ҚЎЧҚОР НОРҚОБИЛ: «АДАБИЁТ ЮРАГИ ЙЎҚЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛМАЙДИ»

Sanjarbek Hamidov
Саралаш

Чорак асардан зиёд муддатни ўз ичига олган истиқлол давр адабиёти янги-янги изланиш йўлларидан бориб, тобора юксалмоқда. Албатта, бу жараён силлиқ кечмаяпти. Адабиётимизда ютуқлар билан бирга муаммолар ҳам етарли.

Хўш, бу масалада шу давр адабиёти вакилининг фикри қандай?

Қуйида бу катта саволга таниқли ижодкор, «Инсон ва қонун» газетаси Бош муҳаррири Қўчқор Норқобил жавоб қайтаради.

- Қўчқор ака, маълумки, Сиз тенги авлод адабиётимизга ҳайрат ва ҳақиқат, ойдинлик ва ошкоралик кайфияти билан қадам босган. Бу авлод жамиятда туб ислоҳотларни амалга оширган ижтимоий-сиёсий ҳаракатларнинг қоқ марказида бўлган. Адабиётга ўша суронли кириб келиш жараёнини бугун янги бадиий оламларни кашф этишга чоғланаётган ёш авлод нафаси билан қиёсласак, еру-осмонча фарқ сезилади. Ҳозирги авлодда нима сабабдан ўша жанговор ва қайноқ руҳ кўзга ташланмаяпти? Ахир ҳозир ҳам жамиятимиз ислоҳотлар оғушида яшаяпти-ку! Суҳбатимиз аввалида ўша даврни, яъни XX аср 80 йиллар охирини эсласангиз ва қиёсни бугунги авлод ҳолати билан якунласангиз?

- Ёзувчи дунёни қалб билан кўради, мавжудликка қалб кўзи билан қарайди, қалб билан борлиқни англайди. Қалб билан фикрлайди. Қалбда эса Ҳайрат ўти ёниб туриши керак. Ёзувчини ёзувчи қилган илоҳий куч бу — Ҳайрат. Қалбда ҳайрат тўлқини мавж урмаса унинг ёзганлари қуруқ сафсатага айланади, олам сени ҳайратга солмаса сенинг ёзганингдан не наф. Ҳайрат туйғуси ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Шунинг учун ҳам ҳамма ёзувчи бўлолмайди. Ёзувчилик касб эмас, ёзувчининг ўзи ҳам тушунтириб бериши мумкин бўлмаган ҳолат. Юрагим безовта бўлмаса, қалбим мени шу кўйларга солмаса мен бирор нарса ёза олармидим, деб ўйлаб қоламан, менимча бошқа ижодкорлар ҳам шу фикрда.

Мен тенги ижодкорларнинг айни навқирон пайти саксонинчи йиллар охири — ижтимоий-сиёсий ҳаракатларнинг авж палласига тўғри келганини айтаяпсиз. Ҳа, шундай бўлди. Ўша давр воқеликлари бесарҳад денгизнинг гувиллаб чайқалишига ўхшаб кетарди, ҳар ким ўз кемасини мана шу долғали тўполондан омон-эсон сақлаб, манзил сари бешикаст сузишни мақсад қилиб олганди. Манзил эса... манзилнинг буюк моҳияти — Мустақиллик эди. Биз мустақилликка юз буриб турган эдик. Нима бўлган тақдирда ҳам биз мустақиллик манзилига етиб боришимиз керак эди. Ўша пайтда адабиётнинг буюк ҳақиқати намоён бўлди, ёзувчи, шоир, ҳар бир ижодкор ҳеч қачон жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан узилиб, айрича яшай олмайди. Ёнса ҳам шу жамият билан бирга ёнади, гуллаб-яшнаса ҳам шу жамият билан гуллаб-яшнайди, бошқача бўлиши мумкин эмас. Оғриқни ҳам, шодликни ҳам ўзга қавмга қараганда ижодкор қалби аввалроқ, теранроқ ҳис қилади. Ёзувчининг илдизини ўз Ватани, ўз халқининг юрагидан изла, деган гап бекорга айтилмаган-ку...

