Кимнинг тобутини олиб кетяпсиз?

Кенг дала. Сукунат. Ҳатто шабаданинг овози йўқ. Қуёш тиғида 4-5 бола, яна шунча аёл пахта териб юрибди. Айримлари ҳозир дарсда бўлиши, қолганлари жуда бўлмаганда фарзанд тарбия қилиши керак. Бироқ уларни пахта тарбия қиляпти, дала сабоқ беряпти. Баҳонамиз бор: улар миллий бойликни теряпти!

Наҳотки шу ўсимлик бойлик бўлса? На марихуанадан қиммат ва на мева-чевадан. Эркаклари қани бу қишлоқни? Улар Россияга кетишга улгурмаган экан. Йўл бошида оламон кўринди, устида тобут. Кўпга қўшилган кимдирни елкасига олган эркаклар. Забардаст, билагида кучи бор, ҳаёт ташвиши қаддини бироз букиб қўйган, аммо умиди сўнмаган.

Йиллар давомида миллий бойлигимиз пахта деб ишонтирганлар бекорларнинг бештасини айтипти. Бойлигимиз — халқимиз. Босмачилар буни билган, ҳадиксираган. Кейин эса пахта идеологияси ўйлаб топилган...

Рақобатда илғормизми?

Хоп, пахта. Биз шугина маҳсулот билан жаҳон бозорини титрата оламизми? Менимча, асосан ўзимиз титраймиз. Пахта далалари бобида Ҳиндистон, АҚШ ёки Хитойнинг олдига туша олмаймиз. Териш масаласида ҳам шу гап. Соҳа-ку тинимсиз ривожланиб борса, бошқа гап. Бироқ биз йиллар давомида пахтани қўлда териб келдик. Илғор техникани бунга олиб киришда ҳозиргача оқсаймиз. Бу ўша Бразилия ёки Колумбия плантацияларида кофе териб келган кишиларни ёдга солувчи манзара.

Фото: Google Images

Пахтадан ярим тайёр ёки тайёр маҳсулот тайёрлаш, кейин уни экспорт қилишда айтайлик Хитой, Туркия ёки Ҳиндистон билан рақобат қила оламизми? Маҳаллий текстиль ички бозорни ҳам тўлиқ эгаллай олмайди, биз фақатгина кичик доиралардагина маҳсулот сота оляпмиз. Буларнинг бари юқоридаги манзара маҳсули: болалар таълимдан, оналар замондан ортда. Демак, ҳозирги ҳолат билан яқин йиллар ичида ҳам нур кўринаётгани йўқки, бирор олим етишиб чиқса дегандек. Пойтахт шароитида таҳсил олаётган кимдир пахтани ёки далани тушунмаслиги, буларни тушунадиган болалар эса сифатли таълимдан узоқдалиги катта эҳтимол. Чунки ҳўв ўша даладаги аёлларнинг ярми ўқитувчилар.

Биз шунчаки ўзимизни алдаяпмиз. Яъни, артистга имтиёз бериб, миллатконцерт деган ташкилот тузиб, ўша артистларни пахта даласига текин олиб келяпмиз теримчилар кўнглини олиш учун. Кундузи отарчини, кечаси платанциядагиларни алдаш учун ишланадиган сериални кўрган халқ қандай қилиб ўзига келиб олади? Пахта идеологияси шунчалик пухта бўлганки, биз йиллар ўтса ҳам пахтада янгилик қилиши мумкин бўлган олимга эмас, пахтачини алдаши мумкин бўлганларга имтиёз беришдан чарчамаганмиз. Сананг: на пахтани қойил қилиб теряпмиз, уни на қойил қилиб сотяпмиз, на таълимда силжияпмиз ва на узоқда нурни кўряпмиз. “Темир хотин”даги Олимтойларни эмас, кичик-кичик Қўчқорвойларни кўпайтиряпмиз.

Яна нима экамиз?

