От миниб қўй боқаётганлар ёхуд яна... кимларгадир мурожаат

Очиғи, сариқ матбуот доирасидаги нашрларнинг мухлислари ўзининг маиший муаммоларини ёзиб, маслаҳат сўраб туриши бугун пайдо бўлган нарса эмас. Шунингдек, интернет тармоғидаги маслаҳат сўрашлар, шу йўналишдаги телекўрсатувлар ҳам деярли сийқаси чиқиб, кўникиб қолинган ҳоллардандир. Бундай вазиятда маслаҳат берувчилар ҳақиқий руҳшунос ёки шунга яқин соҳадаги эксперт, ҳеч бўлмаса савиялироқ бирор одам бўлганида эътирозим йўқ эди. Аммо, афсуки, бугунги кунда айрим муаммоларни ҳал қилиш учун фикр билдираётган экспертларимизнинг савияси кишини бироз ўйлантиради...

«Мен алдарман, кўнглинг алдамайди»

Яқинда ҳафталик нашрлардан бирида маслаҳат сўраб ёзилган шундай мактубга кўзим тушди. Хатда кўтарилган масала нотаниш эмас. Қисқаси, муаллиф — ўсмир ёшидаги қиз бир йигит билан севишаркан. Бироқ йигитнинг оиласини қизнинг оиласидагилар хушлашмабди-ю, қизни бошқага унаштиришибди. Энди қандай йўл тутишни билмай хат муаллифининг боши қотмоқда...

Бир қарашда кинофилмлардаги кўп «чайналган» сюжетни эслатади-я? Тўғрисини айтиб қўяқолай: аввало мактубдаги гапларнинг муаллиф томонидан ёзилганига шубҳа қилдим, яъни ўқувчилар эътиборини жалб қилиш учун хатни газетчиларнинг ўзлари тўқиб ёзмадимикин деган гумонга бордим. Шу билан бирга, агар гумоним нотўғри чиқиб, мактуб ҳаққоний бўлса, қизгинага қийин бўлгани, қолаверса, бир эмас, бир нечта оиланинг тинчлигига путур етиши кутилаётгани хақидаги хаёллар ҳам мени ташвишга солиб қўйди... Аммо журналист (ким билсин, балки у журналист ҳам эмасдир), яъни нашрнинг ўша саҳифаси муаллифи, афтидан, бундай ташвишли ўйлардан йироқ эди. Унинг мактуб муаллифига маслаҳати соғлом фикрли ҳар қандай кишини ўсал қилади:

«Кўзларингизни бир зумга юмингу, кўнглингизга қулоқ солиб кўринг. Кўнглиниз сизни ҳеч қачон алдамайди!..».

Эътироф этилмаган рекорд

Шу ўринда янги йил арафасида телеэкран орқали кўпчилик кўрган, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда танқидга ҳам учраган ўша «Индиго» телекўрсатувини яна бир бор эслатишни лозим топдим. Ёдингизда бўлса, айнан янги — 2018 йил арафасида интеллекти юқори бўлган болаларни қаҳрамон сифатида олиб чиқадиган бу кўрсатувнинг финал босқичи бўлиб ўтди. Унда Навоий вилоятидан бир бола иштирок этди. У ҳамманинг кўз ўнгида ҳеч қандай теҳнология ёрдамисиз 2 ва 3 хонали сонни 5 хонали, 5-6 хонали сонни 2-3 хонали сонларга кўпайтирди. Сўнг 7-8 хонали сонларни ҳам хотира кучига таяниб тез ва осон кўпайтириб бера бошладики, хонанда Сардор Раҳимхон бошчилигидаги уч нафар шоу бизнес вакилларидан иборат ҳакамлар калкулятор ёрдамида ҳам бола билан тенг мисол ечишга улгура олишмади. Кейинчалик маълум бўлишича, бола аслида айни шу паллада жаҳон рекордини норасмий равишда янгилашга эришиб бўлган экан! Ниҳоят ғайритабиий қобилият эгаси бу даражага қониқмасдан 9 хонали сонни 1 хонали сонга кўпайтириб кўрсатиши учун ҳакамлардан рухсат сўради. Ҳалигача бола ўз онгига таяниб бажараётган арифметик амалларининг тўғри-нотўғрилигини калкулятор билан аниқлаб келаётган ҳакамлар бироз мушкул вазиятга тушиб қолишди. Чунки, афсуски, 9 хонали сонларни студияда мавжуд калкулятор ёрдамида кўпайтиришнинг имкони йўқ экан...

Ачинарлиси, телекўрсатувнинг «тўғри танланган» ҳакамлари жаҳон рекордини янгилаган, мукаммал ахборот теҳнологиясини ортда қолдирган болакайнинг ўрнига раққос болакайнинг интеллектини юқорироқ дея эътироф этишди...

«Эрингиз эркакми ўзи?!»

Асл мақсади одамларнинг билимини ошириш бўлган интернет тармоғи кашф этилганидан бери барака топгур кўпгина бекорчиларни ҳам зерикиб қолишдан сақлаб келаётгани сир эмас.

