Тараққиётимиз тақдири етук, билимли кадрлар қўлида

Тараққиётимиз тақдири етук, билимли кадрлар қўлида

Жамиятимизда муайян даражада ошкоралик руҳи кириб келиши билан ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳаётимиздаги реал ҳолатлар, камчиликлар, хатолар тилга олина бошланди, улар танқид остига олинди. Энг юқори даражада олий раҳбарият томонидан муаммоларнинг баралла айтилиши ортидан кўпчилигимиз уларнинг сабаблари тўғрисида баҳс-мунозараларга киришиб кетдик. Халқ билан мулоқот доирасида олиб борилган ишларнинг натижаси шуни кўрсатдики, бизда давлатнинг асосий органлари ўз вазифаларини деярли бажармаган эканлар. Айни пайтда вазиятни тўғри англаган ҳолда тараққиётимиз ёки иқтисодий ривожланишимиз бевосита инновацион иқтисодиётни барпо этиш билан боғлиқлиги тан олинди. Хўш, инновацион иқтисодга асосланган ривожланиш нима? Мен ушбу саволга жавоб беришда ва бундан кейинги ўринларда мавзуни ёритишда оддий тушунтиришлар усулини қўллайман. Чунки камина илмий-амалий анжуманда маъруза тайёрлаётганим ёки илмий журналга мақола ҳозирлаётганим йўқ. Ушбу жараёнда ўзимнинг тажрибаларим ва ўқиганларимдан олган хулосаларим асос бўлиб хизмат қилади. Мени тушунишимча блогер ҳеч қандай шаблонларсиз, ахлоқ-одоб доирасида ўзининг қарашларини баён этиши керак. Айрим билдирилган шарҳларга жавобан буни ёзмоқдаман. Қаердаки баъзи фикрлар такрор таъкидланса ўша масала муҳимлигига эътибор қаратиш учун ёзилади. Финал босқичдаги мавзуим ҳам муайян маънода олдинги иккита мақоламнинг мантиқий давомидир. Мен муаммоларга тизимли, макродаражада туриб ёндашишни йўқлайман балки хатога йўл қўяётган бўлишим мумкин.

Инновацион иқтисод энг аввало билимга, интеллектуал салоҳиятга, инсон капиталига асосланган, фан ва техникани доимий равишда янгиланишини кўзда тутувчи, янги ғояларни, инновациялар оқимини тўхтовсиз кириб келишини рағбатлантирувчи, технологияларни мунтазам такомиллаштиришни назарда тутадиган иқтисоддир. Замонавий дунёда айнан инновацион иқтисодга асосланган ривожланиш асосий тенденцияга айланди. Биз ҳам шу йўлдан кетишни мақсад қилганимиз тўғри стратегиядир. Аммо ниятимизнинг яхши бўлганлиги, қарорнинг тўғри қабул қилинганлиги масаланинг бир томони бўлса, унинг асосий иккинчи тарафи эса мақсадимизни қай тариқа амалга оширишимиздир. Биз инновацион ривожланишнинг асосий омилларига эътиборимизни қаратишимиз зарур. Ушбу ўринда марказий бўғинни кадрлар эгаллайди. Ҳар қайси мамлакатда хоҳ микродаражада кичик корхоналар ёки йирик корпорациялар миқёсида бўлсин ёхуд макродаражада давлат даражасида бўлсин барча ишларнинг натижаси бевосита кадрлар салоҳияти билан боғлиқ. Ҳар қандай техниканинг, технологиянинг, илғор ғояларнинг ихтирочиси, ижодкори бу турли соҳалардаги кадрлардир. Қонхўр Сталин таъкидлаганидек “Кадрлар ҳамма нарсани ҳал қилади”. Бир сўз билан айтганда, давлатнинг озод, обод бўлиб гуллаб яшнаши ҳам ёки аксинча харобага айланиши ҳам бевосита кадрларга, раҳбарларга боғлиқдир.

Мен ушбу мақолада асосий эътиборимни ана шу масалага, яъни биздаги кадрлар сиёсатининг реал ҳолатига, давлат структураларида кадрлар билан боғлиқ вазиятларга қаратаман. Давлат структурасидаги кадрлар ўзларининг фаолиятлари жараёнида мамлакатда инновацион ривожланиш учун шароит яратиб беришлари ёки уни секинлаштириш, тўхтатишлари ҳам мумкин. Давлатнинг иқтисодиётга ва бошқа соҳаларга аралашуви даражасига кўра ривожланиш суръатлари ҳам шаклланади. Мавзуни ёритишда қуйидаги саволларга жавоб излайман: (1) Ҳозирги кадрларимиз билан инновацион иқтисодиётни барпо этиб, иқтисодий ривожланишни таъминлай оламизми? (2) Кадрлар сиёсатининг ҳозирги ҳолати қай даражада? (3) Ижтимоий лифт қай тарзда ишламоқда? (4) Амалдаги кадрларнинг илмий салоҳияти қандай? (5) Раҳбарлар ва ходимлар ўртасидаги муносабатларнинг аҳволи қандай? (6) Юқори ва қуйи поғона раҳбарлар ўртасидаги муносабатлар қандай ташкил этилган?

Менинг асосий гипотезам шундан иборатки, жорий кадрлар сиёсатининг амалий кўриниши билан биз инновацион ривожланишни таъминлай олмаймиз, ҳуқуқий давлатга хос тизимни ҳам барпо этолмаймиз. Шунинг учун кадрлар сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш зарур. Яқиндагина лойиҳаси эълон қилинган “Давлат хизмати” тўғрисидаги Қонун ва ёшларни раҳбарлик лавозимларига кўтаришга оид қабул қилинган Қарор кадрлар сиёсатида ўзгаришларга олиб келиши мумкин, бироқ унинг ҳам бир қатор шартлари мавжуд.

