Кечиккан блогпост: Менга омадсиз, аммо элга омадли!

Iqboljon Yusupov
Ярим финал

Воқеа

Бир дўстимнинг шаҳарда 4х6 дўкони бор эди. Ўзи бошқа иш билан машғуллиги учун ушбу дўкондан ҳеч ким фойдаланмай қаровсиз ҳолатда турарди. Тадбиркорлигимга бориб, дўстимга маслаҳат бердим. "Бекор турмасин, бирортага ижарага берайлик" дедим. У рози бўлди, ўзим бош қош бўлиб, ижарачи топиб дўконни ижарага бердик. Йилнинг боши эди, ижарачи билан дўкон эгаси ўзаро шартнома қилиши кераклигидан хабарим бор, канцеляриядан тайёр шартнома бланка олибманда, мулк эгаси ва ижарачи ўртасида ўзаро шартнома қилиб қўйибман.

Шартнома қилганимиздан бир ой ўтар-ўтмас, телефонимга қўнғироқ бўлди:

- Алло сиз фалончи фалончиевмисиз?

- Ҳа шундай!

- Тезда паспортингиздан нусха олиб шаҳар солиқ идорасига келинг!

- Тинчликми нима гап?

- Ижарага берган дўконингиз бормиди?

- Ҳа

- Ўша дўконни ижарачи билан ўзаро тузган шартномангиз йўқ экан, биз ушбу ҳолат юзасидан баённома расмийлаштиряпмиз, тез келинг!

Қисқа мулоқотдан ҳангу-манг бўлдим, қолдим. "Қуруқ турса туравермайдими, ўша дўкон ишига аралашиб нима қиламан мен ҳам, ўрта ичида дўстимнинг ҳам оғримаган бошини оғритадиган бўлдим-да" дейман, куйиниб.

Айтилган вақтга, айтилган хужжатларимни олиб бордим. Хонада бир гурух солиқ ходимлари бор экан. Саломлашиб бўлингач, ўтириш учун жой кўрсатди. Жойлашиб олганимдан сўнг, бир бошдан вазият ҳақида маълумот бера бошладилар. Дўконда аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати ҳақида тушунтирар экан, ўзларини худди айбдордек тутиб олган:

- Юқоридан комиссия бор эди ака, дўконларни бир бошдан текшириб келаётган эдик, сизникида шу ҳолат юз бериб қолди. Ёнимизда комиссия турганлиги учун ҳеч нима қила олмадик, иложи бўлмади, бизни тўғри тушунинг! (Бу ёғи, ўзбекча мулозамат!)

Аслида қонун бўйича биз шартномани ўзаро тузишга ҳаққимиз йўқ экан, шартнома фақатгина нотариус орқали тузилган бўлиши керак экан. Нотариус орқали тузилмаган шартнома ноқонуний хисобланиб, солиқдан қочиш ҳолати бўлиб қолар экан.

"Қонунни билмаслик, жавобгарликдан озод қилмайди" дейилади, бу ҳақ гап. Биз қонунни билмас эдик, билсакда эътиборсиз бўлгандик, лекин бу жавобгарликдан озод қилмаслигини ҳам билдик.

Ходим ўзини айбдордек хис қилиб, овоз тўнини бироз юмшатиб, худди кечирим сўрагандек бўлиб тушунтириши шарт эмас эди.

"Қонунни буздингизми, жаримасини ҳам тўлайсиз энди" деб, шартта-шартта айтиш керак эди, тамом вассалом!

Нима учун бу гапларни ёзаяпман, ўша кунги ходимларнинг бир гапи халигача аламимни келтиради.

Ҳуқуқбузарлик ҳолати расмийлаштирар экан, хужжатларига имзо чектирар экан, тушунтириш хати олар экан, ҳар икки гапнинг бирида:

- Ака ҳечам ўйланманг, бу шунчаки маълумот учун холос, сиз эртагаёқ нотариус орқали шартнома қилиб келиб беринг, биз бу баённомаларга ўша шартномани тикиб қўямиз, тамом. Сизга ҳеч қандай жарима қўлланилмайди. Мен кафил!

Лекин, эртага шартнома қилиб келиб бермасангиз энг кам иш ҳаққининг 5 баробаридан 10 баробаригача жарима қўлланилиши мумкин.

- Ҳа шундайми? -дейман нозирнинг гапига ишониб ишонмай, - унда эртагаёқ шартнома қилиб келаман ака.

