САНЪАТКОРГА ОСОН ТУТМАНГ, УНИНГ ҲАМ ДАРДИ ЎЗИГА ЕТАРЛИ!

Nargiza Rizayeva
Ярим финал

Сир эмаски, кейинги пайтларда ғалвир сувдан кўтарилиб, тўйлар мавзуси омманинг диққат марказига айланди. Гўё тўй маросимлари билан боғлиқ муаммолар сув юзасига қалқиб чиққандек бўлди. Шу кунгача кўз илғамаган муаммолар жамият ривожига болта ураётгани, арзимас орзу-ҳавас деб ҳамюртларимиз моли тугул, соғлигидан ҳам айрилаётган қаттиқ қораланди. Бири-бирига уланиб кетган муаммоларнинг бир учи санъаткорларга ҳам бориб тақалди. Тўй эгаси уч-тўртта қўшиғини оғзини қимирлатиб айтган хонанда учун 300-400 доллар миқдорида ҳақ тўлаётгани, санъаткорнинг бир кунлик даромадини бошқа инсонлар бир ой ишлаб ҳам тополмаслиги муҳокама қилинди. Айрим пост эгаларининг таърифи билан айтганда, замонамиз хонандалари текинхўрликда айбланди.

Ҳақиқатан ҳам фонограмма эвазига шунча пулни олиш – адолатдан эмас. Агар юртимизда бошқа соҳа вакилларининг ойлик маоши билан солиштирганда, рақамлар орасида катта тафовут сезилади. Жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи инсонлар ойига ўртача 800 000 сўм, ақлий меҳнат соҳиби 1 200 000 ойлик олса-ю, ҳали катта саҳнага чиққанига тўрт беш қовун пишиғи бўлмаган хонанда ярим соатлик меҳнати учун 300 АҚШ долларини олса?

Аммо муаммога узоқдан кўз ташламанг! Бироз яқинлашинг, сув юзасида калқиб турган муаммоларни бартараф этишдан аввал сув остидагиларни ҳам инобатга олинг. Назаримда, улар сув остидаги катта муаммоларни тўсиб, яшириб туришга хизмат қилаяпти.

Санъатимизнинг ўрта авлоди 10-15 йил аввалги муҳитни ширин хотиралар билан эслашади.

Нилуфар Саидова – “Ниҳол” номидаги давлат мукофоти совриндори, “Дўстлик” ордени соҳибаси ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

- Илгари теле ва радио каналлар анча кам бўлса-да, таъсир доираси ниҳоятда юқори эди. Телевидениенинг мусиқий бўлими ҳеч бир қўшиқ ва клипга беэътибор бўлмасди. Бадиий кенгаш кўзга кўринган санъатшунос, бастакор ва шоирлардан таркиб топганди. Қўшиқ обдон ўрганиларди, шеъри элакдан ўтказиларди. Кенгаш муҳокамасида ижобий баҳоланган қўшиқ ва клиплар эфирга қўйиларди. Кейин халқ талаби ҳам жиддий ўрганиларди. Қўшиқ ёки клипнинг тақдирини юқоридаги қўнғироқ ёки кассага тўланган пул ҳал қилмасди.

Ижодкорнинг гапида жон бор! Ҳақиқатан ҳам илгари санъатдаги муҳит бугунгидек эмасди. Саҳнада пули бор эмас, асосан овози бор инсонлар қўшиқ айтарди. Қўшиқларда ҳам маъно-мазмун бор эди, хонандалар ҳам пулнинг ортидан қувиб “тўйбоп” қўшиқ айтмасди.

Бугун-чи? Тижорат каналлари тугул давлат каналларига ҳам тан-нарҳ белгиланганлиги ва ҳар соатда “Фалон эфирга қўшиғингизга жойлаштиришингиз мумкин”, деган таклифи кишини ўйлантириб қўяди. Нима энди бу ёғига эфир ва катта саҳна фақат пули бор ижодкорларга тегишлими?

Фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаган “Зўр ТВ” ва “Миллий” каналлар нарҳ наво борасида анча юқори ўринларни банд этган. Битта қўшиқнинг кундузги эфирга узатилиши “Зўр ТВ” да бор йўқ 75, “Миллий” каналида эса 100 долларни (Ўз.М.Б курси бўйича), кечкиси эса икки баробар қимматроқ нарҳни ташкил этади. Энди калькуляторни қўлга олинг-у, битта қўшиқнинг кундузи бир марта, бир ой эфирда намойиш этилиш нарҳини ҳисобланг. Рақамларнинг кўплиги ақлингизни шошириб қўяди. Беихтиёр “шунча пул-а?” деб юборасиз?

