Ортда қолиб бўлмайдиган пойга

Асосан ижтимоий тармоқдан танийдиган, яъни шахсан юз-таниш бўлмаган айрим дўстларимиз ҳозирда мени негадир олим деб ўйлашади. Ёқимли, лекин ҳақиқатдан бир ёруғлик йили масофасидаги йироқ гап. Балки orbita.uz сайтимда фақат илмий йўналишда материаллар бериб борганлигим учун шундайдир. Лекин мен, хорижий манбалардан ўқиганимни ўзбекчага ўгириб сайтимга жойлаб элга улашадиган воситачиман холос. Ундан ортиқ эмас. Балки “Қосимов теоремаси”, ёки “Қосимов тенгламаси” сингари ном билан илм-фанда из қолдириш имкониятим ҳали бордир. Барибир хуллас айнан ҳозир ўзим олим эмасман... (Кошки эди шундай бўлса!)

Ҳақиқий олимлар эса... ҳақиқий олимлар – Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Уларни қадрлаш керак. Аслида, рисоладагидек жамиятда миллат элитаси айнан олимлар бўлиши кераклигини аввалги босқичда ҳам ёздим.

Ҳозирда бизнинг жамиятда олимларнинг ва илмнинг қадри қандай? Бу борада холис фикр билдира олмайманми деб қўрқаман. Чунки ўша 10 йил аввал бакалавр дипломини олганимдан бери олий таълим ичида эмасман. Турли илмий тадқиқот институтларида ишлайдиган олимлар билан эса мунтазам алоқам йўқ. Шу сабабли, бугунги жамиятимизга назар ташлаган ҳолда, билвосита субъектив фикр билдира оламан холос.

Балки бугун олимларимиз ёмон яшашмаётгандир. Ҳар ҳолда олим кишилар табиатан ўта камтар бўлишади ва ўз муаммоларини ҳадеб очиқлайверишмайди. Айниқса, маиший ва ижтимоий муаммоларини уларнинг ўзидан эшитиш гумон. Мен таниган олимларнинг ҳаммаси шунақа. Лекин барибир ҳозирги кундаги жамиятимизга назар ташласак, олимлар ва илмнинг обрўси унчалик ҳам эмас деган фикр уйғонади. Биз спорт ва санъатнинг тарғиботига шу қадар урғу бердикки, натижада “артист-ашиллачилар” ва спортчилар жамиятдаги энг таниқли (ва гўёки энг муҳим) шахсларга айланишди. Олимларни ва илмни қадрлашни эса анча вақт унутдик.

Эътибор берайлик, ҳар йили йил якунида машшоқларни ва шунингдек спортчиларни ҳам «йилнинг энг фалон писмадони» номинацияси бўйича тақдирлашади ва ОАВ орқали бутун элга овоза қилишади. Лекин олимларнинг муваффақиятли илмий ишлари учун тақдирлаб, элга танитишганини эслай оламизми? Афсуски йўқ.

Натижада тунни тонгга улаб, ойлаб, йиллаб илм йўлида сочи оқарган (ёки сочи тўкилган :-) ) олимнинг каттами-кичикми ютуғи ўша институт ичкарисида, нари борса эса Фанлар Академияси деворлари ичида қолиб кетади.

Ярим финал босқичидаги постлардан бирида муаллиф қандли диабетга қарши супермолекула синтези борасидаги илмий иши пайтида дуч келган муаммолари ҳақида куйиниб ёзди. Унинг учун аминокислоталарни домласи ўз чўнтагидан олиб келиб бериб турганини, илмий текширишлар учун асбоб-ускуна, лаборатория жиҳозлари ва реактивлар етишмаслиги ҳақида баён қилди.

Менга алам қиладигани, мамлакатимизга чет элдан легионер футболчи олиб келиш ва унга фалон “дўллўр” маош тўлаш учун пул топиляпти. Ваҳоланки ўша футболчилар бирор нарсани дўндиришгани ҳам йўқ. Йўқ, мен спортга қарши эмасман (ким спортга қаршилик қилади :-) ). Лекин юқоридаги каби истиқболли илмий тадқиқотлар учун илм йўлида пул топилиши қийин бўляпти шекилли. Шу мисолнинг ўзи ҳам биздаги илмга ва олимларга бўлган эътибордан бир дарак бўлса керак... Ундан бошқа муаммоларни эса илм эгаларига қулоқ тутилса, ўзлари айтиб беришар.

