Бўлган воқеа. Домлани (жойлари жаннатда бўлсин) катта-кичик журналистлар яхши билишади. У киши ўзбек теле-радио журналистикаси ривожига ҳисса қўшган, бир қанча илмий монографиялар муаллифи эди. Устознинг дарсларини бугун кўпчилик энтикиб эслайди. Нуроний чеҳраси, ним табассуми кўз ўнгимизда гавдаланаверади. Мақола домланинг суратига чизгилар эмас. У киши билан боғлиқ, эшитганимда юрагимни ўртаган бир воқеа хусусида.
Умрининг сўнгги дамларида домла оғир бетоб бўлиб ётиб қолади. Шифохонада зарур муолажалар қилинишига қарамай, қарилик ўз сўзини айтади. Аҳволи кундан-кунга оғирлашиб боради. Шифокорлар фарзандларини чақириб, буёғига тиббиёт ожизлиги, ҳаммаси Яратганнинг ихтиёрида эканини тушунтиради. Домла бетоблигидан сал олдинроқ “Олтин қалам” танловига ҳужжатларини топширганди. Натижалар чиқишига ҳали бор, шу умид уни ушлаб туради. Танлов якунлари эълон қилинадиган кун устоз болаларига тайинлайди: “Эртага танлов ғолиблари матбуотда эълон қилинади, бу йил мени ҳам ғолибликка муносиб деб топишган. Уюшмадан диплом ва статуэткамни олиб келинглар.”
Афсус, домланинг орзуси амалга ошмайди. Уни “Олтин қалам”га лойиқ кўришмайди. Фарзандлар қийин аҳволда қолади. Ўлим тўшагида ётган одамга бу хабарни қандай айтади? Ўйлай-ўйлай вазиятдан чиқиш йўлини топишади. Домланинг қизи диплом ясаттиради, бошқа бир журналистдан статуэткасини вақтинчага олиб туради. Республика газеталаридан бирининг муҳарририга илтимос қилиб танлов ғолибларининг рўйхатига домланинг ҳам исм-шарифини ёздиришади ва бир нусха чиқартиришади.
Эртаси куни шогирдлари, факультетдаги ҳамкасблари йиғилишиб шифохонага домлани кўришга, табриклашга боришади. Шугина далда домланинг умрини бир неча ҳафтага узайтирди...
«Олтин қалам»! Халқаро танлов. Журналистика соҳасидаги энг нуфузли миллий мукофотлардан бири. Ушбу совринга лойиқ кўрилган киши алоҳида эътирофга сазовор бўлишидан ташқари, моддий жиҳатдан яхшигина даромадга ҳам эга бўлади. Шунинг учун унда қатнашувчи талабгорлар сони кўп.
Хўш, мазкур жараён қанчалик шаффоф ўтади? «Олтин қалам» эгасига айланганларнинг ҳаммаси унга муносибми? Афсуски бу каби саволларга ҳар доим ҳам ижобий жавоб ололмайсиз. Ҳар йили танлов эълон қилинган кундан бошлаб унинг атрофида яхши-ёмон гап-сўзлар болалайди. Кимдир ғолиб бўлганидан ҳаволанса, бошқа биров мағлубият аламини кимдан олишини билмай дардини яна қоғозга тўкади.
Бундай гап-сўзлар урчишига нима сабаб бўлади. Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди, ҳар ҳолда. Танлов атрофидаги салбий фикрларни «аламзада»ларнинг ёзғиришларига йўймасдан уларнинг туб моҳиятига эътибор қаратиш вақти келмадимикан?