Радиодаги нарҳлар телеведениега нисбатан бир мунча пастроқ бўлса-да, аммо битта қўшиқ промаси учун камида 3-4 миллион сарфлашингизга тўғри келади.

Ғайрат Усмонов – хонанда:

- Битта қўшиқ ва клипнинг яратилиши учун камида 20-24 миллион пул сарфлашимиз керак. Клип олгач албатта уни “прома” қилишни истаймиз. Яқинда хусусий каналларнинг бирига клипимни олиб бордим. Улар менга кундузги эфирнинг бир ойлик нарҳини ҳисоблаб беришди. 17 миллион сўм! Энг қизиғи, кечки эфирда жой йўқ, ошиғи олчи ёш юлдузлар икки-уч ойлик мусиқий эфир вақтларини банд қилиб бўлишган. Аммо мен биргина “прома” учун шунча пул сарфлашни, бир ойда пулим ҳавога совурилишини истамайман. Шахсан менга пул оқиб келаётгани йўқ.

Бугунги шоу-бизнесдаги вазият билан яқиндан таниш бўлганим учун муаммонинг илдизини аниқлашга, ижодкорларга ҳам бироз енгиллик яратиб, саҳнани асл эгаларига бўшатиб бериш борасида бош қотирдим. Хуллас, санъатдаги ҳаракатлар стратегиясини ўзгартириш лозим, йўқса, вазият бугунгиданда ачинарли тус олади, деган хулосага келдим.

1. Санъат – саноат эмас! Хусусий каналлар тижорат мақсадида ташкил этилади. Демак, уларнинг мақсади томошабинларни жалб қилган ҳолда, даромад олишдан иборат. Шу боис, уларга нега санъаткорлардан пул олаяпсан, дейишга ҳаққимиз йўқ! Давлат каналлари-чи, хусусан ўзбек санъатини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган “Наво” телеканали нега тижорат қўшиқлари билан тўла? Нега бирор хонанданинг қўшиғи маъноли, клипи мазмунли бўлгани учун бепулга намойиш этилаяпти, деган гапни эшитмаймиз. Бепул соатларда ҳам бир хил чеҳралар айланади, янги қиёфа ва овозлар кашф этилмайди!

2. Нега юртимизда муаллифлик ҳуқуқи тўлиқ таъминланмаган? Ўзимизни шарманда қилиб, фалон артист хорижнинг қўшиғини ўғирлади, деймиз-у, бизнинг санъаткорларимизнинг қўшиқларини ҳам хорижда беруҳсат ижро этишаётганини билмаймиз. Менимча, муаллифлик ҳуқуқи тизимини ташкил этиш фурсати келди. Бу ёғига “Ўзбекконцерт” плагиат қўшиқлар учун огоҳлантириши эмас, жазо қўллаши, керак бўлса катта миқдорда жаримага тортиши керак. “Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади”, дейишганидек, шундан сўнг санъаткорларимизда плагиатга қарши иммунитет ҳосил бўлармиди?! Ундан кейин биз ҳам хорижлик хонандалар қўшиқларимизни беруҳсат, ўғринча ижро этаётгани ҳақида баралла оламга жар сололамиз.

3. Нега ўзбек хонандаси ҳалигача интернетдан юкланаётган қўшиғи, чиқарилган аудио ва видео диски учун ҳақ олмайди? Сизга бир ҳақиқатни айтаман, фақат илтимос, кулманг!

* Ўзбек хонандалари ҳалигача аудио ва видео дискларини ўз ҳисобларидан чиқаришади.

* Қўшиқ ва клипни интернет саҳифаларига жойлаш учун ютубдаги канал эгаларининг оғзини мойлашади. Кўрганлар сонига қараб, канал соҳибларидан пул олганлар эса бармоқ билан санарли ҳолос. Очиғини айтганда, хонандалар ютубдан яхшигина пул тушишини билишса-да, бу ҳақида талаб қилишмайди.

* Хонандалар қароқчи дискларга чиқиш учун қўшиқ ва клипларини олиб бориб, у ердаги ака-укаларга илтимос қилишади. Қароқчи диск чиқарувчиларга маъқул келса, ижод маҳсулини бепулга жойлашади, йўқса, дискнинг юртимизнинг қайси ҳудудларида тарқашига қараб нарҳ-навосини белгилаб беришади.

