Уч нафар қалин дугонам бор. Ҳаммамиз ҳар ерданмиз. Битта коллежга бир вақтда ишга келиб дўстлашиб қолдик, вақт ўтиб муносабатларимиз мустаҳланиб борди. Ҳозир биздан аҳил-иноқ дугоналарни тополмайсиз. Қувончу ташвишимиз, дарду ҳасратимиз бир. Бугун бизни кўпдан бери қийнатётган нарса ҳақида ёзишга қарор қилдим.
Хўжайинларимиз турли соҳада ишлашади. Орамиздан учтамизнинг эримиз давлат органида ишласа, биттамизники бизнес билан шуғулланади. Эри бизнесмен бўлган дугонамизга ҳамиша ҳавасимиз келади. Чунки унинг умр йўлдоши ҳамиша ёнида, кўпинча оилавий кечки сайрларга чиқишади, паркларга боришади, болалар ҳам ота-она меҳрига қониқиб ўсишаяпти. Хўш, бизчи?
Юқорида эрларимиз қаерда ишлашини айтиб ўтдим. Эрталаб вақтли ишга кетишса, ярим кечага яқин ёки тун ярмидан оққанда ишдан қайтишади. Ишга кетишаётганларидаям, ишдан қайтганларидаям кўпинча болалар ухлаётган бўлади. Уйғоқ бўлсалар ҳам “Дадангларни безовта қилманглар, чарчаб келган”, деб ўргатганимиз туфайли кўпда оталарининг олдига боришавермайди. Эркакларимиз ҳам уйга келиб зўрға овқатларини ейишга ярайдилар, гоҳида овқатланмасдан ҳам ухлаб қоладилар.
Мен ўз оилам мисолида гапиришим мумкин эди, аммо қолган дугоналаримнинг оиласидаям худди шу муаммо бор. Ажабмаски бу кўплаб оилаларнинг бошида бор савдо ва бунга тезда ечим топилиши керак. Акс ҳолда бунинг бадали оғир ва аччиқ бўлиши мумкин.
Мактабларда эркак ўқитувчилар камайиб кетганидан шикоят қилишни қойиллатамиз. Чиндан эркак ўқитувчилар кам. Мен ишлайдиган коллежда ҳам ўқитувчиларнинг асосий қисми аёллар. Аёл педагогнинг тарбиясини олган ўқувчилар билан эркак ўқитувчининг тарбиясини олганларники фарқ қилиши, айниқса, ўғил болаларнинг қизмижоз бўлиб ўсмаслиги учун эркакча тарбия муҳимлиги, эркакларни мактабга қайтариш учун ўқитувчиларнинг ойликларини ошириш кераклиги ҳақида кейинги пайтда кўп гапирилаяпти. Бу фикрга қўшилмай иложимиз йўқ. Зотан, аёл бошимиз билан ўқувчиларимизни эплолмай қолишимиз, айниқса ўсмир ёшдаги болалар аёл устозларидан унма-мунчага ҳайиқмаслиги, бунинг оқибатида таълим-тарбияда сустлашиш кузатилаётгани ўзимизгагина аён. Бироқ...
Бироқ худди шу муаммо оилаларимизга кириб келаётганидан ташвишдамиз. Айниқса, эрлари давлат органларида, турли вазирлик ва идораларда ишлайдиган аёлларнинг дардига қулоқ тутилса муаммонинг кўлами яққол намоён бўлади.
Бугун вазирликларда оддий ходим бўлиб ишловчи эркаклар соат ўн иккидан олдин уйга қайтиши мумкин эмас. Ёзилмаган қоидаларга кўра, дейлик, соат тўққизларда вазир ишдан чиқса, ярим соат фарқи билан ўринбосарлар, уларнинг ортидан 15-20 минут фарқ билан бошқарма бошлиқлари, сўнгра яна шунча вақт ўтказиб бўлим бошлиқлари қайтганидан сўнггина оддий ходим бечора уйга қайтолади. Бу нима деган гап ахир?!
Кейинги пайтда мажбурий меҳнат ҳақида кўп гапирилаяпти, унинг қонунга зид экани тез-тез такрорланаяпти.Аммо мен юқорида тасвирлаган ҳолат ҳам мажбурий меҳнатнинг ўзгинаси-ку. Вазирликларда белгиланган иш вақти деган тушунча йўқолиб кетганига анча бўлган. Ишонмасангиз давлат органларида ишловчилардан сўраб кўринг шу ҳақда. “Нима у?” деб жавоб қилишлари аниқ. Бироқ бу ҳолат бўйича улар ҳеч қаерга шикоят қилишолмайди. Биз ҳам эркакларимиз вақтида ишга бориб, вақтида уйга қайтсин, одамга ўхшаб кечки овқатни оила даврасида есин, фарзандлари билан ҳеч бўлмаса кечки пайтлари суҳбатлашсин, ўқишини, туриш-турмушини сўраб-суриштирсин, уларнинг тарбиясини назорат қилсин деб ҳеч қаерга бош уриб боролмаймиз.
Давлат органида ишлаши уларнинг айбими? Белгиланган саккиз соат ўрнига 10-12 соат ишлашса, ниманидир қойил қилишармикан? Бу турган-битгани қонунсизликку? Балки шунинг учун кўплаб каллалилар давлат органларида ишлашдан кўра шахсий бизнесини йўлга қўйишни ёки чет элга кетишни устун қўйишар? Саволлар кўп, жавоб эса...
Ҳар бир ташкилотда, ўша вазирликлару қўмиталарда ҳам касаба уюшмалари деган ташкилот бор. Лекин шу пайтгача уларнинг иш берувчига кириб нега ходимларни меъёридан ортиқ ишлатаяпсан, саккиз соатдан зиёдига унинг розилигини олишинг ва бунинг учун икки-уч баробар ҳақ тўлашинг кераклигини биласанми деганини эиштмадим. Қўрқаманки эшитмасам ҳам керак.
Мени бир нарса қийнайди. Мактаб-коллежлар мисолида аёлнинг берган тарбияси эркакникининг ўрнини боса олмаслиги тан олиниб ва бу таълим соҳасида йиллар давомида йўл қўйилган хатолар маҳсули экани эътироф этилиб турган пайтда оилаларда рўй бераётган худди шундай муаммоларга тескари муносабатда бўлинмоқда. Бир она сифатида ота тарбиясини кўрмай, меҳридан мосуво бўлиб вояга етаётган фарзандларимнинг келажагидан хавотирдаман. Бу сўзларим ўқувчиларга шахсий дардимни дастурхон қилгандек туюлиши мумкин, уларга мана бу мақолаларни ўқишни тавсия қиламан, зора мени тушунишса...
http://maslahatim.uz/maqolalar/oila/farzand-tarbiyasidagi-otaning-urni-a-ida-7-fakt-ar-bir-ota-bilishi-kerak/
https://naqshband.uz/makolalar/otaning-oiladagi-vazifasi
http://www.saodat-gul.uz/%D0%B1%D0%BE%D0%BB%D0%B0-%D1%82%D0%B0%D1%80%D0%B1%D0%B8%D1%8F%D1%81%D0%B8%D0%B4%D0%B0-%D0%BE%D1%82%D0%B0%D0%BD%D0%B8%D0%BD%D0%B3-%D1%9E%D1%80%D0%BD%D0%B8/
http://oilam.uz/index.php/uz/mening-oilam/erkak/1312-erkakning-oilada-orni-joqolsa
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
10 та фикр