Бозорга ёки катта тайёргарлик билан ёки янгилик билан кириш керак, йўқса чўкиб кетамиз. Денгиз биздан узоқ, унга интилиш мантиқсизлик. Бахтга қарши нефть конлари устида ястаниб ҳам ётмаймиз. Навоийдаги олтинларни, Ангрендаги кўмирни, воҳадаги газни тинч қўйинг. Валюта керак бўлгани учун сотяпмиз, аслида ўша нарсаларга ўзимиз муҳтожмиз. Кунига 3-4 соат нур кўрса шукр қиладиган, қишга ўтин ғамлайдиган халқимиз бор.

Пахтани бошқа ўсимлик билан алмаштирамизми? Айтайлик, мева-чева дегандек. 4 та фаслимиз бор, ширинликларимиз тилни ёради. Бироқ биз бу маҳсулот билан бозорни эгаллашга тайёрмизми? Боринг ана Россия ёки Қозоғистонга юкладик дейлик. Бироқ цитруслари билан танилган Малайзия, Таиланд, Индонезия, бу томонда Туркия ва Испания билан йўлларимиз кесишади. Қурув мева бозорида қаршимизда Эрон туради. Биринчидан, уларда техника кучли, иккинчидан, тажриба катта. Учинчидан эса бизда сув танқис, ўртоқлар. Икки дарёни бекор қуритиб ётибмиз.

Машинасозликка зўр беришимиз мумкин дейлик. Ғарбда немислар, чапда японлар, пастроқда Корея кўзимизни очирмайди. Шунча йил машина чиқарганимиз, “шапка” билан пулнинг 85 фоизини тўлаб, 185 кундан кейин машинага эга чиқишимиз бўлди, тўғрими? Қайтараман, биз кичик-кичик ҳудудлардаги рақобатга тайёрмиз. Аммо катта масштабда қийналишимиз бор гап.

Ишчи кучи экспорти-чи?

Бойлигимиз — халқимиз. Биз ишчи кучи экспортини шакллантиришимиз мумкин. Хўв ўша тобут кўтариб келаётганлар миграцияда ютиб чиқишга қодир. Қолган халқларга ҳурматимни сақлаганим ҳолда айтаман, халқимиз ўзига хос маданиятли, ўзига етгуча озодалиги бор, тарбияси бор, квалификацияси бор. Одамларимиз намойишкорана ишлардан тийилади, сабр қила олади, яхши сўз, муносабат, шароит ҳамда қонуний маош билан уларни бошқариш мумкин. Улар бекорга Россияда, Кореяда, Туркияда ёки араб мамлакатларида нон топиб кетмаяпти. Чунки айнан миграция масаласидагина рақобатга тўла тайёрмиз.

Стоп! Бу одам савдоси, бу бизга ярашмайди, уят бўлади дегувчи гаплардан тийилайлик. Айрим телебошловчилар Россияга ишлаш учун кетаётган кишиларга паст назар билан қарашни, тўғри мақсадда четга чиққан аёлларни қоралашни одат қилгани аслида уят. Масалага реал қарайлик. Меҳнат миграцияси бутун дунёда бор. Миллионлаб мексикаликлар АҚШда нон топади, араб мамлакатларида Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Вьетнам вакилларини кўп кўрасиз. Ҳатто польшаликлар ҳам ғарбий Европага сингишга ҳаракат қилади. Бу глобализация белгиси, уни истайсизми, йўқми — тўхтата олмайсиз. Аммо бошқариш, тартибга солиш мумкин.

SOS

Бир оилани пахта даласига ҳайдашдан кўра, шу оила вакилига миграция масаласида ёрдам бериш яхшироқ. Давлатлар миқёсида ёрдам керак. Биз ўша Россия, Корея, Туркия ёки араб мамлакатлари билан муносабатларимизни яхшилаш эвазига, одамларимизга шароит яратишга интилишимиз мумкин. Уларга қарши самарасиз курашдан кўра, ҳаминқадар ёрдам жуда муҳим. Армия, қандайдир маҳсулотлар савдоси, сиёсат доирасидаги катта учрашувларимиз ўз йўлига. Энди биз борлиги реал факт бўлган ишчиларимизни ҳам истисно қилмаганимиз ҳолда ҳамкорликка интилишимиз мумкин. Боиси ишчи кучи ўша давлатларнинг ўзига ҳам жуда керак. Улар ҳам нолегалларни қувишдан, улардан чўчишдан, назорат қилишдаги қийинчиликлардан чарчаган. Балки бизнинг таклифимизни кутиб турган бўлиши катта эҳтимол.

