Оммавий тадбирлар ҳақида

Боровский коллежи ўқувчиси Жасурбек Иброҳимов 2017 йил майида дўппосланган, июнь бошида вафот этган. Шундан сўнг воқеа айбдорларини жазолаш талаби битилган жамоатчилик мурожаатини имзолаш учун бир неча юз киши Тошкентдаги собиқ «Бобур» (ҳозирча «Дўстлик») боғида тўпланган. Тошкент шаҳар ИИББ назарида, тошкентлик Ирина Зайдман бу «рухсат этилмаган оммавий тадбир»нинг асосий ташкилотчиларидан бири бўлган.

Ўша йилнинг 22 сентябрида Тошкентнинг ўша вақтдаги ҳокими Раҳмонбек Усмонов шаҳардаги дайди ит-мушукларни тун-у кун тутиш ҳақидаги ҳужжатни имзолаган. Ижтимоий тармоқлардаги ҳайвон ҳимоячилари бу қарордан жунбушга келган. 26 сентабрь куни жониворлар муҳофазасини яхшилаш бўйича ҳукуматга мурожаат учун Пушкин ҳайкали пойида имзо тўпланган. Тошкент шаҳар ИИББ назарида, бу «рухсат этилмаган оммавий тадбир»да имзо тўплаш иши билан тошкентлик Мария Леглер шуғулланган.

10 ноябрь куни Мария Леглер Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖтК)нинг учта моддаси бўйича айбдор деб топилган, 10 кунга қамалган ва салкам 9 миллион сўм жаримага тортилган. 15 ноябрь куни эса Ирина Зайдман МЖтКнинг икки моддаси бўйича айбли деб топилиб, 15 кунлик қамоқ ва қарийб 7,5 миллион сўмлик жарима билан жазоланган.

Ўшанда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев «аёллар шаҳар маъмуриятининг рухсатини олмай, хатога йўл қўйганликларига иқрор бўлишгани»ни айтганди. «Биз ҳуқуқий давлатда яшаяпмиз, қонунларимиз ва белгиланган тартиб бор. Ҳар қандай рухсат этилмаган йиғинлар, митинглар, мурожаатлар учун имзо тўплашлар қонун билан белгиланган тартибда тўхтатилади. Ташкилотчилар эса қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади», — деганди Тошхўжаев.

Ноҳақлик устидан оммавий норозилик билдириш ёки итларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш олдидан нега шаҳар маъмуриятини огоҳлантириш керак? Дониёр Тошхўжаевнинг айтишича, гавжум тадбирлар вақтидаги турли эҳтимолий ҳодисалар ва бахтсиз воқеаларнинг олдини олиш мақсадида фуқаролар хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги ва жамоат тартиби таъминланиши керак. Дарҳақиқат, 200 киши йиғилган жойда бирор фалокат юз берса, яқин атрофда шифокорлар, тартиб посбонлари ё ўт ўчирувчилар бўлмаса, ҳақиқий ваҳима бошланади. Шаҳар ҳокимлигини огоҳлантириб, ундан рухсат олинса, ҳамма шошилинч хизматлар тадбир бўлаётган жойда ҳар эҳтимолга қарши навбатчилик қилади. Мабодо итларни ёмон кўрадиганлар ит ҳимоячиларига ҳужум қилиб қолса ҳам, рухсат этилган тадбирда навбатчилик қилаётган тартиб посбонлари ит ҳимоячиларини ҳимоя қилади.

Кеча, 9 май куни Тошкентдаги Биродарлик қабристонида «Ўлмас полк» тадбири ўтказилибди. «Камтарона ҳисоб-китобларга кўра», унда бир неча юз киши қатнашибди. Бундан бир неча кун аввал шаҳар ҳокимлиги «Ўлмас полк» тадбирини ўтказишга рухсат бермагани, тадбир ташкилотчиларига яхшиси уруш фахрийларини уйларига йўқлаб боришни тавсия қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Яъни, Биродарлик қабристонида амалда «рухсат этилмаган оммавий тадбир» ўтказилган бўлиб чиқяпти, шундай эмасми? Ирина Зайдман ва Мария Леглер воқеаларидан келиб чиқсак, бу «рухсат этилмаган оммавий тадбир» ташкилотчиларига ҳам қандайдир кодекслар асосида жазо бўлиши керак, шундай эмасми?

Сурат Подробно.уздан олинди

Менимча — шундай. Тўғри, Хотира ва қадрлаш кунида (Ғалаба куни эмас!) Биродарлик қабристонида одам жуда, жуда ва жуда кўп бўлиши олдиндан аниқ, катта эҳтимол билан, қурол-яроққа яқинроқ вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳам бу ерда бирор тадбирларни уюштирган бўлса керак. Шу боис олдиндан ҳар қандай хавфсизлик чоралари кўрилган. Лекин «лекини» бор-да, менимча.

Масалан, 1 сентябрь куни Мустақиллик майдонида ҳам одам кўп бўлади, дейлик. Ўз-ўзидан ҳар турли хавфсизлик чоралари ҳам кўрилган бўлади — бехавотир юрасан. Лекин бу баъзи бир фаолларга «Каталонияга ёрдам!», «Каталониядан қўлингни торт!» шиорлари остида, ёки боринг ит-мушукларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида рухсат этилмаган, лекин тинч марш ўтказиш ҳуқуқини бермайди-ку, тўғрими? Ваҳоланки, марш давомида бирор кўнгилсизлик бўлмаслиги учун барча шароит бор — атрофда тартиб посбонлари одамлар хавфсизлигини таъминлаяпти, яқин атрофда шифокорлар ва ўт ўчирувчилар навбатчиликда — яна қайтараман, улар норозилик марши сабаб эмас, балки байрам баҳона жалб этилган, ташаббускорлар эса бундан фойдаланиб рухсат этилмаган, лекин тинч марш ўтказяпти.

