ЕРНИ «ЕРЛИК»ЛАР ЕР

Дўстим билан ишдан қайтар эдик. Ботаётган қуёш шаҳар оқшомига ғалати кайфият бахш этган. Теварак тўла одам, лекин ҳеч кимнинг биров билан иши йўқ, ўз дардича ўтиб-қайтади.

— ...Шуларни ёмон кўраман! — деди дўстим, иттифоқо.

— Кимни? — деб ҳайрон алангладим. Атрофда: қўлида бежирим, алвон гулдастачалар тутганча, ўтган-кетганга ўз тилида «Гуллардан олинг, гулла-ар!», деб турган муштдайгина хоксор кампир; чиройли кийинган оқ-сариқ болакай бўйнига тираган скрипкасини сайратаётир — унинг «кашкул»лига биров-ярим чақа пул ташлайди, бошқаси ҳеч нима ташламай, шунчаки тинглаб, раҳмат, деб кетади, у пул берувчига табассум-ла таъзим қилгач, яна камончасини тортади; велосипедда қийқириб елаётган мовийкўз қизлар...

— Нимага? — ҳайронлигим ошди.

— Бизни босишган, қул қилишган... Шунга!

— Э-э-э... Қачонги гап бу, дўст, буларда нима айб? — мулоҳазаларини муросага ундадим, ўзимча.

— Барибир. Ўша қон, ўша уруғ...

Жим кетдик уёғига. Аммо ўйларим ғимирлаб қолди. Улардан сизиб чиққан саволлар «чак-чак» томарди шууримга. Ўтмиш, жавоблар, хулосалар озиқ занжиридек тизиларди. Алҳосил шу бўлдики...

Бир Помпейга — бир Везувей!

Хўп, «шулар» бизни босмасдан, қул қилмасдан аввал... озодмидик ўзи? Аҳволимиз қандай эди? Бундай эди: Қўқон Нодирасини, Тошкент Жулқунбойини, Самарқанд Беҳбудийсини, Бухоро Аҳмад Донишини, Хоразм Исломхўжасини... бошига етган, етаётган ва етиш тараддудида эди.

Амиру хонлар ўзаро қирпичоғиди. Бир-бирини босиш, осиш, чопиш, сўйиш, терисини шилиш... учун муттасил пайт пойлаб, шайтонни-да шайтонлатадиган фириблар ўйлар, уюштирарди. Аркону давлат арқону дордан, пешвои динлар мутаассиблигу таъмадан, раият эса расвою радди қилмишлардан ортмасди. Қисқаси, Туронзаминда турли фитна-фасод, фаҳш, жаҳолат жавлон урарди. Мана шундай вазиятда...

Яна бир саволлар «серия»си: ўзимизмасми, «шулар»ни нажот тусаб чорлаган, амирни қувдирган, кейин... кўраримизни кўрган? «Оқпошшо» бизга қутқу солиб келаётган бир пайтда Қўқонга бостириб борган амирлар, Тошкент қамалда маҳали Кайковус ариғини Чирчиқ дарёсига буришни кенгаш берган, оқибат 42 кунда аҳли Шошнинг тинкаси қуриб, мудофани йўқотишларига сабабчи бўлган тожирлар, қипчоқлар қирғинидан кўз очолмай қолган Ҳўқанди Латиф дарвозаларини жангсиз-несиз ланг очганлар... ўзимиздан чиқмаганмиди? Ҳар гал, навбатдаги музофотимизни мавҳ этишаркан, мададга етиб келиш ўрнига, мактуб битиб, «оқпошшо»ни алқаган, қизғин қутлаган кимлар эди?

Ичкарироқ кирсак. Машрабни ломакон сари лопиллатган ким? У Жайҳуннинг сўл соҳилида соқолу саллалари бир-бировиникидан кўрклик “мусулмон”лар қуршовида қатл этилмадими?

