Бу гапга ўн йилча бўлди. Янада аниқ бўлиши учун айтай, адашмасам, у думбирлар «Бунёдкор» стадиони шиддат билан қурилаётганди. Дўстим, укаси ва мен мошинамизни Алишер Навоий опера ва балет театри ҳовлисининг ўнг томонидаги йўл четига қўйиб ўзимиз «Шарқ зиёкори» дўконига китоб олгани киргандик. Қайтиб чиқсак мошина таъқиқланган жойда қўйилгани учун ГАИлар жарима ёзмоқчи, мошинанинг давлат рақамини ечиб олмоқчи бўлиб турган экан. Атрофда шунча иномарка. Лекин камбағални туянинг устида ҳам ит қопади деганларидай, «азаматлар» келиб-келиб бизнинг «Жигули»га ёпишишарди. У десак бу деди, бу десак у деди. Шунда бу вазиятдан хуноби чиққан дўстим қўлидаги сув тўла «баклашка»ни асфалтга зарб билан уриб «яшаб бўлмай қолди-ку!» деб алам билан бақирди.
Ўшанда бундайчикин сўзларни давлат одамларининг олдида зарда билан айтиш тугул, мундайроқ, чоғроқ даврада ҳам айтиш хавфли эди. Лекин ичдан тўлиб кетган дўстим айтди, айтиб юборди. Аслида ўша гап менинг ҳам, дўстимнинг укасининг ҳам, сизнинг ҳам, ҳамма-ҳаммамизнинг ичимиздаги гап эди. Бироқ уни дилимиздан тилимизга чиқара олмасдик.
Ўша гапдан сўнг ДАН ходимлари бироз шаштидан тушиб, жариманинг енгилроғини – «тасма тақмаган» ё «ортиқча одам олган» деган турини ёзганди. Агар «законний» ёндашсак, бу ерда қонун икки томонлама бузилган эди, ҳам биз, ҳам ГАИлар уни бузгандик. Агар инсонийлик жиҳатидан ёндашсак, улар инсоф қилишди. Аҳоли даромадларига нисбатан олганда жарималар отнинг калласидай бўлгани учун ҳам улар инсонийлик қилишганди ўшанда.
Ўша паллалар Наврўз ва Мустақиллик байрамларида «Ёронлар-эй!» қўшиғи «мода» эди, бир айтилишда беш-олти мартагача айтилаверарди. Байрам дастурига бўйинбоғ тақиб кирганлар шу қўшиққа берилиб ўйнашарди. Аччиқроқ, аниқроғи, мажозийроқ қилиб айтганда эса ҳаммамиз ёппасига ўша қўшиққа ўйнардик. Қўшиқ матнига эътибор беринг: «Ўн еттига кирган укам, Сен ҳеч кимдан эмассан кам, Навқиронман бугун мен ҳам Сендек ўғлонларни кўриб, Марду майдонларни кўриб...» «Эй, ёронлар-эй! Шундай замонларни кўриб! Давру давронларни кўриб!»
Орадан йиллар ўтиб қўшиқ матнидаги «ўн етти ёшли ўғлон» «каттариб» аввал «ўн саккиз...» кейин «йигирма...» ёшга тўлиб борди. Биз эса рақсга тушишда давом этардик. Телевизорни ёқсак, шунга ўхшаш қўшиқлар қулоғимизга худди: «сен бахтлисан, сен бахтлисан!» дея сайраб бизни «бахтли инсон»га айлантириб қўярди. Газеталаримизда мақолалар одатда шундай сўзлар билан бошланарди: «Мастақиллик шарофати билан юртимизда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда...», «Юртбошимиз раҳнамолигида...»
Камчиликлар ҳақида гапиришга эса ҳаққамиз йўқ эди – ҳамма оғзига қатиқ увитиб олганди. Кимдир камчиликлардан сўз очса, ўша одамдан нақд халқ душмани ясаларди. Уйимизда чироқ бўлмаса-да, ичимлик сувини бир неча чақиримдан ташиб келиб ичсак-да, оммавий ахборот воситалари муттасил қулоғимизга қуйиб келган «Ўзбекистон – жаннатмакон юрт!» деган сўзни ҳайқиришдан бир зум тўхтамасдик!