Муаммонинг бошланиши

Ишониб-ишонмай деган гапимнинг боиси, ўзим ҳам бир пайтлар божхона органларида ишлаганман. Ўшанда ўзим ҳам божхона қоидабузарларига нисбатан баённомалар тузиб турардим. Баённома тузиш, блогпост ёзишдек гап эмасда. Кимнидир мол мулкини мусодара қилиб, камига уни яхшигина суммадаги жаримага рўпара қилиш осон иш эмас. Хархаша қилади, ур-сур қилади, йиғлаб дод солади ёки аёл киши бўлса, уст-бошини йиртиб, "ходиминг менга тегажоғлик қилди" деб, шантаж қилишдан ҳам тоймайди. "Пул жигардан бўлади" дейишадику ахир. Ана шундай вазиятда, алдаб-сулдаб "опамсиз, акамсиз, келинг шу ерга қўл қўйворинг, хеч нима қилмайди, судга ҳам чақиришмайди хаттоки" деб, баённома тузиб олар эдик.

Бугунги нозирнинг мени алдаб-сулдаб имзо чектириб олиши тарихни ёдга солди.

Улар шу қадар ишонтирдики, мен солиқ идорасидан чиқибоқ нотариус идорасига шошилдим. Нотариус фаолиятида ҳам бир қатор ислохотлар амалга оширилибди. Қайсидир ҳолатда давлат божлари ошган бўлса, яна қайси бирида тўлов икки баробарга ошиб кетган. Бундан ташқари ҳар бир расмийлаштирилаётган нотариал хужжат учун электрон рақам олиш жорий қилинибди. Интернет орқали рақамни кутишларини ўзига анча вақт сарфлашини хисобига, қайси бир нотариус биноси олдига борманг, навбат турна қатор.

Нотариал идорадан фақатгина эртаси кун учун навбатга ёзилиб қайтдим холос.

Навбатим эртасига тушликдан сўнг келадиган бўлди. Навбат бошқа бировга ўтиб кетмасин деган илинжда ўша кунги ишларимни ҳам бир четга суриб эрталабдаёқ нотариус идорасига бориб, кутиб турдим. Телефон орқали ижарага олувчини ҳам, ижарага берувчи ўртоғимни ҳам тайинлаб турибман: "хужжат тайёр бўлиши билан келиб имзолаб берасизлар" деб.

Навбатим келди, хужжатлар расмийлаштирилди. Тўлов эса!!!

Эшитган одамни бир чўчитиб юборади.

Битта ижара шартномасини нотариал тасдиқлатиш, майда-чуйда чиқимлари билан биргаликда жами 240000 сўм бўлар экан.

Дўконни ижарачига ойлик 600000 сўм эвазига бир йилга ижарага берган эдик. Шу сумма учун, шунча тўлов!

- Майли энди кетса кетар, тезроқ шартномани олиб бориб берай, бўлмаса камида 5 баробар жарима қўллаб турмасин, - деганча, кечаги нозирнинг гапини эсга олиб, идорасига шошилдим. Борсам хонасида ҳеч ким йўқ экан. Ташқарига чиқиб, бир кун аввал телефонимга қўнғироқ қилган ўша нозир рақамини тердим. Кўтарди, саломлашдик. Ўзимни танитдим, таниди. Шартномани олиб келганимни айтдим. Бошқа бировнинг рақамини берди. Унисига қўнғироқ қилдим, униси эса шартномани хонага қўйиб кетаверишимни айтди. Мен шартномани хонага қўйдим-у, чиқиб ўз ишимга кетдим.

Дард устига чипқон

Орадан 15 кунча вақт ўтди, дўстим қўнғироқ қилди:

- Бояги дўкон ишлари хал бўлмаган эдими?

Танамдан муздек тер чиқиб кетди.

- Хал бўлган эди, нима гап тинчликми? - шошиб сўрайман, хавотиримни яшира олмай.

- Уйга хат келибди-да, аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан энг кам иш ҳаққининг 5 баробари миқдорида белгиланган жаримани 10 кун муддат ичида тўлаб қўйилмаса, хужжатни МИБга чиқариб юбораркан.

- Оббо! Ўша куни хужжатни олмаган экан-да, - дейман, нозирларга ишора қилиб. Дўстимга ҳаммасини тез орада хал қилишимни айтдимда, яна нозирнинг телефон рақамларини тера бошладим. Телефони “хизмат доира” бўлиб қолибди. Шеригига қўнғироқ қилдим. Ҳолатни тушунтирдим. Жарима чиққанини айтдим. Қисқаси, у киши негадир "эслай олмади".

- Ҳеч бўлмаса ўша кунги нозирнинг топиб беринг, нега ёлғон гапиради? - десам, айнан ўша менга "жарима қўлланилмайди" деган ходим бир хафта олдин ишини ўзгартириб, МИБга ўтиб кетибди. Энди топиб бўлмас эмиш, ҳаммаси бефойда эмиш.

