Нигоҳ пули

Ишхонамда "сакрашена"га тушиб, бироз камхарж бўлиб қолдим. Рўзғорга уч кило оладиган нарсамни бир ярим кило, уч литр оладиган нарсамни бир ярим литр оладиган бўлдим. Кийим-кечак масаласида эса сал қаттиқроқ - иш топгунимча янги кийим тўғрисида оғиз очмасликка келишдик.

Еб ётганга тоғ чидамас деганларидек, унча-мунча йиғиб қўйганларим ҳам охирлаб борар, амал-тақал қилиб тирикчилигим ўтиб турган эди, аммо болаларимнинг мактабдан қайтишига юрагимни ҳовучлаб турадиган бўлиб қолдим.

- Дада, синфимизда обунага пул йиғяпмиз, - дейди саккизинчи синфда ўқийдиган қизим.

- Дада, обунага пул бераркансиз, - дейди олтинчи синфда ўқийдиган қизим.

- Дада, обунага! - дейди тўртинчи синфда ўқийдиган ўғлим, бош бармоғини кўрсаткич бармоғига ишқаб.

Ишлаб юрганимда билимас экан "металлоломга пул йиғяпмиз" деган боламга пул бериб, ичкари хонага қочаман, орқамдан иккинчиси киради: "Биз ҳам". Ундан ҳам қутилиб кўчага қочаётганимда учинчиси ушлаб олади. Ўтган йили металлолом дейишганда уйдаги темир-терсакни бериб юборган эдим, қайтариб олиб келишган эди - пулини берарканман, 5 кило металлоломни пулга чақишибди, шоввозлар.

Мактабдан қайтган ўғлим салом беради, алик оламан. Менга нимадир демоқчилигини сезиб, кўзимни олиб қочаман. Томорқага ўтиб, чопиш шартбўлмаган жойларга кетмон ураман. Ортимдан келиб:

- Дада! - дейди.

- Ҳов.

- Макулатура!

- Макулатура, - дейди ортидан келган опаси. Унинг ортидан катта опаси қўшилади:

- Макулатура.

Кейинроқ, "таъмирга", "жамғарма" ва яна ажабтовур йиғимлар пайдо бўлдики, айтишса жоним чиққудай бўлиб қолдим.

Шундай кунларнинг бирида иш қидириб кўчага чиқиб кетаётсам, ўртанчам мактабдан қайтяпти экан. Мени кўриб илдамлади. Тамом, ҳозир яна пул сўрайди, ҳойнаҳой, мактабда яна ниманидир ўйлаб топишган, деб ўйладим. Тез ортга қайтдимда, яширинишга жой қидирдим. Хаёлимга том келди. Аввал нарвонни бир четга олиб қўйдимда, томга туташган ток сўрисига тирмашиб, томга чиқиб олдим. Чордоққа жойлашиб олдим. Тўрт кишилашиб мени кўп изладилар, пастдан овозлари эшитилиб турди.

- Уйга кирди, ўзим кўрдим - дейди ўртанча қизим.

- Кирган бўлса, қани? - дейди аяси.

- Яна кўчага чиқиб кетгандир? - дейди катта қизим.

- Омбордаям йўқ! - ўғлимнинг овози эшитилади узоқроқдан.

Мен эса қимирламай ўтрибман. Ўтириб-ўтириб, чарчадим. Томдаги эски увадалардан ёстиқ ясаб, ётиб олдим. Кўзим илинибди...

- Дада, мактабимизда нафас олганимиз учун "ҳаво пули" йиғарканмиз, - дейди тўнғичим. Ортидан кичиклари ҳам "ҳаво пули" сўрашди.

- Бугун "нигоҳ пули" йиғяпмиз, - дейди каттам бошқа сафар. Ортидан қолган болаларим ҳам "нигоҳ пули" олишди.

- Майлию, "нигоҳ пули" нимаси экан? - сўрайман мен.

- Мактабдаги нарсаларга кўзимиз тушаркан, шунга, - дея жавоб беришди учаласи ҳам.

