Устозини ҳақоратлаган ўқувчи бу хатти-ҳаракати қонунга зид эканини билармикан?

Тўқликка шўхлик

Иш, бозор-ўчар, тирикчилик ташвиши, рўзғор юмушлари билан банд бўлиб, ўғил-қизлар таълим-тарбиясига лоқайд қараётган кишилар учрайди. Баъзан ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиб, эл орасида ҳурмат-эътибор қозонган инсонлар болаларининг қилмишларини эшитиб, “Наҳотки, шу кишининг фарзанди нопок ишга қўл урса?!” дея ҳайрон қоласиз. Кўчада зўравонлик қилиб, бир қизнинг телефонини олиб қочганлар ҳам намунали оилалар фарзанди бўлиб чиқди. Уларни муҳтожлик эмас, балки тўқликка шўхлик, ота-онасига бўйсунмаслик шу йўлга етаклаганмикан?

— Ўсиб келаётган ёш авлодни имон-эътиқодли, ватанпарвар, юксак салоҳиятли ва эл-юртига наф келтирадиган комил инсон қилиб вояга етказишда оиладаги муҳит, ота-она тарбияси муҳим, — дейди Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди раиси Шуҳрат Бакаев. — Вояга етмаганлар ўртасида содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатларини ўрганганимизда йўлдан адашган болаларнинг иллатлар гирдобига тушиб қолиши, ҳатто жиноят кўчасига кириб кетиши оиладаги носоғлом муҳит, ота-оналарнинг эътиборсизлиги билан боғлиқ эканлиги аён бўлади. Тўғри, ота-она ўз боласига асло ёмонликни раво кўрмайди. Аммо қўлига пул тушган назоратсиз бола кўнгли тусаган ишни қилиб, охир-оқибат муаммолар гирдобида қолади. Туманимиздаги 267-мактаб ўқувчилари содир этган жиноятга ота-она назоратсизлигини асосий сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Ўқувчилар аввал дарсдан қочган, сўнгра кўчада ўтган-кетган қизларга гап отиб, майнавозчилик қилган. Ўсмирлар “гап отиш”дан зерикиб, қандай ишларга қодир эканини синаб кўрмоқчи бўлишади. Иккала йигитча келишиб, амалиёт машғулотидан қайтаётган бир қизга зўравонлик қилиб, унинг мобиль телефонини олиб қочади. Воқеадан хабар топган одамлар уларни дарҳол ушлашади. Ўқувчилар қилган ишидан қаттиқ пушаймон, фарзанд тарбиясига масъулиятсиз бўлгани учун яқинлари, қўни-қўшнилари олдида ота-онасининг боши хам бўлди. Қонунбузарларга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди: ўсмирлар Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, уларга 841-модда бўйича олти ойга озодликни чеклаш (соат 21:00 дан 6:00 га қадар уйидан кўчага чиқмаслик) жазоси тайинланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда “...Бир боланинг йўлдан адашиши – бу нафақат бир оила, балки бутун жамият бошига тушган кулфат. Бундан аввало шу боланинг ота-онаси, ака-укалари, яқинлари жабр кўради. Бундай пайтда уларга ёрдам бериш керак...” дея фикр билдирди. Ҳақиқатан ҳам, билиб-билмай йўлдан адашган ўғил-қизларни тўғри йўлга бошлаш, уларнинг эзгу орзу-умидларини амалга оширишга кўмаклашиш катталарнинг вазифаси.

Меҳрга ташна бола...

Иллинойс университети профессори Роберт Хьюз соғлом оила муҳитида улғаяётган оила фарзандлари ҳамда яқинлари меҳрига муҳтож болаларнинг дунёқараши ва хатти-ҳаракати юзасидан махсус тадқиқот ўтказди. Сўровнома натижаларига кўра, уруш-жанжал одатий ҳолга айланган, ажрашиб кетган ва муаммоларга ўралашган оила фарзандлари одамови бўлиб, руҳий тушкун кайфиятда яшаши маълум бўлган. Бундай кўнгилсиз жараён, айниқса, отасиз ёки онасиз ўсган болаларда кўп кузатилган.

Ҳа, ота ё онасиз яшаш жуда оғир. Эр-хотиннинг ажрашиши катталарни ҳам довдиратиб қўйганда, бу дунёнинг оқу қорасини тушунмайдиган гўдаклардан қандай иродани кутиш мумкин?! Ота-оналар ўз тинчини, эркинлигини ўйлаб, фарзандининг ҳуқуқини чеклайди, норасида гўдакларни меҳр-муҳаббатга ташна қилади. Натижада ота-она меҳрига тўймаган бола бағритош бўлиб улғаяди, оиласидан кўрмаган меҳрни кўчадан қидиради.

