Қабристоннинг миллати борми?

Замонавий сиёсат ва улкан миқёсдаги ўзгаришларни ўз ичига қамраб олган “геосиёсат” деб номланган бир ҳаракат борки, унда барча энг майда ташкил этувчи қисмларгача ўта катта аҳамиятли омил деб қаралади. Миллат ўзлигини таниши учун ўтган йўлидан, бошидан кечирган тарихини ҳурмат қилишга, оқил ва омилкор хулосаларни чиқаришга ўрганиши керак. Аммо, мана неча йиллар ўтса-да, аслича ҳақиқий мусулмончиликка қайтдик деб бонг урилса-да, ҳали ҳануз биз борича ўз тарихимизни ҳурмат қилишга ўргана олмадик. Ўрганмасак ҳам керак. Сабаби – маънавият деб аталган, идрок, қалб ва маслакни тўлдириб турувчи ҳудудимиз ҳалигача бўшлиқ бўлиб қолиб кетаябди.

Замонавий таҳлилчиларга эътибор қаратинг. Баайни Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти ўз мақомидан умр йўлининг охирига етгани сабабидан бўшатиб қўйганидан кейин ўтган даврда бу йўналишдаги ҳаракатларда айнан шу бўшлиқнинг оқибати аниқроқ кўриниш бериб бораябди. Ҳа, буни айнан маънавий бўшлиқни бошқа нарсалар эгаллаб олгани билан изоҳлаш мумкин холос. Ҳозирги кунларнинг кети йўқдек, жараён тезлашиб олди-ю, бундан буёғига фақат шу темпда кетаверадигандек ҳис қилаётган фаолларга қарата – “от ҳам одам ҳам бир тин олишлик жойда секинлашади!” – дея хитоб қилгиси келади одамни.

Ҳар бандаки умри охирига етгач насиб қилган бўлса ерга қўйилади, баъзан эса ўша ер ҳам насиб этмаётган қанчадан-қанча одамлар бор, лекин умумий қилиб охирги манзили, абадий уйига қўйилади деб қабул қилайлик. Хўш, унда баъзи инсонларни ўзларининг яқинларини муддатини ўтаб бўлган бир нарсадек чиқиндихонага олиб бориб ташлаб унутиб юборилаётгандек ҳолатларга гувоҳ бўлмаябмизми? Кўп бундай ҳолатлар. Демакки, бу соҳада тарбияланаётганлар ёки тарбиячиси номаъқул одам ёки маънавиятини бойитишни истамайдиган одам. Сабаби номаълум бу ҳаракатнинг оқибатини кўриш учун узоққа бормайлик, ўзларини евростандарт бўйича энг оқил инсонлардан ҳисоблаганлар қаторига кирадиган давлат фуқароларига эътибор қаратайлик. Бу соҳадаги турли номаъқулчиликларни кўпроқ аввалги Варшава Келишуви жорий этилган давлатларда кўраябмиз, мисол тариқасида Польша деган давлатдаги бутун бошли қабристонларни йўқ қилишга уринишларни бошқача изоҳлаб бўлмайди.

Тарих муаллим эмас, балки у қайсидир бир муаллиф томонидан ёзилган ва хоҳлаганча талқин қилиш мумкин деган ғоя билан ҳаракат қилаётган бугунги алломалар эртанги кунга зарар етказаётганларини ўзлари тушунмайдилар.

Уларда бу нарса бўлиши мумкин, аммо биз бағрикенг одамлармиз, бизнинг юртимизда бундай бебошликлар бўлмайди деб кафолат берган одамга мутлақо ишонмаган бўлардим. Сабабини ҳам айтаман. Ўшаларга ақл бўлган, уларнинг маънавий бўшлиғини ўз ғояси билан тўлдира олганлар орамизда йўқ деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Дунё давлатларига йўлимиз очилди деган тўлқинни яшаб ўтган авлод вакиллари ҳали тирик. Уларнинг қанчаси ўзга юртда, ўзга тупроқда, қай бирлари ҳаттоки тупроққа кириш ҳам насиб этмай қолиб кетгани ҳақида ҳеч ким маълумот тўпламаган, тўплашининг имконияти эса ҳозир йўқ. Аммо шу бизга бағрини очган давлатларнинг фуқаролари учун биз уларнинг юртида нимамиз билан фойда бера олишимиз мумкинлиги ҳақида кўпроқ ўйлашимиз керак. Улардан бизга нима наф деган саволга ҳам жавоб топишимиз керак. Уларнинг орқасидан эргашиб кетавериш оқибатларини кўп кўрдик, ўша нарсаларни такрорланмаслигини истайдиганлар ҳам ҳали тирик, чунки уларнинг яраларини ўрни ҳали битмаган.

Хўш, мақолага нима учун айнан қабристон ҳақидаги мулоҳазаларга эътибор берилади деган ваъда қўйилган. Бунинг сабаби оддий. Инсон умр йўлининг охири қаерда бўлишини аввалдан билмайди, аммо у ўзининг тарихини қанчалар ҳурмат қилса, ардоқлаб, авайлаб пок тутса ўзгаларнинг тарихига ҳам бағрикенглик билан муносабатда бўлиши лозим.

Мулоҳаза учун мисолни узоқдан эмас пойтахт шаҳарнинг ўзидан топамиз. Шаҳарнинг турли жойларида турли миллат вакиллари учун алоҳида қабристонларни ташкил этиш учун рухсат берилган. Уларнинг аҳволи қандай деган саволдан аввал – ўзимизнинг ҳилхонамиз бўлган жойларнинг аҳволи қандай деган саволга эътибор қаратиш муҳимроқ.

Бугуннинг одами ўта “оқил” бўлиб кетган. Унинг қабристонга нисбатан бўлган фикрлари шу даражада тарқоқ ҳолатдаки, бирор аниқ ушунчада тўхтаганини англаш қийин. Бизга ҳарқалай бошқача тарбия берилган эди. Ўтмишда ўтган авлод вакиллари доимо:

- қабристонда баланд овозда гапирма;

- қабристонни ифлослантирма;

- қабристон қўрқинчли жой эмас, қоронғуда ишончли жойда қола олмасанг қабристонда ухлагин, - деган ўгитларни бекорга беришмас эди.

Ҳозирчи?

Кўпинча вилоятларда бўлганимда қабристонларни қаровсиз ётганига гувоҳ бўламан, ачинаман, қўлдан келганича тозалашга ундайман, лекин бир инсоннинг кучи билан бу жойлар обод бўлиши жуда мураккаб иш.

Ўз аждодини улуғлаш ортида тарбия турса – бу мукофот ва оқилликдан. Агар бу ҳаракатнинг ортида кибр, ғурурни ошириш турса – бу кулфатдир. Ўзбекистон кўп миллатли давлат, унда истеъқомат қилувчиларнинг ҳар хил айём ва тадбирлари борлиги аниқ ҳақиқат. Шундай кунларда эса ўзаро бағрикенгликни намоён эта билишлик эса ҳақиқий комил инсонларга хос тарбия оқибати. Яратгандан илинж ва ниятни пок қилган ҳолда сўраш керакки, бу диёрда ҳеч қачон ўзга миллат вакилларини на тириги ва на марҳумларини тазйиқ ҳамда хор қилиш ҳаракатлари содир бўлмасин, чунки инсоният тарихида ўйлаб топилган айнан шундай тоифаларга бўлиб қўйиш сиёсати ортидан уларни ўзаро мухолиф қўйган ҳолда бошқариш мақсад қилинган. Ўзгача бўлиши мумкин эмас. Шу сабаб қабристоннинг ёки қабрнинг миллати бўлмаслиги ҳақида мулоҳаза юритилди ва Сизнинг эътиборингизга ҳавола қилинди.

26 апрель 2018 йил.

3.38 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.38 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.12 / 2
  • Муштарийлар баҳоси
    4.35 / 2

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

2.5 Doniyorbek Yulchiev 27/04/2018
3 Muattar Yakubova 03/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
0 та фикр