Бунинг учун аввало, танловга ҳужжат топшириш ва баҳолаш мезонларини қайта кўриб чиқиш лозим деб ўйлайман. Ушбу миллий мукофот номзодларига қўйиладиган талабларни бироз қатъийлаштириш керак, назаримда. Масалан, амалдаги тартибга кўра, матбуот ёки электрон ОАВда бир йил давомида бештадан ортиқ материал эълон қилган ҳар қандай шахс танловда қатнашиши мумкинлиги белгиланган. Бу келиб тушаётган материаллар сонининг ошишига хизмат қилса ҳам сифатига таъсир кўрсатади. Биргина ўтган йилги "Олтин қалам" танловида 520 журналист 9 минг 500 га яқин материали билан қатнашган.
Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Танлов ҳайъати минглаб ишни кўриб чиқишга улгура оладими?. Уларнинг бунга хоҳиши бўлса-да, жисмоний имконияти ва вақти етмайди. Бу эса қанча-қанча яхши ижодий ишларнинг кўрилмай қолиб кетишига олиб келиши табиий.
Бир мисол. Ўтган йили журналистлардан бири ўз мақолаларини топшира туриб айрим саҳифаларини атайлаб елимлаб қўяди. У комиссия аъзолари ҳар битта иш билан танишадими, йўқми шуни аниқламоқчи бўлади. Тахмин қилганидек, у топширган материалларини ҳаттоки варақлаб ҳам кўришмаган.
Шунга ўхшаш салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун танлов шартларига бугунги кун талабларидан келиб чиқиб ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарур. Хусусан, миллий мукофотга камида беш йил соҳада фаолият кўрсатган журналистларгина қатнаша олиши мумкинлигини киритиш мақсадга мувофиқдир. Биринчидан, бу топширилаётган материаллар сонини камайтиради. Иккинчидан, танловга бадиий савияси юқори асарлар келиб тушишини таъминлайди. Энг асосийси эса, соҳа ривожига кўп йил ҳисса қўшган забардаст журналистларнинг меҳнати муносиб баҳоланишига хизмат қилади.
Яна бир масала. Танловда Теле-радиоканаллар, таҳририятлар учун алоҳида, журналистлар учун эса алоҳида ўринлар ажратилиши керак, деб ҳисоблайман. Ўтган йили айниқса, матбуот йўналишига ажратилган 1-2 ўринлар таҳририятларга берилди. Бу журналистларни рағбатлантириш, уларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш имкониятларини чегаралаб қўйди. Юзлаб ижодкорларнинг орзуси яна бир йилга кечикди.
“Олтин қалам”нинг ўн уч йиллик тарихида ҳали соҳада айтарли иш қилмаган, матбуотда бирорта таҳлилий ёки танқидий материали чиқмаган тасодифий номлар ҳам жаранглади. Айрим ҳолларда адолат мезонлари бузилди. Таниш-билишчилик, коррупция ҳолатларига йўл қўйилди. 20-30 йил ишлаб, соҳанинг қаттиқ нонини еган, таҳдид-у таъқиблардан сочи оқарган журналистлар қолиб, фақат танлов учингина 5-6 та хабар ёзган, алифни калтак дейдиганлар “Олтин қалам”га эга чиқди.
Афсуски, асосий вазифаси адолатни тиклаш, жамиятдаги иллатларга қарши курашиш бўлган соҳамиз вакиллари ана шундай ишларга қўл урди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, энди бундай яшаб бўлмайди! Бу журналистикамиз учун уят, уят эса ўлимдан қаттиқ.
PS: Журналистика соҳасида фаолият олиб бораётганимга ўн бешдан ошди. Лекин бирор марта “Олтин қалам”дан умидвор бўлиб, ҳужжат топширмагандим. Чунки унга муносиб иш қилганим йўқ. Мазкур мақолани ёзишни анчадан бери режалаштирганим учун ҳам бу йил шунчаки ўн-ўн бешта мақолаларимни тўплаб танловга топширдим(олдин ҳужжат топшир, ололмасанг кейин гапирасан демасликлари учун). Бироқ унда ҳали-бери адолат бўлишига ишонмайман. Журналистлар орасида менга ўхшаганлар кўп.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
2 та фикр