Менинг ёшлигим Ватан зиёлилари, ҳаммамиз Ватан озодлиги деб оёққа қалққан пайтга тўғри келди ва Ватан, озодлик, халқ ҳақида қайғуриш инсоннинг қалбига даҳшатли оғриқ, безовталик солиши мумкинлигини ҳис қилдим. Биласизми, фарзанд онасига «Онажон, сизни яхши кўраман!», деб сохтакорлик билан, тил учида айтиши мумкинми? Йўқ. Мумкин эмас. Ватан тақдири ҳақида қайғуриш ҳам худди шундай: Ватан ҳақида юрагинг гапирсин, юрагинг гапирса сохта Ватанпарварликка ҳожат қолмайди, тил нималар деб сайрамайди, лекин юрак қурмағур ёлғон гапиролмайди. Ўша даврда, бизнинг ёшлигимизда «юраги гапирган» тенгдошларим чин шоир бўлдилар, чин ёзувчи бўлдилар, улар бугуннинг ҳам чин ижодкорлари, эртага ҳам шундай бўлиб қолишади. Сохтакорлар ярим-ёрти йўлда қолиб кетишди, адабиёт «юраги йўқ» одамларни қабул қилмайди.

Бугунги ёшлар, ҳозирги давр ёш ижодкорлари ҳақида нима дейман? Бор, яхши ёзаётган ука-сингилларимиз бор. Ўқиб турибман. Оққан дарё оқмай қолмайди. Катта халқнинг адабиёти юки ердан қолмайди. Айрим укаларим, сингилларимнинг ижоди ҳайратимни тоширади. Улар мендан анча юксаклигини ҳис қиламан!

- Яна юқоридаги савол ва мулоҳазаларни давом эттирсак. Умуман олганда, Сизнингча, янги адабий авлод қандай шаклланади? Масалан, сиз тенги авлодни яққол кўзга ташланиб турадиган қайси жиҳат бирлаштириб туради. Адабиётимизнинг ҳозирги ёш вакиллари, агар уларни ёш деб айтиш жоиз бўлса, чинакам бутун авлодга айлана оладими? Бунинг учун уларда потенциал мавжудми?

- Адабий авлод... адабий авлод... менимча, ўз даврининг ярқ этиб кўзга кўринган ижодкорлари — тенгқурларни айтаяпсизда-а? Адабиётни бирор авлод яратмайди, шахс яратади, истеъдод яратади. Биргалашиб ариқ қазиш мумкин, кўпайлашиб ер чопиш, боғ яратиш мумкин, тўдалашиб ҳашар қилиш мумкин, лекин нимасини айтасиз, адабиёт яратиб бўлмайди-да. Адабиётда ҳар бир истеъдоднинг ўзи бир олам, ўзи бир авлод. Ўз даврининг зўрларининг боши ташқаридан қараганда бирлашиб тургандай туюлар, лекин уларнинг ҳар бири ботинида ўзига хос дунё яшайди. Бу ҳолатни даврдошлик, замондошлик деб қўя қолсак бўлади.

Ёшларга келсак, улар «тўдалашиш»га муҳтож эмасдай. Ўз куйини ўзи чалаётган укаларимиз, сингилларимиз борлиги мени севинтиради. Уларнинг кўпчилиги дунё адабиётини ўрганиш билан банд. Тўғри қилишади, ўрганаверишсин. Одам то ўзини топгунча, ўз уйига етиб келгунча кўп савдоларни бошдан кечиради, кўп йўл юради. Дунё адабиётини қанчалик кўп ўргансак, ўқисак, ичимиздан ўз овозимиз эшитила бошлайди, ўзимизга, ўзлигимизга маҳкам ёпиша бошлаймиз. Бошимга колумбияликнинг шляпасини, эгнимга фрак ёхуд шорт кийгизиб қўйганингиз билан сийратимдаги Мен оғриниб туриши мумкин, агар шундай бўлмаса, билингки, мендан хавфли одам йўқ бу дунёда. Адабиёт бу ўзни англамоқ дегани, бор гап шу! Менинг адабиётим ҳеч қачон эрта тонгда тўшакда ётиб, юз-қўлини ювмасдан, чўзилиб кофе ичмайди, менинг адабиётимда севги-муҳаббат кўчага пардасиз чиқмайди, менинг адабиётим тарғибот-ташвиқот эмас, балки, тарбия адабиётидир. Демак, ёшларимиз жаҳон адабиётини мукаммал ўрганиб, билиб, битта хулосага келишади, ўзанингдан узилсанг ўзагингни йўқотасан, сени ҳеч ким, ҳеч бир миллат сариқ чақага ҳам олмайди. Майли, дунёни кезиб чиқ, лекин ўз уйинг — ўлан тўшагингни унутма. Илдизингдан куч олсанг, сени дунё танийди, тан олади. Бугунги ёш замондош шу ҳақиқатни билса бас, қолганини Худо беради.

