МИЛЛАТИМИЗ ШАЪНИГА ДОҒ ТУШИРАЁТГАНЛАР

Ra`no Mahmudova
Ярим финал

“Юртнинг қандайлигини билгинг келса бозорларига бор” деганлари айни ҳақиқат. Ҳорижликлар тўп-тўп бўлишиб бозорларимизни айланишар экан, расталарнинг саранжом-саришталигига, йўлкаларнинг озодалигига, тўкин-сочинликка ҳавас билан қарашаётганига ҳар куни гувоҳ бўляпман.

Яқинда “Чорсу”даги нон бозорига кириб харид қилаётгандим, франциялик меҳмонлар гуруҳи турли хилдаги нонларни завқ билан томоша қилишаркан, иссиққина патирдан олиб, сабрлари чидамай ўша ернинг ўзида ея бошлашди. Бир-бирларига қараб бошларини сарак-сарак қилишаётганидан, патир оғзиларига хуш ёқаётганини билдим. Улар новвойларни суратларга олишди, миннатдорчилик билдиришди. Бу манзарани кўриб қалбим ифтихорга, ғурурга тўлди. Харидимни қилиб бўлгач, зиналардан туша бошладим. Бояги туристлар ортимдан келишарди. Зинада ўтирган садақахўр кампирни кўриб таъбим хира тортди. Чунки бу кампир ўзбек миллатига мансуб бўлиб, кўринишидан саломатлиги ҳам жойида эди. У қўлларини юқорига чўзганча, илтижо қилиб нола чекарди. Ҳозиргина бозор ичида ҳавас билан айланиб юрган туристлар садақахўр кампирнинг олдидан ўтишаркан, ҳайрат билан унга қарашди. Бир-бирларига нималардир дейишди. Менимча улар: “Мана шундай бой давлатда ҳам гадойлар бор экан” деб ажабланишаётган бўлишса керак. Қани энди уларга: “Бизнинг юртимизда кексаларга кўрсатилаётган ҳурмат, эътибор ҳеч бир мамлакатда йўқ. Бу кампир шунчаки виждонсизлиги учун, қалбида ватанпарварлик туйғуси, инсонийлик хислатлари бўлмагани учун тиланиб ўтирибди” деб тушунтиролсам. Шу ўйлар билан метро ёнига бордим. У ерда эса оппоқ соқолли чол тиланиб турибди. Ҳақиқатни айтиш керак, бундай кекса ёшдаги, турмушни фақат садақахўрлик қилишу, қорин тўйдиришдан иборат деб билган кексалар юртимизда қанчадан қанча топилади. Зеро садақахўрлар бутун дунёда мавжуд. Алам қиладигани юртимизда тиланчилик қилишга сабабнинг ўзи йўқ-ку. Қариялар уйининг мавжудлиги чет элларда шунчаки оддий хол ҳисобланса, бизнинг миллатимизда энг аянчли гуноҳ ҳисобланади. Отаси ёки онасини қариялар уйига топширганларга лаънатлар ўқилади. Энг мақтанишга арзигулик жиҳатимиз шуки, қариган чоғимизда нафақат фарзандларимиз, балки невараларимиз, келинларимиз, керак бўлса қўни-қўшниларимиз ҳам жон-диллари билан хизматимизни бажаришади. Ва буни инсонийлик бурчлари, масъулиятлари деб билишади. Ҳаттоки Конституциямизда ҳам кексаларни эъзозлаш бобида алоҳида қонунларимиз мавжуд. Биргина “Нуронийлар” жамғармасининг борлиги бунинг ёрқин далилидир. Бекатларда, бозорларда, автобусларда ўзини бекчорахол кўрсатиб тиланчилик қилиб юрган қариялар ҳукуматимиз томонидан берилаётган нафақа, ёрдам пулларини қаерга сарфлашяпти? Уларнинг шу кўйга тушишларига сабабчи бўлган фарзандларини эса жиноий жавобгарликка тортиш керак. Токи жамиятимизга доғ тушираётганлари учун жавоб беришсин.