Камина турли объектив ва субъектив сабабларга кўра кўп жойларда ишлашга мажбур бўлдим. Ҳиндистон Ҳукуматининг гранти асосида ўқишни битириб келганимдан сўнг ёзилмаган қонунларга кўра биронта ҳам давлат структурасига ишга кира олмадим. Иккита имтиёзли дипломим ва анча иш тажрибасига эга бўлишимга қарамасдан, икки йил ишсиз юрдим. Соддалик қилиб вазирликлар, банклар берган ёлғон иш вакансияларига ишониб топширганларим натижасиз бўлиб вақтларимни беҳудага совурди, асабларимни чарчатди. Турли ишга жойлаштириш бўйича тузилган агентликларга топширган резюмеларим ҳам бефойда бўлди. Кейинчалик Эрон, Ҳиндистон, Исроил, Хитой билан биргаликда тузилган корхоналарда бош бухгалтер лавозимларида ишладим. Булардан ташқари яна Жаҳон Банки лойиҳасида координатор вазифасида фаолият юритдим. Давлат структурасида, олий таълим тизимида ва шунингдек, юқорида кўрсатиб ўтилган давлатлар иштирокидаги корхоналарда ишлаганим учун кадрлар масаласидан, корхоналарда раҳбарият ва ходимлар ўртасидаги муносабатлардан, мансабга кўтарилиш механизмларидан бир оз бўлсада хабардорман.

Таъкидлаш жоизки, ҳар қайси давлатда ва ҳар қандай тузумда яхши кадрлар, раҳбарлар бўлган ва бўлади. Маъмурий-буйруқбозликка, тоталитар-авторитар режимга асосланган, номенклатура тизими бўлган Шўролар даврида ҳам юқори ва қуйи поғоналарда коммунистик ғояларга эътиқоди бўлган ва айни бир пайтда илмли, камтарин, ҳалол раҳбарлар бўлган. Ҳеч қачон ҳеч қайси бир замонда ҳамма нарса ёмон бўлиши мумкин эмас. Аммо асосий масала уларнинг ҳиссаси қанчалигида, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётга қай даражада таъсир кўрсата олишида, бошқа кадрларни рағбатлантира билишида, жамиятни ўзгартиришга кучи етишида.

Мени шахсий кузатишларим шуни кўрсатадики, мустақиллик йилларида кадрлар сиёсатида, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш борасида анчагина хатоликларга йўл қўйилди. Мансабга кўтарилиш, обрў-эътиборга эга бўлиш кишининг билими, тажрибаси, профессионаллиги, ҳалоллиги асосида эмас балки таниш-билишчилик, уруғ-аймоғчилик, кланчилик, маҳаллийчилик, коррупцияга асосланди. Албатта кимлардир ўз билими орқали мансабга эришган, аммо уларнинг ҳиссаси ҳеч қанча эмас ва шунинг учун уларни статистик тўпламга киритиб таҳлил қилиб бўлмайди. Биз ушбу ўринда асосий тенденцияни кўриб чиқяпмиз. Ўша баъзи билимлиларга уларнинг ақллари, билимлари маълум пайтда керак бўлгани учун ҳам мансаб берилган ёки қайсидир бечорага мансаб бериш орқали жамиятга гўёки адолат борлигини кўрсатишмоқчи бўлишган.

Ўтган йиллардаги кадрлар сиёсатининг ҳолатидан келиб чиқиб раҳбар кадрлар, ҳоким ва амалдорлар фаолиятига умумий баҳо берадиган бўлсак, менинг шахсий фикрим шундан иборатки, уларда биринчидан, компетентликда оқсоқлик мавжуд, яъни муаммоларни ҳал этишда профессионаллик етишмайди, сўз ва иш бирлигига амал қилинмайди, уларнинг сиёсий маданиятлари паст, иккинчидан, улар чуқур аналитик фикрлаш қобилиятига эга эмаслар, учинчидан, уларда лидерлик салоҳияти мавжуд эмас, тўртинчидан, кўпларида эски Совет тизимида шаклланган коммунистча раҳбарлик элементлари сақланиб қолган, қилаётган ишларида популизм аломатлари кўринади, айтадиган сўзларида табиийлик сезилмайди, шуҳратпарастдирлар, бешинчидан, муомалалари қўпол, кибрга, манманликка берилганлар, улар интрига, фитналарга ўч бўладилар, олтинчидан, дунёқарашлари тор даражада, стратегик фикрлай олмайдилар, еттинчидан, ўз устларида ишламайдилар, мақтовларга учадилар, лаганбардорларни, маддоҳларни ёқтирадилар ҳамда атрофларига шундай кишиларни тўплайдилар, аксинча ҳолда самимий, тўғри, билимли инсонларнинг фикрларига шубҳа билан қарайдилар ва тегишлича бундай шахсларни раҳбарликка, сиёсатга кириб келишларига қаршилик кўрсатадилар, саккизинчидан, порахўрлик ва коррупцияга руъжў қўйганлар, улар олиш-бериш ишларида устаси фарангдирлар, улар шахсий манфаатларини давлат манфаатларидан устун қўядилар, тўққизинчидан, объектив эмаслар, ўз иш фаолиятларида таниш-билишчилик, ошно-оғайнигарчилик, қариндош-уруғчилик, маҳаллийчиликка йўл қўядилар, улар кадрлар танлаётганда маҳаллийчилик, ўзларига содиқлик ва шунга ўхшаш ҳолатларга эътибор берадилар, ўнинчидан, халқни адолатсиз бошқарадилар, иккиюзламачидирлар, келажак авлод ҳақида қайғурмайдилар, ўн биринчидан, ўзларидан қуйида турувчиларга ва халққа нисбатан нописандлик қилган ҳолда, ўзларидан юқори турувчиларга лаганбардорлик, хушомадгўйликни касб этиб олганлар. Энг ачинарлиси, сўнгги ўн йилликларда деярли барча соҳаларда раҳбарлар ўз қўл остидаги кадрларни ўз мулклари каби кўрадиган бўлиб қолдилар.

