Ўзбекистонда одил судлов биз учун ушалмас орзуми?

Javohir Izzatullaev
Ярим финал

ШУМХАБАР

2011 йил, 26 апрель. Наманган.

Вилоят Йўл Ҳаракат Хавфсизлиги бошқармасининг рўпарасида кўркамгина бино қад ростлаган. Бу бинода Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси қошидаги Солиқ ва валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш (СВОЖЖДЛҚК) департаменти Наманган вилоят бошқармаси (кейинги ўринларда «Департамент») жойлашган.

Яқиндагина таъмирдан чиққан, гирдида жигарранг давлат герби осилган бу бошқармада эрталабдан ғала-ғовур бошланиб кетди. Бошқарма бошлиғи мармар зинадан тушаётиб ёрдамчисини учратиб қолди:

— Шеф, Тошкентдан «звонок» бўпти.

— Нима гап, тинчликми?

— Собир акага жиноий иш қўзғатилганмиш.

Салобати ҳар қандай инсонни ҳуркитадиган бошқарма бошлиғи унча-мунчага ўзини йўқотмайдиган одам. Аммо бу хабар уни эсанкиратиб қўйди. Қулоқларига ишонмай сўради:

— Нима?! Батафсилроқ гапир!

— Аниқ билмайман. Сизни телефонда «республика»дан сўрашяпти.

Бошқармада бу хабар зудлик билан тарқалди, фаррошдан тортиб дарвозада қўриқчилик қиладиган мелисаларгача ҳамманинг оғзида шу гап. Тушлик маҳал бошқарманинг ошхонасида ҳам қизғин баҳс давом этди:

— Эшитдингизми, Собиржон акани «взятка» билан жавобгар қилишаркан.

— Қайси? Нанайлик Собиржон аками? Оғзим бор деб ҳар хил гапни гапираверарканда. Собиржон ака “олмаслигини” ҳаммамиз биламиз, 15 йилдан бери микрорайонда икки хоналик уйда ўтиради. Қайдан олдинг бу гапни?

— Худо урсин агар, ҳозир «шеф»нинг ҳайдовчисидан эшитдим. Бугун эрталаб бошқармада шу масалада мажлис бўпти.

Департаментда ҳамманинг ёқимтойи ҳисобланган, коллектив ичида ўзининг саховатпешалиги билан танилган Собиржонга Тошкент шаҳар прокуратурасида Жиноят Кодекси 210-модда билан жиноий иш қўзғатилгани ҳақидаги шумхабар сабабли бошқармада маҳзун бир кайфият ҳукм сура бошлади..

ТАРИХ

Собиржоннинг болалиги тоғу тошлар орасида ўтган. Овчилик ота мерос. Қишми-ёзми фарқи йўқ, имкон топилди дегунча отаси билан овга чиқишади. Дарсдан ташқари пайтларида эл қатори мол-қўй, товуқ, курка, ғозларга қарайди. Ундан ташқари уйларида 20-30 атрофида асалари яшиғи бор. Оилавий асаларичилик билан шуғулланишади.

5-синфлик пайтидан отаси ҳар ёзда бир пода қўй билан тоғга юборадиган бўлди. Ёз бўйи қўй боқиб, қайтишда қиш учун ўтин ғамлаб тушарди. Шу тариқа болаликни ўтказиб, ўн саккиз ёшида ҳамма тенгдошлари каби Тошкентга ўқишга топширишга қарор қилди.

Пойтахтга жўнайдиган куни отаси Абдураҳим ака ўғлини ҳузурига чақирди. Зоҳиран жуда қаттиққўл ва жиддий бу одам аслида қалбан меҳрибон, лекин саккизта фарзандини чиройли тарбия қилиш учун у доим ўз принципларига амал қилишга уринган. Ҳозир ҳам жигарини бағридан узиб бераётганига қарамай, кўз-ёшларини яширди:

— Ўғлим, мана бу 100 сўмни олинг. Йўлкира ва бошқа харажатларингизга ишлатасиз. Ўқишга кириб, акангиз ва икки опангиздек юзимни ёруғ қилсангиз, бу пул сизга мендан ҳадя. Мабодо ўқишга киролмасангиз, оила бюджетига зарар етмасин. Сиздан кейин яна тўрттаси бор, биласиз, қолган ака-опаларингиз Тошкентда. Северный вокзалга борсангиз, Кемероводан поездда кўмир келади. Кўмир тушириб, бир-икки сўм топиб олиб келсангиз, қайтариб жойига қўйиб қўямиз.