Майли, мавзудан узоқлашмаган ҳолда ўзим аъзо бўлган ижтимоий тармоқдаги гуруҳда ўзгалардан маслаҳат сўраган келинчак воқеасини баён қилиш билан чеклана қолай.

Ўша келиннинг мурожаатида айтилишича, эри билан оила қурганига тўрт ой бўлибди. Қайнонаси уни тўй-ҳашамларга олиб бормас, қизлари билан бирга кетса ҳам келин индамай чидаб келаётган эмиш. Аммо расман ёш оиланинг номида бўлган ҳовлини сотиш, оила аъзолари эса домга кўчиши ҳақида гап чиқиб қолибди-ю, келинимиз бунга тоқат қила олмабди. «Энди мен қандай йўл тутай?» дейилади ўша мурожаат якунида.

Кўриб турганингиздек, уқувсизлик ила ёзилган мурожаатдан вазиятни тўлиқроқ англашнинг асло имкони йўқ. Хатни ўқиб сиз каби менда ҳам «Ҳовлининг сотилишини айнан ким истаяпти?», «Нега тўсатдан истаб қолди?», «Қайнона билан қайнота кейин қаерда яшашмоқчи?» каби ўнлаб саволлар туғилди. Бироқ негадир мурожаат юзасидан фикр билдираётганларни бундай савол сира қизиқтирмас, деярли ҳамма ўзини келинчакка ҳамдард санаб, уни, таъбир жоиз бўлса, эри ва қайнонасига қарши қайрамоқда эди! Ахир муаммонинг туб моҳиятини яхши англамасдан «Эрингиз эркакми ўзи?! Нега ўз номидаги уйнинг сотилишига йўл қўйиб беради?» ёки «Кўриниб турибди, бошидан қайнонангизга бўш кетибсиз...» қабилида бошланувчи «маслаҳат»ларни бошқа қандай баҳолаш мумкин?

* * *

Бир ривоятда одамлар ғарибгина чўпон йигитдан «Сени қози қилиб сайласак нима қиласан?» деб сўраганида, йигит «От миниб қўй боқаман!» деб жавоб беради. Бу ерда кимнинг устидан кулишни билмайсан: ҳаётни қўй боқишдан иборат деб биладиган чўпоннингми ёки ўша фикри тор чўпонни ўзларига қози қилишга уринган нодон одамларнингми?!

Шу боис мен маърифий ва можароли вазиятларни ҳал этадиган теледастурлар ижодкорларидан илтимос қилардим: дастурингизга таклиф қилаётган эксперт ва ҳайъат аъзоларининг савияси ҳамда касбига эътиборли бўлсангиз!

Сариқ матбуот доирасидаги нашрлардан илтимос қилардим: сизнинг карнайчидан битта пуф дегандай ҳар хил вазиятлар юзасидан ўйламай-нетмай билдираётган мулоҳазаларингизни деб кимнингдир, аниқроғи, кимларнингдир ҳаёти остин-устун бўлиб кетмасин!

Яна интернет тармоғида дардини дастурхон қилаётганларга ҳам айтар гапим бор: ҳар бир маданиятли инсон учун муқаддас саналмиш шахсий ҳаётингизни кимлиги ва асл мақсади, энг ачинарлиси, хулқи номаълум бўлган аллакимларга эрмак қилдириб қўясизу, ён-верингиздаги ҳаёт тажрибасига эга ишончли одамлар билан фикрлашишга нега ор қиласиз?!

3.76 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.76 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.14 / 7
  • Муштарийлар баҳоси
    4.37 / 22

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Бахтиёр Шералиев 26/04/2018

Muallif fikrlarini ipga marjon tizgandek chiroyli, ravon va xatosiz ifodalab beribdi. Ko'tarilgan mavzu ham ming yillik mavzulardan; yondashuv, tahlil va fikrlar ham shaxsan menga juda yoqdi. Muallifning ijodiga omad tilab qolaman!

5 Адҳам Отажонов 27/04/2018
3.5 Давронбек Тожиалиев 27/04/2018
5 Олимжон Солижон ўғли 02/05/2018
3.5 Маҳсуджон Асқаров 04/05/2018
4 Шерзод Шерматов 11/05/2018
5 Расул Кушербаев 15/05/2018
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 17/05/2018
4 Қаҳрамон Асланов 18/05/2018
4 Мубашшир Аҳмад 19/05/2018
4 Нигора Умарова 19/05/2018
4 Тўлқин Юсупов 19/05/2018
4 Уйғун Ғафуров 19/05/2018
4.5 Мақсуд Саломов 19/05/2018
4 Умид Гафуров 20/05/2018
4 Беҳзод Қобулов 20/05/2018

Яхши мақола экан... Аввалроқ ўқигандим, адашмасам.

4 Музаффар Назаров 20/05/2018
4 Иноят Садикова 20/05/2018
3 Абдумалик Носиров 20/05/2018
4.5 Мансур Тангишов 20/05/2018
4.5 Нодир Закиров 21/05/2018
5 Ботиржон Шерматов 21/05/2018
5 Шунқор Чориев 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
3 та фикр