Виждонинг борми – ўлчаб берайми?!

Gulchehra Rahmonova
Саралаш

Анзират буви “қишлоғимизнинг виждони” эдилар...

Анзират буви образи тўқима образ эди; ҳақиқий дунёда эса бундай инсонлар мавжуд эмас! Бир-икки дона бўлиши мумкин, лекин улар ҳам гўё мавжуд эмасдай, жамиятда миллиондан бир яъни юк босмайди!

- Йўғ-е, мен виждонлиман, бу одам ақли соғми?!

- Алдаяпсан, чунки сенинг “виждон” деган тарозинг асли бузилган; у худди эгаси атайлаб тагидан “ўзгартириб” қўйган тарози каби тўғри рақамни кўрсатаверади, аслида эса, “эталон” тарозига нисбатан хато ишлаяпти!

Виждонингни эталонга қўйиб ўлчаб берайми?

Шу ерда ўз жаҳлимни қўлга олиб, “сиз”лашга ўтаман...

Виждонингизни эталонга қўйиб ўлчаб берайми?

Унда аввал ўз ҳаётимдан сизга ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган ҳикояларимга қулоқ солинг!

Биринчи ҳикоя:

Оппоқ эди бошда бу дунё...

Фан олимпиядаси. Хунук тарафи лицейга ўтиб кетганлигим сабаб, аввал бошда ўқиганим тиллар гимназиясидан келган биринчи устозимнинг ўқувчиси билан рақобатчиман. Туманда тил гимназиясидаги устозимнинг ҳурмати баланд; ҳамма уни кўрганда “оооо” дейди! Мустақилликнинг бошланғич йиллари инглиз тилини биладиган кадрлар ўнта бўлса, бири ўша!

Лекин, камина ҳам чакки эмас; ўз-ўзига ишончи жуда баланд. У “турк лицей” деб аталган поёнига етмаган ҳикоянинг собиқ ўқувчиси.

Хулласи калом, “оооо” доммуллонинг ўқувчиси биринчи ўринни олди!

Ўртага дадам аралашиб, туманни барча ўқитувчиларини йиғиб, имтиҳонни қайта ташкил қилган ҳолда, яккама-якка “жанг” уюштирилди; “оооо” доммулонинг боласини ҳам, ўзини ҳам “янчиб” ташладим.

Лекин, менинг оппоқ дунёим шу нуқтада ўзининг “оппоқ” рангини йўқотди.

Иккинчи ҳикоя:

Университет фожеаси

“Патриот” (одатда бизни қишлоқда яхши ўқийдиганларни шундай лақабда эркалашарди) бола бўлганим учунми, ҳарқалай, Тошкон деган маданият шаҳрининг дорулфунунларидан бирига давлат гранти асосида ўқишга кирдим. Чамамда, бизнинг гуруҳда мен ва мендан ташқари яна икки-учта бола университетга “ўзи” кирган эди. Қолган барча талабалар “ректор группа” ва “бункер”нинг илдиз ости даражалари экан! Университет даврида “патриот” деган лақабнинг янги маъносини кашф этдим; сессиясини доммуллога бир сўм пул бермасдан сурбетларча ёпадиган талабани ҳам “патриот” деб аташар экан.

Учинчи ҳикоя:

Олимлар давраси

Университетни битиргач, таълим олиш учун хорижга чиқдим ва ўқиб қайтдим. Қайтишим кадрлар етишмовчилиги даврига (2014 йил) тўғри келдими, ҳарқалай, анча обрў-эътибор топдим; олимлар давраси, илмий конференциялар, илмий ҳимоялар. Лекин, “оппоқ” рангни салгина сарғайтириб кўрадиган бўлиб қолган кўзим яна кўпгина кўзбўямачиликларни кўрди ва кўпига замон зайли билан “кўз юмди” ҳам. Шундай “олимлар”ни кўрдимки, “фалончиев” бўлгани учун “олим” бўлди. Олимлар даврасида энг ёши эканлигимиз сабаб индамай тасдиқлаб бир-икки қўл кўтардик-да, кейин бор-а деб тадбиркорликка ўтиб кетдик.

Ҳикоялар жуда кўпайиб кетди-а? Нима демоқчилигимни энди айтай...

Укам ўқишга кириши учун уни “телефон”да қўллаб турдим – ўқишга кирди...

Устозимнинг танишининг ўғли бўлгани учун унинг олимлик диссертациясини қўллаб қўл кўтариб бердим...

Чет элга ўқишга кетишим олдидан менинг номзодимни яхшироқ ёқлашлари учун катталарнинг маслаҳати билан кимларгадир “таваллолар” қилдим....

Жуда яқин инсоним олим бўлиши учун чет элда мақола чиқариши керак бўлгани учун ва у инглиз тили ва мақола ёзишни билмагани учун унинг учун шу барча ишларни ўзим бажариб бердим...

- Гапнинг қисқаси, мен ўзимни виждонлиман деб, атайман!

- Йўғ-е, виждонлиман, бу одам ақли соғми?!

Ушбу ҳикоядаги “мен” образи ҳақиқатдан виждонлими? Сизчи, виждонлимисиз?

Мустақилликдан кейин шаклланган ўтиш даври жамияти кўпчиликнинг виждон тарозисини бузиб ташлагани ҳақиқат эмасми?

Аввалига оппоқ қалбни олимпиядалар орқали бузди, кейин дорулфунун ва кейин ундан ҳам каттароғи. Ўз ўрнида жамиятга мослашган “виждон” акалик бурчи учун укасига ёрдам берди, дўстига қўл узатди ҳамда устозининг танишини қўллашни-ю, “акалар”га таваллони ҳам унутмади.

Катта ёшдагиларга (40 ёшдан юқори ёшдагилар учун) бу мурожаатим бироз фойдасизроқдек, лекин, ёшларга мурожаатим қуйидагидан иборат:

Келинг, олимпиадаларни холис ўтказилишини таъмин этамиз!

Келинг, фарзандларимизни “пул” бериб ўқишга киритгандан кўра, ўша пулни сарфлаб, уларни ўқимишли қиламиз!

Келинг, олимликни пулга сотиб олмаймиз!

Келинг, иқтидорлиларни, бизни акамиз ёки дўстимиз бўлмаса ҳам қўллаб-қувватлаймиз!

Келинг, виждон эталонига интилиб яшаймиз!

3.66 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.66 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.14 / 6
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 4

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Aziza Qurbonova 28/04/2018
4 Quramboyev Jamshid 28/04/2018
5 Umidjon Ahunjonov 28/04/2018
2 Masud Kayumov 06/05/2018
3 Doston Qamariddinov 10/05/2018
5 Bobur Nurmanov 14/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
5 та фикр