Йўловчининг ўйлари

Muzaffar Safoyev
Саралаш

Бир куни автобусга чиқсам, чиптачи – қотма гавдали ўсмир йигитча: “Ака, бўш жой бор-ку, ўтирсангизчи”, деб қолди. “Э, шарт эмас, ҳали замон ёш болалими, кексами чиқиб қолар”, деб қўяқолдим. Бироздан сўнг у “Қани, йўл ҳақини тўланглар,” – деб салон бўйлаб юра бошлади. Мен ойлик йўл чиптасини кўрсатдим, шунда у кўзимга ўқрайиб қараб, “Э, акагинам, бояги гапимни қайтариб олдим. Бўш ўринга пул тўлаганлар ўтиради”, деди-да ёнимдан ўтиб кетди. Мен нима деяримни билмай анграйиб қолдим. “Нима деди у?! Ахир ҳақорат қилди-ку? Жуда кайфиятим бузилди. Тавба, ўзи ҳали она сути оғзидан кетмаган болакай бўлса. Бундай муомалани, беписандликни, қаердан ўргана қолдийкин? Қолаверса, одамлар билан мулоқотда бўлишга тайёр бўлмаган ғўр ўспиринни жамоат жойида ишлашига ким рухсат берди экан?!

Йигитча ўз “фаолияти”да давом этаркан, чек олганларга: “Яшанг-ей, акахон, бор экансизку”, деб уларни мақтар, ойлик йўл чиптасини кўрсатганларга эса, норози қараб қўяр, гоҳида эса, “Ўргилдим шу проездной деган нарсадан,” деб ошкора уф тортиб қўярди. Уни зимдан кузатарканман, “Ҳозир шу бола автобусдаги қанча одамни кўнглини хира қилаётганлигини билармикан”, дея ўйлардим…

Олий ўқув юртига кириш учун имтиҳонларга таёрланиб юрган пайтларим эди. Лекин, эрталабдан укам тенги боладан дакки эшитдим. Айбсиз айбдорга айландим. Бу эса руҳиятимга қаттиқ таъсир қилди. Хўш бошқаларга-чи? Албатта, “ҳали она сути оғзидан кетмаган болакай” бутун бошли автобус салонида нохуш бир кайфият, руҳий босимни юзага келтирган, “кемага тушганнинг жони бир” дегандай, каттаю кичик ҳамма йўловчиларнинг табъи тирриқ бўлгани аниқ эди. Тўғри, бировлар маломатли қараш қилди, биров минғирлади, лекин болакайнинг “шохини қайириб қўядиган”, дашном берадиган мард топилмади. Балки, андиша қилишдими? Ёки бўлмаса, ёш бола билан тенглашиб ўтиришни лозим топишмадими…

Бир сафар дўcтим билан автобусда кетаётганимда, чиптачи унинг ҳужжатларини текшириб: “Коллежни битирганингга бир ой бўпти, сенинг ўқувчилик чиптанг ўтмайди, қани пул тўла-чи”, деб туриб олгани, дўcтим бўлса жон жаҳди билан, мактабни битирганлар коллеж ёки лицейга киргунларича, у ерни тамомлаганлар, олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари тамом бўлгунича ўқувчи ойлик йўл чиптасидан фойдаланишлари мумкинлигини тушунтиришга урингани ёдимга тушди. Бугун эса бундай дилхиралик ўз бошимга ҳам тушди.

Аҳолига транспорт воситаларидан фойдаланишда янада қулайлик туғдириш мақсадида ойлик йўл чипталари ташкил этилгани кун давомида бир неча транспорт воситаларидан фойдаланадиган йўловчилар айниқса, ўқувчи ва талаба ёшлар учун жуда қулай, албатта. Лекин, айрим чиптачи ёки ҳайдовчи акаларимиз уларни “ёқтиришмайди”. Ўз муносабатларини яширишмайди ҳам. Ажабланарли ҳолат: нима, улар йўловчиларни шахсий автобусларида олиб кетишмоқдами? Ахир, автобус давлатники, улар эса бор-йўғи…

Кўпчилигимиз иш жойимизга автобуслар билан борар эканмиз, демак кунлик фаолиятимиз ҳам айнан шу ердан бошланади. Намунали хизматдан кайфиятимиз кўтарилади. Аммо тескариси бўлса-чи? Ҳар тўкисда бир кемтик деганларидек, ушбу соҳа вакиллари хусусан, ҳайдовчи ва чиптачиларнинг аксарияти ўз касблари ва вазифаларига сидқидилдан ёндашмаётганликларини кўп жойларда кўрамиз.

Масалан, аксарият йўналиши бир-бири билан кесишувчи автобусларда “йўловчи талашиш” ҳолатлари рўй беради. Яъни бирор бекатда керагидан ортиқча туриб қолиб, изидан йўли шу йўналишда кесишувчи бошқа автобусни кўрган ҳайдовчи тезликни оширади. Орқадан келаётган автобус ҳайдовчиси ҳам басма-басига тезликка зўр беради. Қарабсизки ажабтовур “пойга” муосбақаси юзага келади. Баъзида ҳайдовчининг ўзидан олдинги рейсда кетаётган касбдоши билан телефонда ғижиллашаётганини, кўчавори гаплар билан бақир-чақир қилаётганига гувоҳ бўламиз. Бу сўзларнинг салбий таъсирини қўя турайлик. Лекин, йўловчи талашиш, “пойга” қўйишлар қандай ҳодисаларга олиб келишини айтиб бўладими? Автобусда кекса отахон, онахонлар, ёш болалик аёллар кетаётган бир пайтда, автобуснинг озгина қалтис ҳаракати ҳам нохушлик келтириб чиқариши мумкин-ку!

3.24 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.24 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.13 / 1
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 1

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
0 та фикр