Пойтахтимиздаги машҳур “Кўкалдош” мачити ҳам ҳорижлик меҳмонлар билан доим гавжум. Унинг атрофида жойлашган замонавий супермаркетлар, дунёвий, ҳам диний мазмундаги китоб дўконларидан ўтиб, бозорга кириб борган туристлар юртимизда миллий қадриятларимиз қай даражада улуғланишидан ҳайратларини яширолмайдилар. Минг афсуски улар ҳам юрган йўлларида тиланчиларга дуч келишаркан, уларнинг ҳайронлик билан боқаётган нигоҳларидан кўп нарсани англаш мумкин. Шу ўринда катта чорраҳадан бозор томонга олиб ўтадиган ер ости йўлидаги нохуш манзарани яна бир бор эслаб ўтмасак бўлмас. Ертўла зинасига оёқ қўйишингиз хамон нари борса ўн-ўн икки ёшлардаги қизчанинг “Акажонлар, опажонлар! Бизларга раҳмингиз келсин! Азизлар, худо йўлига садақа қилинглар! Бошингиз тўйдан чиқмасин, ёмонларга муҳтож қилмасин!” дея яна бир қанча тилакларни йиғлаганча, нолаю-фиғон билан қўшиқ каби айтишувидан ҳайратга тушасиз. Камига қизча тиззасига бир ойлик чақалоқни ётқизиб олган бўлади. Бу холни кўравериб ўрганиб кетган одамлар қизчага раҳмлари келмасада, жарангдор овозидан ҳайратланиб ҳамда тиззасидаги чақалоқ ростдан ҳам одам боласими ёки қўғирчоқми деган қизиқиш билан тепасига бориб тикилиб ўтишади. Илгарилари бу қизчанинг ўрнида қирқ ёшлардаги аёл киши ўтирарди. У одамларнинг раҳмини келтириш мақсадида ўзини тутқаноқ касали бор беморга ўхшатиб турли ҳатти-ҳаракатлар қиларди. Балки бу қизча унинг неварасимикин? Онаси ва бувисининг “касби”ни давом эттираётганмикин? Наҳотки орадан шунча йиллар ўтсада, “Чорсу” бозорига, “Кўкалдош” мадрасасига қадам ранжида қилган юртимиз меҳмонлари ҳамда хорижликлар кўз ўнгида мана шу ҳунук, даҳшатли манзара давом этаверса? Баъзан Рўза, Ҳайит кунлари кўча кўйда девдай эркаклар ҳам садақа сўраб олдингизга келишади. Ахир эркинлик дегани ўз нафси, манфаати йўлида кўнглига келганини қилиш дегани эмаску.

“Мен шаҳарнинг марказидаги кўп қаватли уйлардан бирида яшайман, –дейди бир танишим. – Ёнимизда серқатнов машина йўли жойлашган. Ёши олтмишлардан ошган кекса аёл машина йўлига тушиб олиб садақахўрлик билан шуғулланиб келади. Агар ҳайдовчи пул бермаса, машинасининг олдини тўсиб олади. Унда уят, андиша деганидан зиғирча бўлганида одамлардан уялган бўларди. Чунки у бировлардан мурувват кутадиган аҳволда эмас аслида. Уч хоналик шинам уйда бир ўзи яшайди. Фарзандлари ишлаш учун чет элга кетишган. Қишин ёзин маҳалламиз кўчаларини саҳардан кечгача супуриб, меҳнат қилаётган фаррош аёлларни кўриб, садақахўрлар билан солиштираман. Менимча садақахўрларнинг икки-уч кунда топгани кўча супурувчиларнинг маошидан кам бўлмаса керак деб ўйлайман. Маҳалламиз ҳорижлик меҳмонлар ўтадиган йўлда жойлашган. Фаррошлар кўчаларни саранжом-саришта қилиб, барчанинг ҳавасини келтириш учун тинимсиз меҳнат қилаётган бир вақтда мана шундай нафси хакалак отган садақахўрлар миллатимиз шаънига доғ туширишмаяптими? Илтимос шу ҳақда кўпроқ ёритинглар”.

