“Хонне” ва “татемаэ” – япон одобномасидан бир лавҳа

Davron Ubaydullayev
Саралаш

Одоб-ахлоқ қоидалари бизнинг ҳаётимизда жуда муҳим ўрин эгаллайди. Улар одамлар ўртасидаги мулоқотнинг сифатини оширишга хизмат қилади. Япония халқининг одоб-ахлоқи юқори чўққиларда туришини кўпчилигимиз яхши биламиз. Аммо бу маданият қандай ривожланганлиги, бунинг орқасида нима туриши билан кўпчилик қизиқиб кўрмаган бўлса керак. Бу блогпостда Япония мулоқот маданиятидаги иккита муҳим сўз хақида гапириб бермоқчиман.

Япон тили ва маданиятини ўрганган ва ўрганаётганлар бу икки сўзнинг маъносини жуда яхши тушунади деб ўйлайман. “Хонне” бу одамнинг ички дунёсини акс этадиган сўз бўлиб, бир инсоннинг бошқалар ва ташқи олам ҳақидаги фикрини ҳақиқий акси ҳисобланади. Бошқа сўзлар билан айтганда, одамлар ич ичидан сиз ҳақингизда қандай фикрга эгалигини англатади. “Татемаэ” сўзи “хоннэ” сўзининг антоними бўлиб, бу одамнинг ташқи кўринишини, бошқалар билан мулоқотда қандай тутишини акс этади.

Келинг, японларнинг “татемаэ”си қандай ривожланашига бир назар соламиз.

Япон халқининг ҳаётида одоб-ахлоқ қоидалари муҳим аҳамиятга эга. Билим олишдан кўра кўпроқ одоб-ахлоқ қоидаларига эътибор беришади. Масалан, бошланғич синфларида ўқувчиларнинг ўзлаштиришидан кўра уларнинг ўзларини тутиши таълим тизимининг устувор мақсади этиб белгиланган. Биз тез-тез телевизорларда саф тортиб юрган япон болаларни кўриб турамиз. Бу японларда қоидага амал қилиш юқори даражада эканлигидан далолат беради.

Айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасида қоидаларга амал қилиш бўйича уларга тенг келадигани йуқ. Кириб келган меҳмонни кутиб олиш учун алоҳида белгиланган иборалар, буюртма олишда бошқа иборалар, кузатишда яна бошқа турдаги ибораларни ишлатишади. Иш жойида ҳам шундай суръат давом этади. Ўзидан ёши ва лавозими катталар билан мулоқот қилганда ҳурмат шаклидаги ибораларни ишлатиш лозим. Бундай иборалар ва одоб-ахлоқ қоидаларининг қизиқ томони шундаки, булар японларнинг ички ҳиссиётларини умуман акс эттирмайди. Бошқа сўз билан айтганда, ўша одамни нима ҳақида ўйлаётганлигини била олмайсиз.

Японларнинг қизиқарли томони шундаки, улар мажбуриятларга жуда ҳам жиддий қарайди. Уларни сидқи дилдан бажаришади. Аммо мажбурияти бўлмаса, улардек бепарволарни топиш қийин. Масалан, сиз ресторанга кириб буюртма қиласиз. Оффициант сизга кулиб, хушмуомалалик билан хизмат қилади. Сиз унга қандай муносабатда бўлишингиздан қатъий назар, у сизга гап қайтармайди ва ҳар доим кулиб тураверади. Чунки бу унинг мажбурияти. Лекин худди шу оффициантни сиз кўчада кўриб қолсангиз у сизни танимаганга олиб ўтиб кетади.

Бир қарашда бу оддий ҳолдек туюлиши мумкин. Чунки хизмат кўрсатиш соҳасида мижозни айтганини бажариш – бу ўзгармас қоидалардан бири. Аммо бу ҳолатни иш ва ўқишда ҳам кузатишимиз мумкин. Сиз билан ёнма-ён ишлайдиган ёки бир хонада ўқийдиган ҳамкасб, курсдош кечгача иш юзасидан сиз билан мулоқот қилиши мумкин, лекин кўчада сизни кўрганда, кўрмаганга олиб, индамай ўтиб кетиши одоб-ахлоқ қоидаларига зид келмайди. Шунинг учун сиз билан гаплашаётган одамни ҳақиқатан нима ҳақида ўйлаётганини сиз била олмайсиз, ҳаттоки, яқин инсони оламдан ўтганда ҳам билиб олишнинг иложи йўқ. Чунки сиз фақат унинг “татемаэ”сини кўрасиз, унинг ички дунёсига кира олмайсиз.

Хулоса қилиб айтганда, “татемаэ” сўзининг маъноси бу одамнинг ташқи кўринишини, бошқалар билан мулоқотда қандай тутишини акс эттириши билан тугаб қолмайди. Бу сўз инсоннинг одоб-ахлоқ қоидаларига қай даражада риоя қилишини ҳам кўрсатади. Одоб-ахлоқ қоидалари бир хил бўлганлиги учун японларинг ўзини тутиши бир бирига жуда ҳам ўхшаб кетади.

Савол туғилади “хонне”сини билиш учун нима қилиш керак?

