Ҳеч кимга сир эмаски, юртимиз бўйлаб ҳар бир туман, шаҳарлар марказида мардикор бозорлари ташкил этилган. Вилоятларда ҳар бир туманда биттадан бўлса, пойтахтимизда бунинг аниқ ҳисобини ҳеч ким билмаса керак. Ҳаттоки, бирон тадбир баҳона уларни тез-тез “йўқлаб турадиган” ИИБ ходимлари ҳам.
Бунинг келиб чиқиш сабаблари жуда кўп. Ҳозир урфда бўлгани – эски ҳукуматни айблаб қўйиш, тамом! Ваҳоланки, ўша таркибнинг камида саксон фоизи ҳозир ҳам фаолият олиб бораяпти. Натижа эса йўқ ҳисоби.
Ҳар куни шу бозорларга бир неча юз минг юртдошларимиз яхши ният билан иш излаб чиқишади. Булар асосан касб ҳунарсиз, Россиядан депорт бўлиб қайтган ёки боришга имкони йўқ эркаклар ва аёллар.
Бу ерда бир марталик (бирровга), кунлик, қисман қурилиш ва ойлик ишлар ўз эгаларини топади.
Нарх тортишуви, мижоз ва хизматчилар ўртасидаги кўп учрайдиган кўнгилхираликлар кундалик “эҳтиёж”га айланиб улгурган. Кимдир иш ҳақидан нолиса, бошқаси хизмат сифатидан шикоят қилади.
Лекин бозорда асосан хизмат таклиф қилувчилар, яъни, мардикорлар кўп жабр тортади. Тўғри-да, ҳеч қандай ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси йўқ инсонлар муаммоларга кўпроқ дуч келади. Талашиб-тортишиб ишни келишади, қўлдан келганча бажаради. Ана шу “қўлдан келганча”да ҳамма гап. Ишни тўлиқ, кўнгилдагидек бажаролмайдиганлар ҳам бор, албатта. Аммо кўпинча иш берувчилар томонидан арзимас сабаблар топиб, хизмат ҳақини қисман ёки умуман бермаслик ҳолати учрайди. Бунда кўпроқ, танқислашаётган виждон қонунига бўйсунилади.
Мардикор эрта тонгдан Аллоҳга таваккал қилиб, кунлик рўзғор ободлиги учун йўлга отланади. Омади чопса, иш топиб, кечга уйига ул-бул сотиб олишни режа қилади. Кўпинча бунинг уддасидан чиқиш қийин. Сабаби, тартиб йўқ, рақобат кўп, иш кам. Айниқса, қаттиқ қоронғу қиш кунларида бизнинг шароитда нон топиш анча мушкул. Шунинг учун баҳор-куз мавсумида бор куч сарфланади.
Иш топилгандан кейин ҳам юрак ҳавотирда... Кун бўйи “хўжайин”нинг кўнглига йўл топиш учун тиришиб ишлаш керак. Худо кўрсатмасин, бирон хато қилиб қўйса, кунлик насиба йўқ, ҳисоби.
Кечқурун уйга қуруқ қўл билан қайтишдан кучли азоб йўқ. Ҳали уйга етгунча йўлдаги дилхираликлар қанча?! Таксини иложи борича арзонроққа кира қилиш, ўтириб олгач, ёнидагиларнинг бурнини жийириб, хўмрайиб қарашларига чидаш керак. Қишлоққа етгач, дўкондаги қарзни тўлолмаётганидан минг хижолат-ла бўйнини қисиб, унинг ёнидан оғир қадамлар билан ўтиш – бир бошқача дард. Энг ёмони уйга киргач, умид билан мўлтираб қараган нигоҳларга дош бериш...
Бундай ҳолат деярли ҳар бир мардикор бозорида тирикчилик қиладиган инсоннинг бошидан ўтган, ўтяпти...
Шу ўринда, “Ёшликда ўқиш керак эди”, деб фалсафа сўқарсиз? Уларнинг ичида ҳам “дипломли”лардан кўра калласи кучлилар етарлича топилади. “Айби” – ўқишга кириш учун омади чопмаган.
