ЎЗБЕКНИНГ "ЎГАЙ" ЎҒЛИ ҲАҚИДА...

G'ayrat Norqobil
Саралаш

Мавжуд маълумотларга қараганда, Ер юзида ўзбек миллатига мансуб 40 000 000дан зиёд киши яшар экан. Мана шу қирқ миллион киши ўзини ўзбек деб аташида буюк бир бобомизнинг – Султон Муҳаммад Шайбонийхон ибн-Будоқ Султон ибн-Абулхайрхоннинг беқиёс ҳиссаси бор. Унинг исмини кўпчилик ғурур-ла тилга олса, баъзилар бегонасирайди, бошқа бировлар эса "ярим саҳрои" дейди. Айримлар фақат "Юлдузли тунлар" асари орқалигина "танийди".

Шайбонийхоннинг ҳаёт йўлини бироз ёритиб ўтар эканман, мавзуни кўп чўзмоқчи эмасман. Ҳаммамиз учун муҳим тарихий аҳамиятга эга жиҳати ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман холос. Унинг энг катта иши – қабилалараро урушларга чек қўйиб, 92 бовли ўзбек уруғларини бир тан бир жон қилганча, ЎЗБЕК номи остида бирлаштирди.

Соҳибқирон Амир Темурдан кейин Туркистонни марказлашган давлатга айлантирган битта-ю битта давлат арбоби бўлди.

Ўзининг давлатчилик тарихида ер, пул, солиқ, таълим ислоҳотларини амалга оширди, хусусан:

-деҳқончилик учун юз минг гектарлаб янги ерлар ўзлаштирилди;

-оғирлиги 5.2 грамм бўлган кумуш тангалар бутун давлат ҳудудида савдо-сотиқни ривожлантирди;

-ҳунармандчилик турлари 60 дан ошди;

-замонавий таълимнинг илк кўринишларидан уч босқичли йигирма тўрт йиллик (ҳар бири 8 йил) тизимга асос солди. Бунга Мир Араб мадрасаси ёрқин мисол бўла олади.

Бугунги кунимиз учун яна бир ўта муҳим аҳамиятли томони, Сафавийлар хужумини қайтарганидир (жангда ҳалок бўлгани билан Убайдуллахон бу ишни охирига етказди). Сафавийларнинг босиб олиши натижасида, тилимизнинг буткул йўқолиши, шиа оқимига мажбурий ўтказиш хавфи жуда юқори эди. Бугунги кунгача Ироқ, Сурия, Яман давлатларида давом этаётган урушларнинг бош сабабларидан бири – шиа-сунний қарама-қаршилигидир. Агар, ўша вақтда шиа Сафавийлари тўхтатилмаганида, бугунги Ўрта Осиё ҳам турли можаро-ю урушлар марказига айланиши эҳтимолдан йироқ бўлмас эди...

Мени ўйлантирган томони, ўзбек миллатининг шаклланишида, тилимиз ва динимизни муносиб ҳимоя қилиб, "Ҳалифа ур-Раҳмон", "Имом аз-Замон" дея улуғланган, Ҳофизи Қуръон бобомизга бугунги кундаги муносабатимиз!? 

Муҳаммад Шайбонийхон номида бирорта кўча, боғ, мажмуа, ўқув юрти борлигини эшитмаганман. Биз шу миллат вакили ўлароқ, Муҳаммад Шайбонийхонни бошқа боболаримиз қатори эъзозлаб, номини абадийлаштиришимиз керак! 

Бунда биринчи қадамни тарихшуносларимиз ва Миллий Тикланиш партияси вакиллари ташлаши, биз эса улар билан чамбарчас ҳамкорлик қилишимиз керак, деб ўйлайман.

Шу мақсадда махсус гуруҳ тузиб, тегишли таклифлар Олий Мажлиснинг ҳукмига ҳавола этилиши керак.

Буюк бобомизнинг исмини абадийлаштириш учун қуйидаги ўрин-жойларга унинг исмини бериш мумкин:

- қурилиши режалаштирилган янги жомеъ масжидлардан бирига (ҳифз ва фиқҳда юксак илмли бўлгани учун);

-олий таълим муассасаларидан бирига (таълим тизимидаги ислоҳотлари учун);

-марказий кўчалардан, майдонлардан бирига (йирик давлат арбоби бўлгани учун);

-ҳарбий билим юртларидан бирига (моҳир қўмондон бўлгани учун);

-стипендияларга, мукофот, орденларга номини беришни таклиф қилиш мумкин.

Муҳаммад Шайбонийхон ҳақида бадиий, ҳужжатли филмлар ишлаб чиқиш, адабиётларни кўпайтириш ва ёшлар орасида тарғибот-танитув ишларини йўлга қўйиш керак.

"Миллий истиқлол ғояси" деган тушунча шу пайтгача халқимиз орасида давлат томонидан қўллаб-қувватланган даражада шаклланмади. Сабаби аён – таклиф қилинган ғоя миллий ўзликдан, тарихдан узоқ бўлиб, баландпарвоз гаплардан нари ўтмайди. Агар ҳақиқий миллий ғоя шаклланганда бугун кўпчилигимиз дунёда юз бераётган жараёнларни ёт миллатнинг "кўзойнаги" орқали кўриб, ўзга маданиятга мансуб шахслар "ақли" воситасида таҳлил қилмас эдик!..

Туризм бугунги иқтисодиётнинг муҳим бўғинига айланиб бормоқда. Юртимизга келадиган сайёҳлар асосан тарихий обидаларимизни томоша қилгани, аждодларимиз ҳаёти билан танишгани келади. Табиийки, савол туғилади: миллат вакиллари ўзлигини танимаса бошқалар қандай танийди уни? Ҳақини қандай талаб қилади??? Ўзини таниган миллатгина, ўзгалардан ҳаққини талаб қила олади!!!

Биргина Муҳаммад Шайбонийхон мисолида олсак, қабр тошини Чор Россияси босқинчилари шармандаларча бузиб олиб кетган. Ҳозир Эрмитажда турибди. 300 дан ортиқ ягона нусхада ёзилган рубоий, туюқ, чистон, таърихлардан иборат Девони Истамбулнинг Тўпқописида сақланаяпти. Бош суяги Ню-Йоркда. Самарқандда эса бошсиз танаси ётибди.

Бошқа боболаримизга тегишли минг-минглаб қимматбаҳо миллий бойликларимиз ҳам Ер юзи бўйлаб сочилиб кетган.

Биз ўтмишимизни яхшироқ ўрганиб, ўзимизни танисак, ҳақ талаб қила оладиган даражага чиқа оламиз! Келган сайёҳларнинг: «Бобонгизнинг қабр тоши қани?» «Боши қаерда?» «Нега китоблари ёт давлатларда сақланмоқда?» - каби саволларига жавоб топа олмай, мулзам бўлиб қолмаслик учун юқоридаги таклифларни кўриб чиқиб, мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этишимиз керак!

Модомики, шу юрт фарзанди, ўзбек миллатининг вакили эканмиз, ҳар биримиз қўлдан келганча, имконият даражасида ҳаракат қилайлик!

3.73 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.73 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.17 / 6
  • Муштарийлар баҳоси
    4.37 / 5

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Ғайрат Йўлдош 17/05/2018
5 Aziza Qurbonova 18/05/2018
5 Абдумалик Фозилов 19/05/2018
5 Otabek Safarov 19/05/2018
4 Muzaffar Qosimov 21/05/2018
5 Ойбек С. Номозов 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
7 та фикр