Бир тадқиқот идорасида 4 ойча ишладим. Кунларнинг бирида хонамга бошқа бўлимда ишлайдиган собиқ талабам бир савол билан келди. Буни кўриб қолган бўлим бошлиғи менга бақириб нега мени рухсатимсиз бошқалар билан гаплашасиз деб қолди. Ҳайратдан ёқа ушладим. Бу гапни айтган киши яна олимлик мақомига ҳам эга, яъни иқтисод фанлари номзоди. Яхшилаб “юзига тупурдимда” у ердан бўшаб кетдим. Олдинроқ банкда ишлаганимда департамент директори атрофига икки-учта ҳамқишлоқларини йиғиб олган эди. У ҳамманинг олдида уларга “зем” деб мурожаат қилар эди. У ҳам олим эди. Умуман мустақиллик йилларида энг кўп илмий ишлар ёқланган соҳа иқтисод ва тиббиёт бўлган. Икки соҳадаги реал ҳолат эса барчага аён. Сиз ўйлайсиз барча иқтисод бўйича фан номзоди ва докторлик илмий даражасини олганлар ўзларининг билимлари, сайъи-ҳаракатлари билан олишганми? Мен бунга катта шубҳа билан қарайман. Албатта, барча жараёнлар қоғозда рисоладагидек қилинган ва биз деярли ҳеч кимни ўзи ёзмаганликда, пул бериб ёздирганликда айблай олмаймиз чунки буни исботлаш жуда қийин. Лекин уларни бирма-бир яхшилаб имтиҳон қилсангиз ҳамма нарса аён бўлиб қолади. Ўқишга кириш учун сунъий чекловлар, турли тўсиқлар қўйилганлиги боис баъзи иқтидорли болалар ҳам таниш-билиш топиб, пул бериб ўқишга кирган ҳолатлар бўлган ва буни қайсидир маънода тушунса бўлади. Аммо олимликни пул ёки бошқа воситалар орқали қўлга киритиш бу ўта виждонсизликдир. Уларга нима учун керак бўлди номзодлик ёки докторлик даражаси? Уларнинг мақсади иқтисод фанини ривожлантириш эдими? Уларнинг тадқиқотлари ортидан жамиятга бирон наф келдими? Улар иқтисодиётимизни ривожлантириш учун илмий иш қилишдими? Асло, бундай эмас. Улар шахсий каръералари учун шундай нопок йўлни танлашган. Ўзларининг ишларини билмасликлари бир томон ва яна илмни ҳам расво қилиб олимлик даъвосини қилганлар. Балки ёзганларимни кимлардир ғийбат ёки майда гаплар деб баҳолаши мумкин, лекин мен буларни ёзаётганимдан мақсад алдамчилик, ғирромлик, пора ҳисобига олинган илмий даража билан ҳеч қандай инновацион ривожланиш мумкин эмаслигини кўрсатишдир.

Сир эмаски, ҳозирги кунда кўпгина соҳаларда, айниқса прокуратура ва солиқ идораларида тозалашлар бўляпти. Албатта бу тозалашлар қандайдир гуруҳлар манфаати тўқнашуви эмас балки коррупцияга қарши реал кураш бўлса керак деган умиддамиз. Акс ҳолда бўлса ҳеч нарса ўзгармай қолади. Берилаётган маълумотларга эътибор берсак, айрим мансабдорлар, уларнинг авлодлари жуда ҳам катта миқдорда давлатимиз иқтисодиётига зарар келтирганлар. Улар ҳеч қачон тўймайдилар, улар учун бас деган сўз ётдир. Миллиардлаб “кўкида” йиққанлари ҳам кўзларини тўйдирмайди. Кошки эди улар бирон ўзбек брендини яратиб бойиса эдилар. Улар бирон янгилик яратишдими? Инновация учун бирон ихтиро қилиб бойишдими ёки ҳеч бўлмаса кимдир инновация қиламан деса қўллаб-қувватлашдими? Кириш қисмида таъкидлаганимдек бир оз очиқлик бўлгани боис кўплаб муаммоларимиз очиқланяпти. Қанчадан-қанча ёрдамга муҳтож оилалар борлигини, касалманд ва даволанишга маблағи йўқлар, хароба уйга яшаётганлар ҳақида ҳар куни эшитиб турибмиз. Уларга ўша инсофсиз амалдорлар хоҳ пинҳона бўлсин ёки ошкора ёрдам беришганми? Улар ҳеч қачон бу ишни қилишмаган. Шунча маблағи бўлса ҳам муҳтожга бир доллар берса ўша куни юраги касалга чалинади. Улар тайёр ресурсларни сотиш ва халқни қон қақшатиш ҳисобига бойидилар. Улар учун ҳеч қандай инновация муҳим эмас. Улар фақат мансабга ўлгунларича ўтириб олиб осонлик билан бойишни ният қилган шахслардир. Яна ўша бизу-сиз тўртта камбағал ёки ўрта ҳоллар муҳтожларнинг дардига малҳам бўлмоқдамиз.

Мамлакатнинг ривожланишига таъсир этувчи омиллардан бири бу жойлардаги маҳаллий ҳокимият идораларининг фаолиятдир. Маҳаллий ҳокимият бевосита халқга яқин бўлган тузилмадир. Унинг иш фаолиятини самараси давлатнинг сиёсати ва маҳаллий ҳокимиятни бевосита бошқарувчи ҳокимга боғлиқ. Ушбу масалада аҳволни яхши деб бўлмайди. Информацион технологиялар ривожланиши ортидан уларнинг кундалик ҳатти-ҳаракатлари тўғрисида ахборот олиш имкониятига эга бўлмоқдамиз. Давлат бошқаруви академияси ташкил этилиб кадрлар тайёрланаётган бўлсада аксарият ҳокимларнинг ўзларини тутишлари ҳеч ҳам замонавий раҳбарлик тамойилларига мос келмайди. Улар бақир-чақир, ҳақоратлаш, столни тепиш, таҳқирлаш, таҳдид орқали бошқаришни рисоладаги раҳбарлик деб тушунадилар. Албатта бу барчага тегишли эмас. Шунингдек, кечаси билан ишлаш, кечда ҳаммани безовта қилиб мажлислар ўтказишни улар ўзларича ватанпарварлик, фидойилик деб тушунадилар. Баъзи фавқулотда ҳолат бўлганда асосий иш вақтидан кейин қолиб ишлашни тушунса бўлади, лекин мунтазам бундай усулни қўллаш нотўғридир. Хўш, булар кеча-ю-кундуз ишлагани билан уйларимизда куну-тун чироқ ўчмасдан ёнмоқдами? Газ таъминоти мунтазам ва хавфсиз бўлган ҳолда таъминланяптими? Йўлларимиз теп-текис асфальтланиб қоляптими? Замонавий боғча, мактабга эга бўлдикми? Бизнесимиз ривожланиб кетдими? Реал даромадимиз кундан-кунга ошиб боряптими? Афсуски, йўқ. Бир ҳокимтўра одатдагидай кечаси 12 да йиғилиш чақирибди. Гапираётган экан бир отахон фермерни кўзи пинак босаётганлигига кўзи тушибди. Дарғазаб бўлиб отахонга қараб сен-сенлаб нега ухлайсан, мен деворга гапиряпманми, сандақалардан ватан хоини чиқади дея бақириб ташлабди. Хўш, шундай ҳокимлар билан инновация қилиб бўладими? Бундай ҳокимлар ўзлари на ишни қойиллатадилар, на билимлари бор, дунёқарашлари тор. Улар уч-тўртта шаблон сўзларни ишлатишдан бошқасини билмайдилар. Уларнинг сўзлари стандарт, фикрлашлари стандарт. Ҳар икки гапларининг бирида муҳтарам президентимиз ёки юртбошимиз дейишдан чарчамайдилар.