- Дада, пул йиғяпмиз экан, - дейди кенжам яна.

- Нимага?

- Шунчаки. Пул бераркансиз - тамом.

- Ҳа, пул берсангиз бўлди, нима учун эканлиги билан ишингиз бўлмасин экан, - қўшилди опалари.

- Ие, нимага пул беришимни билишим керак-ку, ахир?! - дедим қайнаб. - Чақир, малимингни!

Шу пайт мактаб ҳовлисида, линейкада пайдо бўлиб қолибманмиш-да, ҳамма ўқитувчилар, ўқувчилар, ота-оналар йиғилганмиш. Мактаб директори мени ўртага чиқариб қўйиб, уялтираётган эмиш.

- Манави одам, 10 минг сўмгина пул беришни истамаяпти! - деса, ҳамма йиғилганлар норози бўлиб увиллармиш.

- Хўп, бераман, аввал нима учун беришимни билсам бўладими?

- Ие, манавини! Ҳали бунинг саволиям бор экан!

Йиғилганлар яна увлармиш: "Ууууув-уууувв! Уят, уят!" Бир чеккада хотиним йиғлаб турганмиш: "Мени уятга қолдирдингиз..."

- Майли, майли... Бераман, - дея қўлимни чўнтагимга солсам, беш минг пул чиқибдимиш. - Ярмини кейин берсам бўладими?

Ҳамма яна увиллаворибди.

Кўзимни очиб, қаттиқ ерда ётганимни сездим. У ёқ-бу ёққа аланглаб, кўзим юлдузли экранга тушди. Яхшилаб қараб, бу экран эмас, чордоқ эшигидан кўриниб турган юлдузли осмон эканини англадим - мен томда эдим. Тушни аҳволини қара, дедим ўзимга. Вақт алламаҳал бўлган, телевизорнинг овози эшитилмаётганига қараганда, ҳаммаси ухлаган, шекилли. Томга чиққан жойим - ток сўрисига осилиб, пастга тушдим. Ошхонага кирдим, овқат олиб қўйишибди. Овқатланиб ўтирарканман, ўзимга ўзим кулдим. Мактабда пул берадиган нарсани ўзи қолмади-ю, нега қўрқаман? Мактаб нима сўрарди яна? Металлўм, макулатура, таъмир пули, жамғарма-ю суғурта... Ҳаммасига тўлаган бўлсам, нима қолди яна? Мен ўзимга ўзим ваҳима қилиб, томга чиқволибман. Қўй-е, ваҳимакаш!

Қорним тўйгач, секин ётоғимга йўл олдим. Болаларим ётоқхонасининг эшиги очиқ, пардаси ёпиқ. Анча хотиржам тортган бўлсамда эшик олдидан оёқ учида, нафас олмай ўтаётгандим, кенжатойимнинг овози эшитилди:

- Дадам келди!

- Қайдан билдинг? - сўради ўртанчам.

- Шарпаси кўринди.

- Бўлди, ухланглар, энди, - деди тўнғичим. - Эрталаб сўраймиз.

3.38 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.38 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.18 / 7
  • Муштарийлар баҳоси
    4.39 / 16

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Aka Coder 03/05/2018
5 Нодирбек Рахмонов 03/05/2018
5 Bilol Mamirov 04/05/2018
5 Авазбек Ёқубов 04/05/2018
5 Zafar Bahodirov 04/05/2018
5 Fariddin Rahimov 04/05/2018
5 Aziza Odilbekovna 04/05/2018
5 Bahtiyor Abdukarimov 05/05/2018
5 Ҳабибулло Мўйдинов 05/05/2018
5 Sayfullayev 05/05/2018
5 G'ayrat Norqobil 06/05/2018
5 Андижанец 07/05/2018
5 Kamolbek Botirov 09/05/2018
5 Фируза 15/05/2018
5 Gulchehra Abdulhamidova 15/05/2018
5 Azamat Karshiev 16/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
3 та фикр