Бу саволга жавобни ўзим ҳам ҳалигача изламоқдаман. Япон тили ва маданиятини ўрганишни бошлаганимга яқинда 5 йил бўлади. Бунинг бир йили Япониянинг Киото шахрида ўтган. Киото – бу қадимий, маданиятга бой, мингдан зиёд тарихий обидаларга эга, Япониянинг эски пойтахти бўлган шаҳардир. Бу шаҳаринг қизиқарли томони шундаки, унинг одамлари ўзларини бошқа японлардан ҳам кўпроқ япон деб ҳисоблайди. Ҳаттоки “Киотоликлар – японларнинг ичидаги японлар” деб хазиллашиб ҳам қўйишади. Шу сабабли уларнинг “татемаэ”си жуда ҳам кучли дейишимиз мумкин.

Киотода яшаганимда қуйидаги оддий қоидаларга эътибор бердим. Кундалик ҳаётда сизни бирон-бир киши мақтаса, ҳаттоки сиз бу мақтовга лойиқ бўлган тақдирингизда ҳам, адашиб “рахмат” деб юборманг, чунки у сизни кеккайган деб ўйлаб қолади. Жой берса, ўтириб олманг, чунки жой берган одам ич-ичидан сизга жой бермоқчи бўлмаётган бўлиши мумкин. Ҳар доим камтар бўлишга ҳаракат қилиш керак, шундагина ён-атрофдагилар сизни ҳурмат қилиши мумкин. Аммо уларнинг ичидаги фикрини сўраб юрманг, сабаби бу сизга ёқмаслиги мумкин. Улар ҳар доим кулиб мулоқот қиладиган одамини ич-ичидан ёмон кўриши, мақтаб турган одамини ич-ичидан бу мақтовларга лойиқ эмас деб хисоблаши эхтимоли жуда катта.

Бу блогпостни ёзишимдан мақсад нима?

Бу билан бир маданиятни қоралаш ёки оқлаш, бир-биридан устунлигини кўрсатиш ниятим йўқ. Мақсадим – биз ҳам шундай одоб-ахлоқ қоидалари ҳақида бош қотиришимиз керак эмасмикан деган саволни сизларга беришдан иборат. “Мен ёмон гапиришим мумкин, лекин ичимдагини айтаман” дейдиган очиқ кўнгиллар, “орқасидан гапиргандан кўра юзига гапираман” дейдиган тўғри сўзлар, “тўғри гап туққанингга ёқмайди” дейдиган “яқинлар”, “борини шартта-шартта гапириш керак” дейдиган дангалчилар. Хўш, булардан нима фойда? Ўзи шундоқ ҳам ҳаммасини билиб турган одамга, ўзи ўйлаётган нарсани айтишдан нима фойда? “Ўлганни устига тепгандек” бўлмасмикан?

Ундан кўра, фикримизни ичимизда сақлаган яхши эмасми? Кўчага чиқиб, ҳаммага ақл ўргатиб, ўзимиз ҳам тушунмайдиган нарсалар ҳақида гапириб, бировнинг дилини оғритгандан кўра, фикримизни ичимизда сақлаганимиз яхши деб хисоблайман. Ҳақиқат аччиқ бўлиши аниқ, лекин ҳақиқатни тушуниб, билиб турган одамга бу гапларни айтгандан кўра, ўзини четга олган яхши деб ўйлайман. Зарурият бўлмаганда бошқаларга ўзимизнинг фикримизни айтмаганимиз маъқул.

Менинг фикримча, “хонне” ва “татемаэ” сўзлари ҳам айнан кишилар ўртасидаги мулоқотни икки холатини ифодалайди. Биринчиси, биз ўзимизнинг фикримизни устун қўйиб, бошқаларга уни айтиш холати бўлса, иккинчиси, ўзимизни фикримизни ичимизда сақлаб, ҳар бир холатга мос ибораларни ишлатиш билан чекланиш холатидир. Бу икки холатдан қай бирини танлашни хар бир одам ўзи хал қилади. Бирини ёмон бирини яхши деб бир томонлама айтиб ҳам бўлмайди.

Бир саволга доим жавоб қидираман: бошқа одамларга хушмуомалалик ва ҳурмат билан мурожаат қилиб, уларни мақтаган афзалми, ёки уларнинг хизматларини тан олмасдан, менсимасдан гаплашган афзалми?

Жавобни топиш ёки топмаслигимни билмадим, лекин халқимизнинг бир мақолини доим ёдимда тутаман: “Бошқалар сенга қандай муомалада бўлишини истасанг, сен ҳам уларга шундай муомалада бўл!”

p.s.: бизнинг юртимизда ҳам хизмат кўрсатиш соҳасида японларнинг одоб-аҳлоқ қоидаларини киритиш мақсадга муофиқ бўлади деб ўйлайман, чунки ривожланиб бораётган туризм соҳасида бу масаланинг ўрни жуда катта. Келаётган минглаб саййоҳлар “маданий шок” олишига хизмат соҳасининг вакилларининг хулқи салбий таъсир кўрсатишига йўл қўйиш мумкин эмас!

3.35 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.35 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.12 / 1
  • Муштарийлар баҳоси
    4.39 / 18

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
12 та фикр