Муҳокамага қўйилган мавзу бўйича яна қуйидаги мулоҳазаларимни ва хулосаларимни билдирмоқчиман:

Биринчидан, инновацияларга асосланган иқтисод орқали иқтисодий ривожланишимиз учун иқтисодий модернизация ва сиёсий модернизацияни уйғунликда олиб боришимиз шарт. Бунда асосий урғуни кадрлар сиёсатига қаратиш лозим. Давлат хизматига ишга олишда “метиократия” тамойилини жорий этиш лозим, яъни раҳбарлик лавозимларига тайинлашлар кишининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, миллати, диний эътиқодидан қатъи назар унинг билими, тажрибаси, ҳалоллиги, профессионаллиги, принциплилиги, жиддийлилиги асосида олиб борилиши даркор. Раҳбар кадрларга муносиб тарзда иш ҳақи белгилаш ҳам кадрлар сиёсатида ҳисобга олиниши лозим. Шунингдек, айрим лавозимлар бўйича ротация амалиётини қўллаш ҳам мамлакат ривожланиши учун фойдадан ҳоли бўлмайди. Бир сўз билан айтганда, кадрлар сиёсатида очиқлилик, шаффофлик, профессионализм, рақобат, ҳуқуқий, ижтимоий ҳимоя, кадрларни баҳолаш тамойиллари асосий ўринни эгаллаши талаб қилинади.

Иккинчидан, раҳбарлик лавозимларига тайинлаш ва сайланишда ёш чекловларини ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайман. (Албатта айрим сайланадиган лавозимлар учун қатъий муддат қўйилиши бундан мустасно). Мансабга тайинланиш ёки сайланиш масаласида ҳар бир шахсга нисбатан индивидуал ёндашиш зарур деб ҳисоблайман. Шунингдек, ушбу масалада аҳолининг фикри, хоҳиш-иродаси ҳам ҳисобга олиниши керак. Тошкент Молия институтида статистика фани бўйича устозим бўлардилар. (Худо раҳмат қилсин). У киши қандли диабет касалига чалинган эдилар, лекин шунга қарамасдан талабаларга дарс берар эдилар. Бир куни кўришга борсам кўзларига иккита кўзойнак тақиб ва яна қўлларига лупани олиб янги чиққан китобни ўқиётган эканлар. Домла нима қиласиз ўзингизни қийнаб шундай аудиторияга кириб бемалол дарс ўта оласизку дедим. Гапимни эшитиб менга қараб шу фикр сиздан чиқдими, агар шундай ўйласангиз ҳеч қачон ҳақиқий олим бўла олмайсиз дедилар. Гапирганимга пушаймон бўлдим. Нима демоқчиман? Фидойи, ҳалол киши ҳар доим шундай бўлиб қолаверади. Ёшликдан ҳалолликни, профессионалликни улуғлайдиганлар то ўлгунларига қадар ўз устларида ишлайдилар, замона билан бирга ёки ундан олдинроқ қадам ташлайдилар, янгиликлардан мунтазам хабардор бўладилар. Ўз фаолиятим давомида баъзи ёши 18-25 атрофида бўлган талабаларни кўрдим. Улар ёш бўлишига қарамасдан қонлари бузилиб бўлган. Агар ёш деб шундайларга имкон берилса инновация эмас деградация, “харобизация” бўлади. 2018 йил 30 майда қабул қилинган “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Президент Қарорини бир томондан қўллаб-қувватлайман, аммо бошқа тарафдан хавотирим бор, чунки шундай қарорлар ортидан айрим казо-казоларнинг фарзандлари иқтидорли бўлмасаларда мансабга чиқиб олишларида қонуний замин яратилиши мумкин. Бошқача айтганда, ёшларга эътибор деган шиор ниқоб қилиниб унинг ортидан яхши кадрлар йўқотилиши мумкин.

Бир билимли киши бўлим бошлиғи қилиб тайинланди. Унинг қўл остида эса бешта ёш чаласаводлар ишларди. Улардан биттаси хоҳласа ишга келар хоҳламаса келмас эди. У оддий аризани ҳам ёза олмайдиган даражада саводсиз, аммо Иқтисодиёт университетини тамомлагани ҳақида дипломи бор эди. Бўлим бошлиғининг танбеҳлари унга кор қилмасди чунки унинг ортида кадрлар бўлимининг бошлиғи турарди. Бир йўла уч кун ишга келмагандан кейин бўлим бошлиғи рапорт ёзишга мажбур бўлди. Шунда кадрлар бўлими бошлиғи келиб бўлим бошлиғига Сиз ёшларни ўсишига тўғаноқ бўляпсиз, Сиз Президентнинг ёшлар сиёсатига қаршимисиз, Сиз ўз ўрнингизни йўқотишдан қўрқяпсизми деган гаплар билан таҳдид қилди. Қисқаси, охирида ўша бўлим бошлиғини раҳбарият чақириб “понятка” беришди. “Эй бола, ҳаддингни бил, сен кўчадан келган бўлсангда сени бўлим бошлиғи қилиб қўйдик, сен керак бўлса ўшалар учун ҳам ишлайсан” дейишди. У бечора кейин тушунди нега бўлим бошлиғи бўлганлигини. Эътироз билдирганди туҳмат қилиб кетишга мажбур қилишди. Бу оддий, индивидуал ҳолат эмас. Ушбу мисол орқали мен ёшлар ниқоб қилинишини ва баъзида нега билимлиларга мансаб берилишини таъкидламоқчиман.

Тарихдан шу ҳам маълумки, собиқ СССРда Сталин бошчилигидаги Коммунистик партия ёшларни мансабга кўтариш баҳонасида турли оппозицион қарашда бўлган инсонларни тозалаш амалиётини бажариш билан биргаликда ўзларига тобеъ бўладиган, нима дейилса ҳам “хўп бажарамиз”қабилида иш тутадиган зомбиларга ўрта ва қуйи поғоналарда мансаблар беришган.