Меҳнат вазирлиги қошида меҳнат миграцияси билан машғул бўлувчи агентлик тузилса дейлик. Нолегал фаолият олиб бораётгани сабаб қора ишчига айланиб қолган муҳожирларимизда, ўз квалификацияси бўйича ишлаш имкони туғилиши мумкиндир балки. Давлатлар орасида бу борада алоҳида дастур бўлса, одамларимизнинг шароитлари яхшиланишига ишонч бор. Ишлаши учун муқим жойи бўлса, ертўлаларда ётиб юрмаса, маҳаллий полиция уларни чирқиратмаса, бизникилар туппа-тузук ҳамшира, механик, ошпаз, ўқитувчи, қурувчи ва ҳоказо. Мана энди пахта учун сарф этилаётган миллионларни фанга берсак эса, миллатконцерт тушунчаси ҳам керак эмас. Ахир олимлар, академиклар кўмакка муҳтож, ўзимиздаги билимлилар билан ҳам бир қатор соҳаларда ўсиш потенциалимиз бор. Афсуски, имтиёзни далага, армияга, саҳнага, спортга ва ҳайбаракаллачи фаолларгагина беряпмиз-у, таълим, фан, тиббиёт каби соҳалар нураб боряпти, бор олимларимиз четга қочяпти.

Ўша монопол темирйўллар, ҳаво йўллар меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорлик қилса, одамларимиз Қозоғистон чўлларида тириклайин ёниб кетмасди балки. Имтиёз, кредит, субсидия аслида уларга керак. Иши ўнгланса, қарзини албатта қайтаради, оиласини эпақайга келтиради, пахта даласида юрган укасини ўқитиш учун пул юборади, уйини таъмирлайди, газ олиб киради, кўчасини текислайди. Биз бор масъулиятни ўзимизга олиб, ҳар бир хонадонга кира олмаяпмизми, ҳеч бўлмаса ҳар бир хонадон вакилининг танловини ҳурмат қилишимиз керак, уларга шароит яратайлик демоқчиман.

Дўппи токчада

Ўша машҳур бош кийимни бир четга қўйинг, озгина ҳисоб-китоб қиламиз. 

Биз бир йилда таҳминан 1 миллион тонна пахта толасини экспорт қиламиз (аслида 4-5 миллион тонна пахта терилса керак). Биржада пахта толаси ўртача тоннасига 2 минг АҚШ доллари. Демак, йилига 2 миллиард доллар давлат ғаснасига миллий бойлик орқали тушяпти.

Энди эса пахта атрофидаги муаммоларни кўринг. Сувимиз, ўғит, дорилаш тизими ва вақтни айтмаганда ҳам, қолган чиқимларнинг ўзи анча тош босади. Ўқувчининг, ўқитувчининг далада юришиёқ қўрқинчли, энди бунга оддий ишчилар меҳнати, ҳарбий қисмдагилар кўмаги, пахтага бора олмай қолганларнинг чўтал тўлаши, қоида бузган ҳайдовчиларнинг далага одам ташиши, ёш тадбиркорларнинг турли кўмаклари каби масалаларни қўшинг. Давлат бир чўнтагига валюта солиб, унинг ёрдамида халқни боқмоқчи бўлса-ю, иккинчи томони билан шу халқни далага ҳайдаса — мантиқ ҳижолат бўлади. Яъни, миллий бойликни юзага чиқариш учун, биз ички бойликни ёқиб ўрганиб қолганмиз.

