Халққа нафи теккан амалдоргина шу халқнинг чин вакилидир

Akbarjon Abduraimov
Саралаш

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг ярми ортда қолди. Ўтган қисқа муддатда қатор ишлар амалга оширилди. Қолганлари давом этяпти. Албатта, қўлга киритилган ютуқлар ўзимизники. Бироқ бугун халқ билан мулоқот қилиш, аҳолининг муаммоларини ўрганиб, масалани жойида ижобий ҳал этишда оқсоқликлар ҳамон учраётганидан ташвишга тушмасликнинг иложи йўқ. Бир нарса аниқки, давлат халқ ҳокимиятига асосланган экан, унинг ҳузуридаги ташкилотми ёки давлат олдидаги мажбуриятларни бажараётган нодавлат ташкилот бўладими, қатъи назар омма билан ишлашни кучайтириш зарур.

Муаммонинг кичиги бўлмайди. Чекка бир туманда аҳолига етказиб бериладиган электр энергияси ёки газ мунтазам равишда узилиб турса, ўша ҳудуддаги аҳолининг ҳоли нима кечади? Аҳоли ўз мурожаатида бу масала юзасидан шикоят қилса, бунга маҳкамадан туриб, хат орқали жавоб ёзиш билан иш битмайди. Бу арзимас муаммо экан деб, бепарволарча мурожаатни муддати ўтгач, жавобини ёзиб юбориш, ўша ерда истиқомат қилаётганларнинг давлат ташкилотига ёки мамлакат бюджети ва бошқа манбалар ҳисобига ҳукумат олдида мажбуриятларни бажараётган ташкилотларга нисбатан одамларда ишончсизлик келтириб чиқармайдими?

Сир эмаски, аксарият ҳолларда айрим ташкилотлар ўз олдидаги муаммони ечмасдан ундан “бурилиб” ўтиш мақсадида судга мурожаат қилинг, фалончига мурожаат қилинг деб осонгина ишни бошқаларга юклашни одат қилиб олган. Ачинарлиси, бу ташкилотлар ўзидан юқори турувчи давлат органларига ҳар доим битта жавобни - ҳали ундай, ҳали бундай кўринишда мазмунан бир хил тарзда тақдим этади. Бунда, асосан, фалон тадбир ташкил этилди. Писмадонча одам қамраб олинди, мутахассислардан тегишли жавоб олинди каби ҳисоботлар “гапиради”. Улар олиб борган чора-тадбирларнинг сифат даражаси, мавзу кўлами ҳам ўша баландпарвоз гаплару, сийқаси чиққан шиорлар бошқача қилиб айтганда, “яшасин”, “ура-ура”дан бошқа нарса эмас.

Тиббиёт коллежида ўтган учрашувда Олдинги чақириқда сайланган бир депутат билан учрашувда иштирок этдим. Депутатимиз юртни қандай севиш керак, партия қандай тадбирларни ўтказаётгани тўғрисида тўлқинланиб сўзлади. Тадбирдан сўнг депутат коллеж раҳбариятининг тадбир давомидаги совуққина муносабатидан норози экани тўғрисида менга гапириб қолди. Мен унга шунчаки хафа бўлманг, деб қўйдим. Депутат ҳурматни ўзи сўраб олганди. Коллеж директоридан тортиб, ўқувчиларгача аллақандай тадбирбозлик ҳақида ҳисобот берган депутатга яна қандай муносабат билдириш мумкин. Мен давлатнинг олий қонун чиқарувчи ҳокимиятида фаолият юритадиган сизларнинг вакилингизман, дейишини коллеждагилар кўп кутди. Лекин депутат бу гапни гапирмади. Бу каби ҳолатлар ҳозир йўқ, деб ўйлайсизми, албатта, бор.

Матбуотда кейинги ўн беш йил ичида шунга амин бўлдимки, ҳар бир соҳада учрайдиган муаммо бизнинг соҳада ҳам талайгина экан. Яъни, аҳолининг оммавий ахборот воситаларига бўлган қизиқиши сусайиб кетган. Улар орасида газета-журналларни ўқийдиган ёшлар қатлами ниҳоят даражада кам. Шунга яраша саводхонлик даражаси ҳам ҳаминқадар. Олий таълим муассасасини журналист мутахассислигини давлат гранти асосида тугатиб, суҳбатдан ўтаётган собиқ талаба мамлакатнинг энг йирик нашрларидан бири тўғрисида умуман эшитмаган. Бу тўғрисида у савол берганларнинг ўзидан жавоб олгач, хабардор бўлди. Аҳолининг аксарият қисмида матбуот тўғрисидаги фикр салбий. Бунинг сабаби оддий чунки, айрим босма нашрларда деярли бир хил мавзулар, ўша баландпарвоз рукндаги мақолаларнинг чоп этилиши муаммоларнинг ёритилмаслиги кабилар шулар жумласидан.