Боз ичкарилаймиз. Ҳазрат Навоий довоту қалам қошида эмас, Бойқаро ва унинг ўн икки тахтталаб ўғли ўртасида тутдай тўкилмадими? Мирзо Бобурни Андижону Самарқандга сиғдирмаган амакию тоғалари, ишонган беклари ҳамда... мазҳабпарастлик эмасми, асли? Ниҳоят, Кобулда қўним топган бобокалонимизни «Ҳинд сори» юзлантирган омил — ўша давр Ҳиндистонидаги сиёсий таназзул, ижтимоий тарқоқлик бўлмадими? Иброҳим Лодининг улкан қўшинини Бобуршоҳдан олдинроқ бошбошдоқлик тор-мор этмаганмикан?..

Беруний замонасидан зикр этсак. 995 йили Кот шаҳри Гурганж ҳукмдори Маъмун I нинг аскарлари томонидан эгалланади. Африғийлар сулоласи ағдарилиб, шаҳар вайрон қилинади... Биламизки, Кот (ҳозирги Беруний шаҳри) ҳам, Гурганж (Кўҳна Урганч) ҳам — битта минтақанинг кўҳна кентлари. Шунга қарамай...

Бунданам ярим асрча муқаддам. Форобий ёзади: «Баъзи одамлар айтадиларки, турли қабилалар, шаҳарлар, иттифоқлар ёки халқларнинг бир-биридан фарқи бир одамнинг бошқа одамдан фарқига ўхшайди... Ана шу гуруҳлар ўз хавфсизлигини қўриқлаш, шон-шавкати, фаровонлиги, роҳат-фароғати учун... ўзаро курашадилар ва рақобатлашадилар. Ҳар бир гуруҳ шу нарсаларни бошқалар тортиб олмасин, булар фақат бизда бўлсин деб ҳаракат қилади. (Низо, уруш натижасида) шу нарсаларни қўлга киритсалар, ўзларини ғолиб ва бахтли ҳисоблайдилар... Мағлуб гуруҳ аъзолари агар ўлмай қолсалар ҳам ғолиб гуруҳга қул бўлиб, хизмат қила бошлайдилар... Ғолиб гуруҳлар буни адолатли ва табиий ҳол деб ўйлайдилар» («Фозил одамлар шаҳри» — Т.: «Янги аср авлоди», 2016 й. 266-267 б.б).

Ундан-да илгарироқ — исломдан бурун-чи? Икки олам сарвари балқиб чиққуси маъводаги қавмларнинг ўзи... ўрнак бўлгуликмиди?

Раҳматли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бир мақолаларида келтирадиларки, жоҳилият даврида бир кампирнинг ўзидан-да қарироқ, касалманд, ҳатто ўрнидан туролмай қолган сигирини бошқа қабиладан келган уч-тўрттаси, мастликда ўлдириб қўяди. Ва бу, қабилалараро... 40 йиллик қирғинга баҳона бўлади.

Эрамизда бўлганимиз шу экан, хўп, эрамизгача-чи? Манбаларга мирлайман. Олис битиклардан холис манзараларни жонлантиришга уринаман. Эрамиздан бурунги IV аср: қумтепа устида чайир жуссали Спантамано (Спитамен) ўтирибди. Қай йўл билан эса-да «тангри Аммон ўғли»(Македонский)ни даф қилиш режаларини тузяпти. Айни лаҳзаларда, уёқда — эндиликда Зулқарнайн қароргоҳига айланган Суғдиёна саройида: собиқ иттифоқдошларидан бири, Мақдунли фотиҳ узатган майдан мияси қизиганча, ул Сиёвуш авлодини чув тушириш хусусида пешанаси тиришган. Бошқаси эса Искандарга кейинги юришларида озиқ-овқат ва шу хил муҳим таъминот бобида кўмаклашажагини билдиряпти...