Жонкуяр, миллатимиз шаънини ҳимоя қилишга уринувчи бундай юртдошларимиз омон бўлишсин. Шунинг учун ҳам газеталар орқали ёзилавериб, телевидение орқали кўрсатилавериб мухлисларнинг меъдасига тегиб кетган мавзуни яна бир бор қаламга олишга мажбур бўлдик. Ҳар сафар тиланчилар ҳақида гап бораркан, уларни камситиш фикридан йироқмиз, балки чин юракдан ачиниш ҳисси билан қўлимизга қалам оламиз. Зеро уларнинг орасида шу ишни қилишга мажбур бўлган, яъни касаллик туфайли ишлай олмаётган ёлғиз инсонлар ёки бирон сабаб бошпанасиз, қаровсиз қолган аёллар, ёш болалар бордир. Бироқ, шароити яхши бўлсада, нафс йўлида уятни, тартибни унутиб қўйган садақахўрлик ниқобидаги кимсаларнинг жамиятимизга доғ туширишларига қандай ҳақлари бор экан?! Бундайларнинг танобини тортиб қўйиш кимнинг вазифасига киради? “Менинг ота-онам садақахўр бўлган, демак мен ҳам шундай яшашим керак” дея кўзлари жавдираб турган бегуноҳ болаларга тўғри йўлни кўрсатиш, уларнинг келажагини таъминлаб беришга ён-атрофидагилар масъул эмасмилар? Серқатнов машина йўлларида бола кўтариб олиб тиланчилик қилаётганлар нафақат фарзандларининг эртасига раҳна солишмоқда, балки атрофидаги одамларнинг руҳиятига салбий таъсир ўтказишмоқда. Садақахўрлар орасида турли миллат вакиллари учрайди. Миллатидан, динидан қатъий назар ҳар бирлари ўқиш ва меҳнат қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Фақатгина уларга туртки берилса кифоя.

Бу мавзу ҳақида шунча баҳс-мунозара олиб борсакда, нима учун тиланчилик иллатини тугатолмаяпмиз? Машина йўлларида ҳаётини хавф остига қўйиб чопиб юрган ёш болаларнинг қайси оилада яшашини билишга, суриштирув ишларини олиб боришга нима учун ҳаракат қилмаяпмиз? Жамиятимизга доғ тушираётган тиланчилик иллатининг авж олишига сабаб нима? Албатта лоқайдлик ва совуққонлик. Садақахўр ниқобидаги кимсага, айниқса ёш болага садақа бериб савоб қиляпман деб ўйлайсиз, аслида унинг нотўғри йўлдан кетишига замин яратиб, хатоликка қўл ураётганингиз ҳақида ўйлаб кўринг.

Ибрат тариқасида икки йил аввал вафот этган ногирон тадбиркор аёл Зуҳра опа Раҳматуллаевани эсга олишни жоиз топдим. У касаллик туфайли ногирон бўлиб қолади. Жуссаси олти яшар қизлардек кичрайиб қолган, оёқлари ҳаракатсиз, қўллари ўзига бўйсунмас, бир неча бармоғигина ҳаракатни сезарди холос. У аравачада ўтирган жойида компютерни, инглиз тилини, тадбиркорликни чуқур ўрганди. Ҳукумат томонидан берилаётган нафақаси, ёрдам пулини йиғиб, кичиккина тикувчилик цехини йўлга қўйди. Цехга имконияти чекланган аёлларни ишга қабул қилди. Цехдан тушган даромадга қандолат цехи очди. Зуҳра опанинг метин иродаси, ақл-заковати чет элликларни ҳам ҳайратга солди. Унга ҳорижда “Энг матонатли аёл” номинациясини беришди. Бир куни Зуҳра опа аравачасида, жуссаси кичкинагина бўлиб, оёқ-қўллари қийшайган кўйи тадбиркор хамкорини бекатда пойлаб ўтирган экан, ўтган кетган одамлар этагига пул ташлаб ўтишармиш. “Ўша вақтда одамларга, эй одамлар! Нима қиляпсизлар? Мен тиланчи эмасман!” дегим келардию, уятдан, андишадан бўғзимга йиғи тиқилиб қолганди. Ногирон ҳам оддий инсон. Ачиниш ҳисси билан қараганларни ёмон кўраман” деб хотирлаганди Зуҳра опа.