— Бош Қомусимизнинг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги белгилаб қўйилган. Аммо сўнгги пайтларда оилавий ажримларнинг кўпайиши ота-она (айниқса, ота)сиз алоҳида яшаётган болалар сафини кенгайтиряпти. Эр-хотин ўртасидаги низолар касрига болалар қолаётгани ачинарли ҳолдир, — дейди Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди раиси Абдувоҳид Қосимов. — Ажримдан кейин кўпинча ота ўз фарзандини кўра олмаётгани, боласига ғамхўрлик қилиш ва тарбияси билан шуғулланишига собиқ хотини қарши бўлаётгани юзасидан даъво қилишади. Бир фуқаро ҳудди шу муаммо бўйича судга мурожаат қилди. Никоҳи бекор қилингач, она фарзандини отага кўрсатмай қўйибди. Суд жараёнида муаммоли вазият атрофлича ўрганилиб, Конституциямиздаги тегишли ҳуқуқлар ва “Оила” кодексининг 71-, 73-, 76-моддаларига асосланиб, даъвогар, яъни отанинг мурожаати қаноатлантирилди. Отага фарзанди билан кўришиш вақти ва тартиби белгиланди. Бироқ суд қарори чиққан бўлишига қарамай, томонлар ўртасидаги жанжалга нуқта қўйилмайди. Энг ёмони, бундай пайтда болалар сарсон-саргардон бўлим, ота-онаси жанжалидан руҳан эзилиб яшайди. Бу болаларнинг таълим-тарбиясига, фанларни ўзлаштиришига жуда катта салбий таъсирини кўрсатади. Нотўлиқ оилалар фарзандлари билан ишлаш педагоглар учун ҳам қийинчилик келтириб чиқаради.

Устозини ҳақоратлаганлар

Ҳар бир синфда аълочи, одобли, ташаббускор ва албатта, тўполончи болалар бўлади. Ўқитувчилар “қулоқсиз”ларни баъзан “Ота-онангни чақиртириб, барча қилмишингни айтиб бераман” дея қўрқитиб, уларни жиловлашга ҳаракат қилишади. Аммо Сирғали саноат ва сервис касб-ҳунар коллежида ўқийдиган бир эмас, тўрт нафар ўқувчи ҳеч кимдан қўрқмайдиганлар хилидан чиқиб қолди. Тенгдошлари у ёқда турсин, ҳатто қониқарсиз баҳо қўйган ўқитувчисини ҳам ҳақорат қилишдан тап тортмадилар. Жамоат тартибини бузган болаларни ота-онасига айтиб ҳам тўғри йўлга сола олмаган педагог охир-оқибат судга мурожаат қилишга мажбур бўлди.

— Саноат ва сервис касб-ҳунар коллежидаги вазият юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди. Унга кўра, майда безорилик, яъни жамоат жойларида сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва кишиларнинг осойишталигини бузувчи бошқа хатти-ҳаракатлари учун ўқувчиларга жарима жазоси тайинланди, — дейди Маъмурий ишлар бўйича Сирғали тумани суди раиси Шуҳрат Иноғомжонов. — Ўқувчилар қилмишидан пушаймонлигини, бошқа бундай иш қилмаслигини таъкидлаб, устозидан кечирим сўради. Ўсмирлар билан бўладиган суд жараёнида энг муҳим масала — қонунбузарларга жазо тайинлаш эмас, балки ҳуқубузар ёшларни тўғри йўлга бошлаш, жабрланганларни суд ҳимоясига олиши, қонун барча учун баробар эканини тушунтиришдир.

Сайёр судлар

Мамлакатимизда барча соҳалар каби суд тизими ходимлари ҳам аҳоли билан кўришиб, уларнинг дарду ташвишларини, мурожаатларини тинглаб, одамларнинг судга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда. Сайёр суд мажлисларининг ташкил этилиши эса аҳолини қийнаётган масалаларнинг жойида, судья ва тегишли соҳа мутахассислари иштирокида ҳал этилишига замин яратяпти.

— Фуқаролар мурожаатини жойида ўрганиб, мавжуд муаммо ва камчиликларни ўз вақтида ҳал этиш мақсадида ўтказилаётган сайёр суд мажлислари аҳолига манзур бўляпти, — дейди Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди девонхона мудири Дўстмурод Тошев. — Жумладан, 2017 йилнинг тўққиз ой давомида таълим муассасалари ўқувчиларининг ҳуқуқий билимини ошириш бўйича 35 та тарғибот тадбири ўтказилди. Судьялар томонидан жиноят ишлари бўйича 37 та, маъмурий ишлар бўйича 38 та, фуқаролик ишлари бўйича 39 та суд мажлиси ташкил этилиб, фуқароларни қийнаётган кўплаб муаммолар жойида ҳал қилинди.

Маълумот йиғиш жараёнида Сирғали туманидаги судларда фаолият юритаётган судьялар юқоридаги сингари кўплаб мисолларни келтиришди. Вояга етмаганлар ўртасида қонунбузарликларнинг олдини олиш, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, одил судловни амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, умуман, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш борасидаги ҳамкорлик учун улардан миннатдормиз. Ёш авлодни турли кўнгилсизликлардан асраш, ўқитувчи ва ўқувчи-ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш йўлидаги ҳар қандай иш юртимиз тараққиёти, фарзандларимизнинг парлоқ келажаги учун хизмат қилиши, шубҳасиз.

Ҳасан МЎМИНОВ

3.07 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.07 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.13 / 1
  • Муштарийлар баҳоси
    4.35 / 4

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Alisher Abdumalikxon 25/04/2018
3 Erkinjon Karimov 25/04/2018
4 МММ 27/04/2018
0.5 Mo'minov Shaxzod 13/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
0 та фикр