Машина ҳайдаш ер ҳайдаш эмас

Саккиз йилдан бери машина ҳайдайман. Орада танаффус ҳам бўлган, албатта. Аммо бу ҳайдовчилик тажрибам саккиз йил дейишимга тўсиқ бўла олмайди деган фикрдаман. Ўтган вақт мобайнида кўп ҳолатларга гувоҳ бўлдим. Қонли авариялару, ЙПХ ходимларидан қочган ҳайдовчиларни ҳам кўрдим. Қани, бир бошдан.

Ака, “поворотник” ишламайдими?

Машинада “поворотник” деган ричаг бор. Яъни, сиз чап ёки ўнг томонга бурилмоқчи бўлсангиз ўша ричагни ишга соласиз. Чорраҳаларга кирар экансиз, “поворотник”ни ёқиш жуда муҳим масалага айланади. Айниқса чап томонга қайрилишда, бу ҳатто долзарб масалага айланади.

Тасаввур қилишингизга кўмаклашаман. Сиз машинада чап томонга бурилмоқчисиз. Тўғридан машина келяпти. Ҳеч қайси томон “поворотниг”и ёқилмаган. Қоидага биноан сиз уни ўтказиб юборишингиз шарт. Шунга биноан уни кута бошлайсиз. У эса чорраҳага киради-да, ўнг томонга қайрилиб кетади. Сиз уни дейлик 4-5 сония кутдингиз. Лекин шунинг ўзиёқ асабийлашишингизга етарли бўлади. Эй инсон, қайрилар экансан, ричагни ишлат деб бақиргингиз келади.

Бугун пойтахтимизда истаган машина такси хизматини кўрсатаверади. Бунга эътирозим йўқ. Ўрни келганда бу ишни ўзим ҳам қилганман ва бундан заррача ҳам уялмайман. Лекин ана шу таксичиларга катта эътироз бор. Улар учинчи қаторда кетаётган бўлса, биринчи қаторда бир одам қўл кўтариб қолса, тап тортмай унга қараб ошиқади. Майли, бу унинг тирикчилиги. Аммо жилла қурса “поворотник”ни ёқиш мумкин-ку. Ўшанда ён томонда келаётган машиналар билади, бу ҳайдовчи тўхтамоқчи. Шунга қараб ўз ҳисобини олади. Бироқ томдан тараша тушгандай йўлини кесиб чиқса, ҳар қандай одам чўчиб тушиши аниқ.

Ҳурматли ҳайдовчилар, қайси томонга қайрилмоқчи бўлсангиз ҳам рулнинг чап томонида “поворотник” бор. Пастга қаратсангиз чап томон, тепага қаратсангиз ўнг томондаги чироқ ёнади. Илтимос, унинг хизматидан фойдаланинг. Зеро, бу сиз учун ҳам, бошқалар учун ҳам жуда фойдали. Агар ишонмаётган бўлсангиз, бир синаб кўринг-а. Раҳмат айтасиз.

Сизни ким олиб кетсин?

3-4 йилча муқаддам Скандинавия мамлакатларидан бирида тайёрланган ижтимоий рекламани кўргандим. Унда маст ҳолда машина бошқарувига ўтирадиган одамларга мурожаат қилинган бўлиб, тўрт касб эгаси акс эттирилган: машинани уйгача элтиб берувчи, полиция, шифокор ва тобут ташувчи. Ва савол қўйилган, шулардан қай бири сизни олиб ктишини истайсиз?

Аввало, спиртли ичимлик ичиш инсон соғлиғи учун зарарлигини айтишимиз зарур. Бу касаллик оқибатида оламдан ўтган қанчадан-қанча одамни кўрганмиз. Спиртли ичимлик ичса, бу унинг ўзигагина зарар. Ичган ҳолда рул бошқарувига ўтирадиган бўлса, унда у кимсанинг бошқаларга ҳам зарар етказиши аниқ.

Хуллас, танлов ўзингизда қолди, ҳурматли ҳайдовчи. Сизни ким олиб кетгани маъқул деб ўйлайсиз?

Пиёдалар

Йўлда кетаётсам, йўлакчага пиёда қадам қўйди. Бундай ҳолатда уни ўтказиб юбориш зарур. Шундай қилдим ҳам. Қарама-қарши томондан бошқа бир пиёда ҳам кела бошлади. Йўлнинг ўртасида улар тўқнаш келди. Бир-бирини қучоқлаб, ҳол-аҳвол сўрай бошлади... Ҳурматли ўқувчи, тўғри тушунинг, фикримни давом эттирмоқчи эмасман. Ўзингиз тушуниб олдингиз-ку, тўғрими?

Яна шунга ўхшаш ҳолат. Уйга қайтаётган пайтимда биттаси пиёдалар йўлагига қадам қўйиб бўлган, ўша ерда турибди. Лекин ҳаракатсиз. Сабабини топдингизми? Ҳа ўша, қўлидаги телефонининг ичига кириб кетай деб турибди. Юрворай десам, сал нарида ЙПХ ходими турибди. Сигнал чалсам, қарамайди ҳам. Фақатгина машинадан тушиб, “юрақолинг энди ака” деб уни ўтказиб қўйиш керак холос. Бундан бошқа ечим йўқ.

Ҳар биримиз кўчага чиқар эканмиз, уйимизга, оиламиз бағрига соғ-саломат етиб олишни хоҳлаймиз. Хотиржам, кўнгил хира бўлмай юриш тарафдоримиз. Шундай экан, ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам асрайлик.

Мен бу гапларим билан ҳамма ҳайдовчилар оппоқ, пиёдалар тинмай қоида бузади демоқчи эмасман. Ҳатто пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётган одамни уриб, умрига зомин бўлган ҳайдовчилар ҳақида кўп эшитяпмиз.

