Халқ ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмайдими ёки қонунлар бузилишига асосий айбдор ким?

Farhod Abdurahmon
Ярим финал

Сўнгги пайтларда фуқароларимизнинг муайян масалалар юзасидан ҳақ-ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари очиқланганда кўпчилигимиз “халқимизни ўзи айбдор, халқимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишмайди, талаб қилишмайди” деган гапни бот-бот такрорлайдиган бўлиб қолдик. Мен ушбу мақоламда мана шу иддао қанчалик тўғри ёки нотўғрилиги ҳақида ўз қарашларимни баён этмоқчиман. Менинг бу масала бўйича асосий гипотезам шундан иборатки, мазкур иддао фирибгарона, маккорона, виждонсизларча ўйлаб топилган гапдир. Мен буни оддий ҳаётий мисоллар орқали исботлашга ҳаракат қиламан. Шунингдек, қонунлар бузилишининг сабаблари ва уларни бартараф этиш шартлари тўғрисида фикрларим билан бўлишаман.

Ўтган йили нотариуслар фаолиятидаги камчиликлар очиқлана бошлаган эди, яъни уларнинг кўрсатган хизматлар бўйича оладиган ҳақлари белгиланган тарифлардан кўра юқори бўлаётганлиги ошкор этилганди. Камина ўша пайтда ижтимоий тармоқда фикрларимни шарҳ қилиб қолдиргандим. Шарҳим бевосита ҳозирги танлаган мавзум билан боғлиқ бўлгани учун дастлаб ўша фикрларимни айримларини такрорлашни лозим деб топдим. Қисқаси, ушбу ҳолат танқид этилганда нотариуслар фаолиятини назорат қилувчи Адлия вазирлиги ходимлари халқ ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмайди ва бундан ташқари мазкур арзлар бўйича исбот йўқ (аудио, видео) деб масалани ёпмоқчи бўлдилар.

Фараз қилинг, мен ишончнома расмийлаштираман деб нотариал идорага ташриф буюрдим. Нотариус ходими менга 60 минг сўм тўлашни талаб қилди ва мен тўладим. Аслида хизмат нархи тариф бўйича 20 минг сўм бўлган дейлик. Демак, мен 60 минг сўм тўлаганим учун ўзим айбдор бўлиб чиқарканман. Бундан иккинчи савол чиқиб келади. Ўша мендан 60 минг сўм талаб қилган нотариус ходими аслида хизмат ҳақи 20 минг сўм бўлганлигини билганку. Нега, у билиб-туриб мени алдади? Уни мени алдашга нима ҳаққи бор эди? Нега у фирибгарлик қилди? Нега у ўз мажбуриятини виждонан бажармади? Нега у давлатнинг қонунини оёқ ости қилди? Нотариус ходимининг мажбурияти, иш этикаси, қонунлар қаерга қолди? У виждонсизлик қилиб фуқарони алдаса лекин биз бунда фуқарони ўзи айбдор деб унинг тарафини олсак бу ғирт адолатсизлик-ку.

Ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳеч бўлмаса минимал даражада билиши даркор, Конституциянинг асосий принципларидан ҳам хабардор бўлиши шарт ва буни ҳеч ким инкор этмайди. Лекин ҳар бир фуқаро барча қонун, қарорларни билишга масъул эмас ва билиши шарт ҳам эмас. Буни иложи ҳам йўқ. Ҳаттоки, ўша профессионал юристлар ҳам барча қонунларни ипидан игнасигача билишларига шубҳам бор. Маълумки, қонун, қарор, қоидалар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ҳар бир соҳа бўйича жуда ҳам кўп. Ҳар бир соҳада ишлаётган киши фуқаро сифатида ўзининг умумий ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиши билан бир қаторда энг аввало ўз соҳасига тегишли бўлган қонун ҳамда қоидаларни тўлиқ билиши, уларга кўра иш юритиши зарурдир. Фуқаро зарурият юзасидан қайсидир бир соҳага иши тушса ўша соҳанинг мутахассислари қонунлар доирасида унинг юмушини бажаришлари зарур бўлади. Шундай экан, юқоридаги мисолдан келиб чиқсак биз фуқаро қонунни билмагани учун у ёки бу хизматга ҳақни кўп тўлаган деб уни айблашга ҳаққимиз йўқ. Барча муаммоларга фуқароларни ўзини айблаш бу ўтакетган инсофсизлик, адолатсизлик.

Яна бир мисол. Фараз қилинг, мен қайсидир битта хизмат кўрсатиш соҳасида ишлайман ва Сиз бир юмуш билан келдингиз. Хизмат кўрсатиб Сиздан амалдаги расмий тарифдан уч баробар кўп ҳақ олдим. Сиз кейин суриштириб кўриб буни аниқладингиз ва даъво қилдингиз. Шунда мен, ҳа, бу киши расмий тарифни интернетга кириб ўқимабди, деворга осиқлик тариф билан танишмабди, менга хизмат ҳақи ана бунча бўлиши керак деб айтмади ва шунинг учун ҳам мен ушбу фуқарони алдадим, уч баробар кўп ҳақ олдим, айб менда эмас десам тўғри бўладими? Бу фуқарони ўзида ҳуқуқий маданият етишмайди деб жавоб беришим керакми? Қани мантиқ? Қани адолат?