Мен эса, ярим финалдаги постимнинг мантиқий давоми сифатида, жамиятда илм тарғиботи билан бирга, энди олимларнинг нуфузини оширишга қаратилган тадбирларни ҳам кечиктирмай бошлаш керак деб ўйлайман. Вақт аллақачон келган.

Бунинг учун нима қилиш керак?

Энг биринчиси, жамиятда олимларнинг обрўси ортишидан энг катта манфаатдор бўлган ташкилот - Республика Фанлар Академияси ҳамда Ҳукумат таъсисчилигида, мамлакатимиз олимлари учун нуфузли миллий илмий мукофот таъсис этиш керак. Бу олимларимиз қайд этган илмий натижаларнинг энг юксак эътирофи бўлиши ва албатта «Давлат мукофоти» мақомига эга бўлиши керак. Мукофот олимнинг ёши, жорий илмий даражаси, фаолият йўналиши ва ҳо казо субъектив омилларидан қатъий назар, истисносиз равишда фақат у қайд этган ва назарий ёки амалий аҳамияти мустақил экспертлар томонидан тасдиқланган илмий иши (кўрсатган натижаси) учун берилиши керак. Ушбу илмий мукофотининг нуфузи мамлакатда энг олийси бўлиб, унга эришиш ҳар қандай олим учун шараф бўлиши ва мукофот олим фаолиятидаги олий мақсадлардан бирига айланадиган даражада бўлиши керак. Мукофот учун махсус жамғарма ташкил этиш ва унинг пул мукофоти қисми қийматини ниҳоятда баланд қилиб белгилаш керак (айтайлик Тошкентдан хеч бўлмаса икки хонали уй ва битта “Спарк” олиш учун етарли бўлсин). Мукофотни топшириш маросимини ҳам энг юксак даражада ташкил этиш, уни ОАВда кенг ёритиш ва олимнинг қайд этган натижасининг моҳиятини кенг жамоатчиликка имкон қадар мукаммал тушунтиришни ташкиллаш керак. Масалан, ҳар йили Нобель мукофотини тантанали топшириш маросимидан кейин, Нобель лекциялари, Нобель суҳбатлари уюштирилади. Унда мукофот олган олимларнинг ўзи илм-фан ва соҳаси ҳақида маърузалар ўқийди. Бизда ҳам ишни шулар каби ташкиллаш мумкин.

Жаҳоннинг энг илғор илмий ривожланган мамлакатларида шундай ички илмий мукофотлар мавжуд. Масалан, Гемфри Деви мукофоти, Гелмгольц медали, Копли медали, ёки яна ўша, Нобель мукофотини эсга олиш кифоя. Бизда ҳам шуларга ўхшаш нуфузли мукофот жорий этиш вақти аллақачон етган. Мукофотни Улуғбек ёки Ал-Хоразмий каби олимларимиз номи билан боғланса, нур устига нур бўлади. Ёки оддийроқ қилиб, “Илм сарбони” деб номласа ҳам бўлади. Эътибор берсак, ашиллачилар учун «Ниҳол», «Эътироф» каби мукофотлар мавжуд, ҳарбийлар учун «Жалолиддин Мангуберди» ордени бор, спортчилар учун ҳам қатор давлат мукофотлари бор. Олимлар учун аталган бундай давлат мукофоти умуман йўқ дейиш ҳам қийин. Тармоқдан топган манбаларимга кўра, ҳозирда бизда фан ва техника соҳасида I ва II-даражали давлат мукофотлари, ҳамда “Science Leader” номли ярим халқаро, ярим миллий мукофот бор экан. Лекин буларни Миллий илмий мукофот даражасида деб бўлмайди.

Иккинчисимамлакатимизда бирор аниқ кунни «Илм ва олимлар куни» деб белгилаш ва байрам даражасига етказиш керак. Хуллас илм байрами ташкиллаш керак. Бунинг учун, Ўзбекистон Фанлар Академияси ташкил қилинган сана — 4 ноябрь куни яхши вариант бўлади. Балки бундан ҳам яхши сана бўйича таклифлар бўлиб қолар. Юқорида айтиб ўтилган илмий мукофотни ҳам айнан ўша байрам санасида олимларга давлат раҳбарлари қўлидан тантанали топширилса аъло иш бўлган бўларди.