Жуда алам қилди.

Хали ижара пули тузик қуруқ қўлга тегмасдан, аввал нотариусга 240 минг, мана энди энг кам иш ҳаққининг 5 баробари (862000 сўм) миқдоридаги жаримани тўлайдиган бўлдим. "Эртага МИБга ҳам чиқиб кетмасин" дея, кечиктирмай жаримани ҳам тўладим.

Энг қизиғи ва энг аламлиси кейин юз берди. Мен жарима билан банд бўлиб юрганимда, ижарага олган ижарачи кейинги ойдан дўконни бўшатишлиги, ишлари юрмаганлигини айтиб қолди. Мажбурлаб олиб қолиб бўлмайди-ку, шароитини айтди, рози бўлмай иложим йўқ.

Аламлими?

Ҳа, албатта!

Ҳа шундай, бир ойгина ижарада турган ижарачи сабаб 1,1 млн сўм давлатга пул тўлаб бўлдим.

Хали бошланмасдан қилинган чиқим эвазига, кошки эди, ҳеч бўлмаганда бир йил ижара пули олганимда.

Келаси ойдан янги ижарачи излаб топиш ва энг камида 862 минг сўмлик жаримага дучор бўлмаслик учун яна икки кунлик вақтдан кечиб нотариал идорадан ижара шартномаси расмийлаштиришим лозим бўлади.

Фикри ожизимча, қонун ва қонун ости хужжатларимизда "ижарага олувчи шартнома қилингандан бир ой ўтиб, ижара шартномасини бекор қилгудек бўлса, айнан ўша кўчмас мулк учун янгидан бошқа ижарачи билан шартнома қилинаётанда, аввалги тўланган давлат божи бунисига ҳам таъсир қилади, янгидан тўлов ундирилмайди" деган бандлари бўлмаса керак.

Шундай холларда, "Бор э!" деб, ҳаммасига қўл силтаб юборасизми сиз ҳам?

"Бор э!" - дедим-у, ҳаммасига қўл силтадим. Ижара ҳаққи олдим нима-ю, олмадим нима? Қайтанга маъмурий ҳуқуқбузарга айландим.

Қонунлардан кўнгил совуганда

Мана бир ойдан ошдики, дўкон бўш ётибди. Ижарага олмоқчи бўлиб қўнғироқ қилганларга рад жавобини бераяпман.

Ана шундай ҳолатларда ўйланиб қоламан. Айрим қонун хужжатларимиз борки, атайдан қонуний бажариш мураккаблаштирилгандек ёки бўлмаса тўлов қийин бўлиши учун юқори нарх белгилаб қўйилгандек ва бунинг натижасида фуқаро ўша қонунни четлаб ўтишга уринишига ундашдек туюлаверади. Давлат органлари фуқаро қонунни четлаб ўтишга харакат қилдими, шартта "босиб" яхшигина жаримага дучор қилишни хохлайдигандек туюлаверади. Балки ундай эмасдир, яна билмадим.

Мана масалан юқоридаги ҳолат юзасидан фикр юритадиган бўлсак.

Кўчмас мулкнинг ижара шартномаси нима дегани ва унда нималар белгиланган бўлади?

Ижара шартномаси-кўчмас мулк эгаси, яъни ижарага берувчи ва ижарага олувчи ўртасида маълум муддатга тузиладиган ўзаро келишув.

Бунда икки томон ўзаро шартлашиб олади. Қандай шартлар белгиланади, бу уларнинг ўзларига боғлиқ.

Солиқ органларига таъсир қиладиган келгусида ҳуқуқбузарлик аниқланишига сабаб бўладиган қисми бу - шартномада белгиланган ойлик ёки йиллик ижара суммасидир.

(Касса аппаратни рўйхатдан ўтказилиши учун ҳам ижара шартномаси керак бўлади, лекин бу ҳам солиқ идорасининг талаби)

Солиқ органлари ўша белгиланган суммадан маълум фоизларда даромад солиғи ундиради.

Масалан кўчмас мулк ижарасидан олинадиган даромад солиғи 7% деб олсак, юқорида белгилаган 600 минг учун ойига 42 минг сўм солиқ тўларканмиз.

Бу сумма кимга оғирлик қилади?

Шу 42 минг сўм учун солиқдан қочишга харакат қиламизми?

Асло!

Лекин, солиқ органлари даромад солиғини ундириши учун нотариал тасдиқланган шартномани тузиш ва ўша шартнома учун 240 минг сўм пул тўлаш менимча ҳар кимни оғринтиради.