Кейинги масала исботлар тўғрисида. Гап шундаки, кўпинча муайян соҳа вакили томонидан сизга нисбатан қилинган нотўғри ҳатти-ҳаракат ёки ноўрин гап-сўзларни исботлаш қийин. Исботлаш учун фуқаро қайси бир идорага юмуш билан бормасин гарданига камерани осиб, телефонини аудиозаписга қўйиб ёки диктофон кўтариб юриши керак бўлади. Ҳозирги пайтда информацион технологиялар ривожланиши ортидан булар муаммо бўлмай қолди, яъни амалга ошириш мумкин бўлган ишдир. Шунинг учун ҳам айрим идоралар фуқароларни қўл телефони билан киришларини таъқиқлаб қўймоқдалар. Уларнинг иддаоларига кўра бу иш сифатига салбий таъсир кўрсатармиш, ахборотлар ташқарига чиқиб кетармиш лекин аслида ўзларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари ошкор этилишидан қўрққанлари учун ҳам рухсат бермайдилар. (Алоҳида объектларни назарда тутмаган ҳолда).

Энди ўзим бошимдан кечирган бир-икки воқеъаларни ёзмоқчиман. Аслини олганда, мен қуйида ёзмоқчи бўлган воқеъалар ёки шунга ўхшаш ҳодисалар, ташвишлар, муаммолар кўпчиликни бошига тушганлигига ҳеч шак-шубҳам йўқ. Шунинг учун бу фақат мени муаммом эмас, балки умумий бўлган, аксарият фуқароларимизни қийнаётган долзарб масалалардир. Ўйлайманки, ўқувчиларимиз мени ўзим дуч келган муаммоларимни кўрсатиш билан барча тизимни айблаётганликда айбламайдилар. Гап шундаки, бизнинг жамиятда камчиликларни кўрсатсангиз баъзилар уни тан олиш ўрнига турли-туман баҳоналар ахтариш, муаммони кўтарган инсонни ер билан яксон қилиш пайига тушадилар. Қолаверса ўзим бевосита гувоҳ бўлган воқеъаларни мисол келтирсам бўлади чунки мен ҳам шу юртнинг бир фуқаросидирман. Аммо бундай йўл тутсам дарров баъзи “дунёқараши кенг ва холис” инсонлар бу бола ўзи аламзада эканда, ўзининг саргузаштлари орқали бутун бир мамлакатга баҳо беряпти ва ҳоказолар дейишлари турган гап. Агарки кимдир шундай калтафаҳмлик билан баҳо берса бу мени асло қизиқтирмайди.

2013 йил эди. Совуқ сув таъминоти идорасидан уйимни эшигига хат ёпиштириб кетишибди. Мени қарзим йўқ эди. Оқавасув идорасига бордим, улар менга пропискада икки киши сен бир кишига тўлагансан дейишди. Мен, маҳаллага бориб уйда 2009 йилдан бери бир ўзим пропискада туришим ҳақида маълумотнома келтириб бердим. Орадан бир йил ўтиб яна шу иш такрор бўлди ва мен яна мазкур идорага боришга мажбур бўлдим. Улар эса икки киши пропискада, рўйхатга қўйилган дейишди. Мен уларга бир йил олдин бир ўзим туришим ҳақида маълумотнома келтириб берганлигимни эслатдим, улар ахтариб топишмади, архивда ҳам йўқ дейишди. Жаҳлим чиқиб кетди. Яна маҳалладан (паспорт столидан) маълумот олиб келдим. Бу гал маълумотномадан нусха олиб, қабул қилувчидан нусхага исми, шарифини ёзиб, имзо чекиши ва санани қўйишини сўрадим. Ходим эса мен қўл қўймайман, бунақа қоида йўқ деб жавоб берди. Тортишиб, охири қўл қўйдириб олдим. Энди савол. Маълумотнома келтириб бериб ҳам қутулмасак, маълумотнома берганимизни улар йўқотишса, маълумотнома берган идора ўзини берган маълумотини тан олмаса унда фуқаронинг ҳуқуқий маданиятни билиш ёки билмаслиги қанақа роль ўйнайди? Хўш, ўша пайт мен шу масалани судга оширсам нима бўларди? Ҳеч нарса. Вақтимни йўқотар эдим, асабларим бузиларди, ўзимга бир дард сотиб олардим. Хўш, мен ўша пайт воқеъани аудиоёзув ёки видеоёзув қилмаганим учун ўзим айбдорманми? Агар ўша пайт шундай телефоним бўлмаган бўлса-чи? Ёки бунақа идораларга боришдан олдин махсус органларга айтиб қўйишимиз керакми? Мана бу масала юзасидан фалон жойга боряпман, мабодо улар мени алдашлари мумкин, ҳар эҳтимолга қарши келиб яширинча видеога олинг дейишим керакми? Ахир бу жуда ҳам кулгули гап-ку. Ахир биз бир юмуш билан турли идораларга мурожаат қилганимизда уларга ишониб, яхши гумон билан боришимиз керак эмасми? Қолаверса, биз камера ёки ҳоказоларни кўтариб юришга мажбур эмасмиз. Ахир, улар ҳар бир қилган иши учун хизмат ҳақи олганидан кейин ишини виждонан бажариши шарт эмасми? Ахир давлат идораси ўзининг фуқаросини алдаса ва алдагани учун яна фуқарони ўзини сабабчи қилиб кўрсатса додингизни кимга айтасиз? Дунёдаги бошқа давлатларда деярли бундай ҳолатлар умуман кузатилмайди-ку. Ахир у ерларда ҳам бизга ўхшаган инсонлар яшайди-ку. Қачонгача бир-биримизни алдаб яшаймиз? Қачон айбни бошқаларга тўнкашни бас қилиб, халқга ҳалол хизмат кўрсатамиз?