Айтганча, журналистика таълим йўналишидаги мураббийлар бу кетишда яқин орада фельетон жанри йўқ бўлиб кетишини башорат қилганди. Башоратлар ўзини қисман бўлса-да оқлаяпти. Бу кетишда журналист суриштируви ҳам “Муштум”дан нарёғига ўтмайди. Яқинда бир танишим мендан нега фалончи давлат нашри, бўлмаса ҳам, олди-қочдиларни ёзиб турса-да, бунинг устига нархи осмон бўлсаям тиражи катта, одамлар сотиб олаверади, деб сўради. Мен унга бу газета олди-қочдиларни чоп этгани билан деярли ҳар бир сонида аҳолининг мурожаатларини ўрганиб, бу бўйича жавоб йўллаётгани, фалон жойда очилган янги корхона тўғрисида кичкина бир ихчам хабар бериб, бу нашрни “сариқ матбуот” деб атаётганларга ўхшаб, катта-катта саҳифаларни шу кичик корхона учун сарфламаётгани, энг муҳими сарлавҳа қўйишда халқчил сарлавҳаларга урғу бераётгани, яна бир жиҳати мажбурий обуна уюштирмаслиги ҳақида айтдим.

Энди муаммони ушбу йилга нима даҳли бор, дейишингиз мумкин. Албатта, даҳли бор. Афсуски, бошқаларни “сариқ”қа чиқараётган обунабоз нашрнинг бош муҳарририга “Эй, барака топгур, бир хил қолипдан фойдаланишдан безмадингми, фақат мақташни эмас, одамларнинг дардини ҳам ёз. Уларни ўрган”, деб кўрингчи, нима жавоб олар экансиз.

Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи исми шарифини сир тутишимни сўраган бир аёл ҳовлисининг йўли устига уй-жой қураётган акасини бу йўлдан қайтариш мақсадида давлат интерактив хизматлар порталига бир неча бор мурожаат қилганига қарамай, Каттақўрғон туман давлат архитектура ва қурилиш бўлимидагилар масалани ижобий томонга ҳал қилмасдан, турли баҳона-важларни келтириб, ака-сингил келишиб олинглар деб, аёлга нисбатан босим ўтказиб, бизга қўл қўйиб беринг, хатни ёпишимиз керак деган. Кўриб турганингиздек, ҳокимият вакилларининг ўз ишига бўлган муносабати ана шундай. Сингилку, ўша ноинсоф акани йўлга сололмай охири мурожаат қилишга мажбур бўлибди. Хўш, сен нега масалани қонунан кўриб чиқиб, уни ҳал қилмайсан? Фақат идорага келиб-кетиб юрсанг бўлдими? Ўқигансан, давлат сени ишга олган, маош беряпти. У бева-чи? Мактабни битириб, катта ҳаёт шу эканда, деб турмушга чиққан. Кўп утмай бева қолган. 20 ёшга тўлган ишсиз ўғли иш қидирсинми ёки йўл устида тоғаси билан жанжал қилсинми?

Бошқа даврада ҳокимиятда ишлашини пеш қиладиган, бу каби мансабдорлар оддий халқ олдида маоши камлигини рўкач қилиб, нолишдан нарёғига ўтмайди. Ишга келганда уларнинг муносабатини кўриб ҳақиқий аҳволни баҳолайверасиз. Маҳаллада: “— Нега порталга ёзасиз? Ўзимга келсангиз, ҳал қилиб берардим. Шартмиди шундай қилиш? Шарманда қилдингиз одамни. Қўйинг-эй, кутмагандим сиздан.” Маҳалла раисининг олдига боравериб, иши битмаган оддий фуқаронинг порталга мурожаатидан кейин раис билан саломлашишда олган жавоби шундай эди. Бунақа ҳолат кам, деб ўйлайсизми? Афсуски, санаб адоғига етиш қийин.

Азиз замондош, бугун порталдан келаётган топшириқларни кутиб эмас, енгни шимариб, одамлар билан кўпроқ мулоқотда бўлиш, уларнинг дарди билан ҳисоблашиш, аҳоли олдида турган муаммоларини имкон даражасида ижобий ҳал этишни бир сўз билан айтганда, халққа нафимиз тегиши кераклигини эсдан чиқармайлик, Мана шу юрт меники, унинг халқи менинг халқим деб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиз. Шундагина авлодларга биздан обод ватан қолади.

Акбаржон Абдураимов

3.20 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.20 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.16 / 2
  • Муштарийлар баҳоси
    4.35 / 4

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Ma'mur Parmonov 01/05/2018
5 Akbarjon Abduraimov 01/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
2 та фикр