- Сиз адабиётга шоир сифатида кириб келгансиз. Кейин «Дарё ортидаги йиғи» ёзилди. Нима, ўшанда туйғуларингиз ва ўйларингиз шеърга сиғмай қолганми? Нима учун бизнинг адабиётда шеърга сиғмай қолган туйғулар ва ўйлар фақат насрда ўз ифодасини топади? Шоир катта поэтик полотно — шеърий роман ёзиши мумкин эмасми? «Истеъдоднинг қудрати залворли асарларда намоён!» деган хулосага қандай қарайсиз?

- Ёмон шоир эмасман. Матбуотда чиқмаган, китоб бўлиб чоп этилмаган яхши шеърларим кўп... Нима ёзсам юрагимга зарб берган нарсаларни ёздим, севдим, севилдим, ёндим, борини тўкдим. Бироқ, қалбимда чўкиб ётган, азоб берган, қийнаган ҳаёт ҳақиқатларини шеърга солишга кучим етмади, уруш мавзуси, ўзим кўрган, юрагимда ўрнашган дард тошини суғуриб олиш учун шеъриятни «азоб»лагим келмади. Прозада қандай асар ёзган бўлсам менга шоирлигим ёрдам берди, ишонинг, шоир насрда қалам урса, албатта, эплайди, шеър ёзган одам учун проза анча ўнғай. Менинг ҳолатим, аҳволи руҳиятим, айниқса, мен айтмоқчи бўлган гапга проза елка тутиши мумкинлигини ҳис қилдим... Носирлик ҳам шоирликдир, аслида. Кейин, яна бир гап айтайинми, қаршимда, ҳаётимда, ёнимдаги «шоирлик» ҳам устун келди. Тақдир пешонамга Хосият каби кучли шоирани ҳам битди. У табиий шоира эди. У мендан баланд эди. Чин шоирнинг соясида қолиш яхшимас, деган ўй ҳам бор эди кўнглимда. Прозада кимман? Ёзганларим гапиради...

- Драмага қўл уришингиз давр тақозосими ёки ички эҳтиёж?

- Драма — ҳаёт! Ҳаётни саҳнага олиб чиқиш осонмас. Ҳар бир персонажнинг характери, хатти-ҳаракатини очиб бериш юки оғир, албатта. Ҳамма ёзувчи ҳам драматург бўлолмайди, чунки саҳна қонун-қоидасини билиш, саҳнага воқеликни зиддият орқали олиб чиқиш учун ёзувчиликдан ташқари яна бошқа кўп жиҳатлар бўлиши керак, майли, бу алоҳида мавзу.

Драмага қўл уришим эҳтиёж, мен учун шундай. Мен драмаларимдаги персонажлар, қаҳрамонларимни ўзим яратаман, улар билан гаплашаман, баъзида уларга эргашиб кетиб қолаётгандай бўламан, чунки, улар тирик одамлар, уларнинг юраги, дарди бор, улар менга ҳам бўйсунмай қолган пайтлар бўлади ёзиш жараёнида. Шунда ҳушёр тортиб қоламан, эй-е-ей оғайни, бекорларни айтибсан, сен ўзингнинг мақсад муддаонгни менга тиқиштираяпсан, деб «қаҳрамон»ларимнинг қулоғини буриб қўяман. Драма хавфли жанр-да.