Институтда ўқитувчилик қилиб юрган пайтларимда ёзги икки ойлик таътилни ўзим туғилиб ўсган Бухорода ўтказардим. Таътил айни ёз чилласи кирган пайтга тўғри келарди. Бухорода бўлганимда жисмоний ишларни ҳавас билан қилардим чунки Тошкентда 10 ой тўртта бетонни ичида яшардим. Хуллас, ишлаб, офтобдан роса тўйиб, рангларим қорайиб яна Тошкентга қайтардим. Бир қайтишимда Онам уйдаги битта гиламни олиб кетгин, уйингда девордаги обойларинг тушиб ётибди, ремонт қила олмайсан барбир дедилар. Гиламни оссанг бир томон ҳар ҳолда чиройли кўринади деб айтдилар. Мен гиламни олиб ва яна то ойлик олгунимга қадар яшаб туришим учун 300 минг сўмча пулни сумкага солиб автобусга чиқдим. (Биласиз бизда “йирик иқтисодчилар” ўзларича инфляцияга қарши кураш деб йирик пулларни чиқаришга рухсат бермас эдилар ва шунинг учун ҳам бу қадри йўқ майда пуллар анча жойни эгаллагани боис ҳамёнимга сиғмасди). Автобусдан ҳозирги Олмазор метро бекати олдида тушиб уйимга бориш учун метрога кирдим. Иккита милиционер менимча ана ўлжа деб хурсанд бўлишди. Улар ҳужжатимни сўрашди, кўрсатдим. Кейин сумкамни текширишди. Сумкада кийимлар, бир-икки банкада мураббо, нон ва шунингдек, пул алоҳида пластик сумкага ўралиб қўйилганди. Қанча пул бор деб сўрашди. Мен уларга сумкамда бомба борми ёки наша ёки қурол-яроғ ёки қандайдир маън этилган китоблар борми деб сўрадим. Улар эса пулингиз қанчалигини айтинг деб такрор сўрашди. Мен эса бундай савол беришга ҳақлари йўқлигини айтдим. Буни эшитибоқ қаерда ишлайсиз деган савол бўлди. Мен мулойимлик билан ҳужжатим бор, сумкамда маън этилган нарса йўқ, ортиқча ва талаб қилинмайдиган саволлар берманг илтимос дедим. Улар эса биз шубҳа уйғотган кишини 3 соатча ушлаб туришга ҳақлимиз, юринг ичкари хонага дейишди. Мен эса нимам шубҳа уйғотди дея яна сўрадим. Қисқаси, савол-жавоблар тўхтамади. Таҳдид қилганлари фойда бермади ва мен шу билан метрога кириб кетдим. Хўш, ана шу воқеъа бўлиб ўтганлигини ва уларнинг берган саволларини мен қандай исботлай оламан? Нега улар мени пулимга қизиқиб қолишди? Улар халқ ҳимоячисими ёки йўлтўсар қароқчими? Ўша вазиятда мен халқнинг бир вакили ўлароқ айбим нимада эди? Мен ҳар ҳолда ҳақ-ҳуқуқларимни биламан. (Айнан ҳақ-ҳуқуқимни билганим доимо мени зараримга ишлаган). Улар ҳам аслида фуқарони чўнтагида қанча пули борлигини сўрашга ҳақлари йўқлигини яхши билишади. Агар ўша пайтда мени ўрнимда бошқа бир киши бўлганда улар балки қўрқитишиб пулини олишарди ҳам. Ана шу мисолдан халқ ўз ҳақ-ҳуқуни билмайди деб ана у иккита қароқчини ҳимоялашимиз қанчалик адолатли? Айтишингиз мумкин, хўш, нега сен ўша пайт ҳеч кимга мурожаат қилмадинг деб. Мурожаат қилганимда улар ҳа, биз бундан пулинг қанча деб сўраганимиз тўғри дея тан олармидилар? Улар икки киши ва мен бир ўзим бўлсам. Мен қандай исботлайман? Мен бу мисолни нега келтирдим? Худди шунга ўхшаш ҳолат ҳозир ҳеч қаерда йўқ деб ким айта олади? Ҳозир ҳам шундай ҳолат рўй берса оддий фуқаро осонликча уларнинг айбини оча оладими?