Собиржон отасининг «100 сўмга куни қолмаганини» яхши билади. Чунки у қишлоқда кимсан «Абдураҳимбой». Абдураҳим ака қишлоқда овчилар жамиятининг раиси, асаларичиларнинг каттаси. Қишлоқда саховатли учта бой бўлса, бири шу одам. Савдогарлик билан ҳам шуғулланиб туради, совет одамига ўхшамайди, дунёнинг кўп мамлакатларини кезган.

Лекин Собиржон ҳозир отасига нима ҳам десин, ёшлигидан шундай катта бўлишган. Ўзларига тўқ яшаган бўлишларига қарамай, отаси ҳеч қачон исрофга йўл қўймаган. Фарзандларга ҳам ўз пешона териси билан пул топишни ўргатган.

Орадан йиллар ўтди. Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлагач, Наманганда Давлат солиқ инспекциясига ишга кириб, ҳалоллик, тўғрисўзлик ва меҳнаткашлик хислатлари билан 27 ёшида шаҳар ДСИга «замначальник» бўлди. Кейинчалик отасига берган ваъдаси сабаб, эгаллаб турган лавозимидан кечиб, янги очилган Банк ва молия академиясида илм олди.

Академия мутахассислиги билан Наманганда Департаментга ишга олинди, қисқа муддат ичида муваффақият пиллапояларидан кўтарила бошлади. Ички ишлар Академиясининг «Тезкор қидирув фаолияти» курсини ўқиб, департамент тезкор ходимига айланди. Иқтисодий жиноятларни аниқлашдаги юксак ютуқлари сабаб бир неча йилда прокуратура майори бўлди. Лекин аввал қамалиб, кейинчалик судланганлиги олиб ташланган қариндошининг ўтмишдаги «қилмиши» эски сиёсат сабаб Собиржонни раҳбарлик лавозимларидан тўсиб қолди.

Давлат хизмати учун бағишлаган 20 йиллик меҳнат фаолиятида асосан иқтисодий жиноятларнинг олдини олиш, аниқлаш ва давлатга етказилган зарарларни ундириш билан шуғулланди. Лекин энди унинг ўзига жиноий иш очилди. Унга у департамент ходими сифатида текширган корхонада «камомадларни яшириш ва бошқа корхоналарини текширмаслик учун» ўша корхона раҳбаридан 2000 АҚШ долларини пора сифатида олганлик айблови қўйилди. Тошкентдан шумхабар келган куннинг эртасига Собиржондан икки кун олдинги сана билан «ишдан ўз хоҳишига кўра бўшатишни сўраб» ариза ёздириб олинди.

БEШ КУНЛИК ТEРГОВ

2011 йил, 28 апрел. Тошкент.

Айблов эълон қилинган куннинг эртасигаёқ тергов бошланди. Терговнинг учинчи куни терговчи, Собиржон, уни пора олганликда айблаган тадбиркор ака-ука Ниёзовлар ва ўзини таништирмаган фуқаро кийимидаги бир одам иштирокида юзлаштирув бўлиб ўтди. Юзлаштирув тугагач, фуқаро кийимидаги одам ва терговчи уларни хонада ёлғиз қолдиришди. Имкониятдан фойдаланиб Собиржон ҳам ёрилди:

— Инсофинг борми сенларни, мен сенлардан қачон пора олгандим? Корхонангни текширганимда 11 миллионлик жарима солганимнинг аламини оляпсанларми? Мен сенларни жиноятларинг учун жазога тортгандим, ахир!