Наҳотки бировларнинг садақа беришига арзийдиган ҳақиқий ногиронлар чин дилдан берилган ёрдамдан ор қилсалару, оёқ-қўли бутун, жисми соғлом тиланчилар уят-андишани бемалол йиғиштириб қўйишса.

Менимча миллатимиз обрўсига путур етказаётган бундай кимсаларга қарши чора қўллаш фурсати етди. Мабодо ёш, соғлом бўлатуриб тиланчилик қилаётган кимсага “сенга катта пул бераман, бор манави бомбани палон жойга ташлаб кел” десангиз айтганингизни қилишдан тап тортмайди. Чунки тиланчининг қалбида ватанпарварлик туйғуси, ғурури, ор-номуси йўқ. Бундайлардан огоҳ бўлиш керак.

Раъно Маҳмудова.

3.66 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.66 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.14 / 18
  • Муштарийлар баҳоси
    4.48 / 10

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4 Нодир Закиров 25/05/2018

Қизиқарли ёзилган мақола. Аммо таҳлил бироз чуқурроқ бўлиши мумкин эди. Фикримча, миллат обрўйини садақа сўраган тиланчилар эмас, адолатсиз хукумат, порахўр амалдорлар ва бошқача маданият ва қадрият вакилларини тахқирлайдиган ёвуз инсонлар кўпроқ тўкади. Мен яшайдиган Вашингтонда тиланчилар ва уйсизлар (БОМЖлар) жуда кўп. Европа давлатларида Шарқий Европалик лўли тиланчилар кўп. Лекин улар ўша давлатлар обрўсини тўкади, дегани эмас. Лўлилар масаласи ва уларни жамиятга бириктириш, таълим ва ишга йўналтириш бўйича ҳозиргача Жорж Сорос қатор лойихаларни молиялаштириб келган. Сорос лойиҳалари билан танишиб чиқсангиз, ёритган муаммоларингизга айрим ечимлар топишингиз мумкин. Мақола учун 4.5, таҳлил учун 3.5, жами 4 баҳо бердим. Сиздан шундай ижтимоий мавзуларни чуқурроқ таҳлил қиладиган мақолаларни кутиб қоламан.

4 Бахтиёр Шералиев 25/05/2018

Odamzot paydo bo'lganidan beri mavjud bo'lgan holat bu aslida, uni yo'qotib bo'ladimi yoki yo'qmi buni mutaxassislarga qo'yib bergan holda shuni aytishim mumkinki, muallif maqolada o'zining ko'rgan kechirganlari asosida tahlil qilib bergan. Men ham bu narsani ko'p kuzatganman, bizda tilanchilar yo'q aslida, bular aslo tilanchi emas, qip-qizil talonchilardir. Qayerda ko'rgansiz tilanchi odamlarning yo'lini to'sib pul bermaguncha holi joniga qo'ymaganini?! Shu bois albatta bu illatga qarshi kurash ham kerak! Masalan men Xitoyda tilanib o'tirganlarni ko'rganman, yo'l chetiga yerga cho'kkalab boshini yerga qo'yib tilanadi, ayrimlari moddiy yordamga muhtojligi haqida qog'ozga yozib qo'yib gitara yoki shunga o'xshash musiqa asbobida qo'shiq aytib o'tiradi, lekin yo'lingizga chiqib olib ketingizdan quvib pul bermaguningizgacha quvmaydi. Muallifga ajoyib material uchun rahmat aytib, omad tilab qolaman.