Ўша замон солномачиларидан бўлмиш Фукидид (мил. авв. 460-395 й.й) ёзади: «...Агар улар ўзаро иноқ бўлганларида, фақат Европадаги эмас, Осиёдаги халқлардан бирортаси ҳам скифлар билан тенглаша олмас, бирорта халқ ўз-ўзича уларга қарши туришга бардош бера олмас эди».

Беихтиёр эрамиз ибтидосида маданият, санъат, меъморчилик, ҳунармандлик... да Оврўпонинг олди шаҳарларидан ҳисобланган, аммо бориб-бориб «айниган», оқибатда Везувий вулқони остида тириклай кўмилган Помпей фожеасини ўйлайсан киши. Ҳаддан ошганларга Ҳақ бир офатини йўллаши тайин экан-да. Лекин у қандай кўринишда келади? Буниси, энди, идрокимизга тан.

Бугунимиз: туманли талқинлар, довон ортидаги баҳс, «пиво исёни»...

«Ватан»ни катта ҳарфларда ёзишни қойиллатамизу, майда талқин қиламиз. Битта мисол. Газетада ишлаб юрган кезларим. Сиёқидан коллеж ўқувчисилиги кўриниб турган, пўрим бир йигитча кириб келди хонамизга. Қўлларида даста қоғоз. Шеър ҳам чиқарасизларми, ижодимдан опкелувдим, деди. Қани, ўқийликчи, дея қўл чўздим. Кўзим тушган биринчи сарлавҳаданоқ тилим тутилди — «Менинг, она Ўрта Чирчиғим!». Ичимда ўқишга тутиндим. «Тополмайсиз унга ўхшашин...», деб бошланувчи «шеър»нинг ҳар куплети «...Менинг, она Ўрта Чирчиғим! Ҳур, ягона Ўрта Чирчиғим!» алфозли «радиф»да якунланарди. Пастлайвердим: «...Ўрта Чирчиқ туманида ҳамма бахтли, шоҳ... Эй, тумандошим олтин тупроғини ўп... Халқининг кўзида кўринмайди ғам...». Сўнгги қаторларини бус-бутунича ҳавола этаман:

«...Сирдарёнинг «Қизил» чўлидан,

Жиззахликнинг «Айдаркўл»идан,

Янгийўлнинг янги йўлидан,

Менга афзал, Ўрта Чирчиғим!

Битта гўзал, Ўрта Чирчиғим!»

Юрагининг бир парчаси Фарғонада бўлса, бир парчаси Сурхондарёда эканлигини куйиниб ёзган Халқ шоиримизнинг, ўзидай жайдари бир мисрасини қўй-йи-иб юборибман баралла: «...Маҳалласин айтар Африкада ҳам». Недир истиҳолада бош кўтарсам, болапақир кетиб бўлганакан.

Энди «насрий», қофиясиз мисол ҳам айтаманки, бунақаси, ҳар биримизнинг бисотимиздан, истасак, минг битталаб топилади. Хуллас, шундайлар бор. Тарихга тикка шўнғиган. Турон, Туркистон деса, оғзининг суви қочадию... ўзи туғилган тумандагилардан бошқаларни одам ўрнида кўриши — қийин масала. Хонаси келганда, ёрилдим бировига:

— Хафа бўлсангизам бир гап, то шунақа... «туманли» фикрларимиз тарқамасакан, мана шундай, алломаларимизга маҳлиё бўли-иб юруврамиз.

Курсдош бир ошнамнинг уйида, довон ортида қўноқ бўлдим уч кунча. У ёқларга биринчи боришимиди. Ана мезбонлик! Одамларидаги оҳори тўкилмаган тантилик, феъл-атвордан тошиблар кетасан. Иқлими энди алоҳида мавзу...

Қайтиш олди гапимиз қочди андак. Шунчаки, дўстим, қўшни маҳаллани — «Араб маҳалла» аташларини, у ёқдаги «араб»лар билан болаликда кўп ва хўп ёқалашганини, бирисини бурнига тепиб, қонатиб, букчайтириб қўйганини... эслаб қолди.

