Кубик

Бир неча ой муқаддам болаликда бошлаган ишимни охирига етказишга ва ўзимни инсониятнинг кубик-рубикни йиға олувчилар қатламига қўшиб қўйишга қарор қилдим. Бир ҳафта ичида пойтахтимиз метроси ва автобусларида машқ қилиб анча қўлим келишиб қолди. Албатта, интернетдаги бу мавзуга бағишланган турли йўриқномалардан фойдаланмасликка қарор қилганим ҳам олдимга қўйилган вазифани янада қийинлаштирганди. Нима бўлганда ҳам кубик йиға олмайдиган математик тамғасидан қутилиб, Рубик ихтиросини бир зумда маҳф этувчиларга ич-ичимдан уялиб эмас, балки сал бўлсада бефарқ қарай бошладим. Қўлимдан келмайдиган ишлар рўйхати қисқариши баробарида, хотирам пештахталарида чанг босиб қолган баъзи бир воқеалар ҳаёлимда қайта гавдаланди.

Беш ёшлар атрофида эдим чамамда. Эндигина мактабга борган опамга ҳавас билан китобларнинг фақатгина расмларини томоша қилиб эмас, балки расмлар атрофидаги аввал бошдан тушунарсиз бўлган, аммо сўнгра маънога тўла матнга айланган сўзларни ўқиб янада кўпроқ завқ олиш мумкинлигини эндигина англаётган кезларим эди. Ўз ўрнини тобора китобларга бўшатишга мажбур бўлаётган ўйинчоқларим театр саҳнасидаги ортиқча декорациядек бир четга чиқиб қолган ва хонанинг бир бурчагида уюлиб ётишдан бошқасига ярамаётганди. Кунлардан бир куни мана шу уюм орасидаги антиқа бир ўйинчоқ эътиборимни тортди. Балки бундан аввал ҳам кубик-рубикни “ўйнашга” уриниб кўргандирман, бу аниқ эсимда йўқ. Лукин айнан ўша кун биринчи марта уни ўйинчоқ сифатида эмас, балки қизиқарли бошқотирма сифатида қўлимга олгандим. Ҳеч ким менга унинг нима эканлигини тушунтирмаган бўлсада, негадир, болаларча қизиққонлик билан кубик рангларини тартибга келтиришга урина бошладим. Худди бир неча ой илгари бўлгани каби ўшанда ҳам бу бошқотирмага муккасидан кета бошлагандим.

Бир куни дадам ишдан асабий бўлиб қайтдилар. Ўзбек оилаларида оила бошлиғининг кайфияти бошқа оила аъзоларининг ҳам кайфиятини белгилаб бериши тайин. Кечги овқатни одатдагидек қувноқ ва завқли гурунг билан эмас, балки асабий жимжитликда қилиб бўлгач, мен ўз курсимни бир четга суриб, қўлимга севимли бўлиб улгурган кубикни олдим. Бу орада дадам ҳам ёрилиб, ичларидагини онамга гапириб бера бошладилар. Мурғак онгим билан дадамнинг сўзларидан шуни анладимки қандайдир коллеж ва лицейлар очиладиган, мактаб таълимида аллақандай ўзгаришлар бўладиган. Ҳаёлимнинг бир чеккаси кубик билан банд бўлса, бошқа бир қисми ота-онам суҳбатини англашга, опам бораётган мактаб нега ўзгаришию, бу ўзгаришдан ота-онамнинг нега хуноби чиқаётганини тушунишга уринарди. Ошхонада юзага келган асабий вазият менга ҳам таъсир қилар, қўлимдаги кубикни жаҳл билан у ёқдан, бу ёққа айлантирардим.

Табиатан анчайин оғир-босиқ бўлсамда ўша дамда қаердандир пайдо бўлган аламни қўлимдаги кубикдан олдим: уни полга уриб сочиб юбоганимни биламан ота-онам жимиб менга қараб қолишди. Вазиятдан чиқиш учун “қўлимдан тушиб кетди” қабилида бир нималарни ғўнғирлаганим эсимда. Онам менга дакки берган бўлиб идиш-товоқларга уннаб кетдилар. Дадам эса олдимга келиб майда бўлакларга сочилиб кетган ўйинчоғимни рангини-рангига тўғирлаб йиғишимга ёрдам бердилар. Мурғак онгимга саволлар қуюлиб келар, юз берган воқеликни тўла англаш учун дадамни саволга тутгим келарди. Аммо бир неча дақиқа олдин ҳукм сурган асабийлик яна қайтишидан чўчиб лом-мим демагандим. Энди билсам ўша куни менда мавжуд саволларга дадам жавоб бера олмас экалар. Нафақат мен, балки катталар ҳам ва нафақат ўшанда, балки ҳозирги кунга келиб ҳам кўп йиллар олдин амалга оширилган бу ислоҳотлар мақсади ва моҳиятини тўлиқ тушуниб ета олмаймиз.

Хотирамдан сизиб чиққан ушбу кичкина эпизод инсонни беихтиёр ўйлантириб қўяди. Тасодифни қарангки, орадан шунча йил ўтиб мен кубикни қайта қўлимга олганимда таълимда яна бир бор катта ислоҳотлар рўй берди. Биз таълим кубигини қачон йиғиб бўламизу, қачон таълим соҳаси ислоҳотлардан ҳоли, билим ва тарбия ўчоғига айланади? Таълим соҳаси тажриба майдончаси, улғайиб келаётган авлодлар тажриба қуёнларими? Ўзбек халқи барқарор таълим тизимига эга бўлгунича яна нечта авлод кубик йиғишни ўрганиши керак? Ўша беш яшар бола дадасидан сўрамай ичига ютган бу саволларни энди сиз ўқувчиларга бермоқчиман. Ким билади, балки кимдир бу саволларга жавоб бера олар.

3.44 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.44 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.16 / 2
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 3

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Aziza Sobirova 11/05/2018
5 Бахром Хайдаров 12/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
2 та фикр