Ёшларни яхши ниятда кўтариш, уларга кенг имконият яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш сиёсатини олиб борилиши ижобий иш албатта. Буни биз маъқуллаймиз ва ушбу сиёсатга қаршилик этишга маънавий ҳаққимиз йўқ. Гап шу чора-тадбир ниқоб қилиниб бошқа салбий йўналишда ишлатилмаслиги ҳақида кетяпти. Шундай ҳоллар бўладики баъзи ёшлар бир неча йиллик тажрибага эга бўлган мутахассислардан ҳам кўра ақллироқ, билимлироқ бўлишлари мумкин ва айни чоғда ёши улуғ бўлса ҳамки бир неча ёшларга нисбатан фаолроқ инсонларни учратиш мумкин. Шундай экан бу масалада юқорида таъкидлангани каби асосий мезон иқтидор, профессионаллик, ҳалоллик бўлмоғи лозим.

Учинчидан, маҳалла раисларидан бошлаб вилоят раҳбарларига қадар сайловлар орқали сайланишни йўлга қўйиш лозим. Ҳозирги маҳалла йиғини раҳбарларини сайлаш номигагина бўляпти. Бир икки ҳолатларни ҳисобга олмаганда барча маҳалла раислари ҳокимликлар томонидан тасдиқланган кишилардир. Туман, вилоят ҳокимларини адолатли сайлаш учун энг аввало фуқаролик жамияти шаклланган бўлиши керак. Афсуски бу бизда йўқ. Илмий йўналишим бўйича Шарқий Осиё давлатларида сиёсий модернизациялаштириш жараёнларини тадқиқот этганимда бу борада олимларнинг фикрлари икки хил бўлганлигини кузатдим. Бир гуруҳ олимлар барча ўзгаришлар пастдан бошланиши керак дейишса, иккинчи томон тепадан ислоҳотлар орқали жамиятни янгилаш мумкин дейдилар. Бизнинг реал шароитда менимча тепадан туриб фуқаролик жамиятини шакллантиришга туртки бериш мақсадга мувофиқдир. Халқ тайёр эмас деб турсак бу бизнинг фуқаролик жамияти ривожланишини хоҳламаслигимиз учун ўйлаб топилган гап бўлади. Айнан марказда фуқаролик жамиятини шакллантириш учун сиёсий хоҳиш ирода ва шунга мувофиқ сайъи-ҳаракат бўлса етарли. Мен 2008 йилдан буён бизда Давлат Хизмати тўғрисида қонун қабул қилиниши зарурлигини таъкидлаб келаман. Ҳозир бу жараён бошланиб кетганлиги ижобий ишдир аммо уни келгусида амалга тўғри жорий этилиши асосий масаладир.

Тўртинчидан, “бизда кадрлар етишмайди”, “халқимиз демократияга тайёр эмас” ва шу каби асоссиз гапларни йиғиштиришимиз зарур. Етук, ҳалол, профессионал, палаги тоза кадрлар бор фақат уларга имкон беришимиз, уларни қўллаб-қувватлашимиз, сиёсат майдонига кириб келишлари учун халақит бермаслигимиз даркор. Асосийси улардан қўрқмаслигимиз, шубҳа қилмаслигимиз муҳимдир. Ҳа, улар нима бўлмасин бош эгиб турмайдилар, улар хушомадгўйлик, буқаламунлик қилмайдилар, улар фикрларини очиқ билдирадилар. Лекин айнан шундай кишилардан катта-ю-кичик раҳбарлар чиқса юртимиз тезда равнақ топади, адолатсизликларга чек қўйилади, иқтидорлилар рағбатлантирилади, илм-маърифат ривож топади, коррупция кескин қисқаради. Бундай кадрлар ватанга содиқ бўладилар, улар ҳеч қачон ҳеч кимнинг орқасидан пичоқ суқмайдилар. Ниятимиз холис бўлса шуларга таянайлик, шуларга эшигимизни очайлик. Бир томондан қайси минбар бўлмасин маънавият, маърифат, биз Бухорийлар, Ибн Синолар, Ал Хоразмийлар авлодимиз деб турсакда айни бир пайтда шарлатан, оғзи бузуқ, маданиятсизларга мансаб берсак бизни гапларимизга ҳеч ким ишонмайди. Барчани ҳар бир қадамини пойлаб юрадиганлар керак бўлса қаерда қанақа кадр борлигини ҳам жуда яхши билишлари керак. Агар улар ватанпарвар бўлсалар иқтидорлиларни топиб жой-жойига қўйишни ҳам йўлга қўйсалар мақсадга мувофиқ ва хайрли иш бўлур эди.

Бешинчидан, ривожланишимиз учун аҳамиятли бўлган асосий масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишдан олдин мутахассислар, кенг жамоатчиликнинг фикрини олиш керак. Баъзи Қарорлардаги камчиликлар ҳақида ёзсак айрим маддоҳлар тепадагилар ўзлари билишади, тепада ахмоқлар ўтиргани йўқ, сиздан салоҳияти юқори бўлганлар бу қарорни қабул қилишган, сиз унга оғишмай амал қилишингиз керак дейишади. Бундай ёндашув ҳам тўғри эмас. Биргина мисол куни кеча олий таълим тизими бўйича чиқарилган қарорда бундан буён талабаларнинг билиш олиш рейтинги, ўзлаштириш даражаси паст бўлса ўқитувчи жавобгар бўлишлиги, у билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида ёзилибди. Бу ўйламасдан, масаланинг тўрт томонини эътиборга олмасдан қабул қилинган. Агар шу жумлалар қолдирилса яна функционал чаласаводлар сони кўпайиб кетади. Ахир интеллектуал салоҳиятсизлар билан қандай қилиб инновацион иқтисод барпо этиш мумкин?