Соат қарадим, ҳали вақт бор. Йўл бошланг унда, шу маҳаллани кўргим келяпти, дедим бетоқат. Меҳмон амри — вожиб. Хушламайроқ қўзғаларкан, «Араб бор жойга қараб бор» дейишади бизда, деб қўйди.

Бора боргунча, ўй устига ўй босди: «Араб бор жойга қараб бор», «Татар бор жойда хатар бор», «Тожикдан дўстинг бўлса, ёнингда ойболтанг бўлсин»... Яна қанчаси қолди эшитмаганим? Эсимни танибманки, қулоғимга қуйишади. Ҳолбуки, Тошкент келиб, мана, етти йилдирки, татар кампирникида ижара турибман. Тўрт йил тожик йигит ҳамхонам бўлди( уларнинг миллатига ШАРТЛИ РАВИШДА урғу беряпман, зотан менга бунинг аҳамияти йўқ!). Азбаройи Худо, на хатарни ҳис қилдим, на ойболтага эҳтиёж сездим. Қайтанга, онамдан ортиқ ғамхўрлик кўрсатди ўша кампир. Укам йўғиди, энди бор. Бир жигар бўлса, ўша ҳамхонамчалик бўлар...

— Энди, болаликдаги гаплар-да улар, ошна. Ҳозир, эҳ-ҳе, эшик-эл бўп кетганмиз ҳаммалари билан. Ўша болаям э-энг яқин ўртағларимдан бугун... Ашитга кирамиз, қариндошимиз яшайди бетта. Опоқи-и.., — сабоқдошим товушидан ўзимни ўнглаб-ўнгламай, «Ийе-ийе... Келинглар-келинглар...», деганича, қучоқ очиб, истиқболимизга чиқаётган мўйсафидни кўрдиму, ўзимни яндим. Қаҳҳор қаҳрамонларидан бири — «думли одамлар»ни ахтарган кимсага ўхшатдим ўзимни...

Болаликдан сўз очилганакан, тан олайлик, ҳар биримизда ошнамнинг «қаҳрамонлиги» кечмаганми? Фарқ бўлса, миллат ё мазҳабда бўлгандир. Кўз юмиб, ботинан қайтаман ортга: ана, ҳамсоя хотин муштдай боласини ариллатиб судраяпти: «...эрони қишлоққа борма деб, неччи жағ урувдим сенга, а? Э-энди ўзингдан кўр, оёққинангди уриб синдирмасамми?»; ана, мактаб стадионида ур-тўполон — арзимас бир пачоқ тўп учун бутун синф иккига бўлиниб, олатасир олишяпти: «Со-ол, пастликларди... Дўнгликларди уртини э-эз...»; ана, ярим кечада бақир-чақирдан уйғонди қишлоқ: «Можорлиқлар кўпайиб кетди, қо-оч... Оч меситти қу-ув, оч меситти...» («Можор», «Месит» — қишлоғимиздаги азалий, девордармиён маҳаллалар).

Ўша болалик жўраларимдан бири, зарурат юзасидан келди яқинда. Кечки салқинда шаҳар айландик. Тошкентни тунда кезишнинг гашти бўлакча-да. Пориллаётган саноқсиз чироқлар осмонда шуълаланади. Юлдузлар ёғилиб тушгандек, худди...

Баногоҳ, йўлак чеккасидаги «бодагоҳ»ларнинг бировида шовқин қўпди. Шовқинки: ғайриодатий, ғайриодамий... Без ўтишга бетимиз чидамай, бош суқдик. Қарасак, иккита тўда, ўзаро хўрозланиб туришибди. Ҳай-ҳайлаб, суриштирдик. Талабалар экан. Ёнма-ён воҳалардан келишган. Можаро боиси, кунда-шунда хизмат қилувчи хофизни талашиб қолишибди: «Бизнинг столда айтади… Йўқ, бизникида...». Кафтдеккина ҳовлича. Кўндаланг ўлчасанг ҳам беш қадам чиқади ё йўқ. Тўрида йўталсанг, ташқарига эшитилади.