Учинчиси – забардаст фидойи олимларимиз шахси ва фаолияти ҳақида ОАВда кенг ёритиш. Бу борада бироз иш бошлаб қўйганман. Лекин Orbita.Uz нинг торгина аудиторияси ҳозирги кучли ўзбек олимлари ҳақида элни бохабар қилиш учун етарли эмас. Бу мақсадда энг яхши йўл эса, олимларимиз ҳақида ёшлар учун намуна ва ўрнак мактаби бўладиган кинофильмлар ишлаш керак. Телевидениемиз Мария Кюри, Жон Неш, Стивен Хокинг, Сринавассан Раманужан ҳақидаги таржима бадиий кинофильмларни аллақачон эфирга қўйган. Лекин, Маҳмуд Салоҳиддинов, Ҳабиб Абдуллаев, Пўлат Ҳабибуллаев, Сайёра Рашидова сингари ўзбек олимлари ҳақида видеофильм ҳам йўқ.

Буларнинг ҳаммаси ташкилий ишлар. Ундан ташқари, энг асосийси — олимларнинг илмий фаолиятини мунтазам, тизимли қўллаб қувватлайдиган система йўлга қўйиш керак. Ишонинг, олимларга илмий ишлари учун керакли препаратлар, реактивлар, асбоб-ускуналар борасида тақчиллик бўлмайдиган шароит ҳозирлаб бериш, улар учун ҳар қандай мукофотдан яхши бўлади. Синаб кўришингиз мумкин, олимларга «нима камчилик?» — десангиз, улар ҳеч қачон маоши камлиги, ёки уй-жой муаммосини айтишмайди. Улар биринчи навбатда илмий фаолият учун етишмаётган шароитни айтишади...

Бундай шароит ҳозирлаб бериш учун эса, турли илмий тадқиқот институтларини, айниқса, истиқболли илмий ишларни молиялаштиришни йирик пулдор корхоналарнинг оталиғига бериш, ёки тижорат банкларига бириктириш керак деб ўйлайман. Менимча илмий тадқиқотларни молиялаштириш учун бу энг яхши ечим бўлади.

Қолаверса, институтларни ва ёш олимларни нуфузли халқаро илмий журналлар ва янги-янги илмий адабиётлар билан мунтазам таъминлаб туриш муҳим. Шундай манбаларни Республикамизга доимий олиб келинишини ташкиллаш ва уларда чоп этилаётган мақолалар асосида, ўша журналларнинг маҳаллий талқинларини юритиш керак. Олим дўстларимизнинг айтишича ҳозирда бу борада аллақачон ижобий ўзгаришлар мавжуд. Масалан, “Elsevier”, Springer, ҳамда Scopus каби дунёдаги етакчи илмий базаларига эндиликда бизнинг олимларимиз бемалол кира олишмоқда.

Яна бир муҳим нарса бор:

Албатта, замонавий амалий илмни эгаллаш учун хорижий тилларнинг аҳамиятини инкор қилмаган ҳолда, шуни алоҳида айтмоқчиманки, ҳар қандай илмни пухта ўзлаштириш, унинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етиш учун одам ўша илмини ўз она тилида ўрганиши керак. Шу нуқтаи назардан, жаҳоннинг энг илғор олимлари муаллифлигида чиққан сўнгги илмий адабиётларни ва айниқса, ҳозирги кундаги энг долзарб илмий муаммоларни, назария ва тадқиқотларни мукаммал ёритадиган фундаментал асарларни, монография ва бошқа манбаларни марказлашган ҳолда ўзбек тилига таржима қилинишини ташкиллаш зарур. Таржима фаолияти мунтазам давом этишини таъминлаш ва таржималарнинг таҳрир ва тақризи учун ўша соҳанинг мамлакатимиздаги энг обрўли олимларини жалб қилиш керак.

Бунда, аввало тегишли фан соҳалари бўйича биринчи навбатда таржима қилиниши керак бўлган адабиётлар рўйхатини шакллантириш ва ишни ўшалардан бошлаш керак деб ўйлайман.