Ака-укаларнинг иккови ҳам ерга қараб ўтирарди. Укаси Рустам йиғламсираб гап бошлади:

— Собиржон ака, бизни кечиринг. Фарзандларингизнинг олдида, сизнинг олдингизда гуноҳга ботдик. Бир умр виждонимиз қийналади. Хитойдан келаётган юкимиз чегарада қўлга тушганди. Бизни қамоқхонада «синдиришди». Ҳеч нарсамиз қолмади, ҳамма мулкимизни давлатга келтирилган зарарни тўлаш учун сотиб тўладик. Лекин буям етмади. Шунинг учун бизнинг корхоналаримизни шу кунгача текширган ва тергов қилган орган ходимларининг барчасига «пора бердик» деб кўргазма бермасак, биз қамоқдан чиқмас эканмиз. Агар шундай кўргазма берсак, ЖК 55-моддаси асосида бизга енгиллик бўларкан. Битта сизмас, яна 2-3 кишининг устидан ёзиб берганмиз. Жон ака, кечиринг. Бошқа чорамиз қолмаганди.- Ўзларингни ҳимоя қилиш учун мени қурбон қиляпсанларми?!
— Кечиринг, ака, кечиринг.

Собиржон нима дейишни ҳам билмай қолди. Дунё кўзига қоронғи кўриниб, юрагига оғриқ кирди..

2011 йил, 29 апрел. Тошкент.

Терговда далиллар орасидаги турли зиддиятлар ишни янада чигаллаштирди. Терговчи хонасида сигаретини тутатиб, жиноий иш материалларини кўздан кечириб ўтирганда қўнғироқ келди:

— Бизнинг иш нима бўляпти?
— Ишлар чатоқ. Рустам “ман ўтган йили телефон орқали гаплашиб, 2000 «қоғоз»ни бергани ишхонасига борганман” деганди. Биринчидан бир йил олдинги нарсани тасдиқлаб бўлмаяпти. Пора предмети ҳам, гувоҳлар ҳам – ҳеч нарса йўқ. “По личному” ушланмаган. Кейин кеча МТС ва хизмат хонасидаги телефонлардан ўша кунги қўнғироқлар тарихини олдик. У санада Рустам Собир билан телефонда гаплашмаганакан.
— Шу холосми? Яна нима гап?
— Собир айбига иқрор бўлмаяпти. Тергов ишида қайта тафтиш далолатномалари бор эди. Республика Давлат Солиқ Қўмитаси томонидан ўтган йили Собир текширган корхонада қайта ўтказилган тафтиш борку, ўша. У корхонани текширган пайтда аниқланган камчиликлар қайта тафтишда тийин-тийинигача тўғри чиққанди... Аризачи эса камомад ҳақидаги кўрсатмасини инкор қилиб, «биз адашибмиз» деяпти.
— Хўш, нима бўпти? «Ака-уканинг бошқа фирмалариям бор, ўшаларни текширмаслик эвазига пора олган» деб қўшиб қўямиз дегандингиз-ку.
— Тўғри, қўшиб қўйганмиз. Лекин бошқа корхоналарни текшириш Собирнинг ваколатига кирмайди. Ўшанда ҳам терговчининг ҳужжатли текшириш ўтказиш ҳақидаги қарори бўлмаса, Собир бошқа корхоналарни текширолмасдида. 210 ҳеч қанақасига ёпишмаяпти.
— Бир йўлини қилинг! Иш яна терговга қайтмасин.
— Тушуниб турибман, яна терговга қайтса, бизга қаттиқ гап тегади. Риск қилолмаймиз.

Шу аснода иш терговчи учун чаппасига айлана бошлади. Телефон алоқа компаниялари ва Солиқ Қўмитасидан келган далолатномалардан ташқари, айбловчи томон ака-ука Ниёзовлар берган кўрсатмаларнинг бир-бирига зид чиқиб қолгани ҳам ишни «расво қилди». Қўйилган айблов туҳмат экани ҳужжатларда ҳам ўз исботини топа бошлади.

Лекин негадир бу жиноят иши айби исботланмаётган Собиржоннинг фойдасига ҳал бўладиганга ўхшамасди.

2011 йил, 30 апрел. Тошкент.