Улар жазоланиши керакми? Агар Мария Леглер ва Ирина Зайдман жазоланган экан, демак, тасаввуримиздаги «Каталониядан қўлингни торт!» шиори остида рухсат этилмаган, лекин тинч маршни уюштирганлар ҳам, ОАВлардаги ахборот бўйича рухсат этилмаган, лекин тинч «Ўлмас полк» тадбирини ташкил этганлар ҳам жазоланиши керак. Ҳаракатлар тадрижийлиги шуни тақозо этади. Мария Леглер ва Ирина Зайдманнинг иқрорномаси шуни талаб этади. Чунки бу икки аёл ўзи уюштирган тадбирдаги хавфсизликни таъминлай олмаслигидан ҳам аввал бу тадбирлар учун рухсат олмагани учун жазоланган.

Шунча гап сотгандан кейин бир таклиф ҳам бўлиши керак, менимча. Тунов куни бир масжидда Ҳажга боришга тавсия этилган фуқаролар рўйхатини кўриб қолдим: улар орасида мендан атиги 10 ёш катталар ҳам бор (қарияпмиз). 1978 йилда туғилган бир аёл нима учун Ҳаж сафарига тавсия этилгани изоҳланган: маҳалла аркасини қуришда энг катта ҳомий бўлган, қидирувдаги икки кишининг оиласида зўр тарғибот олиб борган ва улар яқинда таслим бўлармиш, маҳалланинг конкрет фаолларидан. Ўта кетган шаффофлик, мен сизга айтсам. Таклифим ҳам ҳеч бўлмаса шундай шаффофлик билан боғлиқ.

Россияда «Ўлмас полк»дан бошқа, «Кремль» номли пропаганда шарбати» билан ундан-да кўпроқ тўйинтирилган маршлар, митинглар, намойиш турлари жуда кўп; «Ўлмас полк»ни уюштирганлар эртага бошқача маршларни ҳам истаб қолиши мумкин. Улар рухсат олиб-олмай турли тадбирлар уюштираверса, бошқалар жим турадими? Йўқ, албатта: бир ёқдан диний арбоблар, бошқа ёқдан футбол ишқибозлари, яна бир тарафда мустақил Каталония тарафдорлари-ю, ит ҳимоячилари ҳам митинглар ўтказгиси келиб қолади. Албатта, уларнинг бари дастлаб рухсат олиш учун ариза топшириб кўради — шаҳар ҳокимлигининг бундай аризалар билан ишлаш бўйича бўлимида иш қайнаб кетади. Мана шу бўлим ишини шаффофлаштириш керак.

Бир гуруҳ одамлар шаҳарнинг у ёки бу қисмида у ёки бу тартибда ўтказмоқчи бўлаётган оммавий тадбир бўйича топширган аризаси ҳокимлик сайтидаги махсус бўлимда очиқ кўриниб туриши керак (аризалар ҳам онлайн топширилаверсин). Бу бўлимда «Рухсат этилган» ва «Рухсат этилМАган» деган рукнлар бўлиши керак (тадбирлар эса туркумлангани маъқул — спорт тадбирлари (масалан, Суперлига футбол учрашуви), маданий тадбирлар (масалан, Пилигримнинг концерти ё Марвелнинг янги фильми премьераси), намойишлар (масалан, «Ўлмас полк» марши ёки иш ташлашлар) ва ҳ.к.).

Ҳар бир рукнда аризачи шахс (юридик, жисмоний) ҳақида маълумот, тадбир ҳақида маълумот (қандай, қачон, қаерда, тахминан қанча одам қатнашади, тарқатма материаллар (масалан, байроқчалар, флаерлар, футболкалар, кепкалар ва ҳ.к.) бўладими ва ҳ.к.) ва шаҳар раҳбарларининг хулосаси кўрсатилиши керак — тадбир қандай асосларга мувофиқ рухсат этилди ёки рухсат этилМади. Рухсат этилган тадбирлар рўйхатида эса ҳар бир тадбир учун қанча тартиб посбони, қанча шифокор, қанча ўт ўчирувчи ва бошқа махсус хизматлар жалб этилиши ҳам кўрсатилиши керак. Яна, балки, тадбирнинг молиялаштириш манбалари, жалб этиладиган махсус кучларнинг харажатлари қандай қопланиши ҳақидаги бандлар ҳам керакдир — хуллас, ақл тўла бошимизга келган хомаки вариант шунақароқ.

Бу ҳокимликнинг шаффофлик томон дадил бир қадами бўларди. Тағин, ҳокимлик сайтида тавсия этиладиган тадбирларнинг тайёр рўйхати ҳам бўлади. Кейин, «Ўлмас полк» ростдан тақиқланганмиди ёки унга сўнгги лаҳзада рухсат этилганмиди, буни ҳам очиқ, ошкора билиб турардик.

3.99 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.99 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.17 / 10
  • Муштарийлар баҳоси
    4.37 / 7

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 G'ayrat Norqobil 20/05/2018
3 Xudoyberdi Mirhosilov 20/05/2018
4 Muzaffar Qosimov 20/05/2018
4 Javohir Izzatullaev 21/05/2018
4 Baxtiyor Ahmad 21/05/2018
5 Zamira Yusupova 21/05/2018
5 Шаҳноза Тўрахўжаева 21/05/2018
5 Bahromjon Abdurahmonov 21/05/2018
4.5 Baxtiyor G'oziyev 21/05/2018
5 Diyor Imamkhodjaev 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
7 та фикр