4 Уйғун Ғафуров 26/05/2018
3.5 Мансур Тангишов 26/05/2018

Яхши масала ёритилган. Тиланчиликни бизнес қилиб олганлар ҳақида атрофлича таҳлил бўлганида янада яхшироқ бўлар эди. Ҳиндистонда бу жуда катта муаммолардан бири (у ёқдаям туристлар бунга кўп гувоҳ бўлишади). Алоҳида урғу бериладиган жиҳатлар ажратиб кўрсатилганда блогпостдаги монотон ёзувлар кучлироқ аҳамият касб этар эди. Агар расмлардан фойдаланилганда ва охирида келтирилган ногирон тадбиркор аёл мисоли блогпост бошроғида бўлганда нисбатан ўқимишли блогпост бўлар эди. Ечим ҳақида батафсил тўхталиш керак эди.

3.5 Шунқор Чориев 27/05/2018
2.5 Қаҳрамон Асланов 28/05/2018

Жамиятимизга илғор фикрлар керак, «тиланчилар бизни французлар олдида шарманда қилишди, ахир Нуроний жамғармаси бор» каби баланпарвоз шиорлар эмас.

3.5 Расул Кушербаев 28/05/2018
3 Абдумалик Носиров 28/05/2018

“Бизнинг юртимизда кексаларга кўрсатилаётган ҳурмат, эътибор ҳеч бир мамлакатда йўқ. Бу кампир шунчаки виждонсизлиги учун, қалбида ватанпарварлик туйғуси, инсонийлик хислатлари бўлмагани учун тиланиб ўтирибди” деб тушунтиролсам. Биринчидан Евроапдаги нафақахўрларнинг нафақалари билан қизиқиб кўринг. Иккинчидан ўз фуқороларининг қилган хатти хараакатларидан бошқа давлат фуқоролар олдида ор қилиш энг ёмон хиссиётлардан бири. Тиланчилар билан ор қилиш ўрнига шуларни яратиб қўйган мухитга эътибор қилиш лозим эди. Бизнинг жамиятчиликда энг кўп учрайдиган касаллик ахолининг маълум тоифасига керагидан ортиқ имтиёзлар берамизу, яна бир тоифасини буткул сабабсиз яъни ўзимизга ёқмагани учун уларни "йўқотиш" пайида бўламиз. Жамиятчилик хар хилликга асосланади. Унда хар бир тоифа бор бўлиши хуқуқига эга. Тиланчилар дунёнинг энг ривожланган давлатларида, жумладан АҚШда хам бор. Лекин АҚШ фуқороси ўзбеклар олдида тиланчиси борлигидан умуман ор қилишмайди. Хар бир фуқоро бизнинг жамиятчиликнинг тенг хуқуқли аъзоси. Улар нима иш қилишидан қатъий назар уларни камситишга хеч кимни хуқуқи йўқ.

3 Олимжон Солижон ўғли 28/05/2018
3.5 Мақсуд Саломов 29/05/2018
3 Музаффар Назаров 30/05/2018
3.5 Мубашшир Аҳмад 31/05/2018
3 Давронбек Тожиалиев 31/05/2018
3 Нигора Умарова 31/05/2018
3.5 Маҳсуджон Асқаров 31/05/2018
3 Саид-Абдулазиз Юсупов 01/06/2018

Блогернинг маҳоратини кўрмадим.

0.5 Иноят Садикова 01/06/2018

"Бу кампир шунчаки виждонсизлиги учун, қалбида ватанпарварлик туйғуси, инсонийлик хислатлари бўлмагани учун тиланиб ўтирибди" - jiddiy yozdingizmi?!? Jamiyatning o'ta nozik muammosi o'ta subyektiv tahlil qilingan.

3 Беҳзод Қобулов 01/06/2018
4 Адҳам Отажонов 01/06/2018
3 Умид Гафуров 01/06/2018

Ривожланган АҚШ, Европада кўринг тилланчиларни. Ўзбекистонда улар жуда кам ва ўз истаги билан бу аҳволда бўлиб қолмаган.

3 Тўлқин Юсупов 01/06/2018
3 Шерзод Шерматов 02/06/2018
4 Ботиржон Шерматов 02/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
15 та фикр