Ўз фикримча энг муҳим таклифим эса — эркин иқтисодий зоналар, кичик саноат зоналари ташкил қилинаётганидек, Республикамизнинг бирор ҳудудида илм-фан шаҳарчаси ҳам барпо этиш керакмикин... Албатта бу кўп маблағ ва куч талаб қиладиган, узоқ муддатли мураккаб лойиҳа бўлади. Бир неча ўн йилликлар кетиши ҳам мумкин. Лекин ишни ҳозирдан бошласак, Ўзбекистон илм-фани келажаги учун буюк пойдевор қўйган бўламиз. Тошкент яқинида илм-фан маркази бўлган Улуғбек шаҳарчаси борлигини биламан. Балки шу шаҳарча негизида янги илмий пойтахт бунёд қилармиз? Ушбу илм шаҳарчаси инфраструктурасига кўра илм-фан ютуқларини ва инновацияларни бевосита ишлаб чиқаришга йўналтириш учун қулай ҳуқуқий ва амалий шароит ҳозирлайдиган маскан, қисқа қилиб айтганда илм-фан пойтахти бўлиши керак. АҚШда Силикон водийси қандай эффект берганини кўпчилик билади. Руслар ҳам шунга ўхшатиб “Сколково” қилишга уриниб ётишибди. Ундан ташқари Германияда Дармштадт, Испанияда Севилья, Россиядаги Дубна шаҳарларидаги илмий инфратузилмадан андоза олса бўлади. Янаям бу борада академик олимларимизнинг ўзларидан маслаҳат ва таклифлар олинса, пухта режа билан иш бошланса, Худо хоҳласа мақсадга албатта эришамиз...

Ҳозирча шу...

Биз ўтмишда ўтган аллома боболаримиз билан фахрланишни қойиллатдик. Энди, ҳозирги олимларимизни ҳам қадрига етишимиз керак бўлган пайт келди. Мен шуни орзу қиламанки, биз ҳам ўтмишда ўтган олимларимиз билан фахрланавермай, бугунги олимларимизнинг ютуқлари билан жаҳонда обрў қозонсак. Океан ортида чиққан компьютер технологиялардаги «Алгоритм» сўзини бизнинг бобокалонимиз номига қўйилгани билан мақтанавермай, ўша компьютер технологияларини, масалан квант-компьютерларини ўзимиздан, ўзимизнинг олимларимизнинг ишланмалари асосида чиқарсак. Бошқа давлатлар аллақачон Марсга учишни режалаштираётган пайтда биз «Сирли осмон тоқига илк нарвон қўйган» бобомиз номи билан фахрланавермасдан, ҳеч бўлмаса ўз сунъий йўлдошимизни ўзимиз учирсак. Абу Али ибн Сино бобомизнинг «Тиб қонунлари» асари Европа врачлари учун “настольная книга” бўлганини таъкидлайвермасдан, қандли диабетга қарши ўзимизнинг олимлар чиқарган дорини саноат усулига татбиқ қилсак... Шунақа орзуларим бор. Хомхаёл бўлма деманг. Ишонинг, халқимизнинг интеллектуал потенциали бундан зиёдига ҳам етади. Замонавий дунёда мамалакатнинг рақобатбардошлигини кўп жиҳатдан унинг олимларининг интеллектуал потенциали белгиламоқда. Ушбу интеллектуал пойгадан ортда қолмаслигимиз шарт! Бунинг учун олимларимизга шароит ва имконият берайлик...

4.59 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.59 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.62 / 38
  • Муштарийлар баҳоси
    4.55 / 43

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Бахтиёр Шералиев 05/06/2018

Muallif ilm-fanning jamiyat hayotidagi muhim aspekt ekanligini chiroyli va asosli tarzda ko'rsatib bera olgan. Maqolada keltirilgan tahlillar va takliflarning barchasi o'rinli bo'lib, muallif fikrini sodda tarzda bayon qilib bergan. Muallifga ilm-fan mavzusini ko'tarfani uchun chin dildan rahmat aytarkan, ulkan omad tilab qolaman.

5 Абдумалик Носиров 06/06/2018

Хакамлардан Бахтиёр Шераливнинг фикрларига қўшилган холда фикримиз бир эканини тасдиқлайман.