- Биламан, афғон уруши Сиз учун оғриқли мавзу. Ҳозирга қадар бу мавзуда бир неча насрий асарлар, шеърлар яратилди. Лекин нимагадир мана шу мавзу охиригача англанмаган ёритилмагандек туюлаверади кишига. Нима деб ўйлайсиз, Афғон уруши мавзусида ҳам «Уруш ва тинчлик» каби монументал эпопея яратиладими?

- Ёзмоқчиман. Роман бошладим. Бу узоқ давом этади. Уни чоп эттиришга шошилмайман. Вақти соати келганда нуқта қўяман. Чунки, мен бу мавзуга шунчаки қарай олмайман. Қисқаси, шу романим билан урушни лаънатлайман, қарғайман, муҳаббатни, севгини улуғлайман, одамларни севишимни кўрсатаман, худо хоҳласа, уни ўқиган инсонлар мени англашларини, тушунишлари ва кечиришларини истайман.

- Сиз инсон умрининг энг ноёб ва кўркам палласига қадам босмоқдасиз. Таъбир жоиз бўлса, бу — дастлабки, сарҳисоб даври. Демак, мухлисларингиз Сиздан яна ҳам мукаммалроқ ва залворлироқ асарларни кутишга ҳақлидирлар. Улар учун қандай совға ҳозирлаяпсиз?

- Элликка кириб қўйдинг, демоқчисиз-да. Бир йил ичида элликка яқин ҳикоя ёздим. Улар матбуотда энди чоп этила бошлайди. Шуларни йиғиб, «Янги ҳикоялар» китобимни чоп этиш ниятим бор. Яна битта қисса бошладим. Севги ҳақида. Худо куч берса тугатаман. Иккита драмам саҳна томон «юра бошлади».

- Биз улкан ўзгаришлар даврида яшаяпмиз. Бироқ бу руҳ негадир адабий бадиий нашрларда ўз аксини топа олмаяпти. Аксарият материаллар сокин руҳда. Уларда наинки жамиятдаги, ҳатто адабиётимиздаги оғриқлар ҳам ёритилмаяпти. «Юз иссиқ», «Сен менга тегма, мен сенга тегмайман» қабилидаги қарашлар ижод ва ижодкорлар обрўсини тўкмаяптими? Адабиётимизда том маънодаги янгиланиш бўлиши учун қандай ишларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблайсиз?

- Э-е-ей, оғриққа туз сепдингиз. Бўлар-бўлмас асарларни гуруҳбозлик қилиб мақташдан тийилишимиз керак. Адабиётга «дастурхондош»лик таомили билан кириб келаётган, адабий танқидчиман деганнинг атрофида айланиб-ўргулиб ўзи ҳақида тақриз-пақриз ёздириш билан жони ҳалак «илимилиқ» оғайниларимизга раҳмим келади. Ёздингми, бўлди, нима қиласан, обрўйингни ерга уриб, индамай қўй. Асаринг зўр бўлса, танқидчи топмаса, адабиётнинг ўзи топиб олади. Ўқувчининг ўзи эътироф этади. Ўзига ишонган ёзувчи ялтоқликдан нари юради. Баъзида бўш асарларни мақтаган мунаққидларнинг мақолаларини ўқиб, мунаққидга ҳам, ўша ёзувчига ҳам раҳмим келади, қачонгача шундай юрасизлар, ўзларинг ҳам билиб турибсизлар-ку, бу асар бу даражада гулдура-гулдур, зўр эмас-ку... Бу нарсалар, сохта мақтовлар чинакам адабиётга ҳалал беролмайди, аксинча, оқ нима, қора нима, англашингга ёрдам беради. Адабий танқидчилик ҳалол бўлмас экан, сиз берган саволлар бошимизда айланаверади. Фақат ёзиш керак. Зўр ёзиш керак. Юракни ўртага қўйиб, юрагингдагини тўкиб солишинг керак, энг муҳими, ўзинг билган нарсани ёзишинг керак, вассалом!

