ҚЎРҚМАСВОЙНИНГ ҚЎРҚУВЛАРИ

Болалигимда мени энг беозор жониворлар ҳам қўрқита оларди: мушук, сичқон, чувалчанг... хуллас, чумчуқ «пир» этса, юрагим «шир» этарди. Отам «хотин-қизнинг олдида йигитнинг қўрқиши уят», деди. Шу-шу, юрагимга неки қўрқув келса, амаллаб енгадиган бўлдим. Бора-бора яхши-ёмон ишлар мени ботирга айлантирди қўйди.

Ўша кезлар ичим ботир сўзлар билан тўла эди. Газ, чироқ, ичимлик суви танқислиги ҳақида оламга жар солдим. Бирови эшитди, бирови йўқ. Кейин ўзимча дунёвий эврилишларга аралашиб кетдим. Билдимки, оламда бундан ҳам даҳшатлироқ фожиалар, ҳалокатлар рўй бермоқда. Қўрқдим. Азбаройи бу ит-мушукларнинг қўрқуви эмас, бошқача қўрқув.

Яқиндагина «The New Yorker» журналининг муқовасига кўзим тушди-ю, беихтиёр таним жунжикиб кетди. Унда роботлар яшаётган келажак дунёси тасвирланган бўлиб, инсон тиланчилик қилмоқда. Ҳа, у роботлардан садақа сўрамоқда. Бу каби фантастик суратларни оддий одамлар эмас, балки келажакка ақл кўзи билан қарай оладиган саноат мутахассислари «чизмоқда».

Бирдан хаёлимга инглиз назариётчи-олими, «дунёнинг энг ақлли одами» дея аталаётган Стивен Ҳокингнинг сўзлари келди. У инсоният ҳалокатига «сунъий онг» сабаб бўлишини бот-бот таъкидлаган эди. Унингча, инсоният «сунъий онг»ни назорат қилишни қўлдан бой берса, машиналар билан рақобатлаша олмай қолади ва бу муқаррар мағлубият дегани.

Тўғри, ҳозирча «сунъий онг» ён-веримизда, турмушимизда мушкулимизни «осон» қилиб турибди. Бош қотиришни истамайдиган амалларимиз ҳозирча улар туфайли ҳал бўлаётир. Аммо мен ўта жиддий тус олаётган масаланинг бошқа томонига эътибор қаратмоқчиман.

Шу кунгача сўз ва ижод кишиларининг дунёсига ҳеч зоғ аралаша олмаётган, ижод фақат қалб иши бўлиб қолаётган эди. Аммо яқинда илк «сунъий онг» эгаси ўзининг «Компьютер роман ёзган кун» номли қисқа романи билан ижодкорлар танловида қатнашди. Буни қарангки, роман «Nikkei Hoshi Shinichi» адабий мукофотига лойиқ кўрилди. Ушбу асар робот томонидан ёзилганини эса ҳакамлар ҳам натижалар эълон қилинганидан сўнггина билишди.

Мутахассислардан бири ғолиб асарни таҳлил қилар экан, унинг бадиий жиҳатдан мукаммал яратилганидан ҳайратда эканини, қаҳрамонлар характерини очиб беришда бирмунча камчиликлар кўзга ташланишини ҳисобга олмаса, етук роман дунёга келганини таъкидлаб ўтди.

Робот ихтирочисининг айтишича, у қурилма миясига роман қаҳрамонларининг таржимаи ҳоли, сюжет тавсифи, асосий жумла ва ибораларни киритган.

Шундоқ ҳам бемантиқ ва ҳиссиз ёзишмалардан озор чекаётган китобхонларнинг кўнгли бу каби «асар»лардан қай кўйларга тушишини тасаввур қилаверинг.

Яна бир қўрқув: ахборот оқимларига тўлиб-тошган бу оламда журналистга, айниқса яхши мухбирга осон тутиб бўлмайди. Дунё аҳли ишсизлик исканжасида қолган бир замонда хитойлик Сяо Нань исмли робот-журналистнинг «Наньфан душибао» газетасида мухбир лавозимида ишлаётгани ҳар қандай кишини ўйга толдиради.

Тўғри, у бир сонияда битта мақола ёза олади, кичик бўлган изоҳлар, шунингдек, катта муҳаррирлик мақолаларини ҳам тайёрлаш унга чўт эмас. Бунинг устига у камхарж, ойлик тўлашнинг ҳам ҳожати йўқдир. Аммо у эндигина босмахонадан чиққан газетанинг ҳидини сезармикан, ўз мақоласини ўқувчи мисол ўқиб, роҳатлана олармикан? Жилла қурса, эртага мақоланинг тақдири нима бўлишини, одамларга қандай фойда келтира олишини ўйлай олармикан? Ҳамма гап шунда.