Тошкентнинг асосан телевизорларда такрор-такрор кўрсатиладиган, газета-журналларимиз саҳифаларини безаб турадиган марказий жойлари чиндан чиройли, гўзал, кўзни қувнатарди. Лекин «Кичик ҳалқа йўли» ё «Катта ҳалқа йўли» айланмаларидан нарига чиқишимиз билан «жаннат» тугаб қоларди. Вилоятларга, туманларга, қишлоқларга, қишлоғимга борсам, телевизорларда мақталадиган ўша «жаннат»ни ҳеч тополмасдим.
Дадам ўқишимнинг контракт пулини тўлайман деб ўзи йиртилган туфлида ишга бориб-келганлари ҳалигача кўз олдимда туради. Рўзғорга бир-икки сўм кирсин деб, қишлоғимиз адоғидаги Олой бозорида памидор сотган энамнинг памидор тўла сатилларни кўтариб юришлари ҳечам хаёлимдан чиқмайди. Тўққиз йиллик мактаб даврида Кумуш синглим қанча-қанча уйга вазифаларини шам, мойчироқ ёруғида тайёрлади экан-а? Мустақиллик йилларининг бошида Тожикистондаги урушдан қочиб Ўзбекистонга кўчиб келган қўшнимиз Абдуназар бобонинг аёли Тилла момо ва унинг қўшни юртда туғилган болалари узоқ йиллар кўз олдимизда паспортсизлик азобини тортди. Тилла момонинг собиқ иттифоқ даврида берилган Тожикистон паспорти билан яшаб юрганини фақат ва фақат алам билан эслаш мумкин. Унинг қийналганлари, ичидан ўтганлари фақат ўзигагина аён. Алмат бобомнинг Дилмурод, Мусурмон, Ориф, Обид исмли ўғиллари Россияга ишлашга кетишди. Синфдошим Абдурашид Тошкентда мардикор бозорларида, Россияда ишлаб тирикчилик қилар экан нега унда у Тошкент давлат техника университети Авиация факултетида контракт тўлаб ўқиди? Бугун қурувчи бўлган укаларим нима учун Автомобил транспорти коллежида ўқиди экан, а? Намунали уйнинг бошланғич тўловини тўлашга қийналган дадам Фузайл укамни Петербургга ишлашга юборганда юракларим ачишиб-ачишиб кетганди. Аммо уни жимгина кузатишдан бошқа чорам бўлмаган. Боболар йиғилиб намоз ўқийдиган қишлоғимиздаги масжид дўконга айлантирилган пайтлар ҳам бўлди.
Тошкентга даволанишга, ишга келиб мелисага тушиб қолган қанча-қанча қишлоқдошларимизни эслайман. Вилоятдан келган йигитлар Чорсу бозорига боришга, метрога тушишга, умуман Тошкент кўчаларида юришга қўрқарди. Сабабини ҳаммамиз билардик.
Ҳаммасига битта важ бор эди: «зато» тинч яшаяпмиз-ку!» Лекин биргина биз билан чегарадош давлатлар – Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистоннинг қай бири тинч эмасди? Ахир у ерларда яшаётганларнинг ҳам юрти тинч, осмони мусаффо эди-ку! Оммавий ахборот воситаларининг «тинчлик» материаллари қон-қонимизга сингиб: «Тинчлик бўлса бўлди! Бошқа ҳеч нарса керак эмас!» деган “эпидемия”га чалиниб қолгандик.
Жуда мақтанолмайман-у, қишлоғимизнинг мен тилга олган, жаннатда яшамаган, аммо жаннати одамларининг ҳаётида бугун яхши томонга ўзгаришлар бор. 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган 1243 нафар шахс орасида қўшнимиз Абдуназар бобонинг болалари ҳам борлиги мени хурсанд қилди. Дўстим бугун бир туман газетасида раҳбар, ишлари яхши. Яқинда кўришганимизда «яшаб бўлмай қолди-ку!» деган ўша гапини кулиб эсладик.
Ҳаётимиз ўнгланяпти. Бу ўзгаришларни телевизор, газета орқали ортиғи билан кўриб, ўқиб боряпмиз. Лекин мени бир нарса хавотирлантиради! Ўша машҳур қўшиқ қайта бошланиб, биз яна ўйинга тушиб кетмасак бўлгани!
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
13 та фикр