Собиржон терговчи билан охирги марта суҳбатлашди:

— Ака-укалар мендан ташқари ўша ишга жалб қилинган терговчига ҳам туҳмат қилганди, унинг иши нима бўлди, иккаламизга битта хизмат текшируви ўтказилганди?
— У кишини унутинг. Илтимос қилишди. Сиз ҳақингизда ҳеч ким илтимос қилмади.
— Туҳматлигини билганингиз учун битта илтимос билан у терговчини осонликча терговдан чиқариб ташлагансиз. Меникиям туҳмат-ку. Ўзингиз кўриб-билиб турибсиз-ку, жон ука. Мен тергов хулосасидан норозиман. Айбим ҳеч қанақасига исботлангани йўқ. Ғирт ёлғон кўрсатмани деб мени жувонмарг қилиб юборасизми? Мен судда буни очиқ-ойдин айтаман. Охиригача бораман, айбсизлигимни исботлаш қўлимдан келади. Мен ёш бола эмасман, ахир. 20 йиллик тажрибам бор.
— Ака, қизиқсиз-а, бу «мустақил Ўзбекистон». Шу вақтгача эшитганмисиз Ўзбекистонда бирор одам судда оқланганини? Бизнинг айтганимиз бўлади. Масалан, мен терговчиман, аслида мустақилман, лекин мен ҳам мустақил эмасман. Текшириш ўтказганингизга бир йилдан ўтибди, сиз амнистия актига тўғри келасиз. Амнистияга розиман деб ёзиб беринг.
— Мен йўқ айбимни бўйнимга олмайман, амнистияга ҳам рози бўлмайман!

Терговчи бу жавобни эшитиб асабийлаша бошлади. Жаҳли чиқаётгани юз-кўзидан билиниб турарди. Қўл телефони орқали ким биландир боғланди. Ҳолатни тушунтиргач, бироз сукут сақлаб у томонни эшитди. Гўшакни қўйгач, шифтга қараб чуқур хўрсинди ва яна Собиржонга юзланди:

— Яхши унда, судда амнистияга розиман деб ёзиб берасиз. Суд жараёнида ақллилик қилсангиз, иш қайта терговга юборилса, бошидан тергов қилиб Наманганда (департаментда)ги 10 йиллик иш фаолиятингизда ўтказган барча текширишларингиз бўйича фуқароларни чақиртириб, сизга нисбатан мажбурий равишда кўргазма олиб қамаймиз. Аҳмоқлик қилманг.

Собиржон ишнинг жиддий эканини, бу сохта уюштирилган тергов ишининг натижаси олдиндан ҳал қилиб бўлинганини тушуниб етди ва энди илтимос қилишга тушди:

— Жон ука, учта фарзандим бор, ахир. Раҳм қилинг. Мен прокуратура департаментида 10 йил ишладим, лекин виждонимни сотмадим. Бировнинг ҳақини емадим, давлатнинг, халқнинг пулини ҳимоя қилдим. Фарзандларим порахўрнинг ўғли деган тамғани қандай кўтариб юради? Ўғлим бу йил университетга кирмоқчи. Уларнинг келажаги нима бўлади? Менинг келажагим нима бўлади, бу модда билан мени ҳеч қаерга ишга олмайди.. Кейин судда порани нима учун олгансан деса, мен нима деб жавоб бераман, ахир пора эвазига нимадир иш қилган бўлишим керак-ку!?

Терговчи охирги саволга ўта совуққонлик билан жавоб қайтаради:

— У ёғидан хавотир олманг, биз айтиб қўямиз.

Собиржон шок ҳолатига тушди. Ака-ука Ниёзовларнинг иши юзасидан яна 12 кишига жиноий иш очилган, уларнинг ичидан яна 6 кишида айнан шу 210-модда ҳам бор эди. Собиржон бу одамларнинг орасида ўзининг ҳеч ким эмаслигини, узоқ йиллик фаолияти мана шу пардалари туширилган, кирганда одамнинг нафаси қайтадиган хонада ўз якунига етганини тушуниб етди.. Терговчи шу куни беш кунгина давом этган терговни якунлаб, тергов ҳужжатларининг ҳаммаси Собиржоннинг фойдасини акс этиб туришига қарамай, пора олишдек оғир жиноят ҳақида айблов хулосасини судга оширди.

СУДЛАНУВЧИСИЗ ЎТГАН СУД

2011 йил, 17 май. Наманган.

Эртага Собиржоннинг қизи 16 ёшга тўлади. Агар шу тергов иши ижобий якун топса, қизининг туғилган кунида оиласини дам олгани олиб бормоқчи эди. Лекин эртага Тошкентда судда қатнашиши керак. Қамаб юборишадими ёки озод бўладими, билмайди. Терговчининг гапларига ишонмайди. Аммо Собиржон ҳали ҳам умидини узгани йўқ. “Судда ҳаммасини айтиб берсам, исботланмаган далилларни тақдим этсам, балки судья менга инсоф қилар” деб ўйлади. Ярим тунгача қонун ҳужжатларини ковлаб, судда ўзини ҳимоя қилишга тайёрланди. Чунки тергов ҳужжатларининг барчаси унинг фойдасига гувоҳлик бераётган эди. Унга қўйилган айблов шу қадар асоссиз эдики, у ҳатто адвокат ёллашга ҳам уялганди.