Биттаси ўзим. Ўқувчилик пайтларимда вазирликдан камини ўйламасдим.😉 Тушиб-тушиб шу ергача келдим.
Кирганлари ҳам моддий аҳволи қийинлигидан ташлаб кетишга мажбур бўлган.
Яна бир жиддий сабаби, аҳоли сони ошиши баробарида олий ўқув юртларига қабул квоталари ошмади. Янги мутахассислик йўналишлари киритилмади. Маҳаллий ҳокимият ва депутатлар бунга жиддий қарашмаган, кадрлар билан қизиқмаган.
Шунинг ҳисобига, бугун оддий почтачини ҳам четдан келтириб ўтирибмиз.
Шунча ўқиганга иш топиш муаммо бўлиб турганда, қабул квоталари оширилиши мантиқсиздек туюлиши мумкин. Лекин ўзимизда иш топилмаса, чет элда омадини синаб кўради. Шундоқ ҳам миллионлаб “бўм-бўш” ишчи кучини четга “экспорт” қилиб ётибмиз. Четга чиқиб ишлаётганларнинг 90 фоизида на бир касб, на тайинли ҳунар бор. Шунинг учун қаерда қора иш бўлса ўзимизникилар!
Ўзим ишлаб, яшаб кўрган Россиянинг Ингушетия автоном республикаси, Калуга вилояти, Санкт-Петербург шаҳарларида қора ишда – қурилишнинг бетон ишлари, ер кавлаш, кунлик оғир ишлар, юклаш-тушириш, фаррошлик кабиларда асосан ватандошларимиз ишлайди. Сабаби, кўп маош тўланадиган енгил ишларни қилишга уларда билим ва малака етишмайди.
Гап яна таълим тизимига бораяпти. Таълим тизими эса яна бошқа муаммолар гирдобига етаклайди. Тизим-тузум-канал-режим-тизим... Хуллас, охири йўқдек, гўё...
Чет элга ўтлаб кетганимнинг боиси, маҳаллий бозорлардан қониқмаган (албатта қониқмайди-да!) юртдошларимиз четга чиқишга мажбур. Боргандан кейин юқоридаги аҳвол. “Не умею, не знаю” сўзларидан кейин “муносиб” жойларга илашиб ишлаб юраверамиз. Асосийси – пул! Қолгани қизиқмас бизга. (қолгани маънавият ҳақида... жим!)
Мавзудан мақсад не?
Истасак истамасак, кўпчилигимиз паст назар билан қарайдиган мардикорлар қатламини (афсуски, бу тоифа инсонлар онгимизда қатлам сифатида шаклланиб улгурди) ижтимоий ҳимоя қилиш, қонунчилик ёрдамида уларнинг ҳуқуқларини таъминлашимиз керак.
Бунга миллий қонунчилигимиздан бир қанча асосларни келтириб ўтаман. Бу қонунларнинг қанчалик даражада ишлаётгани бошқа масала.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мавзуга доир қуйидаги моддалари биринчи бош асос:
18-модда. Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.
37-модда. Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир. Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.
38-модда. Ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгадирлар. Иш вақти қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга. Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас.
Энди Меҳнат Кодексидаги баъзи моддалар билан танишамиз:
6-модда. Меҳнатга оид муносабатларда камситишнинг тақиқланиши. Барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади. Меҳнат соҳасида меҳнатнинг муайян турига хос бўлган талаблар ёки давлатнинг юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар (аёллар, вояга етмаганлар, ногиронлар ва бошқалар) тўғрисидаги алоҳида ғамхўрлиги билан боғлиқ фарқлашлар камситиш деб ҳисобланмайди. Меҳнат соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.
7-модда. Мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши. Мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади. Қуйидаги ишлар, яъни: ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида; фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда; суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан; қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди.
8-модда. Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланади, бу ҳимоя меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини текширувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек меҳнат низоларини кўрувчи органлар томонидан амалга оширилади.