Олтинчидан, раҳбарларнинг ходимларни сўкиши ёки аксинча ходимлар томонидан раҳбарларни сўкиш ёки бошқа шу каби салбий ҳолатларни бартараф этиш учун қонунчиликда жазо чораларини кучайтириш лозим. Ҳар бир корхонада ходим ва раҳбарият ўртасида тузиладиган меҳнат шартномалари бўлишига қарамасдан хунук ҳолатлар рўй бераётган экан, бу борада қатъий чоралар кўриш зарур. Ҳокимларнинг турли ташкилот раҳбарларини ёки фуқароларни сўкишлари, ҳақоратлашларига чек қўйиш мақсадида ҳам бундай ҳолатлар юз берганда уларга нисбатан жиноий жавобгарлик кўзда тутилиши керак. Шундай тизим бўлсинки, раҳбар ходимни ёки ходим раҳбарни сўка олмасин, шундай бир тизим барпо қилинсинки, ҳоким ҳам ўзини халқнинг бир вакилидай тутишга мажбур бўлсин. Айримлар каминага “эй бола ўзингча бир балолар ёзаверасанда, гапираверасанда, гапларинг қуруқ назария, аввал ўзинг тўрт кишига бошлиқ бўлиб кўргин кейин кўрасан” дейишлари мумкин. Уларга жавобим агар сиз қаердадир, қайсидир мансабга ўтирган бўлсангиз ва биз у лавозимда бўлмасак бу дегани бизнинг лойиқ эмаслигимизни, ўша амални уддалай олмаслигимизни билдирмайди. Шунингдек, вазиятни тўғри баҳолашимиз учун албатта ўша мансабга ўтириб кўришимиз шарт эмас. Танқид қилсангиз дарров буларнинг жавоблари одамлар битта оилани бошқара олмайди-ку, биз битта туман ёки вилоятни бошқаряпмизку дейишади. Барака топгур баъзида битта оилани бошқаришдан кўра ўша туманними, вилоятними бошқариш осонроқ. Балки Сизга ўхшаган раҳбарлар бўлгани ва нотўғри бошқараётгани учун ҳам кўпчилик оиласини бошқаришга қийналаётгандир.

Ушбу масалада яна шуни ҳам таъкидлашим лозимки, инсонларимиз орасида ёки ходимлар ўртасида шундайлар борки, улар яхши гапни тушунмайдилар, калтак тилини биладилар холос. Бу каби инсонларни зулмпарвар, ишқсиз, дардсиз, ғурурсизлар дейиш мумкин. Шунингдек, кўпчилик Сизнинг мансабингиз, бойлигингиз, кетингизда қудратли соябонингиз, жисмоний кучингиз, қаттиқ, қўпол муомала қилишингизга қараб Сизни ҳурмат қилиши ёки раҳбар бўлсангиз сизга ҳеч қандай муаммосиз бўйсуниши мумкин. Қўрқса ҳурмат қилади деган гап шунинг учун айтилса керак. Сиз қанчалик одобли, хушмуомала, юмшоқ табиатли, маданиятли инсон ёки раҳбар бўлсангиз ўша юқорида сифатланган инсонлар сизни писанд этишмайди, қўрқоқ, бўш шахс ёки раҳбарга чиқариб қўйишади. Шу боисдан баъзи ходимлар агар раҳбар мулойимроқ, раҳмдил бўлса уни устига чиқиб олишлари мумкин. Институтда ҳам талабалар домланинг характерига, унинг ортида ким турганлигига ёки мансабига қараб муомала қиладилар. Умуман жамиятимизда мансабга, бойликка қараб муомала қилиш одати бор. Яна бир ҳақиқат шундан иборатки, кўпчилигимиз раҳбарнинг қўлида ҳокимият бўлган пайтда ундан қўрқамиз, нима демасин лом-мим демай эшитиб турамиз ва мабодо ишдан кетиб қолса, ўша кундан эътиборан унга тош отишни бошлаймиз, ҳаммамиз кейин ботирга айланамиз. Лекин ана шундай ҳолатлар бўлишига мен сиёсий элита вакилларини айбдор деб биламан. Агар адолатли ва қонун устувор бўлганда эди халқ бундай ишларга одатланмас эди. Уронғич, сўконғич, қўпол, сиёсий маданияти паст раҳбарларга айтадиган гапимиз шуки, жаноблар кўзингизни очинг. Биз 21-асрда яшамоқдамиз, биз жоҳилият даврида эмасмиз. Ҳозирги даврда бир-биримизни ҳақоратлашимиз, турли ҳашарот-у, ҳайвонлар номини беришимиз, зўравонлик, муштумзўрлик қилишимиз шармандаликдир.

Раҳбар ўрни келганда қаттиққўллик билан бошқариши мумкин, раҳбарнинг талабчан бўлишлиги яхши сифат, аммо қаттиққўллик билан диктатура фарқли тушунчалардир, қаттиққўллик билан қўполлик бир нарса эмасдир. Дунё тажрибасида қаттиққўллик билан авторитар тарзда мамлакатни бошқарган ва шу йўл орқали давлатини модернизациялаштирган раҳбарлар бўлган. Аммо ҳар қандай вазиятда зулмни, ноҳақликни оқлаб бўлмайди. Тартибга солишлар, интизом ўз йўлида лекин ҳар қайси вазиятда инсоннинг оддий ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз қилмасдан ҳам жамиятда тартиб ўрнатса бўлади. Жамият қатъий ўрнатилган адолатли қонунлар асосида бошқарилиши зарур. Шу маънода асосли бўладими, асоссизми ҳеч ким ҳеч кимни сўкишга, ҳақоратлашга ва айниқса уришга ҳеч қандай ҳаққи бўлмаслиги керак. Раҳбар ходимнинг иш фаолияти устидан назорат этади, бошқаради, ходим эса ўзига юклатилган вазифа ва мажбурият юзасидан раҳбарга бўйсунади холос, аслида раҳбар ҳам, ходим ҳам тенг ҳуқуқли, эркин шахслардирлар.

Еттинчидан, бизнинг энг оғир иллатимиз бўлган таниш-билишчилик, маҳаллийчиликка барҳам берилиши жуда ҳам муҳим масаладир. Бизда ижтимоий лифт айнан маҳаллийчилик, коррупция асосида шаклланадиган бўлиб қолди. Бу иллатларни йўқотишни турли компаниябозчиликларга йўл қўймасдан тепадан бошлаш керак. Бир пайтлар шу ишни амалга оширамиз деб сунъий чекловлар қўйилди. Масалан республикада бир банкнинг бошлиғи навоийлик бўлса у шу вилоятдан бўлганларни ишга олмаслиги талаб қилинди. Бу аслида кўзбўямачилик ва бошқа бир неча катта ноқонуний ишларни беркитиш учун қилинган чора-тадбир эди. Аслида бу масалада сунъий чеклов қўймасдан кадрлар танлови рақобат асосида очиқ, шаффоф, ҳалол ўтказилса бўлди эди. Шундай беъмани тартибни жорий этганлар ўзлари оилалари, қариндош-уруғлари, қуда-андалари билан ҳамма “ёғли” жойларни эгаллаб олишганди.