Иккала столдаям айтилмайдиган бўлди қўшиқ. Хўжайини қувиб солди барини. Ичкаридан шарақлатиб қулфлади эшикни. Ноилож, «сигирқараш» қила-қила тарқалишди. Фашизмга фундамент вазифасини ўтаган «Пиво исёни» (1923 йил, 8 ноябр)ни эсладим. Ҳа, Гитлер бекорга пивохонани танламабди...

Модомики, гапимиз ўзани сиёсатга тақалган экан, хўш, ушбу мавзуда аҳкому арбобларимиз нима дейди? Улармасми, ахир, жамиятимизни яхлит сақлаб, тинчлигу тараққиётга дастуриламал ясаётганлар?

...Балога қолган — сурнайчи

Конституциямизни варақлайман. Деярли ҳар модда моҳиятида биргина уқтириқ уфуради: ватанимиз — Ўзбекистон ва унда барча тенг-тотув яшаши керак!

Бу таъкид бобдан бобга такомиллаша боради. Қайсини айтай моддаларнинг: 8, 14, 17, 18, 21, 23, 28, 31, 38, 46, 48, 57, 65, 68, 75...

Қуруқ саноққа берилмай, бирортасини айнан олсак:

«Ўзбекистон Республикаси вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасидан иборат» (68 модда).

Бир қарашда «жўнгина» жумлалар, аммо айрим идораларимиз пештоқига ўйиб ёзгулик. Масалан:

Ички ишлар вазирлигию унга тегишли бўлган барча биноларга (улар наздида, Ўзбекистон фуқароси 2 та тоифага бўлинади: «тошкентлик», «вилоятлик»);

Халқ таълим вазирлиги (мактаб дарсликларидаги, айниқса бошланғич таълим ўқувчиларига мўлжалланган «Ўқиш китоби»даги Ўзбекистон мавзуига доир расмлар, шеърлар ўта тор, ҳудудлашган кўламда);

Миллий телерадиокомпания — МТРК (телеканалларимизда узатилаётган Ўзбекистон ҳақидаги клипу роликларни кўринг: кўтаринки куй фонида камера телеминора, «Миллий банк», Мустақиллик майдони, фавворалар, кўприклар... устида айланаверади-айланаверади. Ошиб борса, Оқсарой, Калтаминор, Ичанқалъа, Регистон мажмуаларига, Амир Темур, Бобур, Бердақ, Алпомиш ҳайкалларига бирров «кўз югуртиради» (уям, асосан, туризм учун, ватанпарварликмас — «валютапарварлик» муддаоси!). Эскилар айтмоқчи, Тўйтепадан нарига ўтмаган, ўтса-да ичига нимадир инмаган режиссёру клипмейкер тасаввурича «Ўзбекистон»... шу-да).

Рўйхатни анча давом эттириш мумкин, бироқ... таомнинг тузини билиш учун уни охиригача ейиш шарт эмас.

Бош қомусимизни ёпиб, бошқаларига, қонун-қарорларга ўтаман. Билгич-бохабарлардан ўсмоқчилайман. Номи улуғ нашрларимиздан бирининг муҳаррири, тагдор оҳангда маънилатади:

«Олти юздан ортиқ қонун ҳужжатларимиз ичида айнан шу иллатга қарши қаратилгани учрамайди, очиғи. Нега? Яшириб нима қилдик, раҳбарларимиз аксари ундан манфаатдор. Ҳеч кузатганмисиз, не-не умидларда янги раҳбар тайинлашади. Ўтиришам гапми, ётиб қолаёзган ташкилот (муассаса, жамғарма, бирлашма, иттифоқ...)ни оёққа турғазишига ишонишади. Кўпинча нима бўлади: қисқа муддатда у жамоани «ўзиникилар»га тўлдиради ё тескариси — жамоа уни «ўзлари томон»га оғдиришга тушади. Эплолмаса, сиқиб-сиқиб, чиқариб юборади...».