Чет элларда бўлиб ҳақиқий полиция қандайлигини кўрдим. Бу ерларда полиция хизмати ўзининг бош вазифаси, яъни халқни ҳимоя қилишни қойилмақомлик билан профессионал даражада олиб боради. Ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон ҳақ-ҳуқуқларига ҳурмат билан муносабатда бўлади. Шу боисдан ҳам фуқаролар ўз навбатида полиция ходимларини ҳурмат қиладилар. Ҳурмат қилишга мажбурланмайди, қўрқитилмайди балки полиция ходимлари ҳурматни ўз меҳнатлари билан қозонадилар. Бизда ҳам ички ишларда фидойилар, халқни ҳимоя этувчилар бор албатта, лекин уларнинг улуши ҳақида бир нима дейиш мушкул.

Яна бир бўлиб ўтган воқеъа. (Аудиоёзув ёки видеоёзув йўқ).

Бир танишим олди-сотди шартномасини нотариал идорада расмийлаштириб уй сотиб олди. Уйга кўчиб келгандан кейин икки ой ўтиб, газ идорасидан қоғоз келган, яъни ўтган икки йилда газ ҳақи тўланмаганлиги ҳақида. Уй эгаси газ идорасига бориб нотариусдан ўтганлиги, қарз йўқлиги ҳақида маълумотнома борлигини кўрсатса ҳам бизда системада қарз турибди деб туриб олган. Қисқаси, ҳар қандай уриниш бефойда бўлди ва уй эгаси емаган сомсага пул тўлади. Хўш, ким айбдор? Маълумотнома бўлиб туриб, газ идораси ўзи берган маълумотномани тан олмаса нима қилиш керак? Фуқарони айби нима? Эҳ-ҳе, бунақа мисоллар тиқилиб ётибди. Агар ҳар бир фуқарога эркин микрофон тутқазилса воқеъаларни охири адо бўлмайди. Ана, халқ қабулхонасида бир ярим миллиондан ортиқ шикоят ва аризалар тушганлиги ҳам бунга ёрқин мисолдир. Албатта, халқ қабулхонасига баъзи арзимас масалалар бўйича ҳам мурожаат этилган. Бу алоҳида мавзу. Шунчаки, мен масаланинг долзарблиги ва ҳақиқатда муаммолар борлигини таъкидламоқчиман. Яна шуни ҳам таъкидлаш зарурки, қилинган мурожаатларнинг кўпчилиги айнан ички ишлар идораларига тегишли экан. Ҳозир муайян ўзгаришлар бўлмоқда, жумладан, ички ишлар органлари тўғрисида қонун қабул қилинди, нотариуслар фаолияти такомиллаштирилмоқда, нотариус талаб қилинадиган ишлар рўйхати қисқармоқда. Шунингдек, бошқа хизмат турларида ҳам баъзи янгиликлар қилинмоқда. Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилгани ҳам яхши албатта. Бу қанчалик ўзини оқлашини эса вақт кўрсатади. Электрон навбатларни йўлга қўйиш масалалари ҳал этилиши арафасида деган хабарлар бор. Бундан ташқари, инновацион янгиликлар киритилиши ҳам мўлжалланмоқда. Ушбу соҳалар билан боғлиқ Мажбурий Ижро Бюросининг (МИБ) дастлабки фаолиятлари бўйича эса қарама-қарши ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Умуман олганда МИБларни ташкил этиш ўрнига соҳаларда янги инновацион технологияларни жорий этиш орқали қарздорликлар ҳосил бўлмаслигини олдини олиш мумкин. Бу тажриба аллақачон жаҳон мамлакатларида қўлланилади. Муаммоларни ечишда маъмурий-буйруқбозлик усулларини қўллаш ва шунингдек, меъёридан ортиқча назорат, текшириш, таъқиқлашларни амалга ошириш самарали йўл эмас деб ҳисоблайман.

Хўш, балки Сиз муҳтарам ўқувчи бу сени ёзганларинг пашшадан фил ясаш, қанақадир маиший масалалар дейишингиз мумкин. Аммо факт шуки, келтирилган мисоллар бўйича ҳар хил қонун бузилишлари, сифатсиз хизмат кўрсатиш, ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларининг ходимлари томонидан нотўғри ҳатти-ҳаракатлар бўлаётганлиги тўғрисида анчагина ахборотлар тармоқларда кўплаб учрамоқда. Умумий олиб қарасак, қонун бузилишлари барча соҳаларда ҳар куни содир этилади. Биз фақат айрим соҳадан мисоллар келтирдик холос.