Институтга янги бир гуруҳга дарсга киришингиз билан талабаларнинг илк саволи “домла қаердансиз” бўлади. Мен доим ўзбекистонлик деб жавоб берганман. Улар жавобимни мантиғини тушунмасдан биламиз Ўзбекистондан эканлигингизни, қайси вилоятдансиз демоқчимиз деб қайта сўрашади. Бу нимадан далолат? Биз бир халқ бўлиб бир байроқ остида бирлашмаганимиздан. Турли идораларда ҳам шу аҳвол. Агар инсоннинг билими бир ёқда қолиб маҳаллийчилик, коррупция асосида ишга олинса, мансаб берилса инновация қуруқ гап бўлиб қолаверади. Маҳаллийчилик, таниш-билишчилик ҳамма жойда- санъатда ҳам саноатда ҳам. Турли танлов, конкурс, чемпионатлар ҳам шу тарзда ўтади. Кимнидир бир бало қилиб илдирмон қилишадида шундан сўнг кейинги ҳар бир бошқа конкурсларда ўша одам яна ғолиб деб топилаверади. Кимнидир қачондир бир номи чиқадида, унга баъзилар билиб, бошқалар кўр-кўрона эргашиб натижада қаҳрамонга айланиб олади. Келгусида ҳам кўпчиликнинг наздида фақат шу ғолиб бўлиши керак. Айни бир пайтда республиканинг чекка бир қишлоғидан ялт этиб янги ғоя, фикр ташлаган киши эса сояда қолиб кетаверади. Биз шу ҳолатларни инновация дея оламизми? Демак, бу йўналишда ҳам қарашларимизни ўзгартиришимиз шарт.

Шуни ёдда тутишимиз лозимки, агар ижтимоий лифт билимга асосланмаса, аксинча ҳар хил “–чиликлар” асосида шаклланар экан, демак ушбу вазиятда илмга талаб бўлмайди, илмга талаб бўлмагандан кейин на давлат секторида ва на реал иқтисодий секторда инновациялар ҳам бўлмайди. Ҳозирги илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамда давлат сектори ўртасида юзага келган жарлик бевосита шундан юзага келди. Инновацион ривожланиш учун илм-фанга маблағлар ажратиш ҳам мутаносиб тарзда олиб борилиши зарурдир. Ҳозирги кунда аниқ табиий фанларни қўллаб-қувватлаш, ушбу соҳалар бўйича мутахассислар етиштиришни кўпайтириш долзарб масаладир. Иқтисодчи, юристлар, солиқчи-ю, божхоначилар ҳаддан зиёд кўпайиб кетди. Кўпайганда ҳам сифатсиз бўлиб кўпайди. Бундай мутахассислардан табиийки инновацион ғоялар чиқмайди. Бизда олий таълим, турли илмий-тадқиқот, лаборатория йўналишларида маблағлар ажратиш қониқарсиз ҳолатда, иккинчи томондан талабалик билим асосида шаклланмайди. Бизни ҳалокатга олиб келадиган иллатлар булар маҳаллийчилик, таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик, қариндош-уруғчилик, порахўрлик ва коррупциядир. Булар мавжуд экан илмга талаб бўлмайди, булар мавжуд экан инсон капиталига эътибор ҳам бўлмайди. Шунинг учун буларни бартараф этмасдан йилларга қандай чиройли ном бермайлик барбир бефойда бўлиб қолаверади. Маҳаллийчилик ва турли салбий маънодаги “–чиликларни” қилаётганлар ҳам дунёвий қонунчилик нуқтаи назаридан ва дин томонидан ҳам жиноят қилмоқдалар. Кимдир Худога ишонмас бу уларнинг шахсий иши, лекин ҳеч бўлмаса амалдаги қонунларга амал қилиши керак-ку.

Менга қолса бизнинг жамият учун “Тенглик, Эркинлик ва Адолат” деган шиорни асосий қўлланма, принцип сифатида киритардим. Агар ана шу учта принципга ҳар биримиз риоя этсак биринчидан, бизда коррупция қисқаради, иккинчидан, даромади бўйича энг юқори 10 фоизни ташкил этадиган бойлар билан даромади ўта паст бўлган 10 фоиз қашшоқ аҳоли ўртасидаги фарқлар ҳам қисқаради, учинчидан, одил судлов тизими амалда бўлади, тўртинчидан, эркинлик илмга, рақобатга рағбатлантиради, эркин ижод, эркин илмий баҳс-мунозара муҳитини яратади. Асосийси ҳар бир фуқаро, ҳар бир кишига ҳазрати инсон сифатида қараладиган бўлади.

Саккизинчидан, инновацион ривожланиш ва умуман ҳар қайси соҳада тараққий этишимиз учун тўсиқ бўлаётган коррупция билан курашишда асосий эътибор коррупциянинг объекти ва субъектини тўғри аниқлаб олишга ҳамда курашни қонунлар доирасида мунтазам равишда амалга оширишга қаратилиши лозим. Агар минимал ойлик олиб ишлайдиган боғча тарбиячиси уйига икки килограмм пиёзни олиб кетганлиги ортидан у коррупционер сифатида кўрсатилса ёки қайсидир чегарадан тўртта пайпоқ олиб ўтаётган ишсиз аёл ушланиб ўта хавфли жиноятчи сифатида талқин этилса, унда ҳеч қачон коррупцияга барҳам берилмайди. Бу эса олдимизга қўйган мақсадларимизни рўёбга чиқаришга имкон бермайди.

Юқоридагилардан асосий хулоса шуки, биз иқтисодий ривожланишимиз учун етук, билимли, профессионал, ҳалол кадрларга муҳтожмиз. Тараққиётимизнинг тақдири шундай кадрлар қўлида. Бундай сифатга эга бўлган кадрларимиз бор ва шунинг учун миллатимиз, халқимиз тақдирига бефарқ бўлмасак ана шундай кадрларга йўл берайлик.

4.32 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.32 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.59 / 6
  • Муштарийлар баҳоси
    4.53 / 5

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4.5 Уйғун Ғафуров 10/06/2018

Ажойиб, долзарб мақола бўлибди.

