Биласизми, нега ижтимоий тармоқда (ҳаётдаям) одамлар исломий ва ғарб дунёсини таққослаб тортишаверишади. Чунки улар ўз тартиб-қоидаларига эга давлат ва жамият хаёлида яшашади, уни амалиётга кўчиришни, барчанинг ҳаёт тарзига айланишини исташади.
Каминанинг ҳам кўп қатори азалдан кичик бир орзучаси бўлган. Шундай жамиятда яшасакки, қонун деган матаҳ оёғимиз остидан бошимизга кўтарилса, уюшмалар тузиш ва сайловлар адолатли ўтса, э-э-энг асосийси, тушовланган матбуотимиз бор камчиликларни фош этувчи жамият санитарига айланса. Майли, қолгани амалга ошмасаям, учинчисини кўрсак, қанийди. Чет тилидаги нашрлар ва прокси билан очиладиган сайтларни ўқишга берилганлигим туфайли “Оммавий ахборот воситалари” эмас, “Оммавий ташвиқот воситалари” (Карим Баҳриев ибораси) ҳолига ачиниш талабалигимдаёқ шаклланган, қолаверса, бизда исталмаган маълумотлар дунёқарашим, ақидам ва маънавиятимга путур етказиб улгурган эди.
Сиз бир тасаввур қилинг: ўша кун келса, ҳеч бир фуқаро мажбуран ишлатилмайди; маҳбуслар калтакланмайди; кириш имтиҳонларида адолат қарор топади; муҳтожларга кўмаклашувчи уюшма тузсангиз, прокуратура чақиртириб пўписа қилмайди; уюшма нима бўпти, керак бўлса, ўз ҳаракатингиз, партиянгизни туза оласиз; фуқаронинг қонини ичаётган монополистларни губкадаги сувдек сиқиб ташлаймиз; бюджет ташкилотларга ажратилаётган пуллар қаёққа сарфланишини билиш имконига эга бўламиз; давлат тузилмасидан уруғ-аймоқчилар кураб ташланади; газета-журналга фуқаронинг ишончи тикланади. Негаки барча нуқсонни фош қилувчи ОАВ росмана тўртинчи ҳокимиятга айланади. Журналист бу жамиятнинг ҳолатини ёритувчи чироқдир, унинг ёрдамида юқоридаги қатлам пастки қатламни кўради, кўргач, табиийки, муносабат билдиради, чора кўради (муҳтарам ўқувчи, эҳтимол, сиз журналистика назариясини мендан ўн баробар яхши билувчи профессионалдирсиз, фикрларимни бир ҳаваскорнинг жўнгина тушунчаси деб қабул қилинг). Ҳокимбуванинг ноқонуний амалини ҳамма нашрлар уриб чиқса, узр сўрамай иложи йўқ; маҳбуслар калтаклангани ҳаммаёққа ошкор бўлса (суд тиббий экспертизаси эркин, фото ва аудиодалиллар бор) ҳукумат дарҳол зўравонларнинг думини тугади; журналистлар “Сариқ девни миниб”даги милиционер Ҳошимжон Рўзиев каби сеҳрли қалпоқчасини кийиб, одам оёғи етмас кабинетларга киради ва инвесторга йўл бермаётган бюрократлару монополистларни фош қилиб ташлайди; инвестор тиқилиб кетгач, юртимизда ишсизлик барҳам топади. Эҳ-ҳе, чўллар бўстонга, даштлар гулистонга айланади... Барибир бу турғунлик босқичи ортда қолиб, ошкоралик ва изчил тараққиёт босқичи бошланиши муқаррар.
...Икки йил бурун ёз охирлаётганда Рио-де Жанейрода боксчиларимизнинг зарбаси орқасидан бир қанча ринг тождорлари ва яна бир тождор қулади. 32 млн аҳоли қувончнинг орқасидан қайғуга ботди. Яширмайман, хафа бўлганим йўқ, буни умидбахш хабар деб қабул қилдим. Ниҳоят, бизнинг давлат ва жамиятда қон алмашади, акс ҳолда айниган қон танани ишдан чиқариши, томирга тиқилиб ётган шлаклар инсулт ёки инфарктга етаклаши ҳеч гапмас эди. Ана энди ОАВни кўрамиз, давринг келди журналистика.
Ҳақиқатан ҳам сўнгги йилларда журналистиканинг тушови ечилиб, учишга урина бошлади. Тўғри, у астойдил учса, кимларнинг бошини чўқиши тайин бўлгани учун жиловни тортиб туришибди, бироқ бугунги ҳолатни уч йил олдин орзу қилардим. Ўша кунлар келишини кутяпман, аммо журналистика призмасидан қараганда тараққиёт босқичигача яна бир оралиқ бекат борлигини ҳисобга олмаган эканман.
Энди ҳолатни кўринг. Танқид ҳам бор, таҳлил ҳам бор, ҳамма камчиликларни уриб ётибди. Журналистлар буниси ҳоким, униси вазир, деб истиҳола қилиш босқичидан ўтди. Аммо уни эшитадиганлар “кўз - кўр, қулоқ - кар” режимини ёқиб олиб, бамайлихотир ишлашмоқда. Бугун ҳокимбува “Ўқитувчи ва дўхтирнинг пахтага чиқиши – жиноят”, деб оташин оҳангда таъкидлайди. Бироқ эртага айни ўшалар “қалб амри билан” пахтага жўнайди. Терговда қийноқ қўллаш мумкин эмас, аммо “ичкари”дан калтак еб чиқса, “йиқилиб тушган”, деб хулоса ясалади. Ўқитувчи ўлгач, мажбурий меҳнат қонун билан батамом тугатилгани қайта-қайта тилга олинади, бироқ излар босилгач, марҳуманинг ҳамкасблари яна “ўз хоҳиши билан” кўча тозалашга чиқади. Порталга бирор ташкилотнинг бир қучоқ муаммосини ёзасан, “ўрганиб чиқиб, тегишлича чора кўрилсин”, деган штамп жавоб қайтади ва арз-ҳол бумерангдек учиб яна ташкилотнинг ўзига тушади. Деҳқонларнинг пиёзи касод бўлибдими – ёрдам берамиз, 400 сўмдан сотиб оламиз, кўнмасангиз, ўзингиз биласиз, биз ёрдам бердик. Масжид ва болалар масаласими – биз бажонидил халқ истагини тинглаймиз, бироқ ғўр болалар масжидда тўполон қилиб катталарни чалғитса, муқаддас масканни ифлослаб қўйса, гуноҳ ёзилмайдими? Фалон амалдор фалон миллион пулни ўзлаштириб юборибди – вайй, ёмон бўлибди-да, майли, бир сафар кечирамиз, бошқа қилмасин. Ҳа, бемалол фош қилаверинг, ёзинг, асло қўрқманг, бироқ натижани кафолатламаймиз. Ўйлаб қарасам, бу ҳам ҳисоблашишга арзигулик бир “переходной” босқич экан. Меровлик босқичи, беюзлик, карлик, гаранглик, билиб билмасликка олиш босқичи...
Агар бу босқичдан ҳам ўтиб олсак, кейинги бекат ижобий бўлиши тайин. Муносиб кадрлар келади, профессионализм ютиб чиқади. Ҳа, агар, ўтиб олсак. Ҳамма ўтган, бир ҳам ўтамиз. Бу кун кечагисидан яхшироқ, аммо бунақасини орзу қилмаганмиз, эртага бундан яхшироқ бўлади, яхшироқ бўлиши шарт.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
9 та фикр