Сиртдан баҳоласак, тутаққулик ҳолдай бу. Аслида-чи? Айтайлик, тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бир ҳисобдан айни муддаодек, бир ҳисобдан... акс-таъсир бўлмаслигига ким кафил?! Одамзот табиати таъқиққа мойилроқ. «Қилма!» деганни «Қилсам?» дейди. Марк Аврелий (121-180 й.й)дан: «Мана биз шунча қонунлар қабул қиляпмиз, лекин нега отасини ўлдирган болага ҳеч қандай жазо чиқармаяпмиз?», дея сўрашса: «Мен бу қонунни қабул қилмаётганим боиси, шу тушунчанинг ўзи одамда бўлмасин», деганакан закий сиёсатдон.

Баҳор ҳамали, сўз амали билан боқадр. Қонун, қанчалар долзарб бўлмасин, ижросиз... қоғозлардан бўлак нарсамас. Бу эса, кўпроқ, раҳбариятнинг бевосита халқ ичида иш юритиши шарт бўлган бўғинларига — депутатлар, ҳокимлар, маҳалла оқсоқолларига боғлиқ. Башарти, улар сусткашлик, масъулиятсизликка муккасидан кетса, Худонинг ургани шу. Улус дарди улканлашгани сари мансабдор дарди майдалашади. Майдалашганда ҳам мансабини — бўйнидаги бурчини писанда қилиб майдалашади. Энг ёмони, эл-юрт яраларини очиқ қолдириб, ҳар қайси ҳар томондан кўрпани ўзининг устига тортишга тушади.

Газетчиликда суяги қотган бир акамиз ҳикоя қилади:

— Шаҳарчамизда донгдор бир банкнинг филиали очиладиган бўлди. Туман ҳокимлиги бино ажратди. Августнинг ўн биригача битиши керак, дейишди. Ўнтача уста, қанқиллатиб таъмирни бошладик. Укам икков, ҳарна рўзғорга ямоқ деб, қўшилгандик уларга.

Ҳамма қандайдир ғайрат билан ишлади. Шунгами, июл тугамай, ишнинг таги кўринди. Биноям қутичадай бўлди-қолди: деворлари пуштиранг, эшиклари оппоқ... Шу кунларда ивир-шивир оралади: вилоятдан вакил келаётганмиш, текширармиш. Кеса-кепти-да, дедик, еб қўйган жойимиз борми, эрта-индин битираси бўлсак.

Келди ҳам. Хонадан хонага ўтди. Думдай эргашамиз, қаёққа қайрилса. Қош-қовоғи уюлгандан уюливурди. Бўлмайди, деди-да охири. «Нимага?» — гувилладик баравар. «Банкнинг вилоят марказидаги биносини кўрганмисизлар, а, бунга нисбатан кўримсиз бўп қопти-ку, — деди ўдағайлаб. Шу-унчалик ишлов бериш шартмиди-а, оҳак суртиб қўйсангларам бўлуврийди, чекка бир туман учун... Та-ак, бундай, муҳлат бор ҳали, шундаякан, тўғрилайсилар «хато»ларингни. Деворларни кўкка бўяйсилар, эшикларни қизилга... Гап қўшилмасин! Рухсат берган ким — биз, демак, бизнинг айтганимиздай бўлади. Тамом! Ўзим хабар оламан яна...».

Кетди. Э, бу, пуштирангни кўкартириш ҳам ўлимакан бир. Устма-уст уч марта краскаладик ўзиям. Амалладигов, деб турганимизда, туман ҳокими кеп қолди. Эшик-деразаларнинг турқини кўриб, қўянчиғи қўзиди. «Берса, ўзларини ўйлаб берган рухсатни, — деди бўғилиб. — Эртага ёпилиб-попилиб кетса банклари, бино ўзимизга қолади-ку, барибир. Қани, аслига, олдинги рангига қайтаринглар, тез! У энағар билан ўзим гаплашаман!».