5 Иноят Садикова 06/06/2018

Blogpost uchun ko'p Rahmat! Aytganlaringizga qo'shimcha takliflar: 1. Yagona markazlashgan portal tashkil etilib, siz aytib o'tgan tarjimalar bilan bir qatorda olimlarimizning o'z ilmiy tadqiqot natijalari ham alohida ruknda chop etilib borilsa. O'sha chetdagiday bizda ham shunday baza yaratilsa. Agar bor bo'lsa, uni ommalashtirish, rivojlantirish zarur. 2. Toshkentdagi MDIS Institutida har juma Friday Talks nomli uchrashuvlar bo'lib o'tadi. Olimlar bilan ta'lim muassasalarida shu kabi haftalik uchrashuvlarni ham ommalashtirish kerak va ularga nafaqat talaba va o'qituvchilar, balki istagan odam qatnashish huquqini berish kk. 3. Ixtiroga patent olish tizimini tubdan isloh qilish kk. http://www.ima.uz/uz/gosserv/402/ ga kirib ko'rsangiz, matn rus tilida yozilgan. "Подать заявку онлайн" deb davom etsangiz, ID.UZ orqali ID olib kelishga yuborar ekan. U zayavka janivar ichida qanday ma'lumotlar so'ralgan, patent olish shartlari, muddatlari qanday, shu ma'lumotlarni ko'rsatib qo'ysa bo'ladiku!? Keyin ushbu hizmatdan foydalanganlar orqali eshitganman - oylab, ba'zan yillab vaqt ketar ekan ixtiro uchun patent olishga. Bu o'ta qoloq tizimdan darak beradi

5 Уйғун Ғафуров 06/06/2018
5 Адҳам Отажонов 06/06/2018
5 Нигора Умарова 08/06/2018

Мамлакат тараққиёти нафақат маънавият, балки илм-фанЮ техникаси орқали ривожланади. Мақола муаллифи "Жамиятимиздаги олимлар ва илмнинг қадри-қиймати қандай?" қандай деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилиб, ҳаётий мисоллар келтирган. Олимларнинг моддий аҳволини аҳолининг бошқа қатламлари билан қиёслаган. Муаммони келиб чиқиш сабаби ҳамда унинг ечимини кўрсатган. Бир-икки жойда имло хатолари борлигига аҳамият берилмаса, мақола аниқ далиллар билан ёритилган. Унинг ўзига хослиги шунда!

4 Беҳзод Қобулов 08/06/2018

Билдирилган таклифлардан иккитаси кулгили. Муаллиф Ўзбек илм-фани теграсидаги воқеликлардан бехабарга ўхшайди. Ўзингиз айтганингиздек, давлат мукофоти бор. Номдор мукофот ҳам бор. Олимлар шаҳарчаси ҳам бир вақтлар бўлган. Бир эмас иккита. Академиклар шаҳарчаси ва профессорлар шаҳарчаси. Муаллиф ўша шаҳарчалар нечоғли самара келтиргани, қандай жой тақсимлангани, келгусида нималарга эътибор бериш кераклиги, аввалги хатоларни такрорламаслик кераклиги юзасидан ҳам фикр айтганда, нур алан нур бўлар эди. Қолаверса, муаммо алоҳида бир кунни олимлар ва илм-фан куни этиб белгилашдан иборат бўлганда эди... Мантиқсизлик шуки, дунёда алоҳида "Пайғамбар куни" йўқ. Бироқ, унинг издошлари, яъни олимлар куни бўлиши керакмиш. Олимлар бунақа майда-чуйда, шу кун учунгина қизиқ бўлган олди-қочдилардан узоқроқ, панароқ юради. Сизнинг йўлдан борганда, олимлар шоу-бизнес қаҳрамонлари ўрнига келтирилиши керакдек... Кейин улар ҳам ҳар куни ТВда бахтли келажак, ғурбатларга тўла ўтмиш ва ниҳоятда бетимсол бугунги кун ҳақида чўпчаклар сўйлаб беришадими? Хуллас, ният яхши, бироқ, вазиятдан тўла хабардор бўлиб, сўнгра ёзиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Сиз айтган муаммолар бор, бироқ сиз айтган ечимлар, таклифлар ҳаёт ҳақиқатига мос эмас...

4.5 Мансур Тангишов 10/06/2018

Жуда долзарб мавзу кўтарилган. Ёзиш услуби, формат ва мазмун яхши ёритилган. Таклифлар ўринли. Блогпостни замон талабига жавоб берадиган барчани диққатини жалб қиладиган қилиш учун таъсирли суръатлар иложи бўлса инфографикалардан фойдаланилганда янада яхши бўлар эди.