5 Шерзод Шерматов 11/06/2018

Жуда муҳим мавзу ёритилган.

3.5 Маҳсуджон Асқаров 11/06/2018
4 Олимжон Солижон ўғли 11/06/2018

Яхши пост бўлибди. Лекин бу мавзу чемпионатда жуда кўп бора ёритилди. Муаллифга омад ёр бўлсин.

5 Бахтиёр Шералиев 11/06/2018
3 Давронбек Тожиалиев 11/06/2018

Аксарияти умумий, аввал кўп таъкидланган фикрлар. Кириш қисми чўзилиб кетган. Баён ҳам зерикарли

4 Адҳам Отажонов 11/06/2018
4 Қаҳрамон Асланов 11/06/2018

Ўринли фикрлар кўп. Аммо кўп ёзилганидан муҳим нуқталарда урғу йўқолиб қолгандек. Фикр кўплигидан чўзилиб кетса, тушунса бўлади. аммо одатий, кўп эшитавериб ўрганилиб қолинган шаблон жумлалар ҳисобига мақола чўзилиб кетгандек туюлди. Абзацларни кўпроқ ишлатинг.

4 Нодир Закиров 12/06/2018

Мақолангиз бошини ўзимни мажбурлаб ўқидим, лекин айрим қисмларига етиб қизиқишим ортди, кейин яна эътиборимни ушлаб қололмади. Сабаби айрим қисмлари жуда узун ва умумий гаплар билан ёзилган. Ҳақиқий шахсий кечинма ва фикрлар билан ёзилган қисмлари жонлироқ чиққан. Бироз чўзилиб кетган.

4 Расул Кушербаев 12/06/2018

Mavzu dolzarb bo'lsada, ommabop uslubda yoritilmabdi, ilmiy yondoshuv ustun ko'rinayapti.

5 Абдумалик Носиров 12/06/2018

Госкапитализм шароитида иқтисодий ривожланишда етук кадрларга бўлган талаб деярли бўлмайди. Қачонки бизни жамият классик капитализм шароитида ишламас экан кадрларнинг қадрига етмаймиз. Кейин яхши ва етук кадрлар ичида "суриш керак" тенденция ғолиб бўлаверади.

4 Нигора Умарова 12/06/2018

Умумий фикрлар баён этилган.

4.5 Ботиржон Шерматов 12/06/2018

Ёзиш услуби яхши, имловий хатолардан холи, фойдали блогпост. Ечим ва тахлил мавжуд. Факат таклифлар яна хам кокретлаштирилса ва мисоллар билан берилса, яхши буларди.

4.5 Мансур Тангишов 12/06/2018

Masalaga kompleks yondashuv bo‘libdi, muallif o‘z tajribasida bo‘lgan va kuzatgan muammolarini yoritibdi. Bu darhaqiqat o‘ta dolzarb muammo. Lekin blog longrid bo‘lgandan keyin uning shakliga ham ishlov berish kerak edi, ajratib yozish, alohida sarlavhalarga bo‘lish kerak edi. Subyektiv fikrlarni qo‘llab quvvatlash uchun biroz faktlardan foydalanish kerak edi, shunda tahlil nisbatan obyektiv bo‘lar edi. Lekin muallif chin dildan yozganligi sezilib turibdi. Sarlavha juda oddiy, uni original boshqacharoq o‘quvchini o‘ziga tortadigan qilib tuzish kerak edi.

4 Беҳзод Қобулов 12/06/2018

Фикрларингизга, асосан, қўшиламан. Лекин, иккита эътирозим бор. Биринчидан, ижро тизими қандай ишлаётгани, аввалги хатоларни такрорламаслик учун нималар қилаётгани ҳақида етарлича билмас экансиз. Буни билиш, шу манзарадан келиб чиқиб фикрлаш зарур эди. Иккинчидан, матн жуда чўзилиб кетган. Айтмоқчиманки, нокерак, умумий мантиққа хизмат қилмайдиган, мухтасарроқ ифода қилса ҳам бўладиган жойлари кўп.

3 Музаффар Назаров 12/06/2018

Бошидан озиригача аламзадалик билан ёзилгандай туюлди, бу менинг фикрим

4.5 Умид Гафуров 12/06/2018

Кадрлар мавзусида қисқа қилиб ёзиш қийинлигини биламан, аммо матн ва фикрлар лўндароқ бўлса яхшироқ бўлар эди деб ўйлайман. Ўзим қисқа блоглар тарафдориман.

4.5 Мақсуд Саломов 13/06/2018

Keltirilgan fikrlarning ko'pchiligiga qo'shilaman. Lekin qisqaroq qilib tushuntirish mumkin bo'lgan yerlarda uzun tariflar berilganligi postning hajmini oshirib yuborgan.

4 Тўлқин Юсупов 13/06/2018

Hammabop uchun oson hazm bo‘ladigan, tez yeyiladigan maqola – mana shu blogpost bo‘ladi. Shunisi bilan bloger bo‘ladi.

4.5 Саид-Абдулазиз Юсупов 13/06/2018
4.5 Мубашшир Аҳмад 13/06/2018

Дадил ёзилган. Жамяит ва давлат бошқаруви бўйича фойдали таклифлар.

3.5 Иноят Садикова 13/06/2018

Ilmingiz, tajribalaringiz bilan bo'lishganingiz uchun rahmat. Blogpostning eng katta kamchiligi - bir nafasda go'yoki ming hil mavzuni jamlashga harakat qilingani. Avval uning nomi "инновацион иқтисодга асосланган ривожланиш" bo'lsa o'rinli bo'lar ekan - deb o'yladim. Keyin qarasam, alohida bir mavzuga arzirli "Бизнинг реал шароитда менимча тепадан туриб фуқаролик жамиятини шакллантиришга туртки бериш мақсадга мувофиқдир." kabi, yoki korrupciya, mahalla qo'mitasi raisini saylash kabi juda ko'p boshqa fikrlar berilib o'tilibdi. Natijada ularning ko'pi boshlanganu, tugallanmagan - muammo ko'tarilgan joyda yechim taklifisiz qolib ketib, umumiy gaplar bo'lib qolgan. Vaholanki, tanlangan uslub yechim taklifini berishga chorlaydi.

5 Шунқор Чориев 13/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
6 та фикр