Ахборот асрида яшаяпмиз. Узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қиладиган ижтимоий тармоқлар орқали деярли ҳар куни мулоқот қилишга кўникдик. Замонанинг қулай имконияти-да бу. Бироқ электрон ахборот алмашинуви жараёнида аксарият тeнгдошларимиз “паразит” ҳарфларга мурожаат қилаётгани киши ғашини келтиради.
“O’”ни 6, “sh”ни w, “ch”ни 4 га айлантириб юбораётган дўстларимиз тилимизни қанчалик обрўсизлантираётгани, бесаводликни тарғиб қилаётганини билармикан?! Кузатишлар шуни кўрсатадики, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчи ҳар беш кишининг тўрт нафари вақтни тежаш мақсадида алифбомизда йўқ юқоридаги каби “ҳарф”ларни терар экан.
Бир куни қизиқ воқеа юз берди. Укам Шаҳриёр билан “Telegram” мэссенжери орқали суҳбатлашдик. Профилидаги ёзувни кўриб хунобим ошди. Укам ўз исмини “Wahriyor”га айлантириб юборибди. Кейин менга: “Wuhrat aka, yaxwimisiz? 6qishlar bilan 4ar4amasdan?” — деган хабар келди. Ўзиники қолиб, менинг ҳам исмимни нотўғри ёзганидан оғриндим.
Энди бир тасаввур қилинг, отангизнинг фамилияси Ўтамуродов эмас, 6tamurodov, синглингиз Шоҳиста эмас, Wohista, умр йўлдошингиз Чарос эмас, 4aros, фарзандингиз Ўткирбeк эмас, Otkirbek бўлиб кетаверса, нафсониятингизга тегмайдими? Бундай беандишаликка қачонгача жим қараб тураверамиз?
Хўш, ечим нимада? Жавоб оддий: ишни, аввало, ўзингизни тўғрилашдан бошланг. Қандай қилиб, дeйсизми? Дўстингиз сизга “паразит” ҳарфлар иштирокида нома йўлласа, хатосини тузатиб қўйинг. Зора, хижолат бўлиб, қайтиб шу йўлдан бормаса! Буни мен ўз укамда синаб кўрдим. Ҳозир Шаҳриёрнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида биронта ҳам “паразит” ҳарф ёки сўзни учратмайсиз.
Азиз тенгдошим, бармоқларни клавиатурага узатганда она тилимиз софлиги учун ҳазрат Навоий тунни тонгга улагани, Бобур салтанат ташвишларидан ортиб, уни бойитишга интилгани, маърифатпарвар жадид боболаримиз эса, қонини сиёҳ қилганини унутмайлик. Минг йиллик қадриятни кейинги авлодларга безавол етказиш бурчимиз-ку!
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
5 та фикр