ҚУДРАТЛИ ИДРОК СОҲИБИ

Болаликдан бирга ўсган дўстим – ҳуқуқшунос бўлишни ният қилган ва олдига эзгу мақсадларни қўйган эди, афсуски бир неча бор ҳаракат қилиб, олий таълим муассасасига ўқишга кираолмади. Мен эса ўзим орзу қилганим, интилган соҳам бўйича ўқишни тамомладим ва ўз мутахассислигим бўйича меҳнат фаолиятимни бошладим.

Дўстимнинг фикрлари теран, кўп китоб ўқиганлиги боис – сўзлаган сўзлари, дунёқараши олий маълумотли диплом соҳибларидан қолишмаслигига у билан боғлиқ кўпгина воқеа ва ҳодисалар орқали ишонч ҳосил қилганман. У билан зерикмайсан киши. Ҳамма вақт мени кўрган заҳоти: “Ахборот технологиялари оламида қандай янгиликлар?” – дея одатий савол билан мурожаат қилади. Ўзи ҳам бугунги кун шижоатли ёшларидан бири эканлиги боис, кўплар қатори замонавий сенсорли мобил телефони орқали ижтимоий тармоқларда фаол иштирок этувчилардан ҳисобланади. Шунингдек, кўпгина тенгдошларимиз орасида ҳуқуқий билимлари билан ажралиб туришини тан олмаслик имконсиз.

Сир эмаски дам олиш кунлари дўкон ва расталар, айниқса деҳқон бозорларида харидорлар – бошқа кунларга солиштирганда кўп бўлади. Шундай кунларнинг бирида, рўзғор ташвиши билан деҳқон бозор томон борар эканман, йўлда дўстимни учратиб қолдим. У ҳам рўзғор ташвишида гўшт ва озиқ-овқат олиш учун бозорга келганлигини маълум қилди.

Биргаликда бозор айланар эканман, унинг деҳқон ва савдогарлар билан нарх-навода тортишиб, аввало маҳсулотнинг сифатига, шунингдек тарози ҳаттоки сотувчининг бошқалар билан муносабатига эътиборини қаратиши, бир сотувчида кўрган озиқ-овқат махсулотларини икки ва ундан ортиқ бошқа сотувчилар маҳсулотлари билан солиштиришлари – тўғри маънода мени ҳайратга солди.

Иккимиз ҳам керакли озиқ-овқат ва маҳсулотларимизни ҳарид қилиб олганимиздан сўнг, гўшт ва сут маҳсулотлари растаси томон борар эканмиз, деҳқонлар билан бир қаторда кўчма дўконда гўшт сотилаётганлигига эътиборини қаратди ва менга хам ўша томонга боришимни таклиф қилди.

– Йўлимизда давом этайлик, - дея эътироз билдирдим. – Унинг устига менда нақд пулим қолмади, гўштни эса пластик карточкага олишим керак.

– Сен картошка харид қилаётганингда ўша гўшт сотувчининг “Пластикга савдо қиламиз!” деган ёзувини ўқиб қолгандим, – дея мени ҳам ўзи билан юришга ундади ва мен хам беихтиёр дўстимга эргашдим.

Дарҳақиқат, ўша кўримсизгина аммо ўзига яраша харидорларига эга ушбу кўчма гўшт дўкони ташқи томонига дўстим айтган ёзув илинган экан. Яқинроқ келиб қарасак, пештахтасига “33 000 сўм” деган ёзув хам илиб қўйилган экан.

– Ассалому алайкум! Менга бир килограм гўшт беринг – дея дўстим сотувчига юзланди ва сўзи давомида “нақд пул орқали” харидни амалга ошириши мумкинлигини маълум қилди. Шу вақт қизиқ бир ҳолат юзага келди: дўстим мен билан ҳали якунланмаган ўзаро сухбатимизни давом эттирар экан, кўзи гўшт тортилаётган электрон тарозига тушди.

– Ака узр, мен Сизга нақд пул орқали харидни амалга оширишимни айтган эдим. Сиз бўлса менга гўштни 35 000 сўмга нархлаб, тарозига тортаяпсиз, аммо Сиз “ташқи” реклама орқали ҳаммага кўринарли қилиб “33 000 сўм” дея ёзиб қўйибсиз. Бу билан Сиз Ўзбекистон Республикасининг амалдаги “Реклама тўғрисида”ги Қонуни талабларини бузган ҳисобланасиз, шуни биласизми? – деган кескин гапларини эшитган сотувчи тугул мен хам, унинг қатъиятли сўзларига ич-ичимдан тасаннолар айтдим. Дўстимнинг бу талабидан сўнг сотувчи гўштни “33 000 сўм”дан нархлаб, қайтадан тарозига тортишга мажбур бўлди ва беихтиёр (адашмасам) анчадан буён ишлатилмай турган кассавой аппаратига пулларни кирим қилиб, чекни дўстимга тутиб – узрини хам сўраб қўйди. Воқеа ривожига гувоҳ бўлганлигим боисми хар холда менга хам пластик карточка орқали “33 000 сўм”га баҳолаб, кераклича гўштни тортиб берди.

Дўстим билан яна бироз бозор айландик ва уйга қайтар чоғимизда ўша гўшт дўкони олдидан ўтар эканмиз, у ерда фақатгина “Пластикка савдо қиламиз!” деган ёзувдаги “ташқи” рекламаси турар эди.

3.45 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.45 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.15 / 2
  • Муштарийлар баҳоси
    4.37 / 4

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Lochinbek Berdimuratov 21/05/2018
5 Sardor Akbarov 21/05/2018
5 Olimjon Zokirov 21/05/2018
5 Nurbek Egamnazarov 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр