Панегиризм

Muslim Mirzajonov
Ярим финал

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда аёвсиз танқид қилинаётган бир ҳолатга кўп тўқнаш келавердим. Бу маддоҳлик, сохта мулозамат, ялтоқиланиш, мақтов ёхуд панегирик чиқишларга бетоқатлик...

Қадимги Юнонистондаги халқ йиғинларида нотиқлар маълум бир шахс ҳақида ёки воқеа-ҳодиса юзасидан панегирик чиқишлар қилишган. Бу махсус нутқлар мақтов, ҳайрат, васф, ҳамду сано руҳида бўлиб, майдонга йиғилган халқ жамоасини ўзига маҳлиё этган. Бу борада камолотга эришган нотиқлар сифатида Перикл, Лисия, Исократ, адабиётда Траян кичик Плия, Тациталар эътироф этилади.

XIX асрдан бошлаб эса, бу сўз “Реал асосларга эга бўлмаган ҳаддан ортиқ мақтов, мадҳ” мазмунидаги атама сифатида қўлланила бошлади. Мазмун эътибори билан бу сўз шарқ адабиётидаги қасидага яқин, дейиш мумкин.

Энди асосий масала хусусида:

Бундан бир йил муқаддам Ёшлар иттифоқи тузилганда Зулфия мукофоти соҳибаси бўлган фаол қизлардан бири ўз мулоҳаза ва таассуротларини тележурналистга сўзлаб берди. Унинг завқу шавқи ва кайфияти шунчалар юқори эдики, мазкур интервью ижтимоий тармоқларда обдон муҳокама қилинди. Қизнинг панегирик руҳдаги “биз ёшлар кутгандик, билгандик” ёки “бахтнинг манзили” каби фикрлари ҳажв ва мазах нишонига айланди. Нима сабабдан ёш қизнинг атиги бир ярим дақиқалик мулоҳазалари кўпларнинг ғазабига учради? Нима учун бир қизчанинг давлат раҳбари сиёсатига бўлган хайрихоҳлиги, олиб бораётган ишларини қўллаб-қувватлаши оддий қабул қилинмади? Ёки бошқа мамлакатларда бундай ёшлар йўқми?

Аслида, юртимиздаги мавжуд вазият ва асл ҳаётдан бохабар ҳар қандай одамга бундай сохта гаплар ёқмаслиги аниқ. Бу ерда жамоатчиликнинг эътирози айнан бир шахсга эмас, балки бир неча йиллар мобайнида шаклланган, давом этиб келаётган нотабиий кўтаринкилик ва ортиқча шижоат билан гапирувчи ёшлар қатлами, умуман барчага қаратилганди. Боиси, телевизорда урчиган ҳаяжонли нутқи иродлар, газета ва радиодаги тантанавор чиқишлар одамларнинг меъдасига тегиб кетганди. Мамлакат ёшларининг катта қисмини ўзида бирлаштирган “Камолот” ЁИҲ фаолияти қониқарсиз баҳоланиб, тугатилган ва янги ташкилот тузилганида кейин ҳам ана шундай кайфиятдаги ёшларнинг “минбар”га чиқиб олаётгани кўпларнинг қаҳру ғазабига сабабчи бўлди, холос.

Атоқли адиб Мурод Муҳаммад Дўст яқинда “Фейсбук”даги ўз шахсий саҳифасида “Ёшликда комсомол қизларимизнинг шиддат ва сохта ҳаяжонга тўла нутқларини эшитганмиз. Лекин бу қизимизнинг олдида эски комсомолкалар ип ҳам эшолмас экан”, дея изоҳ қолдирди. 

Бу мулоҳаза ҳам шу тоифа ёшларга берилган ўзига хос баҳодир. Тарихга айланиб улгурган коммунизмнинг “боқий” ғояларига садоқатли “комсомолка”лар ҳам айни пайтда улар олдида ип эша олмаётган экан, демакки, биз маддоҳлик ва сохтакорликнинг юксак чўққисига чиқиб улгурибмиз. Тан олиш керак, мамлакат эртаси бўлган қатламдан тортиб, казо-казоларгача бу “дард”га мубтало, “кўпик кайфият”га асир бўлиб қолди.

Хўш, жамиятда панегиризмнинг авж олиши сабаблари нима? Кимлар асир? Нега?

Одатда янги уйни қуришга киришган одам иморатнинг мустаҳкам ва кўркам бўлиши учун пулни аямайди. Керак бўлса, бировдан қарз олиб бўлса-да, ўзи истаганидек чиқишига ҳаракат қилади. Кимдир эса иморатни ҳоли қудрати ва чўнтагига қараб, кўтаради. Унга бировдан қарз бўлмаслик, тили қисилмаслик муҳим. Иморати битгунига қадар фақат шу билан овора бўлади. Уй битиб, яшай бошлагач, дўппини бир четга қўйиб, ўз иморатини яхшилаб кўздан кечиради. Камчиликлар, нуқсонларни кўради – кўз юмади. Қиш келиб, бу уйида совқотади—кўникади, томидан чакки ўтади – тоғора тутади. “Ҳар ҳолда ўз кучим билан қурган уйим бор, кимлардадир бу ҳам йўқ”, деб ўзига таскин беради. Эҳтимол, ўз хатоларини шу билан хаспўшлар...

Мустақилликнинг дастлабки йилларида янги тизим ва янги жамият барпо этиш билан банд бўлган одамларнинг ҳавойи гапларга вақти бўлмагани аниқ. Оммавий ахборот воситалари, жамият кўзгуси ўлароқ, нисбатан жонли ва баландпарвоз гаплардан йироқ бўлгани учунми, одамларнинг кайфияти унда борича акс этарди. Бироқ сўнги 10-15 йилликда бу кайфият ўзгара борди. Ҳайбаракаллачилик, хаспўшлаш, сичқонни филдек кўрсатиш, сохтакорлик, мадҳ, ҳисоботбозлик авж ола бошлади...

Мен ўз ишларимни бошлиғимга отнинг калласидек катта ҳажмда кўрсатишга уриндим, бошлиғим бошлиғига, катта бошлиқ ундан каттасига. Хуллас, занжир мисол бир-бирига уланган бу халқа “кўпик” муваффақиятларимизнинг сонини ошираверди. Муқобили йўқ кадрлар тайёрлаш тизимининг кутилган самара бермагани, иқтисодиётдаги депсиниш, коррупция, бюрократия, миллионлаган одамларимизнинг иш излаб хорижга чиқиб кетгани – буларнинг барчасига парда тортиб, саҳнада алёру лапарга, оташин нутқларга андармон бўлдик. Бу борада бизга саҳна вазифасини оммавий ахборот воситалари ўтади. “Катталар”нинг доимий диққат эътиборида бўлган медиа-майдондан ўғрию тўғри, узуну қисқа, ёшу қари бирдек фойдаланди. Уларнинг орасида сиз ҳам, мен ҳам бўлишим мумкин...

Журналистик фаолиятим мобайнида бу каби ҳолатларга жуда кўп дуч келганман. Эҳтимол, мен ҳам масъул муҳаррирлар қайчисидан омон қоладиган, ҳеч бир кесишларсиз эфирга кетадиган интервьюлар тайёрлаган бўлишим мумкин. “Давр” информацион дастурида мухбир бўлиб ишлаган пайтда (2012-2015 йилллар) “биз яратиб берилган шароитлардан унумли фойдаланиб” деб бошланадиган ялтироқ фикрларни ёдлаб олган ёшларга кўп бора микрофон тутишга тўғри келган. Бундай кезларда ёдланган шаблон гапларни бас қилиб, шахсий қарашларини айттиришга бўлган уринишларим бир неча бор зое кетган. Демакки, ёшларнинг суяги ана шундай сохта фикрлар билан қотган, кўзлари ана шундай баландпарвоз нутқларга кўниккан, мияси интервьюнинг мазмуни шундай бўлиши кераклиги ҳақидаги нотўғри фикр билан тўлган эди. Бундай мазмундаги гапларни оммага олиб чиқиб, ёшлар онгини шундай кайфият билан заҳарлаганлар мен ва мен каби журналистлар...

Бошлаган гапга қайтаман:

 “Бахт манзили” ҳақида тўлқинланиб гапирган қиз бизга бегона эмас, у ҳам сизу биз билан бир ҳаводан нафас оляпти. У шундай муҳитда униб ўсган, шу таълим тизимида савод чиқарган. Демакки, рангни ҳам сизу биздан олган. Унинг устози ана шундай руҳ берди, у буни акс эттирди. Зеро, катта арава қаердан юрса, кичиги ҳам шу ерда юради. Ерга тариқ сепиб, буғдой олинмайди...

Хулоса қилиб айтганда, бу “маром”, ҳайбаракаллачилик барча соҳаларда, барча йўналишлар мавжуд. Ҳаммамиз панегиризм билан оғридик. Бу хасталик одамзоднинг ўзи каби кўҳна, дейишади. Лекин кўнгилда бир илинж бор: “дард”ни берган худо давосиниям беради. Умидимиз шундан: энди бу ёғига эски хатоларни такрорламасак бўлгани...

4.28 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.28 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.34 / 18
  • Муштарийлар баҳоси
    4.55 / 16

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Aziza Qurbonova 30/05/2018
5 Отабек Йўлдошев 30/05/2018
4.5 G'ayrat Norqobil 30/05/2018
5 Javohir Izzatullaev 30/05/2018
4.5 Doniyorbek Yulchiev 30/05/2018
4.5 Gayratjon Turdiev 30/05/2018
4.5 Илхомиддин Алимов 30/05/2018
5 Otabek Safarov 30/05/2018
4.5 Farhod Abdurahmon 30/05/2018
4.5 Doniyorbek Karimov 31/05/2018
4 Xurshidbek Ibrohimov 31/05/2018
5 Ulug'bek Oripov 31/05/2018
4 Bahodir Daminov 31/05/2018
4.5 Charos Omonova 31/05/2018
5 Xudoyberdi Mirhosilov 31/05/2018
2 Beknazar Raxmatov 01/06/2018
2.5 Muattar Yakubova 01/06/2018
2 Моҳинур Адҳамова 02/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
15 та фикр