Мен яқиндагина Кун.уз сайти ходимлари томонидан очиб ташланган иккита воқеъани қисқача ёритаман, балки шунда ёзганларимни тўғри қабул қиларсиз. Иккита воқеъа ҳам хусусий мулк билан боғлиқ. Биринчи ҳолатда тадбиркор қонуний сотиб олган жой туман ҳокимининг қарори билан зўрлик асосида тортиб олинган. Иккинчи ҳолат эса Андижонда бир нечта хонадонни бузиб, уй эгаларини вақтинча қайсидир умуман шароити йўқ коллежга мажбуран кўчирганлиги ҳақида. Иккала ҳолат бўйича тадбиркор ҳам ва уй эгалари ҳам ҳақ-ҳуқуқларини билишади, талаб ҳам қилишяпти лекин қўлида ҳокимияти борлар қонунларни оёқости қилиб ерларни тортиб олинганлигини қандайдир ободонгарчилик каби чиройли сўзлар билан оқлашяпти. Ҳеч ким ободонгарчиликка қарши эмас, лекин ободонгарчилик тадбиркор ва уй эгаларини қон қақшатиб, хонавайрон қилиш ҳисобига амалга ошиши керакми? Ахир бу худдики уруш пайтида душман томон келиб уйларга ўт қўйиб кетгандек эмасми? Гўёки уй эгаларига 5 ойдан кейин бошқа ердан янги коттедж берармиш. Хўш, шу янги коттеджни қуриб бўлгандан кейин уй эгаларини ўша жойга тўғридан-тўғри кўчирса бўлмасмиди? Агарки ҳозир яшаётган уй-жойлари давлат учун стратегик аҳамиятга молик қайсидир иш учун зарур бўлиб қолган бўлса, у ҳолда уларнинг уйларини қиймати бозор баҳосида баҳоланиб компенсация қилиниши, яшаётган жойларига эквивалент бошқа жойдан ер берилиши ёки тайёр уй-жой тақдим этилиши керак эди-ку. Хўш, аҳолини ёки халқни айби нимада? Улар қандай талаб қилишсин? Халқ ўз ҳақ-ҳуқуқини билмайди деб телевиденияга чиқиб олиб сафсата сотадиганлар ана шу юқоридаги иккита ҳолат бўйича конкрет нима таклиф бера оладилар? Уларга арз қилишса эҳ, қўяверинг Худога топширинг демайдиларми? Ёки тўрт-бешта хонадон тўпланиб ҳокимиятга арз қилиб борса буни террор ёки конституцион тузумга тажовуз деб ваҳимали баҳо берилмайдими? Халқни рози қилиш керак деяпмиз, уйма-уй юриб муаммоларни ҳал қиляпмиз демоқдамиз лекин қонунларга зид ҳолатда бир кунда маълум аҳолини уйсиз қилиб қўймоқдамиз. Ҳокимларни танқид қилсак, аксариятимиз уларга қийин, улар туну-кун ишлашади ва ҳоказолар деймиз. Туну-кун ишлагани билан оддий фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз қилса, муштумзўрлик билан бошқарса ушбу вазиятда унинг туну-кун ишлаганидан халқга, жамиятга нима наф бор? Тушунаман, жойлардаги ҳокимиятдагилар ижрочилардир, ижрочи бўлганда ҳам саллани ўрнига каллани олиб келувчилардир. Ўша уйларни бузиш тўғрисида буйруқ берганлар ўша фуқароларни ўрнига ўзларини қўйиб кўрсинлар-чи. Ахир ҳар қандай ҳолатда қонун бўйича иш қилиниши зарурку.

Пропискаси йўқларга нисбатан қандайдир антитеррор тозалаш ишлари олиб борилиши-чи? Пропискаси йўқликнинг террор билан нима алоқаси борки уни антитеррор операцияси деб номласак? Бунга ҳам халқ ўз ҳақ-ҳуқуқни билмайди деб барча айбни уларнинг бўйнига ташлаймизми? Бунга қўшимча яна қанақадир мақсадсиз юрганлар деб кечаси фуқароларни эркин ҳаракатларига чек қўйишларчи? Ахир ушбу ҳолатларда Конституцияга зид ҳатти-ҳаракат айнан қонун ҳимоячилари томонидан содир этилмоқда-ку. Ачинарлиси шундаки, янги давр, ўзгаришлар, ислоҳотлар дейилаётган бир пайтда бу ишлар содир этилмоқда. Шунинг учун ҳам мен юқоридаги мисолларни шунчаки келтирмадим, ўша муаммолар такрор этилмоқда.

Кўриниб турибдики, ҳар бир соҳада қонун бузилишлари айнан ўша соҳа ходимлари томонидан содир этилмоқда. Аҳоли томонидан ҳам қонун бузилишлари фактлари бор албатта, лекин умумий олиб қараганда аҳоли кўпроқ жабрдийдадир. Шундай экан, масалани муҳокама этганда халқ ўзи ҳақ-ҳуқуқини билмайди деб эмас, балки тегишли ташкилот ходимлари қонунни оёқости қилганлари учун ҳам халқ азоб чекяпти, ҳақ-ҳуқуқлари топталяпти, моддий ва маънавий зарар кўрмоқда десак ҳақиқатга тўғри келади.