Соат миллари туннинг қоқ ярмидан ошганда кўзига ёш олиб, ўғлига уни худди охирги марта кўриб тургандек гапира бошлади:

— Ўғлим, эртага нима бўлади, билмайман. Мабодо қайтмасам, мен келгунимча онанг, уканг ва синглингга яхши қарагин, хўпми? Мендан кейин оила бошлиғи сенсан, уларни хафа қилмагин, кўз қорачиғингдек асрагин. Яна бир гап. Эсингдан чиқарма, эртага мени айбдор қилишса, мен қачондир оқланишим учун сен буюк инсон бўлишинг керак. Яхши ўқигин, хўпми ўғлим?!

2011 йил, 18 май. Тошкент.

Суд қабулхонаси. Ҳамма давлат ташкилотларида учрайдиган, ерга солинган қизил рангли гилам бугун Собиржоннинг асабини бузди. Ерга қарамасликка ҳаракат қилиб, шифтга термилиб ўтирди. Қабулхонада суд бошланишини кутиб ўтирар экан, судьянинг котиби келиб унга «ариза ёзиб берар экансиз» деди. Ручка билан қоғозни ушлаб, бироз ўйланиб қолди. Аммо терговчининг таҳдиди эсига тушиб сесканди. «Ҳозирча амнистияга розиман деб ёзиб бериб тураверайчи, судья тергов материалларида ҳеч қандай асос йўқлигини билса, менга терговчи босим ўтказганини дарҳол сезса керак, судда ўзимданам сўраши аниқ, нега бўйнингга оляпсан, асос йўқ-ку деб, ўшанда ҳаммасини айтиб бераман» деб хаёл қилди ва ариза ёзиб берди. Котиб эса бепарвогина:

— Раҳмат, 10 кундан кейин келаркансиз.

Орадан 10 кун ўтиб, ака-ука ва сингиллари билан яна суд қабулига келди. Аммо кутилмаганда унинг қўлига суд ажримини тутқазишди. Унда судья, прокурор, таржимон ва судланувчи иштирокида гўёки суд бўлиб ўтгани ва судда судланувчи Собиржон Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан пора олганликда айбдор деб топилгани ва тегишли тартибда амнистия қилингани ёзилган эди. Ўзбекистон пойтахтининг қоқ марказида бўлиб ўтган «одил» судда судланувчининг иштирокисиз ажрим чиқарилганидан у қаттиқ ғазабланди. Қоғозни беихтиёр ғижимлаб котибга қаради.

— Ҳеч қандай суд бўлмади-ку?! - Нега бўлмас экан, ажрими қўлингизда турибди-ку. Уйингизга кетавераркансиз, қамалмаганингизга хурсанд бўлсангизчи.

20 йил давлатга хизмат қилган, давлат ўзи ўқитиб, ўзи погон бериб, ўзи азиз қилган прокуратура майори, адлия кичик маслаҳатчиси Собиржоннинг тақдири шу кундан эътиборан кескин бурилишга учради.

Ҳаётнинг оғир зарбасига учраган Собиржон ўз уйига жиноятчи сифатида қайтди ва кучли депрессия оқибатида шифохонада даволанди. Йиллар давомида уни ҳеч қаерга ишга олишмади, оила тебратиш учун қишлоғига бориб деҳқончилик билан шуғулланди. Уқувсизлик қилдими, иши юришмади. Кўплаб раҳбарларнинг, вилоятдаги аксар давлат ташкилотларининг эшигини тақиллатиб борди. Қаерга бормасин, унга «ЖК-210» ҳамиша ҳамроҳ бўлди. Оиласининг молиявий аҳволи оғирлашгани сайин ўзининг бутун умрлик фаолияти баъзи иймонини шайтонга сотган пасткашлар қўлида ўйинчоқ бўлганини ҳеч ҳам ҳазм қилолмасди..