Бу ёзишмалар ахборот савдогарлари учун тайёр маҳсулот, аммо инсон учун унинг борлиғига ҳужумдан ўзга нарса эмас.

Негадир бу яратиқларнинг бари инсон ва унинг фаровон ҳаёти учун эканига ишонгим келади. Аммо кўнглинг баъзида дунёни шундоқ қиёфада сақлаб қолишни тусаб қолар экан.

Бозорларда аҳён-аҳёнда ота-боболаримиз ишлатган икки паллали тарозини кўриб қоламан. Бир палласида маҳсулот, иккинчисида тош туради. Ҳар доим сотувчи танти бўлар, маҳсулот палласини оғир қилиб, харидорга илтифот кўрсатар эди. Қулоқларинг беихтиёр «деҳқон» ва «деҳқончилик» деган кўнгилни тўқ қиладиган сўзларни эшитгиси келади.

Сотувчининг ҳақи харидорга ўтиши розичилик билан эди. Бугун эса бари ўзгача. Электрон тарозилар гуручингизнинг ҳар донасини ўлчаб беради.

Яна бир қўрқув: дунёнинг йирик компанияларидан бирининг раҳбари 30 йил ўтгач, одамлар кунига тўрт соат ва ҳафтасига тўрт кундан ишлай бошлайдилар, деган фикрни айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, ўша вақтларда интернет нефтдан муҳим ва қимматроқ бўлади. Рақамли технологиялар кўплаб муаммоларга ечим бўлади ва улар одамларни бахтлироқ қилган ҳолда барқарор ривожланишга кўмак беради.

Ўша одамнинг маъруза сўнгидаги фикрлари кўнглимга бироз таскин берди:

– Ҳа, вақти келиб машиналар одамлар каби кўп бўлади. Бироқ одамлар одамлар бўлиб қоладилар, чунки уларда қадриятлар мавжуд, – деб фикрларини якунлайди у.

Хайрият, дейман ичимда. Қўрқувим хиёл кетгандай бўлади. Аслида технологиялар инсон дунёқарашидан тортиб у истеъмол қиладиган озиқ-овқатларгача жиддий аралашиб бўлди.

Олма еяётганимизда ҳам уни дарахтда ҳеч қандай кимёвий моддаларсиз пишган-пишмаганлиги ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолдик. Ҳаттоки биз бир мевадан уч-тўрт меванинг таъми келишини ҳам инкор этмаймиз. Буни фан тилида содда қилиб «генни ўзгартириш», дейишади.

Масалан, барчамиз яхши кўриб истеъмол қиладиган картошка генига чаён гени «қўшилади». Натижада, биз ҳеч қайси ҳашарот емайдиган картошкага эга бўламиз. Ёки помидор ва қулупнайга қутб камбаласи (қалқонбалиқ) гени қўшилди. Энди бу ўсимликлар совуқдан қўрқмайди.

Бу жараён шу қадар тезлашиб кетдики, ҳатто тирик организмларда ҳам ген алмашинуви амали янгилик бўлмай қолди. Бугунга келиб, генетик тузилишига бегона генлар қўшилган 2000 дан ортиқ турли ўсимлик яратилганига ишониш қийин.

Хуллас, фан-технологиялар уруши, қалб эгалиги учун кураш давом этмоқда.

Ўзимча хулосалар чиқараман. Табиат қонунларини бузгувчи, тор фикрлар эвазига кун кўрувчи кишиларнинг миясига «сунъий онг» битиб қолганга ўхшаб кўринади. Яна кимларнингдир қилмишларига боқиб, балки бу одамнинг ҳам гени ўзгартирилгандир, деб ўйлаб қўяман.

Булар оддий ўйлар, шунчаки қўрқмасвойнинг қўрқувлари...

3.49 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.49 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.15 / 9
  • Муштарийлар баҳоси
    4.35 / 14

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4 Xurshidbek Ibrohimov 30/04/2018
5 Dilmurod Do‘stbekov 30/04/2018
0.5 Janob Andijonlik 30/04/2018
3 Nilufar Baqoyeva 30/04/2018
4 Farzona Begimqulova 30/04/2018
3.5 G'ayrat Norqobil 01/05/2018
3 Kamolbek Botirov 07/05/2018
5 Kamolbek Botirov 07/05/2018
5 Шоҳсанам Ниёзова 07/05/2018
5 Boboxonova Feruza 08/05/2018
5 Олим Толипов 08/05/2018
5 Р 08/05/2018
5 Xadichabonu 10/05/2018
5 Komila Murodaliyeva 18/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
4 та фикр