Таълим ҳақидаги суҳбатлардан бирида, ушбу соҳада кўп йиллар давлат таълим муассасида фаолият олиб бориб, ҳозирда хусусий ўқув марказга ўтиб кетган бир инсон шундай фикрни айтиб қолди: "Биз таълимни муқаддаслаштиришни тўхтатишимиз зарур. Сабаби одамлар муқаддас нарсани пул билан ўлчашга ботинолмайдилар. Натижада таълимга пул сарфлашдан чекинадилар. Ғарб университетларида таълим сифатининг яхшилигининг бош сабабларидан бири улар таълимга манфаатдорлик кўзи билан қарайдилар ва ўзлари хоҳлаган натижага эришадилар. Биз эса таълимни йўлга сололмай қийналиб ётибмиз... Бизга қўйиб берса ҳамма нарса муқаддас. Муқаддаслар рўйхатини сал камайтирайлик ўз фойдамиз учун."
Ушбу фикрларга қўшилган ва мантиқий давом эттирган ҳолда, бир жиҳатга эътибор қаратишимиз керак. Бизга дунёвий таълим СССРдан кириб келди асосан. (Гарчи олдин мадрасаларда ҳам математика, табиий фанлар ўтилган бўлса-да, бутун жамиятни қамраб олмаган эди). СССР таълимни бепул қилди.
Ҳозирги ўқишга муносабат ҳам аллақачон йўқ бўлиб кетган СССР инерцияси сабаб юзага келган. "Таълим бепул бўлиши - аксиома. И всё. Пулга дарс ўтиш - виждонсизлик" тушунчаси пайдо қилган ўша тизим. (Бу ёмон фикр эди, демоқчимасман.)
Аммо, бозор иқтисодиётига ўтилдими, энди таълимга ҳам талаб ва таклиф қоидасига биноан муносабатда бўлиш таълим сифати ошишининг кафолати эканини тан олиш керак. Жаҳон стандартларига мос таълим талаб қилиняптими, демак мана шу даражада ўқита оладиган педагог учун тўланадиган маош ҳам жаҳон стандартида таклиф қилиниши шарт. Энг капиталистик давлатларда ҳам 2 хил таълим бор: давлат муассасаларида ва хусусий секторда. Ва сўзсиз хусусий сектор ҳамиша давлат муассасаларидан кўра сифатли таълимни таъминлаб келган. Чунки бу сектордаги таълим нархи қиммат - ўқитувчи эҳтиёжларини тўлиқ қоплайди, жамғариб боришга ҳам етади. Хусусий таълимдаги ўқитувчи даромадини ошириш учун бошқа манбаларни қидириб вақт ўтказмайди. Бор эътиборини таълимга қаратади.
Маоши кундалик эҳтиёжларини тўлиқ қоплашга етмаётган давлат муассасидаги ўқитувчи эса пул топишнинг бошқа йўлларини қидиради. Кимлардадир бу коррупцияга айланади. Яна кимлардир хусусий ўқув марказларга ўтиб кетади. Яна кимлардир шунчаки стаж ва нафақани ўйлаб ишлаб, ўз соҳасига алоқаси йўқ ишлар орқали пул топишга, эҳтиёжини қондиришга ҳаракат қилади - ўқитувчи сифатида ўсишдан тўхтайди. Таълим таназзули - давлат таназзули.
Бирор давлатнинг нефт ёки газдан топаётган даромади, АҚШнинг ахборот-технологияларидан топаётган даромадидан баланд эмас. Илм - бу информация. Информация эса бозор иқтисодиётида пул туради. Унинг қиймати баланд.
Бепул сифатли таълимга катта миқдорда маблағ ажратишга иқтисодиёт ҳалақит қилаётган бўлса, унда кам таъминланган оила фарзандлари бундан буён сифатсиз таълим томон кетадими? Йўқ. Агар бунинг чораси вақтида кўрилса. Масалан қуйидагича:
• хусусий сектор учун ҳам қонуний талаб қўйилиши - ўқувчи ва талабаларнинг 5 ё 10 %ига кам таъминланганлик даражасига қараб чегирма ва имтиёзлар билан ёки буткул бепул таҳсил бериш мажбурияти.
• иккинчи йўли эса хусусий секторлар катта миқёсда қулоч ёза бошлагач, давлат ўзи таълим учун ажратадиган маблағни қисқартирмай, барчасини қолган оз сонли давлат муассасалари ҳисобига ўтказиш ва йирик капитал орқали сифатли таълимни моддий аҳволи оғир оилалар учун ҳам таъминлаб бериш.
Ҳозирда эса, давлат муассасаларида барча, бой ҳам, кам таъминланган ҳам бирдек бепул ўқимоқда. Аммо сифатли таълимни барибир асосан хусусий ўқув марказлар таъминламоқда. Алоҳида репетиторларда эса аллақачон юқоридаги конкрет қоида амалда бор: ўқувчи кам таъминланганми, ё имтиёз ва чегирма бн ўқийди ё биратўла бепул. Демак, барча моддий тоифалардаги инсонларни ҳисобга олиб таълим жараёнини секин-аста ўзгартириш тўғри йўл бўлади.
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
2 та фикр