УМИД

«ЖК-210» сабаб уни ҳеч қаерга ишга олишмаган, итдек қувиб ҳайдашган бўлсада, Аллоҳ таолодан келган тақдирни бўйнига олди. Бу воқеа унинг ўғли катта ҳаётга қадам қўяётган пайтда, 2011 йил 1 август имтиҳонларидан 3 ой аввал содир бўлганди. Мана шу синов ўз навбатида унинг ўғлига ҳам катта дарс бўлди. Ўғли Жавоҳир албатта яхши ўқиши кераклиги, келажакда дадасининг номини оқлаш оиласи шаъни учун ўта зарур эканлигини доим ҳис қилиб юрарди. Ва ниҳоят, ҳали оқланмаган бўлсада, дадасининг қаршилигига қарамай, ҳозир сизга ушбу мақолани ёзиб ўтирибди.. Осон бўлмаяпти, очиғини айтсам.

Бегуноҳ одамларнинг йиллаб қамоқларда ўтириб чиқаётганини кўриб, бу мавзуда бировга шикоят қилишга ҳам ҳақли эмасдек туюлардим. Аммо дадам… Дадамга бу синов қаттиқ таъсир қилди. Шунингдек, дадамнинг ҳикояси тизимдаги қатор камчиликларни ҳеч қандай ортиқча изоҳсиз сув юзига олиб чиқа олади деб ўйладим ва Яратганга таваккал қилиб бу воқеани қоғозга туширдим.

Шавкат Мирзиёев президент этиб сайлангач, ҳамма қатори мен ва айбсиз айбдор қилинган дадамда ҳам умид учқунлари уйғона бошлади. Айниқса судьяларнинг оммавий мурожаати бизни илҳомлантириб юборди. Уларнинг одил судлов ҳақидаги ваъдалари бизни 7 йил деганда бу тергов иши ҳужжатларини қайта очишимизга ундади. Тергов ҳужжатларини тафтиш қилиш жараёнида ўзим ҳам сал кам адвокатга айланиб қолдим. Қўлимизда мавжуд тергов ҳужжатлари асосида бу ноқонуний суд ишида биз аниқлаган ўнлаб (!) қонунбузарликнинг ҳаммасини 18 вароқлик шикоят аризасига жойлаб Тошкент шаҳар судига мурожаат қилдик. Қайта суд белгиланди.

Аммо… «Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди» деган гапни эшитганмисиз? Шу гапни роса билиб айтишган экан. Афсуски, қарға қарғанинг кўзини чўқимади.. Олий Судгача шу аҳвол давом этди. Олий Суд эса «амнистияга ўзингиз рози бўлган экансиз» деб суд ажримини ўзгаришсиз қолдирди. Адолат қарор топишига умид қилишда давом этиб, суд ажримини бекор қилишга асос бўлувчи ҳолатлар ҳақида сўраб Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилдик. Дадамга ноҳақ эълон қилинган ажрим бундан 7 йил аввал, мен туғилган 28-май куни кучга кирган эди. Не бахтки, орадан 7 йил ўтиб, мен туғилган 28-май куни виртуал қабулхонадан бизга хушхабар келди. Унда айтилишича, судланувчининг иштирокисиз ўтган ноқонуний суднинг ажрими дарҳол бекор қилиниши ва судланган одам оқланиши керак экан. Энг қизиғи, Олий Судгача бирорта инстанция суди бу ҳақида бизга лом-мим демади..

Баъзи амалдорларнинг қилмишлари учун бутун бошли тизимни айблаб бўлмайди, буни яхши тушунамиз. Аммо Ўзбекистон суд тизимининг барча қатламларида қонун устуворлиги ўрнатилмас экан, ноинсоф раҳбарлар бундан ўз манфаати йўлида фойдаланишда давом этади! Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига кўра, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга тажовуз қилиш ҳолатлари юзасидан барча зарур чораларни кўриш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартибини бузиш ва сансалорликка йўл қўймаслик белгиланган эди. 2017 йилнинг 13 июнь кунидаги нутқида эса Шавкат Мирзиёев «судларга халқ баҳо бериши керак» деб таъкидлаганди. Тўғриямда, ахир халқнинг бошига кулфат тушса, унинг ҳуқуқлари топталса, у арз-дардини айтиб борадиган ягона жой бу суд-ку!