Менинг назаримда беҳуда чиқим.

Шу чиқимни ўйлаб ҳам ижара шартномасини тузиш кечиктириб юрилади, оқибатда эса юқоридаги ҳолат. Солиқдан қочиш ҳолати ва жарима.

Бунақаси бир марта эмас

Ижара шартномасини расмийлаштириш учун нотариал идорада ўз навбатимни кутиб турганимда, мендан олдинги навбат эгаси ҳам ижара шартномаси расмийлаштириш учун келган экан.

Уларники фақат хонадоннинг ижараси экан. Хонадон эгаси, ортиқча хонадонини ҳарбий қисм зобитига ижарага бераётган экан.

Навбат жуда кўплигидан тиним билмай ишлаётган нотариал идора ходими шартномани қўлига олар экан уни хонадон ижараси шартномаси эканлигини билгач, бироз жахли чиқиб:

- Шу шартномаларни маҳалла фуқаролар йиғинига бериб юборса бўлмасмикан, маҳалла раиси бошчилигида икки томон ўзаро келишиб олса бўлди-да, шуни ҳам нотариусда тасдиқламай" - деб, юборди. Демак, уларга ҳам хавас эмас экан, ҳар биридан 240 мингдан давлат божи олаётган бўлсада, лекин қилаётган ишларидан кўнгли тўлмаяпти.

- Оддий шартномаку бу, шуни ҳам нотариал тасдиқлаш шарт эмасда, -демоқда нотариал идора ходими.

Деярли барча катта шахарларда ёки чегара худудда жойлашган туманларида минглаб ҳарбий оилалар бор. Оиласи билан яшашлиги учун уларга вақтинчалик бошпана зарур.

Ижарага хонадон излаб топиб, жойлашади. Ҳарбийларнинг ижара пули ҳарбий қисм томонидан тўлаб берилади. Лекин, ўша ижара пулини тўлаш учун асос сифатида ижара шартномаси зарур бўлади. Ижара шартномаси тузиш 240 минг дегани, ҳеч қачон хонадон эгаси ижара шартномасини тузишдаги харажатга шерик бўлмайди, ҳаммасини ҳарбийнинг зиммасига юклайди. Ҳарбий оилага қўшимча чиқим дегани бу. Ва бундан ташқари ижара шартномасини тузиш учун бир кунлик вақтини йўқотиш ҳам демакдир.

Кўпинча хонадон ижара шартномасини асосан ҳарбийлар тузади. Бунга сабаб, ижара пули ҳарбий қисм томонидан тўлаб берилади. Агар ижара пули тўлаб берилмай ўзини ёнидан тўлов амалга оширилганида эди, ҳеч қачон 240 минг тўлаб нотариусда шартнома қилмаган бўлар эди.

Нега бунчалик ишонч билан айтяпсиз дейсизми?

Унда ҳарбий бўлмаган, умуман олганда ижара суммасини иш жойи тўлаб бермайдиган, бошқа ижарада турувчи оилалар билан бир танишиб кўринг. Камида 70% оила ижара шартномасиз яшайди.

Аслини олганда ҳаммаси ҳуқуқбузарликка йўл қўймоқда, солиқдан қочиш ҳолати юз бермоқда.

Нега ижара шартномаси қилиб олинмайди?

Негаки 240 минг тўлаш керак.

Дўконни ижарага оладиган ижарачилардан кўра хонадонни ижарага олиб яшовчи ижарачилар қўполроқ қилиб айтганда анча бевафороқ бўлади. Дўконни ижарага олган хеч бўлмаганда 6-7 ой ёки бир йил ижарада туриши мумкин, лекин хонадонни ижарага олганлар бир ой ўтмасидан шароити сал яхшироқ хонадон чиқиб қолса, кўчиб ўтиб кетиши оддий ҳолат.

Бунақа вазиятда 240 минг тўлаб ижара шартномаси қилинадими? Йўқ!

Шартномасиз ижарага берилаверади. Солиқ ундирилмай қолиб кетаверади.

Блогим жуда чўзилиб кетди, бунинг учун узр сўрайман.

Менга қулоқ солинг

Ушбу муаммоли ҳолат юзасидан ечим сифатида қуйидагиларни таклиф қиламан.

Ижара шартномаси асосан солиқ органлари учун даромад солиғини хисоблаб чиқаришга керак экан, ўша шартномани солиқ органлари ходими гувохлигида тузиб қўя қолсак бўлмайдими?