Бу сафар тўрт марта суртдик бўёқни. Эшикларни кўрсанг энди мано-овдай бўп, шишиб кетди-да. Уларнинг қуришини айт. Олдимизда эса: муҳлатнинг охирги 5 куни ва 46 та хона. Сентябрга кеп, олапес бир нарсани топширдик-да-йей, ишқилиб...

Бошидан ўтказган одам, кўз олдимда, йиғлагудай авзода айтиб бермаганида, ўхшатиб тўқилган ҳажвия, фаҳмлардим буни. Тавба дейсан, туриб-туриб.

Хотима. Ер кимники?

Биргина йигирманчи юз йилликда юз берган, етмагандай асримизга-да «ҳатлаган» муҳорабалар номига назар ташлайлик. Қайсидир эл ёхуд эътиқодга ўқталган бари: «Рус-япон» уруши, «Олий ирқ» даъвогарлари ва «катта оға»ларимиз касрига ёғилган жаҳоний кулфат, «Ҳинд-мусулмон» талотўплари, «АҚШ-Веътнам» жанги, «Турк-арман» низолари, «Исроил-Фаластин» тўқнашувлари, «Шимол-Жануб» (Корея) муаммоси, «Афғон» уруши, ИШИД, «Араб баҳори»... Алҳазар айтасан. Одаму Ҳавводан тўраганларнинг «ҳунар»ими ҳаммаси? Кўпининг «старт чизиғи»да ёлғиз савол туради тишларини ғижирлатиб: «Қаерликсан?». Ер етмайдими бизга?..

Икки заминдор парча ер устида пачакилашиб қопти:

— ...Ер меники! Қайга борсанг бор.

— Бекор айтибсан, меники бу ер! Ота-бувамдан қолган...

— Ота-буваммиш... Уруғингни тайини борми ўзи? Менинг кимларданлигимни биласанми?

— Ним-ма?!..

Қарашса, қон тўкиладиган. Доно бир қарияни бошлаб келишибди. У иҳраб-сиҳраб, мук тушибдию ерга қулоғини қўйибди.

— Ўрин солиб берарди-ик? — сўз қотибди заминдорлардан бири.

— Жим! Ўзидан сўраяпман кимникилигини? — хотиржам шивирлабди жавобан.

— Йўғей... Менинг исмимни айтаётгандир, ҳойнаҳой? — эрмаклабди иккинчиси.

— Икковиям меники-и, деяпти ер, — қаддини ростлабди қария...

Хулоса ўрнида: «Коинот уйинг остонасидан бошланади, агар остонангдаёқ тугаса — ундан ёмони йўқ!» (Индра Ганди).

4.27 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.27 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.41 / 21
  • Муштарийлар баҳоси
    4.55 / 15

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Иброҳим Азиз 30/05/2018
5 Farhod Abdurahmon 30/05/2018
5 G'ayrat Norqobil 30/05/2018
5 Gayratjon Turdiev 30/05/2018
5 Bahodir Daminov 30/05/2018
5 Muhammadsodiq Donayev 30/05/2018
5 Бобур Элмуродов 30/05/2018
4.5 Javohir Izzatullaev 30/05/2018
5 Рустам Сулаймонов 30/05/2018
4.5 Doniyorbek Yulchiev 30/05/2018
5 Husan Maqsudov 30/05/2018
5 Аслиддин Алмарданов 30/05/2018
5 Aziza Qurbonova 30/05/2018
5 Baxtiyor Ahmad 31/05/2018
5 Ulug'bek Oripov 31/05/2018
5 Нозим Ашуралиев 31/05/2018
5 Aziza Sobirova 31/05/2018
5 Шаҳноза Тўрахўжаева 01/06/2018
5 Ma'mur Parmonov 01/06/2018
3 Моҳинур Адҳамова 01/06/2018
2 Muattar Yakubova 01/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
14 та фикр