Ҳурматли ёши 30 гача бўлган, “ёшлар” туркумига кирувчи инсонлар! Агар касал бўлмасангиз, қўлингизда оғир юк бўлмаса, пиёдалар йўлакчасидан ўтаётганда салгина тезроқ юринг. Балки сизни ўтказиб юбориш мақсадида тўхтаган ҳайдовчи жуда ҳам шошаётгандир.

Ҳурматли пиёдалар! Қонун ҳаммага бир! Машиналар рухсат берилмаган жойда юриши қонун бузилиши бўлса, сизнинг рухсат берилмаган жойдан ўтишингиз ҳам қонун бузилиши ҳисобланади. Қонунни бузманг, ҳаётингизни хавф остида қолдирманг.

Шумахернинг газ босгани кейинги светофоргача

Юртимизда “оёғи газ педали”га ёпишиб қолганлар кўп. Шина завод эгалари ҳам бор бўлиб, улар машинани чийиллатиб жойидан қўзғатади, у турган жойда шинанинг едирилган изи қолади. Олифталик қилиб катта тезлик олишда иккита зиён бор: биринчиси моддий зарар, шина едирилади. Иккинчиси машинадан чиққан баланд товуш одамларнинг тинчини бузади.

Гоҳида жуда шошиб кетаётган машиналарни кўриб қоламиз. У чорраҳадан катта тезликда қўзғалади. Кейинги чорраҳада яна ўша машина турган бўлади. Шунақа ҳолатларни кўриб, замонавий мақол тўқигандим: Шумахернинг газ босгани кейинги светофоргача.

Ҳозир пойхатимизнинг аксарият кўчаларида катта тезликда юриш имконсиз. Марказий кўчаларда машина кўп, автомобиль камроқ бўлган кўчаларда эса радар бор. Бунақа ҳолатда нима қилиш керак? Тинчгина, секин юравериш керак.

Қоидага бўйсуниш

Ислом динида ўз-ўзини ўлдириш қаттиқ қораланади ва бу ишни қилган одамга жаноза ўқилмайди. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзини мишқос (кенг тиғли, пичоққа ўхшаш нарса)лар билан ўлдирган одамни олиб келинди. Бас, У зот унга жаноза ўқимадилар».

Саудия Арабистонида светофорнинг қизил чироғида ўтиб кетиб, авария бўлиб ўлган одамга жаноза ўқилмас экан. Сабаби у қизил чироқда ўтадиган бўлса аварияга учрашини ва бунинг натижасида ҳалок бўлиши мумкинлигини билади. Билатуриб шу ишни қилдими, демак унга жаноза ўқилмайди.

Бу гапларни ўқиб этингиз жунжикиб кетдими? Шундай бўлсин ҳам. Светофор йўлнинг тарозиси. Унга амал қилсангиз, ўзингизга ҳам, бошқаларга ҳам яхшилик қилган бўласиз.

“Тилпон”да нима гаплар?

Ер юзида юз берадиган аксарият йўл ҳаракати ҳодисаларининг сабаблари қуйидагилар экан: маст ҳолда машина бошқарувига ўтириш, тезликни ҳаддан зиёд ошириш ва телефонда гаплашиш.

Дастлабки икки масала бўйича юқорида қисман бўлса-да фикр юритдик. Энди телефон масаласига келсак.

Бир гал светофорнинг қизил чироғи ёниб турганида чорраҳага кириб келаётгандим. Шу пайт телефоним жиринглаб қолди ва уни чўнтагимдан олдим. Қулоғимга тутиб тормозни босдим ҳамки, улгурмадим, менинг машинам олдимда турган автомобиль билан енгил тўқнашиб бўлганди. Ҳайрият, икки машинага ҳам ҳеч нарса бўлмади.

Машина бошқараётган ҳайдовчининг диққати бўлинмаслиги шарт. Бунинг оқибатида у ўз моли ва жонига, қолаверса бошқаларга ҳам зарар етказишининг эҳтимоли катта. Бу борада телефоннинг ҳиссаси катта эканини инобатга олиб, рул бошқарувидаги ҳамюртларимиздан уяли телефондан фойдаланмасликни, жуда зарурат бўлган ҳолларда машинана тўхтатиб, гаплашиб олишларини сўраймиз.

Сарлавҳа

Ушбу мақолага қўйилган сарлавҳага изоҳ. Ер ҳайдаётган одам истаган жойидан бошлаши мумкин. Унда ҳеч қандай чеклов йўқ. У истаган жойига келганда ишини шартта тўхтатиши мумкин. Бу ҳам бирор ким тақиқлай олмайди. У ер ҳайдаш давомида истаган тезлигида ҳаракатланиши мумкин – ер ичида на пиёдалар, на бошқа транспорт воситалар бўлмайди. Аммо машина трассаси бундай эмас. Унинг ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Машиналар йўлида чизиқлар мавжуд, ичида юрасиз. Истаган жойингизда тўхтай олмайсиз, ортингиздан машиналар келаётган бўлади. Тезликни ҳам истаганча ошира олмайсиз – пиёдалар ва бошқа машиналар бор. Ана шу қоидаларга амал қилсангиз эрталаб чиқиб кетган уйингизга эсон-омон кирасиз. Ва бошқа одамлар учун ҳам шу нарсани таъминлайсиз...

4.16 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.16 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.32 / 9
  • Муштарийлар баҳоси
    4.54 / 4

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Jasur 01/06/2018
3 Zafarali Murodov 01/06/2018
5 Abdurrouf Abdurroshiyd 01/06/2018
5 Шахноз Шахноз 01/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
11 та фикр