлари билан фарқланади. Бу мантиқдан, масалан, фючерс контрактлари билан савдо қилиш ман этилиши келиб чиқади (Манба: lenta.ru).

Хулоса ўрнида

Пул-мол муносабатларида ҳалоллик тамойилига риоя этишнинг хайр-барака омили эканлиги динимизнинг устивор ҳақиқатларидандир. Бу ҳақиқатни бошқалар билмаса ҳам, биз билмоққа бурчлимиз. Зеро ҳалол иқтисодий муомилот борасида ёзилган илмий китобларнинг бир қанчаси шу заминда, шу юрт фарзандлари бўлган буюк уламолар томонидан битилган. Таъбир жоиз бўлса, шу юрт олимлари бу соҳада дунёга устоз бўлишган.

Ҳозирда фоизсиз банк юритишнинг замонавий тизими ишлаб чиқилган бўлиб, у дунёнинг турли ҳудудларида муваффақиятли қўлланилмоқда. Бунда банк тадбиркорга пул бериб фоиз белгиламайди, балки бўлажак бизнес-лойиҳада шериклик қилишни кўзлайди. Қизиғи шундаки, бу тизимдан нафақат мусулмонлар, балки мусулмон бўлмаганлар ҳам фаол фойдаланишмоқда. Банк мижозларининг баъзиларини Исломий банкинг инсофга тўғри келиши билан, бошқаларни қулайлиги билан, банкларни эса кўпроқ мижоз жалб қилиш илинжи ўзига жалб қилмоқда. Кўриб турибмизки, Россия “Сбербанк”ини ҳам мамлакат банк соҳасидаги ҳали “тегинилмаган” ушбу имкониятлар ўзига тортган. Зеро фоизли кредитларни олмайдиган мусулмон тадбиркорлар қатлами Россияда катта ва тобора ўсиб бормоқда. Бу “бозор”ни эгалламасликни рус банкирлари ақлсизлик деб ҳисоблаётган бўлсалар не ажаб?

Ўзбекистонда ҳам бу соҳа шундоққина – фойдаланилмасдан турибди. Фоизли кредитни олмайдиган, “қани эди Исломий банкинг бўлса!” деб уни орзу қилиб юрган тадбиркорлар юртимизда бир неча мингдан ортиқлигига шубҳа йўқ.

Устига устак мамлакатимиз банк соҳасида фаолият юритаётган азизлар (аксари) мусулмон фарзандларидир ва улар ҳам касблари уларга, оилаларига хайр-баракали бўлишига албатта муштоқдирлар, деган ишончдамиз. Қўшимчасига Исломий банкинг юрт, давлат ва жамият учун хайрлар – яхшиликлар омили эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, воқеликнинг ҳамма жиҳатлари бу соҳани ривожлантириш учун “овоз” бермоқда. Биз ҳам шунга овоз берамиз.

3.51 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.51 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.16 / 3
  • Муштарийлар баҳоси
    4.37 / 17

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Мухаммад Шакур 25/04/2018
5 Sanjar Said 25/04/2018
5 Elyorxon Rahimberdi 01/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
9 та фикр