9-модда. Меҳнат соҳасидаги давлат бошқаруви. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини текшириш ва назорат қилиш. Меҳнат соҳасидаги давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари амалга оширади. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириш ва назорат қилишни қуйидагилар амалга оширади: 1) шунга махсус вакил қилинган давлат органлари ва уларнинг инспекциялари; 2) касаба уюшмалари. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини текширишни қонунда белгиланган тартибда амалга оширадилар. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат тўғрисидаги қонунларнинг аниқ ва бир хил ижро этилиши устидан назорат олиб бориш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан амалга оширилади.
50-модда. Ҳудудий (минтақавий) келишувлар. Ҳудудий келишувлар тегишли касаба уюшмалари (ходимларнинг бошқа вакиллик органлари) ва иш берувчилар (уларнинг бирлашмалари) ўртасида, тарафларнинг таклифига кўра эса маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳам тузилади. Ҳудудий келишувлар ҳудудларнинг хусусиятлари билан боғлиқ бўлган муайян ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш шартларини белгилайди.
Яна бир неча моддалардан асос сифатида фойдаланиш мумкин.
Мен кўтараётган мавзу эгалари булардан қай даражада фойдаланади?
Юқорида таъкидлаганимдек, мардикорлар деярли ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқсиз фаолият олиб боради. Масалан, охири хом оғзаки келишувлар. “Меҳнат дафтарчаси” юритилмайди. Пенсия ёшига етганда бу нарса панд беради. Ўзларини суғурта қилдирмайди. Ваҳоланки, уй бузиш, дарахт кесиш, чуқур кавлаш, юк ташиш каби кўплаб хавфли ишларни бажаришади. Жароҳат олиш эҳтимоли жуда юқори. Даволанишга имтиёз умуман йўқ. Кейин иш топишда қийинчиликлар кўп.
Булар мен билган асосий минус томонлар.
Шуларни эътиборга олиб, ақлим етганча таклиф киритмоқчиман. Камини депутатлар ва ижро органлари биргалашиб тўлдиради, деган умиддаман.
Таклифим: мардикор бозорларини хусусий ширкатларга айлантириш.
Ширкатлар хизмат кўрсатиш соҳасига оид қонун ҳужжатларига асосан тузилади. Давлат томонидан имтиёзлар берилиши керак: идора учун 0 қийматда жой, солиқда, коммунал тўловларда ва арзон кредит.
Бунинг фойдали деб ўйлаётган жиҳатларим қуйидагилар:
1. Қонунчилик асосида меҳнат шартномалари тузилади. Натижада, “вақтинча (аслида бутунлай) ишсиз” тоифадаги юртдошларимиз кескин камаяди. Ишсизлик 5,7 фоиз деган статистика ғирт ёлғонлигини тузувчилар ҳам яхши билади.
2. Шартномага асосан “Меҳнат дафтарчаси” юритилади. Бундан давлатга солиқ тушуми ортади. Ишчиларга пенсия учун яхшигина жамғарма тўпланиб боради.
3. Суғурта компаниялари билан шартнома тузилади. Бу тасодифий жароҳатларни даволашда қўл келади. Чунки, бу кўп учрайдиган ҳолат.
4. Касаба уюшмаларига аъзо бўлади. Бундан мақсад, ижтимоий ҳимояни кучайтириш. Даволаниш ва меҳнат таътилидан фойдаланиш учун зарур. Яна байрам, тадбирлар дегандек.
5. Ширкатларнинг ўз эксперт ва ҳуқуқшунослари бўлади. Иш борасида чиққан келишмовчиликларни қонун доирасида ҳал қилади. Экспертлар ҳар соҳадан шу ҳудуддан кўзга кўринганлари. Масалан, деҳқон, усталар, архитектор ва бошқалар маълум иш учун. Шунда ноҳақлик ва қаллобликка чек қўйилади, деб ўйлайман.