Хўш, нима учун қонунлар асосан соҳа вакиллари ва айниқса, айнан қонунни ҳимоя этувчи органлар томонидан бузилади? Нега қонунларни четлаб ўтиш ҳолатлари кўп кузатилади? Нима учун кўп қонунлар ишламайди? Бунинг асосий сабаблари нимада? Менимча бунинг асосий сабаблари қуйидагилардан иборат:

1) Электр энергия, иссиқ, совуқ сув, газ таъминоти каби ташкилотларнинг ҳамда нотариал хизматининг монопол мавқеъга эга эканлиги ва шунинг учун аҳолида танлов йўқлиги. Бу эса ўз навбатида ўша соҳаларнинг аксар ходимларида манманлик, ишга совуққонлик билан қарашни келтириб чиқарган;

2) Қонунларнинг устувор эмаслиги, барчага баробар қўлланилмаслиги, амалда ёзилмаган қонунларнинг ишлаши;

3) Ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва ички ишлар органлари ходимларининг аксариятида маданият, билим, тафаккур, дунёқараш, профессионализм масалаларида оқсоқликнинг мавжудлиги. Уларнинг қўполлиги ва фуқароларга нисбатан ўзларини устун қўйишлари, барча фуқароларга тенг муомала қилмасликлари;

4) Ҳокимликлар вакилларининг кўпчилигида замонавий бошқариш билимларининг йўқлиги, амалда маъмурий-буйруқбозлик тизими ҳамон асосий бошқарув усули бўлиб қолаётганлиги;

5) Халқчил бўлмаган, адолатсиз ҳамда айрим шахс, гуруҳлар манфаати учун хизмат қиладиган қонунларнинг мавжудлиги;

6) Кўпинча кадрларнинг, раҳбарларнинг таниш-билишчилик ва ҳоказо –чиликлар асосида ишга олиниши, лавозимга тайинланиши;

7) Коррупция ва порахўрлик;

8) Кўплаб давлат ташкилотларида непотизм, маҳаллийчилик асосида кадрларнинг фаолият кўрсатиши;

9) Баъзи қонунлар, меъёрий ҳужжатларнинг номигагина жаҳон ҳамжамиятига ҳисобот бериш учунгина қабул қилинганлиги ва уларнинг ижроси аҳамиятсиз эканлиги.

Мавзуга кенгроқ ёндашган ҳолда яна қуйидаги мулоҳазаларимни билдирмоқчиман:

Биринчидан, агарки биз минбардан туриб бир гапни гапириб ортидан эса гапимизга зид бўлган оғзаки норасмий буйруқ орқали бошқа бир иш қилишни буюрсак ушбу ҳолатда Ҳаракатлар Стратегияси ҳам аввалги Ўзбек модели каби қоғозда қолиб кетади, яъни қонун устуворлиги таъминланмайди. Бу шароитда аҳолининг ҳақ-ҳуқуқлари мунтазам равишда бузилиши содир этилади;

Иккинчидан, агарки биз Конституция кунини ҳар йили бир кун байрам қилиб бир-иккита тадбирларни ўтказиш билан чекласак ва айни бир пайтда у реал ҳаётга тадбиқ этилмаса бизнинг маънавият, маърифат, дин, ватан, инсон ҳуқуқлари, манфаатлари ҳақидаги баландпарвоз гапларимиз барчаси бекор. Бу эса яна халқнинг ҳақ-ҳуқуқларини топташига олиб келади;

Учинчидан, агарки Конституция баъзида реал объективликдан келиб чиқиб эмас, балки айрим шахслар манфаатига мослаб ўзгартирилса, Конституцияга зид ишлар қанақадир кенгайтирилган шарҳлар билан изоҳланса ушбу вазиятда биз ҳеч қачон ҳуқуқий демократик давлат барпо эта олмаймиз ва табиийки, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясиз қолаверади;

Тўртинчидан, агарки инсон ҳақ-ҳуқуқларига чекловлар Конституцияга зид ҳолатда ўрнатилиб, уларнинг барчаси ҳамиша хавф-хатарлар, ташқи душман, терроризм, огоҳлик ва ҳоказолар билан оқланса бу ҳолатда Конституция кунини байрам сифатида нишонлашимизда мантиқ ҳам қолмайди. Агар Конституциямиз амалда тўла-тўкис ишласа фуқароларимиз учун у ҳар куни байрамдек туюлади;

Бешинчидан, агарки тараққиётимиз учун таклиф қилинган ҳар қандай реал ва прогрессив фикрлар “ўзимизга хос ва ўзимизга мос йўлимиз бор” деган фирибгарона иддаолар билан қабул қилинмаса демак биз яна балки чорак аср қолоқликка маҳкум этиламиз;

Олтинчидан, агарки Конституция ва қонунларда белгиланган мулкий дахлсизлик принципи қўпол бузилиб уни оқлаш учун қандайдир ободлик, фаровонлик ва ҳоказо баҳоналар келтирилса, бу ҳолатда мамлакатда инвестициялар кириб келиши қийинлашади ва демократик жамият қуриш тўғрисидаги гапларимиз қуруқ сафсата бўлиб қолаверади. Асосийси халқнинг мол-мулкига, ҳақ-ҳуқуқига тажовуз бўлади;