4. “Ўзбекконцерт” қандай муассаса? Унинг Низомида шундай дейилади: “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси мамлакатимизда концерт-томоша фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, шу жумладан миллий эстрада, опера, миллий рақс ва хореография санъатини, оркестрларни, гастроль-концерт фаолиятини ташкил этиш, ривожлантириш ва мувофиқлаштиришга қаратилган ташкилий-ижодий ишларни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги давлат муассасаси ҳисобланади. Соддароқ қилиб айтганда, у ижодкорларнинг бошини силаши, йўл-йўриқ кўрсатиши шарт! Амалда эса бундай бўлаётгани йўқ. Хонанда бир кунлик концертга руҳсат олиши учун папкасини қўлтиқлаб, бир нечта ташкилотларга илтимоснома билан чиқиши керак. Хатлар бўялади, чизилади, хато топилади... Сансолар “операция”сидан ўтгунгача ижодкор ва ташкилотчининг она сути оғзига келади. Нега ҳалигача ишни “Ягона дарча” сингари бир тизимда ҳал қилиш йўлга қўйилмаяпти?

5. Кўпчилик санъаткорларнинг концерт ташкилотчиларидан оғзи куйган! Ташкилотчилар хонандадан концерт ҳаражатлари учун яхшигина пул олишади, ваъдалар бажарилмайди ёки бир қисмини бажариб концертни ҳам юмалоқ ёстиқ қилишади! Қанийди, “Ўзбекконцерт” қошида ташкилотчилар гуруҳи ташкил этилса-ю, ҳар қандай концерт раҳбарларнинг назоратида ташкил этилса..?

6. Санъаткор ҳам ҳамма қатори инсон! Унинг ҳам ҳаёти фақат саҳнадаги каби нур сочавермайди. Унинг ҳам бетоб бўлиши, омадсизликка учраши, депрессияга тушиши ёки бошқа муаммолар сабаб ижоддан кўнгли совуши мумкин. Шундай дамда ижодкорни қўллаб-қувватлайдиган, маънавий, моддий ва руҳий кўмак берадиган уюшма ташкил этиш ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак.

7. Истеъдодли хонандаларни бепул лицензия билан сийлаш, тўлиқ жонли ижродаги концерт дастурлари ҳаражатларининг бир қисмини “Ўзбекконцерт” муассаси томонидан қоплаш тизими жорий этилса айни муддао бўларди.

Хуллас бу тизимда ҳам қилиниши керак бўлган ишлар бисёр! Ишни муаммонинг оқибатини ўрганишдан эмас, балки аввал сабабларини бартараф этишдан бошлашимиз керак. Ундан кейин тизимда илдиз отиб улгурган коррупцияни ҳам қўпориб ташлаш (гарчи бу жуда қийин бўлса-да) шарт! Энди “Клипларнинг бадиий кенгаш муҳокамаси” деганда санъаткорларнинг юзи тиришиб, ҳаражатлар сони битта ортди, демасин! Соҳанинг айрим вакиллари “Ўзбекконцерт” номини сотиб, таниш билишининг тўйи ёки концертига санъаткорга жўнатмасин! Хусусий концертга ҳам “давлат тадбири” деган сохта мақомни илиб, шўрлик хонандаларнинг меҳнатидан бепул фойланилмасин!

Кейин давлат тадбирларини ташкиллаштиришда, хусусан, “Мустақиллик”, “Наврўз” каби асосий майдонда бўлиб ўтадиган тадбирлар сценарийси ва иштирокчиларига ўзгартириш киритилса ҳам мақсадга мувофиқ бўларди. Аҳир инсонга билдирилган биргина ишонч катта марраларнинг дебочаси бўлиши мумкин-ку?

Яна бир гап! Санъаткор ҳам солиқ тўлайди, ҳар уч, олти ёки йилда бир фаолиятини юритиш учун лицензия ҳарид қилади. Концерт лицензиясини олиш учун ҳам яхшигина солиқ тўлайди. Агар тўй хизматидан олаётган даромадидан ҳам солиқ тўласа, аҳволи нима кечади? Назаримда, хулоса қилишдан аввал юқоридаги муаммо ва таклифлар ҳақида ўйлаб кўрилса ёмон бўлмасди.

3.25 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.25 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.18 / 16
  • Муштарийлар баҳоси
    4.49 / 7

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Рустам Сулаймонов 30/05/2018
2 Bahodir Daminov 30/05/2018
5 Nargiza Murodova 30/05/2018
3 Doniyorbek Yulchiev 30/05/2018
2 Muzaffar Umar 30/05/2018
4 Gayratjon Turdiev 30/05/2018
1 Baxtiyor Ahmad 30/05/2018
4 G'ayrat Norqobil 31/05/2018
3.5 Xurshidbek Ibrohimov 31/05/2018
2 Sarvar Qurbonov 31/05/2018
3 Абдумалик Фозилов 31/05/2018
4 Davronbek Alijonov 31/05/2018
2.5 Farhod Abdurahmon 31/05/2018
1 Dilnavoz Berdiyeva 01/06/2018
1.5 Ulug'bek Oripov 02/06/2018
0.5 Xudoyberdi Mirhosilov 02/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
15 та фикр