Энди танганинг иккинчи томонига қараймиз. Жаҳон иқтисодий инқирозигача (2014 йилларгача) Россияда бўлиб турган ўзбекистонликларнинг ўзи оиласига тахминан 7-8 миллиард доллар маблағ юборарди (аниқроқ рақамларни яна текшириш мумкин). Мана энди пахтанинг 2 миллиарди ва Россиядан кириб келаётган пулни олингда, саволга жавоб беринг: пахтами миллий бойлик ёки одамларимиз? Кореядан, араб мамлакатларидан, Туркиядан, боринг ана Қозоғистондан кириб келаётган суммалар бунда йўқ. “Дарё” рақамида айтилишича, 2017 йил давомида Қозоғистондан Ўзбекистонга 273,6 миллион доллар пул юборилган. Шунчаки кириб келгани яна қанча...
Фото: "Daryo.uz"

Агар пахтани давлат сиёсати даражасига олиб чиқиб, унинг тушуми ёрдамида тиббиёт ёки таълимни ривожлантиришни ўйлаган бўлсак, йилларни беиз кетган деб ҳисоблаш мумкин. Чунки бюджет шу соҳаларга пул ажратгани билан, бошқа қўл толибни ҳам, пир-у комилни ҳам, ҳакимни ҳам, ҳокимни ҳам далага ҳайдаган. Агар биз меҳнат миграцияси масаласида одамларга кўмак бера олсак, улар топаётган пулидан саломатлигини ҳам, ўқишини ҳам, қорин ғамини ҳам ўз гарданига ола билади. Улар бепул ва нисбатан сифатсиз тиббиёт ёки таълимга эмас, ўзи сифатли деб билган пуллигига мурожаат қилиш имконини қўлга киритади.

Агар биз четга иложсизликдан чиқаётган ҳаммада ношукур гастарбайтер ёки фоҳишани кўраверсак, одамларимизни ҳимоя қилмасак, унда муаммоларимиз атрофида айланиб қоламиз. Чунки пахта идеологияси шунинг учун ўйлаб топилган. Сувимизни-ку қуритиб бўлдик, энди силламиз қуригунича олиб бориш шарт бўлмаса керак.

Эркаклар кўтариб келаётган тобутда ким ётибди экан? Пахтадан қўллари қаварган одамми, тириклайин куйган ватандошимми, террор деган гумонда полиция отиб ташлаган гўл маҳалладошим — билолмай қолдим... Мен ўша тобутда пахта идеологиясини кўришни истардим.

4.36 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.36 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.57 / 25
  • Муштарийлар баҳоси
    4.58 / 76

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Muzaffar Qosimov 08/06/2018
4 Ғайрат Йўлдош 08/06/2018
4.5 Elyorxon Rahimberdi 08/06/2018
5 Gayratjon Turdiev 08/06/2018
5 Ma'mur Parmonov 08/06/2018
5 Shovkat USMONOV 08/06/2018
5 Дониёр Юсуф 08/06/2018
3.5 Doniyorbek Yulchiev 08/06/2018
3 Isroil Tillaboev 08/06/2018
5 Aziza Sobirova 08/06/2018
4.5 Javohir Izzatullaev 08/06/2018
4 Farhod Abdurahmon 08/06/2018
4 Muzaffar Umar 08/06/2018
3 Doniyorbek Obidov 09/06/2018
5 Абдумалик Фозилов 09/06/2018
4.5 Xudoyberdi Mirhosilov 09/06/2018
3.5 Ботир Ғофуров 09/06/2018
5 Baxtiyor Ahmad 10/06/2018
2 Nasiba Abdullayeva 10/06/2018
5 G'ayrat Norqobil 11/06/2018
5 Jasur Xasanov 11/06/2018
5 Saidaziz A'zamov 11/06/2018
5 Alisher Tojiev 11/06/2018
5 Рустам Сулаймонов 12/06/2018
5 Bahodir Daminov 14/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
49 та фикр