Еттинчидан, агарки фермер, деҳқонларга эркинлик бериш ўрнига улар қандайдир уюшмага мажбуран аъзо қилинар экан ва бу ҳам қандайдир тартиб, боқимандаликни йўқотиш каби сўзлар билан оқланса демак бизнинг либераллаштириш ҳақидаги даъволаримиз бекордир. Ўз навбатида бу фермерларнинг ҳақ-ҳуқуқларини бир чеккага суриб қўйишдир. Яқиндагина бир журналистимиз АҚШга борганида ўша ерда яшаётган юртдошимизга савол бериб АҚШдагилар тинмай ишлаши, кам ухлаши ва фермерларнинг кўп меҳнат қилишига ишора қилди. Гўёки бизнинг фермерлар кам ишлаб кўп ухлаётгандек. Барака топгур АҚШда фермер ўз ерининг ҳақиқий соҳиби. У ердаги фермерлар куни билан ишлаб кечаси Ҳокимтўрани олдида бош эгиб ҳақорат эшитиб ўтирмайди, унинг маҳсулотини ҳеч ким мажбурлаб олиб кетмайди, маъмурий нарх ўрнатмайди. АҚШда фермернинг ерига ҳоким ёки прокурор бориб назорат қилмайди. Гапни шундан бошлаш керак эди аслида. Демак, эркинлик берилса тартиб ҳам бўлади, фермерларимиз ҳам бойийди. Асосийси уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояда бўлади;

Саккизинчидан, агарки солиқ ислоҳотлари борасида тажрибадан муваффақиятли ўтган ижобий моделлар қабул қилинмас экан унда биз ҳеч қачон кичик ва ўрта бизнесни ривожлантира олмаймиз. Шунингдек, эски солиқ тизими сақлаб қолинса бу бир томондан айрим қонунларни четлаб ўтишга мажбур қилади ва айни бир пайтда коррупцияга яна йўл очиб беради. Демак қонунлар бузилиши давом этади;

Тўққизинчидан, агарки биз тепадагилар ёки марказдагилар ҳаммаси “фаришта” ва жойлардагилар эса “шайтонлар” деган ёлғондан воз кечмасак қонунларимиз ишламай яна “калтак” келиб оддий халқнинг бошига тушаверади;

Ўнинчидан, агарки биз қаердадир кимдир нимадир қилиб қўйибди деб (шубҳали хабар) фуқароларимизнинг диний эътиқодларини асоссиз равишда чеклаб қўйсак ушбу вазиятда яна халқнинг ҳақ-ҳуқуқлари савол остида қолиб кетаверади. Индивидуал бир-икки ҳолатни сабаб қилиб кўрсатиб аҳолининг муайян бир тоифасини диний эътиқод эркинлигидан маҳрум этсак бизнинг Ислом цивилизацияси тўғрисидаги гапларимиз қаерда қолади? Бола мактабда Конституциямизнинг улуғворлиги ҳақида маърузаларни эшитиб амалда бундай чекловларни кўрса унинг давлатга бўлган ишончи йўқолмайдими? Алдашлар шундан бошланмайдими? Демак бу ишимиз нотўғрилигини англаб етишимиз зарур деб ўйлайман;

Ўн биринчидан, агарки бизда ҳарбий хизмат бурч деб ҳисобланиб имтиёзлар бекор қилинмас экан демак бу илм-фанни тараққиётига ғов бўлади, сифатсиз кадрлар армиясини вужудга келтиради. Сифатсиз кадрлар бор экан коррупция йўқолмайди, қонунлар оёқости қилинади ва ҳар доимдагидек нима бўлмасин халқни ўзи айбдор бўлиб қолаверади;

Ўн иккинчидан, агарки айримларнинг нафсига, шахсий манфаатларига тўғри келмагани учун илғор фикрловчи кишиларнинг таклифлари турли баҳоналар, яъни ёш, унвон, четда яшаши ва ҳоказо мантиқсиз иддаолар келтириш билан қабул қилинмаса, уларга муносиб иш берилмаса ушбу ҳолатда қонунларнинг адолатли бўлишлиги шубҳа остида қолади ва бу охир-оқибат фуқароларимиз ҳақ-ҳуқуқлари, эркинликлари бузилишини давом этишига сабаб бўлади;

Ўн учинчидан, агарки турли хизматлар кўрсатиш соҳаларининг, табиий монополияларнинг ўрнатилган нархлари, тарифлари бозор қонунияти деб баҳоланиб ва айни бир пайтда деҳқонларнинг етиштирган маҳсулотларига маъмурий йўл билан нарх ўрнатилса ва бу халқни ҳимоялаш деб талқин этилса унда биз адолатли жамият қура олмаймиз;

Ўн тўртинчидан, агарки айрим халқ ноибларимиз, ёшларимиз, зиёлиларимиз Президентга ялтоқланиш, маддоҳликни тўхтатиб асосий фаолиятларини ижтимоий-иқтисодий масалаларга қаратмасалар қонун бузилишлари одатдагидай яна содир этилаверади;

Ўн бешинчидан, агарки биз бўлаётган жараёнларга, қабул қилинаётган Қарорлар, Фармонлар, Қонунларга ўз вақтида муносабат билдирмасак, баҳо бермасак, танқидий кўз билан таҳлил қилмасак ва танқидимиз фақат ўтмиш ишларига қаратилса унда яна катта хатога йўл қўямиз. Демак, яна қонун бузилишлари давомий бўлади, инсон ҳақ-ҳуқуқларига риоя этилмайди. Қачонки муаммо вақтида аниқланиб тезда бартараф этилса шундагина тараққиёт сари ҳаракатлар ҳам тўғри йўлда бўлади.