6. Мажбурий меҳнат қурбони бўлаётган шифокорлар, ўқитувчилар, талабалар қилаётган дала, қурилиш, ободонлаштириш ишларини ихтиёрий ҳақ тўлаш эвазига бажариш ва бундан уларни қутқариш...
Энг муҳими, мардикорларга ҳам одамдек муносабатда бўлиш шаклланади.
Балки, ошириб юборгандирман? Лекин бу кўзимиз ўрганиб қолган жараёнга айланди. Энди буларга қўшимча сифатида қуйидагиларни келтириб ўтсам.
Иш топишдан бошласак.
Агар, ширкатлар ўз ҳудудларида маркетингни яхши йўлга қўйишса, иш берувчилар билан экспертлар орқали ўзаро келишиб, хабарни смс орқали ишчиларга жўнатади. Бунда ишчининг жойлашган жойи, мазкур ишга қобилияти ҳисобга олинади. Меҳнат шартномасида резюме ҳам бўлади. Иш ҳақини белгилашда давлат умуман аралашмайди. Нархлар ҳудудлардаги хизмат бозорлари нинг кўтаришига қараб ўзаро белгиланади. Бунда онлайн такси хизмати фаолиятидан керакли жиҳатларни ўзлаштириш мақсадга мувофиқ. Ширкат қонуний воситачи ҳисобланади. Иш топишдан то топшириб, пулини олгунча. Иш ҳақини бериш ички тартибга кўра, кунлик ва ойлик маош ҳисобида ишбай тўланади.
Шу ўринда яна бир нарсани қўшимча қилсам. Ширкат тузилиши натижасида бир неча соҳа вакиллари ҳам иш билан таъминланади. Булар: иқтисодчи бухгалтерлар, ҳуқуқшунослар, қурувчи мухандислар, агрономлар, дизайнерлар, ҳайдовчилар ва бошқалар. Уларнинг ҳар бири ўз соҳасига оид ишларни бажаради. Иш режасини ва тартибини ривожланган давлатлардаги шундай ташкилотлардан ўзлаштириш мумкин. Малакали ходимлар жалб қилингач, ширкат қошида ҳунар ўргатиш ўқув курсларини ташкил қилиш мумкин. Бу эса четга ишлагани чиқаётганлар учун яхши тажриба мактаби бўлади. Сабабини юқорида айтиб ўтдим. Амалда ўрганиб бажариш тезроқ натижа беради. Асосан қурилишга оид, пайвандчи, электрик, сантехник, ёғочсозлик ва шунга ўхшаш соҳалар ўргатилади. Ҳуқуқ ва бурч дарслари ҳам керак.
Ширкат бюджети ишчилар ишлаб топаётган пуллардан фоиз ҳисобида ушлаб қолиш орқали шакллантирилади. Иш очиқ олиб борилса, ҳамма хурсанд бўлади, деган умиддаман. Қолган икир-чикирлар ички келишув орқали ҳал қилинади.
Бундан кўзланган асосий мақсад – норасмий ишсизлар сонини камайтириш; давлатга солиқ тушумини ошириш; тарқоқ, ҳимоясиз ишчиларни бирлаштириб, ҳимоя ва малакасини ошириш; жамиятда ижтимоий табақаланишнинг олдини олиш.
Барибир, ким бўлиб ишлашидан қатъи назар, қайсидир ташкилотнинг ходими билан оддий мардикорга бошқача кўз билан қараймиз.
Шуларни ҳисобга олиб, сиз азиз ўқувчилардан жўяли таклиф ва фикрларни ўртага ташлаб, кўпчиликка фойдаси тегадиган ечимни биргаликда топамиз деб ўйлайман.
Зеро, бир неча юзминглаб мардикорлар қўлига қараган миллионлаб ватандошларимиз бор!
Бир биримизни қўлласак, Аллоҳ ҳам биз томонда бўлади, тезроқ натижага эришамиз иншааллоҳ!
Бу бир оддий мардикорнинг хомаки (балки хомхаёл бўлган) фикр мулоҳазалари...
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
28 та фикр