Саккиз ярим ва 1200

Иброҳим Азиз
Ярим финал

* * *

Ошхонада одам сийрак. Навбат йўқ. Патнис олиб, шишаванд растага яқинлашаман. Шишанинг нариги томонида оқ халат кийган иккита йигит қўли кўксида, мунтазир. Буюртма қилганимни узатишди. Кассир холага пул чўзаётганимда йигитлар ошхонанинг ташқари кўринадиган ойнали эшиги томон имо-ишора қилиб ҳиринглай бошлашди:

– Ана, ана! Саккиз ярим келяпти! Саккиз ярим!

Ўгирилиб қарадим. Ахир бу...

Ўзбек матбуотида мактаб яратган улуғ устоз, сўз илмининг билимдони, катта авлоднинг ярмидан кўпи ўзига пир деб биладиган табаррук ва қадрдон сиймо кириб келди. Мен гап нимадалигини англолмай ҳайрон туриб қолдим. Кўришдик. Устоз битта бифштекс, яримта бухонка нон, иккита компот олиб, ёнимга – кассага келди. У кишининг тушлик вақтида ўзига хос шахсий тартибга амал қилишини, доим бир хил нарсалар танлашини кўпчилик биларди. Ҳисобчи хола калкуляторни чиқиллатиб ўтирмасдан, худди ёдлаб олгандек дарров нархни айтди:

– Саккиз ярим минг!

Чақмоқ урган дарахтдек титраб кетдим. Столга бориб ўтирдик. Устоз гоҳ Экзюпери, гоҳ Жойс ҳақида ғаройиб воқеаларни гапириб берар, топиб ўқишимиз зарур бўлган китобларни санар, ёзишдан тўхтама, деб койиб қўярди. Омин ўқиб ташқариладик, хайрлашдик, устоз “газетний корпус”га йўл олди, мен хиёбон сари. Хаёл ойнасида “Саккиз ярим” дея сариқ тишларини кўрсатиб илжаяётган башаралар...

* * *

Наврўздан бир-икки кун аввал эди. Эрталаб автобусга чиқдим. Олди эшикдан кирганим учун шўпир амакининг ёнида турволиб, томоша қилиб кетаяпман. Кондуктор ўзим тенги йигит, қўлидаги пулларни ҳафсала билан гулини гулига тўғрилаб тахлар, ора-чира деразага кўз ташлаб қўярди. “Оҳ!” деб юборди бирданига. Нигоҳлари нимагадир қадалган. Мен ҳам йўлга қараяпман, лекин оҳ дегулик нарсани кўрмаяпман. “Мана шу 2400 ниям олволайлик!” деди кондуктор қош имлаб. Бекатгача ҳали анча бор, автобус эса бир қўлида ҳасса, бир қўли билан набирасини тутган чол ёнида секинлаб тўхтади...

Яқинда, қишлоқдан келган қариндошимизни “Тико”да вокзалга элтиб қўйганим ёдимга тушади. Рулда ўзим, олдинда хешимиз. Қош қорайган маҳал. Қўл кўтарганлар кўп. Ҳамроҳим уларга ишора қилиб: “Ибройим, арқага бўш жой бор, йўлни четидаги ана бу норизаларни теривол охи, увол бўлади!” деди (нориза – Бухоро шевасида “нон ушоқ”). Шу ўхшатишдан завқим келиб роса кулгандим. Энди бўлса... кулишга қўрқяпман.

Ахир бекатгача боришга мажоли етмай, дарахт соясида туриб, ҳассасини силкитганча автобусни тўхтатишга уринаётган бечора мўйсафид – кўзига мўйсафид бўлиб эмас, 1200 сўм бўлиб кўринаётган одамлар орасида яшаяпмиз! Ахир овқат ейиш учун остона хатлаган хўрандани – қорни очиққан, йўл босиб келган инсон сифатида эмас, 8500 сўм сифатида қабул қилаётган одамлар орасида яшаяпмиз! Қаердан, қандай қилиб пайдо бўлди жамиятда бундай психология?

* * *

Туғруқхона қабул бўлимида бир ҳомиладор аёлни эри машинадан тушириб, билагидан тутганча ичкарига олиб кираётганида дўхтирларнинг “Клиент келди, клиент!” деган сўзларини ўз қулоқларим билан эшитганман. Китоб дўконига кирсак, сотувчилар учун ҳам “клиент”миз. Китоб чиқармоқчи бўлсак, нашриётлар учун ҳам “клиент”миз. Шу боис ҳам китоб дўконлари пештахталарида ҳақиқий китоблар эмас, “товар”лар кўпайиб кетган. Фарзандимизни илк бора боғчага ёки мактабга олиб борсак ҳам, “клиент”миз.

