Хаспўшлаш операцияси

Бир вилоятнинг бир туманидан бир курсдошим қўнғироқ қилиб қолди (манзили ва исмини аниқ ёзмаганимни кейин тушунасиз). Жайдарича қилиб роса гапирди ўзиям!

– Кеча майлисда ҳоким мени турғазиб, металлом топширмасанг юмшоқ жойингга боплаб тепаман, деди. Эшитяпсанми? Энамнинг эриникидан топаманми металломни? Бўйнимни қийшайтириб, бажарамиз дедим. Эҳ, жўра, мактабга директорлик қилайми ёки темир-тақа йиғиб юрайми? Шу... сен китоб ёзгунча шу ҳақда ёзсанг бўлмайдими? Ҳақиқатни чиқар-да!

– Бўпти, менга ҳаммасини қоғозга тушириб бергин.

– А? Қоғозга тушириб?

– Раҳбар шундай-шундай деди, деб ёзгин. Диктофонга запись қилгандирсан гапларини? Уям керак. Асос бўлмаса қандай ёритиш мумкин? Мен бориб, ҳокимга учрашганим билан сенга металлом ҳақида топшириқ берганини тан олармиди?

– Қизиқ гапларни гапирасан! Мен раҳбарнинг устидан ёзсам, каллам кетади-ку? Ўзинг бир нималар деб тўқиб ташла-да!

– Тўқиб ташлай? Нима деб асослайман? Кейин қандай натижа бўлади? Нимадан қўрқасан бунча?

– Нимадан қўрқасан эмиш! Ишдан айрилсам, иккита хотиним, олтита боламни сен боқасанми? Тавба!

– Хотининг иккитами сенинг? Унда ўшалар билан металлом топа қол!

– Оббо!..

Кўпинча шундай. Одамлар шикоят қилишади. Асосга келганда эса... ўн дақиқада «Канада чегараси»га етишади! Баъзида ТВ мухбирларини ҳақиқатни ёритмасликда айблайдилар, камера объективи тўғриланганда гапириш ўрнига... ўзларини четга олишади, сувдаги балиқ! Худдики муаммолар фақат журналистларга керакдек! Ўзбекнинг мақоли шунга мос тарзда айтилган: «Оч қорним – тинч қулоғим».

Хўш, биз камчиликларни кимдан яширяпмиз? Ўзимизданми, ўзлигимизданми? Юқориданми ёки пастданми? Шунинг оқибатида пайдо бўлмайдими иллатлар? Ёки йўқотадиган нарсаси йўқ одам қўрқмайдими фақат? Шикоятчи ўз ҳаловатини ўйлаб жимгина яшашни афзал билса, журналист дегани асос тополмаса, матбуотга беролмаса! Қарс икки қўлдан чиқади, ахир! Асос яширилгани, айтилмагани учун ҳам масала кўпинча умумий тарзда ёритилади! «Бир вилоятнинг бир тумани...» қабилида.

Педагог металлом излаб юрса-ю, қаламкаш бу ҳақда ёзолмаса, нима деган гап? Айрим идоралар рост гапга ишониш ўрнига «алиби» талаб қилади! Ҳаммаси ҳужжатда акс этган бўлиши шарт! Энг қизиғи, «алиби» сўралаётган иш аслида ҳақиқатлигини жуда яхши билади. Билади-ю, барибир сўрайди! Биз ўзимизни умумий, ялтироқ гаплар билан алдашга ўрганиб қолганмиз. Идоралар эмас, одамлар ҳам ҳақиқатни ёқтирмайди гўё. Ваҳоланки, «яхшидир аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмондир». Хатоларни яширишдан мақсад нима ўзи? Камчиликларни хаспўшлаётган, хўжакўрсинга ишлаётган амалдорни юрт равнақи учун жон куйдиряпти, деб айтиш мумкинми, ўзингиз айтинг! Бундай операциялар билан ижобий натижага эришиладими?

Яқинда устоз Ҳабиб Темиров билан суҳбатлашдик.

– Кўпчилик одамларга сўз эркинлиги керак эмас, – деди у киши. – Аксарият одамларимиз ёлғончи! Уларга ҳақиқатнинг кераги йўқ!

Ҳа, ўз манфаати йўлида оқ қандни қора кўмир дейишдан ҳам тоймайди баъзилар. Билган-билмаган ёзиб ётибди ижтимоий тармоқда. «Мумкин»дан кўра «мумкин эмас» дейдиганлар кўп! Улар билдираётган фикрлардан уялиб кетасан, киши! Билиб-билмай... алдашяпти, ёлғонни ёзишяпти!

Журналист аёл раҳбарининг сўкканини қоралаш ўрнига уни кўкларга кўтариб мақтайди. Маоши, ишини ўйлаган яна бир қаламкаш ҳамкасбига қарама-қарши материал ёзади. Ҳақиқатни шу тарзда топтайдилар, аслиятдан алдамчиликни устун қўядилар. Жамоатчилик нуқтаи назари, касбга садоқат деган тушунчалар зиғирча қизиқтирмайди бу тоифани!

Россиядаги ОАВ бойкоти ҳақида эшитган бўлсангиз керак? Журналистлар томонидан жинсий зўравонликда айбланган бир депутат этика бўйича қўмита томонидан айбсиз деб топилгач, бир нечта радиостанция, сайт, телеканал ва журналлар Давлат думаси билан ҳамкорликни тўхтатди. Аниқроғи, ҳаммаси бир ёқадан бош чиқарди!..

* * *

Телефон қилган оғайним яна анча гапирди. Сўзининг охирида эса хўрсиниб илтимос қилди:

– Ошнажон, майли, ёзмай қўяқол. Сенинг танишларинг кўп, балки металлом топишга ёрдам берарсан?

 

3.94 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.94 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.19 / 15
  • Муштарийлар баҳоси
    4.37 / 10

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 ʚϊɞ 23/04/2018
5 Нодирбек Рахмонов 23/04/2018
5 G'ayrat Norqobil 23/04/2018
5 Doniyor Tagoev 24/04/2018
5 Sayfullayev 24/04/2018
4.5 Ibragim Kadirov 24/04/2018
5 Aziza Qurbonova 26/04/2018
5 Kamolbek Botirov 02/05/2018
3.5 Timur Latipov 04/05/2018
4 Shahzod Rahmon 19/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
4 та фикр