Журналистга алам қилади

Alisher Abdumalikxon
Саралаш

“Ўзбекистонда интернет журналистикасининг аҳволи қандай?” мақоласини ўқиб...

Саноқли сайтлардан ташқари Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган аксарият интернет нашрлар сайт шаклидаги блог-копирайтерларга айланиб қолган. Масалан, бир кун ичида Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлган ўн бешта воқелик бир нечта нашрларнинг меҳнати билан виртуалда юз очса, қолган ўнлаб бошқа сайтларда ҳам айнан шу хабарлар “айланмоқда”. Ҳатто ҳозир ана шу кўчириб босиш ишларини ҳам сайт дастурининг ўзига автоматлаштириш юртимизга кириб келганига анча бўлди. Бир мутахассис танишим яхшигина хизмат ҳақи эвазига менга ҳам шундай дастурни таклиф қилганди. Бир неча кун меҳнат қилиб, изланиб ёзган мақолангиз сайтингизга қўйишингиз биланоқ компьютер дастурчиларининг яратган “бебаҳо ғоя”лари орқали автоматик тарзда қайсидир бошқа сайтда намоён бўлса, журналистга алам қилади-да...

Бир неча йил аввал Американинг йирик ахборот агентликларидан бири сайтига кирган киберҳужумчи унинг номидан Оқ уйда портлаш юз бергани ва Президент ярадор бўлгани ҳақида ахборот тарқатади. Атига 16 секунд, эътибор беринг, 16 сония ичида агентлик буни пайқаб, хабарни сайтдан олиб ташлайди. Аммо кўз очиб юмгунча бўлган вақтда бу ахборот “тезкор дастур”ларга эга бошқа кўплаб сайтлар орқали тарқалиб кетишга улгуради. Аҳмоқнинг аҳмоқлигини “ақлли дастур” қаёқдан ҳам билсин?! Ахборотга чанқоқ, виртуалдаги ёлғонлар сабаб онги чалкашиб, тобора дунёга ишончсизлик билан қараётган бошқаларда нима айб?! Чинакам журналистга бу ҳам алам қилади. Масаланинг ана шу техник жиҳатларини ҳам ҳуқуқий тартибга солиш кўтарилаётган муаммонинг ечимларидан бири бўлади.

Нима қилиб бўлса ҳам ташриф буюрувчилар сонини кўпайтириш ва даромад ишлаш пайида бўлаётганлар аслида журналистлар эмас, компьютер дастурларининг “етук мутахассислари”дир. Улар хабар қандай ёзилиши-ю, мақола қайси меҳнат эвазига бунёдга келишини билмасалар ҳам ташриф буюрувчиларни кўпайтириш орқали реклама жалб этиш, виртуалда пул ишлаш услубларини яхши ўзлаштирган.

Нима ҳам дердик, энг нафис туйғулар нуқтаси кесишган санъат ва маданият соҳаларида плагиат тўлиб ётган бугунги кунда “нуқсони кўримсиз” интернет кўчирмачиларини кузатиб, шунчаки журналистга алам қилади холос.

Айтмоқчи бўлганим шу эдики, ўз шахсий позициясига эга журналист Қамариддин Шайховнинг “Ўзбекистонда интернет журналистикасининг аҳволи қандай?” номли мақоласини ўқиб, унинг барча фикрларига қўшилган ҳолда саволини атрофлича олиб, “Ўзбекистонда ўзи журналистика борми?” деган сарлавҳада юртимиз қаламкашларини кенгроқ баҳс-мунозарага чорлашни истардим.

Юзлаб ташкилотларга ихтиёрий-мажбурий обуна қилинаётган минглаб нусхадаги ўқилмаётган газеталар ва уларнинг уволи, “саҳифа тўлди-кун ўтди”га ишлаётган матбуотчилар, ўз тинчини, фақат эртага нафақага чиқиб олишини ўйлайдиган, йўқ цензурага ёстиқ қилиб ёнбошлаган бош муҳаррирлардан кўра журналистни алам қилдирган интернет нашрларидаги ўша виждонсиз кўчирмакашлар яхшироқ! 

3.35 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.35 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.12 / 4
  • Муштарийлар баҳоси
    4.35 / 3

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

3.5 Charos Omonova 26/04/2018
4 Muhammad Usmonov 26/04/2018
3 Odina Abdullayeva 26/04/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
0 та фикр