- Шоирнинг рафиқаси бўлган аёл ижодкор илҳоми ва у билан боғлиқ инжиқликларни кўтаришга интилади. Бунда унга аёллик қудрати кўмаклашади. Шоиранинг турмуш ўртоғи бўлган шоир эса бу ҳолатни қандай ўтказади? Бу саволга айни чоғда фақат Сизгина тўлақонли жавоб қайтаришингиз мумкин. Чунки, аксарият шоирларнинг рафиқалари шоира эмаслар. «Хосиятли дунё»да яшаш қувончми ёки сабот?

- Яхши ёзиш қандай кечишини билмайман. Буни тушунтириб беролмайман. Рафиқам Хосият Рустамованинг шеърларини ўқиб, баъзида шуларни шу ёздимикин, деб ҳайратга тушаман, баъзида қаршимда қудратли бир маъво тургандай бўлади. Унинг шеърлари ўқувчи кутмаган тарзда кескин бурилиш билан тугайди, ўқиб бир қалқиб қўяман. Яна кў-ў-ў-п гапиришим мумкин, муҳими, у кучли шоир, шуни ҳис қиламан.

Мен учун «Хосиятли дунё»да яшашнинг азобиям бор, қувончиям бор. Худойим менга озгина бўлса-да, ижодкорлик идрокини бермаганида, эҳтимол, мен уни англамасмидим, деб ўйлайман. Нимаики ёзсам дастлаб турмуш ўртоғим ўқийди. Унинг фикрига маҳтал бўлиб, кутиб ўтираман. Унга ёқса шу куни роса хурсанд бўламан. Ёқмаса, азобланаман, унинг қаршисида ўзимни ожиз сезаман. У буни билади: «Яхши. Яхши ёзувчисиз, фақат...» дейди. Кейин асардаги бўш жойларни айтади. Икки-уч кун ўйлаб юраман, таҳрир қиламан ёки ёзган нарсамдан воз кечиб қўя қоламан. Тўғрисини айтайинми, Хосият менинг қанотим, парвозим унга жуда-жуда боғлиқлигини англайман. Мен бундан қувонаман!

Суҳбатдош Санжарбек ҲАМИДОВ. 

2.88 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    2.88 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.16 / 2
  • Муштарийлар баҳоси
    4.37 / 6

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3 Расул Кушербаев 10/05/2018

Негадир блогпостга ухшамабди.

2 Маҳсуджон Асқаров 12/05/2018
2.5 Саид-Абдулазиз Юсупов 13/05/2018
2 Шерзод Шерматов 17/05/2018
2 Давронбек Тожиалиев 18/05/2018

Роса газет-журналбоп суҳбат бўлибди.

2 Нигора Умарова 18/05/2018
3 Олимжон Солижон ўғли 19/05/2018
2 Бахтиёр Шералиев 19/05/2018

Muallif o'zi tayyorlagan materialni qayerga taqdim etishni albatta bilishi shart. Material yomon emas, lekin Bloger chempionati uchun umuman "yemabdi".

1 Тўлқин Юсупов 19/05/2018
2.5 Уйғун Ғафуров 19/05/2018
2.5 Мақсуд Саломов 19/05/2018
2 Умид Гафуров 19/05/2018
4 Беҳзод Қобулов 20/05/2018

Блогпост бошқача жанр ва йўналиш. Лекин, суҳбат яхши чиққан! Очиғи, бу икки ижодкорга ҳурмат юзасидан паст баҳо қўя олмадим... Лекин, бу – блогпост эмас.

2.5 Музаффар Назаров 20/05/2018
3 Шунқор Чориев 20/05/2018
2 Абдумалик Носиров 20/05/2018
2 Мубашшир Аҳмад 20/05/2018
3 Қаҳрамон Асланов 21/05/2018
3 Мансур Тангишов 21/05/2018
3 Иноят Садикова 21/05/2018
3 Нодир Закиров 21/05/2018
3 Адҳам Отажонов 21/05/2018
2 Ботиржон Шерматов 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
4 та фикр