Биз журналистлар-чи? Телевизорга, интернет сайтларига, газета саҳифаларига тикилган қоракўзларни – одамлар, халқ, миллат эмас, “клиент” деб биламиз. Қарабсизки, келинига тегажоғлиқ қилган қайнота ҳақида ток-шоулар тайёрлаймиз, ҳамманинг олдида муҳокама қиламиз, кейин такрор-такрор эфирга узатамиз. Қайсидир қишлоқнинг қайсидир кўчасидаги қайсидир уйда укасини пичоқлаб қўйган аканинг қилмишини бутун мамлакат бўйлаб “кўз-кўз қиламиз”. Иккита эркакнинг қўйнида ётиб юрадиган аёлнинг қилиқларини муҳаббат тимсоли сифатида талқин қиладиган туркча сериални телевидениедан кўрсатамиз, кўчаларга рекламаларини осиб ташлаймиз. Чунки... одамлар, халқ, миллат бизнинг кўзимизга – ўша 1200 сўмлик купюра бўлиб, “саккиз ярим” бўлиб, “клиент” бўлиб кўринаверади!

Бу психология занжир реакцияси таъсирида соҳадан соҳага, одамдан одамга ўтаверади. Блогерлар чемпионатида қаламга олинган мавзуларга назар соламан. Нега малака ошириш тизими издан чиққан? Нега имконияти чекланган инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинган? Нега аксарият шифохоналаримиздаги шароит аянчли аҳволда? Нега йўлларимизга ётқизилган асфалт икки марта ёмғир кўргач, ўйилиб-ўпирилиб кетади? Нега олий ўқув юртига қабул жараёнида бутун бошли китобларни ёд олганлар тестдан – тағин жавоб вариантлари кўрсатилган саволлар синовидан ўтолмай қолишади, ўрнига исм-фамилиясини дуруст ёзолмайдиганлар талаба бўлишади? Нега? Чунки... ким(лар)дир ким(лар)нингдир кўзига Миллатдош бўлиб эмас, 1200 сўмлик купюра, “саккиз ярим” бўлиб, “инсон инсонга бўри...” (э кечирасиз) “клиент” бўлиб кўринаверади, кўринаверади!

Сабаб нима?.. Қалбимизда “кичкина” бир нарса – меҳрми, виждонми, иймонми, йўқолиб қоляптими?.. Чора излаяпмиз... ҳаммамиз...

Жамият аталмиш муҳташам соатнинг кичик бир мурвати бузилса, бутун механизмга путур етади. Бунинг олдини олиш учун вазир ҳам, фаррош ҳам, юрист ҳам, деҳқон ҳам, ички ишлар ходими ҳам, ўқитувчи ҳам – барча ўз миссиясини сидқидилдан бажариши керак.

Бир мамлакатда уруш бўлибди. Юрт лашкари енгилибди. Нега дея сабабини излашса, тақачида мих йўқ экан. Ҳаммаси шундан бошланган экан. Озарлар мақолида айтилганидек, “Мих тақани асрайди, тақа – отни, от – мардни, мард – Ватанни”.

4.30 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.30 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.45 / 31
  • Муштарийлар баҳоси
    4.56 / 28

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Aziza Sobirova 01/06/2018
5 Farhod Abdurahmon 01/06/2018
5 Doston Qamariddinov 01/06/2018
4.5 G'ayrat Norqobil 01/06/2018
5 Baxtiyor Ahmad 01/06/2018
5 Нозим Ашуралиев 01/06/2018
5 Valijon Turakulov 01/06/2018
5 Aziza Qurbonova 01/06/2018
5 Dilobar Asliddin Qizi 01/06/2018
2 Beknazar Raxmatov 01/06/2018
5 Улуғбек Каримов 01/06/2018
5 Дилшод Ниёзметов 01/06/2018
5 Sanjar Said 01/06/2018
5 Gayratjon Turdiev 01/06/2018
5 Muxlisa Xudoyberdiyeva 01/06/2018
5 Моҳинур Адҳамова 01/06/2018
5 Muhammadsodiq Donayev 01/06/2018
5 Nazokatxon Annayeva 01/06/2018
5 Ulug‘bek Xalilov 01/06/2018
5 Otabek Safarov 01/06/2018
5 Nazokat Hojimurodova 01/06/2018
5 Davron Mansurov 01/06/2018
5 Дилдора Абулқосимова 01/06/2018
5 Nodira Vahobova 01/06/2018
5 Diyor Tangriyev 01/06/2018
Яна
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
13 та фикр