Бунинг учун ижарага берувчи ва ижарага олувчи бир кунни тайин қилиб тегишли хужжатларни олсинда, солиқ идорасига келсин. Идорада ижаралар билан шуғулланувчи махсус бўлимга кириб, ходимнинг гувохлигида шартнома тузилсин ва охирида солиқ органи ходими шартномани мухр билан тасдиқлаб қонунийлаштириб берсин.

Менимча, бу нотариал идорада тузилган шартномадан бир мунча осон.

Биринчи ўринда турнақатор навбат кутиб, қимматли вақтини беҳуда сарфламайди. Иккинчи ўринда ортиқча харажат ҳам қилинмайди.

Учинчи ўринда солиқдан қочиш ҳуқуқбузарлик ҳолати олди олинади.

Агар шунда ҳам ижара шартномаси тузмасдан фаолият олиб бориш ҳолати аниқлангудек бўлса, унда уларга нисбатан кескин чора кўриб, жарима миқдорини икки уч баробарга ошириш таклифини берман.

Гап кўчмас мулк ижарасидаги айрим тушунмовчиликлар ҳақида борар экан. Нафақат дўкон ва хонадон ижараси, ундан ташқари яна бир қатор ижара турлари мавжудки, уларни ҳам кўриб чиқиб келгусида соддалаштириб, фуқароларимизнинг ортиқча югур-югур, қоғозбозлик, беҳуда вақт - пул сарфлашдан озод қилинса, хозирда юртимизда юз бераётган ижобий ислохотлар даврида мақсадга мувофиқ бўлармиди деган умиддаман.

Happy end

P/S: Ушбу блогпост ғояси ва ечими бундан бир ярим ойча аввал, айнан юқоридаги дўконимизда юз берган ҳолат сабаб келган эди. Хаттоки оз-моз қораламаларини ҳам қилиб қўйган эдим. Бу орада блоггерлар чемпионати мусобақаси бошланиб қолди. Биринчи босқичга тайёр блогпостим борлиги учун бу блогпостни "насиб қилиб кейинги босқичга чиқсам эълон қиламан" деган ният билан сақлаб турган эдим. Блогпостим деярли тайёр эди, лекин "уста блоггер"ларга ўхшагим келдими, яна билмадим эълон қилишни сўнгги кунгача чўзиб келаётган эдим.

Бу орада, Давлетовнинг телеграмм каналида ажойиб "хушхабар" ўқиб қолдим.

Блогим учун балки омадсизликдир, лекин фуқароларимиз учун ҳақиқатдан хушхабар.

Энди 2019 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулк ижара шартномалари нотариал идораларда расмийлаштирилмас экан ва яна бир қизиқ томони шундаки, блогимда ечим сифатида берилганидек, эндиги шартномалар солиқ идораларида рўйхатдан ўтадиган бўлибди.

Ура!!!

Балки, "Қарордаги ушбу банд нега керак?" дегувчилар учун юқоридаги блогпостим "тушунтириб берувчи йўриқнома" вазифасини ўтаб берар.

Яқин икки йилдан бери мана шундай замонда яшаяпмиз.

Оддий фуқаро сифатида шунчаки кўнглимиздан "мавжуд қонунларимизнинг айрим жойларидан норози бўлиб, шу қонунни қайта кўриб чиқиш керак" деган фикрни ўтқизсак, эртасига Оммавий ахборот воситалари орқали айнан кўнглимиздан ўтган муаммо юзасидан ислохотлар бўлгани ва фуқароларга енгиллик қилинганлигини ўқиб ёки эшитиб қоляпмиз.

Узоғига суюнтирсин!

Яна бир постскриптум

Янги қарор блогпостимни қийматини тушириб юборган бўлсада, омма эътиборига ҳавола қилавердим.

2-босқичга блогпост юбориш муддатининг сўнгги кунига ҳам жуда оз вақт қолмоқда, тан олиб айтаман-ки, бу вақтда мен янги мавзу топиб блогпост ёза олмайман.

Бу ёғи Оллоҳга таваккал!

4.12 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.12 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.32 / 12
  • Муштарийлар баҳоси
    4.53 / 5

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4.5 Gayratjon Turdiev 30/05/2018
4 Doniyorbek Yulchiev 30/05/2018
4.5 Bahromjon Abdurahmonov 30/05/2018
4 Farhod Abdurahmon 30/05/2018
5 G'ayrat Norqobil 31/05/2018
4.5 Xurshidbek Ibrohimov 31/05/2018
5 Aziza Qurbonova 31/05/2018
3.5 Bahodir Daminov 31/05/2018
5 Otabek Safarov 31/05/2018
5 Shukurjon Islomov 01/06/2018
2 Beknazar Raxmatov 01/06/2018
0.5 Gulruxoyim Yusupova 02/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
4 та фикр