Хулоса сифатида қуйидагиларни таъкидламоқчиман:

Аввало мақола билан танишиб муаллиф халқ билан давлатни қарама-қарши томон сифатида кўрсатган деган хулоса чиқаришга шошилманг балки буни халқ ва давлат ўртасида йиллар давомида пайдо бўлган кўприкнинг реал баёни деб қабул қилинса тўғри бўлади деб ўйлайман. Шунингдек, халқ ҳамиша, ҳар доим юз фоиз ҳақ деган фикрдан ҳам йироқмиз. Юқорида таъкидлаганимиздек, фуқаролар томонидан ҳам қонун бузилишлари ва ҳаттоки оғир жиноятлар содир этилиши мумкин. Бироқ биз бу ерда халқ билан давлат органлари, турли хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида бўладиган ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий муносабатларда содир бўлаётган қонунбузарчиликлар, мансабни ёки ваколатни суистеъмол қилишлар ҳақида фикримизни билдирдик.

Халқ ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмайди деган иддао жуда ҳам нисбий тушунча ва қонунлар бузилиши, инсон ҳақ-ҳуқуқларига тўлиқ амал қилинмаётганлигига халқни ўзини айбдор қилиб кўрсатиш мантиқсизликдир.

Бизчалик бирон бошқа жойда Конституция кенг ўрганилмайди. Биз бу ишни боғчадан бошлаймиз. Бизчалик ҳеч қаерда маънавият, маърифат, миллий ғоя, ватанпарварлик ҳақида гапирилмайди, ёзилмайди, ўқитилмайди. Аммо муаммо шундаки биз кўп тарғиб, ташвиқот қилганмиз билан уларни амалга қўллаш масаласида анча орқадамиз. Чунки Совет давридан қолган пропаганда ва кўзбўямачиликдан қутулишни хоҳламаяпмиз.

Мавзумиз бевосита ҳуқуқий демократик жамият ва фуқаролик жамияти тушунчалари билан боғлиқ. Агар ҳуқуқий давлатнинг асосий белгилари тўғрисидаги турли назарияларни умумлаштирсак, у ўз ичига қуйидагиларни олади:

1) Қонунларнинг устуворлиги;

2) Қонунлар олдида ҳамманинг тенглиги;

3) Қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг бўлиниши;

4) Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг олий қадрият сифатида тан олиниши ва унинг реал таъминланиши;

5) Давлат ва фуқароларнинг ўзаро жавобгарлиги;

6) Сиёсий ва мафкуравий хилма-хиллик;

Шулардан келиб чиққан ҳолда биз муаммони бартараф этишда энг аввало қонунларнинг устуворлиги ва ҳаммага тенглигига асосий эътиборни қаратишимиз зарур. Токи қонунлар олий раҳбариятдан бошлаб оддий фуқарогача тенг қўлланилмас экан улар устувор бўла олмайди. Ҳар бир киши ким бўлишидан қатъи назар қонунларни бузганда жазо муқаррар эканлигини билса шундагина қонунлар бузилишининг олди олинади, шундагина аҳоли ҳақ-ҳуқуқларига нисбатан ҳурмат юзага келади. Бизнинг реал шароитимиздан келиб чиқсак қонунларимизнинг халқчил, адолатли, умумманфаат учун бўлишлиги ва ҳар қандай қонун, қонуности актлари, фармон, қарорлар Конституцияга зид бўлмаслиги ҳам муҳим масала ҳисобланади.

Мамлакат ёзилмаган қонунлар, норасмий оғзаки буйруқлар билан эмас, балки адолатли қонунлар орқали бошқарилсагина ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ҳаётда реал ижобий ўзгаришлар юз беради.

Биз ижтимоий йўналтирилган, бозор муносабатларига асосланган, кучли фуқаролик жамияти кўринишидаги ҳуқуқий-демократик жамият барпо этишни ҳақиқатда мақсад қилган бўлсак амалий ҳатти-ҳаракатларимиз ҳам шуларга қаратилиши зарур ҳисобланади. Фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун энг аввало давлат туртки бериши, рағбатлантириши муҳимдир. Ёзганларим аслини олганда янгилик эмас. Минг йиллар олдин айтилган ва кўпчиликка маълум ғоялардир. Минг афсуски минг йиллар олдин айтилган бу фикрлар ҳамон баъзи давлатларда ўз ифодасини топмади. Буларни қуруқ назария деб атайдиганлар бўлса марҳамат ўзларининг муқобил вариантлари билан бўлишсинлар.

Билдирилган фикрларим юзасидан ҳар қандай асосли, ўринли танқидларни бажонидил қабул қиламан. Холис ва ўринли танқидлар фақат мен учун фойда бўлади. Шунинг учун бундан миннатдор бўламан. Агарки аксинча ҳеч қандай асоссиз танқидлар бўлса уларга нисбатан сукут сақлашни афзал биламан. 

4.26 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.26 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.37 / 11
  • Муштарийлар баҳоси
    4.54 / 5

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4.5 Soliha Shahobiddinova 30/05/2018
5 Murodilla Jakbaraliyev 30/05/2018
5 Ҳабибулло Мўйдинов 31/05/2018
5 Jasur 31/05/2018
3 Шахноз Шахноз 01/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр