Виртуал "авторитет"

Жуда ғаройиб замонда яшаяпмиз. Агар она томондан катта бобом шу кунларни кўрганида борми, муборак даҳанлари ланг очилиб, аниқ — “фашист газандаларини ўлдирмасдан, масалан, интернетда қандайдир ҳунар кўрсатиб ҳам “қаҳрамон” бўлиш мумкин экан-ку”, деган хаёлга борган бўлардилар.

Отангизга раҳмат. Англадингиз. Ҳозир одамларнинг таъсири, обрў-эътиборига баҳо беришнинг янги, ўта замонавий босқичига кўтариляпмиз. Агар бундан ўн йил олдин ҳам инсонлар мавқейи — тафаккур, жасорат, ақл-идрок, фаҳм-фаросат ёки одоб-ахлоқ каби фазилатлар билан белгиланган бўлса, ҳозир кимнинг қандайлигини билиш учун, энг аввало, “Фейсбук” ёки “Одноклассники”да қолдирган пости учун нечта “лайк” йиғиши, “Твиттер”да қанча “ўқувчиси” борлиги, “Инстаграм”даги “обуначилари” сонига қараляпти.

Дейлик, машҳур ёки “авторитет” бўлмоқчисиз. Ҳамма сизни билиши, эътироф этишини хоҳлайсиз. Аммо бунинг учун сизда муайян иқтидор ёки лаёқат йўқ. Сира тушкунликка тушманг. Каллангизга келган биринчи ахмоқона ғоя, масалан, шартта итингизни чўчқага унаштирингу, “дабдабали” маросимни лавҳага олиб, “Ютуб” тармоғига жойлаштиринг. Миллионлаб одам “просмотр” қилмаса, пешанамдан отиб ташлайсиз.

Ёки кимдир чўмилиш ҳавзасида чўкаётган бўлса ёхуд қаердадир ёнғин чиқса ҳам, имкониятни қўлдан бой берманг, тезда бахтсиз фожиа фонида селфи тушинг. Мана кўрасиз, бир кунда Ўзбекистоннинг янги “юлдузи”га айланасиз! Суратингиз “ҳурмат” тахтачасидан тушмайди. Ҳаммаси — оппа-осон.

Умуман, кейинги пайтларда бутун дунёда, хусусан, мамлакатимизда ҳам касаллик ўчоғи ижтимоий тармоқлар бўлган хавфли вирус — “лайкомания” васвасаси авж олаяпти. “Лейкемия”, яъни оққон ҳақида эшитганману, лекин бунақасини... дейишга шошилманг. Тушунтираман.

Ҳар бир касаллик, шу жумладан, “Лайкомания”нинг ҳам келиб чиқиш сабаблари бор. Қуйидагилар “лайк”ка вос-вос бўлишнинг бирламчи белгилари ҳисобланади: ижтимоий тармоқларга қарамлик-қуллик, реал ҳаётдан узоқлашиш, ҳар қандай “ғаройибот”, масалан, ўлиб ётган калтакесак билан ҳам суратга тушиш ва энг асосийлари — “виртуал авторитет” ҳамда машҳурликка интилиш... 

Бошқача айтганда, Роналду ёки Мессининг ижтимоий тармоқларда миллионлаб обуначилари бор, уларнинг биргина “селфи”си ёки ҳар қандай маза-бемаза гаплари учун сон-саноқсиз “лайклар” ёғилади. Чунки улар реал ҳаётда ҳам таниқли, чин маънода “юлдуз”. Юксак истеъдоди, санъати билан эришган бунга. Бироқ,ижтимоий тармоқлар ва “лайк”лар қудрати иқтидорсиз, ҳақиқий дунёда эътиборсиз қолган кишиларни ҳам машҳурлик васвасасига солиб қўяяпти. “Хасталик” тобора пандемия, яъни оммавий тус олаяпти.

“Лайкомания” вируси ҳақида биринчи бўлиб рус патриархи Кирилл гапирди. “Кўпчилик ёшларнинг “лайк” учун ҳар қандай тентакликдан тап тортмаётгани — замонавий жамиятнинг энг катта муаммоларидан бирига айланди. Умуман, ижтимоий тармоқларда ҳақиқий касаллик тарқалган. Одамлар кимдир — “э, боплапсан” деган маънода белги қўйишлари учун ҳатто, ўз жонига қасд қилишгача етиб боряпти”, деди патриарх. Унинг қўшимча қилишича, кейинги йилларда бу ҳаётда “лайк” тўплашдан бошқа “фазилат”ни кўрмайдиган, мабодо етарлича йиға олмаса, буни — ўзи учун дунёдаги энг катта “фожиа” деб биладиган ёшлар тоифаси шаклланди.

Ҳақиқатда, бугун шер билан “селфи” тушиб, кейин унга ем бўлаётганлар ҳам, ўша лаънати “Кўк кит” ўйини қурбонлари ҳам, ўзини эшикка скотчлаб, кейин уни тармоққа жойлаётганлар ҳам, аслида мана шу тоифа вакиллари — “лайкомания”га чалинган беморлар, ҳақиқий ҳаётда ҳеч нарсага эриша олмаган интернет қуллари, чин маънода хаста одамлардир.

Уларга тез ёрдам керак. Вакцина керак. Зудлик билан. Реал ҳаёт билан виртуал ҳаёт фарқини англаб етишига кўмаклашиш зарур. Акс ҳолда “пандемия” мен билан сизни ҳам аямайди, фарзандларимиз онгига чанг солади, жамиятда ҳақиқий инсонлар эмас, “қуллар” етишиб чиқаверади... “Машҳур”, “авторитет” зомбилар кўпаяверади!

3.24 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.24 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.14 / 1
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 1

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
2 та фикр