Ҳозир шикоятимиз Олий Суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриляпти. Дадамнинг айтишларича, Олий Суд ҳайъатида дадамни қабул қилган ходимнинг муомала маданияти ҳам суд тизимида фуқароларга бўлган муносабат анча ижобий томонга ўзгарганини кўрсатади. Одамни янада хурсанд қиладигани, янги сиёсатнинг шамоллари кўп хонадонларга қувонч онларини учириб кирди. Охирги ойларда кўплаб ноҳақ қамалганлар оқланди. Биз ва бизни яқиндан кузатиб, бизга далда бўлиб турган юзлаб яқинларимиз, қариндош-уруғларимиз ҳам суд тизимидаги ислоҳотларни, Шавкат Мирзиёев берган ваъдаларнинг амалдаги исботини ўз танамизда ҳис қилишни жуда-жуда хоҳлар эдик. Бунинг учун биз судларимиздан жуда кўп нарса сўрамаймиз... Бизнинг барча ҳуқуқ ва эркинликликларимиз Ўзбекистон қонунчилиги билан мустаҳкамланган. Ана шу қонунларга амал қилинса, кифоя.. Ўзбекистонда қонун устуворлигини сўраяпмиз, холос.

П.С. Юқорида айтилган тергов жараёнига оид барча маълумотларга тергов иши материаллари гувоҳлик беради. Шахсий даҳлсизлик омилидан келиб чиқиб, барча воқеа иштирокчиларининг исм-шарифлари ўзгартирилди.

4.32 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.32 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.38 / 18
  • Муштарийлар баҳоси
    4.55 / 13

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4.5 Бахтиёр Шералиев 29/05/2018

Blogpost cho'zilib ketganligini hisobga olmaganda hammasi joyida. Boshidayoq gap dadangiz haqida ketayotganligini his qilgan edim, chunki begona bo'lganda bu qadar batafsil yorita olmas edingiz. Alloh o'zi yordamchi bo'lib, ish ijobiy tomonga hal bo'lishini tilab qolaman.

4.5 Расул Кушербаев 29/05/2018
5 Беҳзод Қобулов 30/05/2018

Блогпостнинг айби кўп – чўзилиб кетган, имло хатолари бор, масала шахсийроқ... Лекин, ҳақиқат талабида шундай янгроқ овоз таралиб турганда, бошқа омиллар четга суриларкан. Кўрган-кечирганларингиз шу бўлсин)))

4.5 Абдумалик Носиров 30/05/2018
4 Уйғун Ғафуров 30/05/2018
5 Мубашшир Аҳмад 31/05/2018
4 Давронбек Тожиалиев 31/05/2018
3.5 Олимжон Солижон ўғли 31/05/2018
4 Мақсуд Саломов 31/05/2018
4.5 Мансур Тангишов 31/05/2018

Happy end бўлгани одамни роса хурсанд қилди. Муаллиф ҳақиқатда кўпчиликни дардини яқин инсони мисолида кўрсатибди. Ўзи шундай ҳаётий воқеаларни туппа тузук кино қилса ҳам, оталар сўзига берса ҳам бўлади. Зора жамиятдаги айрим иллатлар йўқолиб, яхши фазилатлар билан алмашса. Муаллифнинг ёзиш услуби ўзига хос. Фақат шу воқеаларга нисбатан таклифлар умумий бўлиб қолибди.

5 Нигора Умарова 31/05/2018

Халқона ёзилган.

5 Маҳсуджон Асқаров 31/05/2018
5 Нодир Закиров 31/05/2018

Бир нафасда ўқидим.

3.5 Қаҳрамон Асланов 01/06/2018
4.5 Тўлқин Юсупов 01/06/2018
4 Музаффар Назаров 01/06/2018
5 Адҳам Отажонов 01/06/2018

Бу масаладаги "беспредел" йўқ қилинмас экан, ҳеч қачон тараққиётга етиша олмаймиз

5 Умид Гафуров 01/06/2018
5 Иноят Садикова 01/06/2018

Juda ham chiroyli blogpost bo'libdi! Rahmat.

5 Шунқор Чориев 02/06/2018
5 Ботиржон Шерматов 02/06/2018
5 Шерзод Шерматов 02/06/2018
4 Саид-Абдулазиз Юсупов 02/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
11 та фикр