5 Мубашшир Аҳмад 10/06/2018

Энг муҳим муаммолардан бирини кўтариш билан бирга, ечимларни ҳам "тахлаб" ташлабдилар муаллиф. Ишонаверинг, ечилиши керак бўлган энг муҳим муаммо бу. Кўп ютуқларимиз ана шу ечимга боғлиқ.

4.5 Давронбек Тожиалиев 11/06/2018

Фикрлар асосланган. Баён этишда камчиликлар бор.

5 Маҳсуджон Асқаров 11/06/2018

Яхши езилибди. Омад.

4 Олимжон Солижон ўғли 11/06/2018

Долзарб мавзу, яхши таҳлил, ўринли таклифлар. Фикр равон баён қилинган. Аъло баҳо қўйилмаганига сабаб, бу постга саралашда эълон қилинган С. Исамутдинованинг “Билимлими ёки ақлли”, ярим финалда берилган З. Юсупованинг “Олим бўлиш осонми?” постлари “туртки” бўлгани тахмин қилингани туфайлидир. Муаллифга омад ёр бўлсин.

4.5 Қаҳрамон Асланов 11/06/2018

Яхши ёзилган. Ўринли таклифлар. Муаллифнинг чемпионатдаги учта блогпостини қўшиб, битта катта материалга айлантириш мумкин. Шу туфайли, муаллифнинг турли фикрларини. дунёқарашини пайқаш қийин бўлди. Шунинг учун беш қўймадим.

4 Ботиржон Шерматов 11/06/2018

Ёзиш услуби яхши, имловий хатолар бор, ижтимоий ахамияти жуда катта, ечим ва тахлил мавжуд. Бир нарсага каршиман. Муаллиф муаммони бартараф килиш учун асосан давлатдан фойдаланишни таклиф килиб, бизнес ва саноатни жалб килиш хакида тухталмаган. Агар илмий кашфиётларга саноат томонидан эхтиёж ва кизикиш булмаса, барча янгиликлар когозда колиб кетади.

5 Саид-Абдулазиз Юсупов 11/06/2018

Блогпостда бугунги ўзбек жамиятидаги энг оғриқли муаммолар бири ёритилган. Ўтган босқичда муаллифнинг айни шу мавзудаги фикрларини олқишлагандим, ҳозир ҳам баракалла дейман. Блогерлар чемпионатининг финалида мана шундай долзарб мавзулар кўтарилганидан жуда хурсандман. Демак, олдимизга қўйган вазифа қайсидир маънода уддаланди дейиш учун тўла асосимиз бор!

4 Расул Кушербаев 11/06/2018
4.5 Нодир Закиров 12/06/2018

Жонкуярлик қилиб бу мавзуни кўтарганингиз учун раҳмат. Ўринли таклифлар. Илм-фан ва хусусий сектор (ишлаб чиқариш, саноат) ўртасидаги ўзаро манфаатдор ҳамкорликни ҳам гапириб ўтсангиз яхши бўларди.

5 Музаффар Назаров 12/06/2018

Илм ўрганиш, олим бўлиш динимизда хам қадрланган. Боболаримизнинг эришган ютуқлари уларники, бугунги эришганларимиз ўзимизники, лекин келажак бугундан яхши бўлиши учун албатта илм қадрланиши керак

5 Мақсуд Саломов 12/06/2018

Post uchun rahmat, Muzaffar aka. Orbita.uz'dagi olimlar shaxsi va faoliyatini yoritib borish faoliyatingizni qo'llab-quvvatlayman. Olimlarning izlanishlari natijalari va bu natijalarni amalda qanday qo'llash mumkinligi, amalda qo'llanganda qanday manfaat keltirishi haqida muntazam yoritib borsangiz, ularning tadqiqotlari natijalari bilan qiziquvchi investorlar ham topiladi deb o'ylayman. Men ham shunday investorlardan biri bo'lishga tayyorman.

5 Умид Гафуров 12/06/2018

Замонавий ўзбек олимлари ва уларнинг келажаги ҳақида ўйлантирадиган блогпост бўлибди.

5 Тўлқин Юсупов 13/06/2018

Siz aytgan takliflarni amalga oshirish uchun ilmlilar kerak, lekin ular qani?

5 Шерзод Шерматов 13/06/2018
5 Шунқор Чориев 13/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
42 та фикр