Интервью: Серқуёш ўлкада – серунум энергия манбаси

Ўзбекистоннинг пойтахтдан ташқари бўлган ҳудудларида электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммолар бугун энг долзарб масала сифатида кўрилмоқда. Айниқса, қишлоқ ҳудудларида яшовчи аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш замон талабига жавоб берадиган даражада эмас.

Бугунги кунда ривожланган мамлакатларда ҳар турдаги муқобил энергия манбаалари ҳақидаги илмий-амалий ишларни оммавий-аҳборот воситалар орқали мунтазам кузатиб келмоқдамиз.

Мазкур соҳани Ўзбекистонда ривожлантириш ва такомиллаштириш билан боғлиқ айрим саволларга жавоб топиш учун Ufq.uz канали Ўзбекистон фанлар академияси “Физика-қуёш” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институти лаборатория мудири, техника фанлар номзоди Шавкат Нурматов билан суҳбат ўтказди.

Ufq.uz: – Ассалому алайкум Шавкат ака. Сизни хафтанинг иш кунлари давомида жуда ҳам банд бўлишингизни тушунган ҳолда, безовта қилмадик. Авваламбор дам олиш кунингизда вақт ажратиб, мазкур учрашувга розилик берганингиз учун ташаккуримизни қабул қилгайсиз. Вақтимиздан унумли фойдаланган ҳолда, ижозатингиз билан саволларга ўтсак.

Ш.Нурматов: Марҳамат.

Ufq.uz: Ўзбекистон қуёшли ўлка. Бундай ўзига ҳослик ҳатто Давлат мадҳиясида эътироф этилган ва илк матни ушбу мазмундаги сўзлар билан бошланади.

Бугун дунёда техника-технологияларнинг шиддат билан ривожланиб боришини илм-фан тараққиёти билан бевосита боғлаш мумкин. Ўзбекистондай серқуёш ўлканинг оддий фуқаросида савол пайдо бўлади. Нима учун қуёшли ўлка бўлатуриб, бизга нисбатан қуёш кам тараладиган, масалан, яна ўша ривожланган ғарб мамлакатларида, аънанавий энергиясига муқобил сифатида яшил энергетикадан унумли фойдаланишга мувофақ бўлишмоқда? Умуман, муқобил энергия манбаларига бўлган талаб дунё миқёсида ошиб бораётганлигини мунтазам кузатиб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Хусусан, Илон Маскнинг бу соҳадаги иновацион янгликлари бунга бир мисол бўлиши мумкин.

Ш.Нурматов: Авваломбор, шунчалик ишонч билдириб мурожаат этганингиз учун рахмат демоқчи эдим. Энди саволларингизга аниқроқ жавоб бериш учун, дастлаб саволларда кўтарилган муаммоларнинг асосий сабаблари нимада ётибди? Бу муаммолар қандай келиб чиқди? Ва х.к. шу мазмундаги саволларга жавоб топиш учун, бироз Ўзбекистондаги электр энергетика соҳасининг қисқача яқин тарихига мурожаат қилишимиз керак бўлади.

Барчамизга маълумки, Ўзбекистонда мустақил Давлат ташкил этилгунга қадар, собиқ Совет Иттифоқи таркибида бўлган даврда Марказий Осиё мамлакатлари умумий энергетика тармоғига уланган тизимда фаолият кўрсатиб келган. Ўша умумий энергетика манбаси тармоғига уланганидан кейин, энергия манбалари билан боғлиқ муаммолар бўлмаслиги керак деган тушунча, соҳа вакилларининг зиммасидаги асосий вазифа бўлиб келган.

Собиқ Иттифоқ парчаланиб кетганидан кейин, Ўзбекистон ҳам умумий энергия тизимидан ажралиб кетди ва энергияга бўлган эҳтиёжларини қондириш масаласи мустақил равишда ҳал этадиган бўлди.

Бугун техника тараққий этиб бориши билан баробар равишда узлуксиз электр энергиясига бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бораверади. Замонавий технология, замонавий яшаш тарзи аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби, истасак-истамасакда ортиб боради. Чунки, замонавий техника-технологияларнинг асосини электр энергияси ташкил этади.

Сиз тилга олиб ўтган Илон Маск хақида қисқача тўхталадиган бўлсак, унинг фаолият кўрсатиш учун ижтимоий- сиёсий омиллар таъсири бир тарафдан бўлса, фан олимларининг унинг фаолиятидаги ўрни бошқача. Жумладан, масалан Теслани олиб қарайдиган бўлсак, улар томонидан соҳа олимларига энергияни кўпроқ аккумляция қилиш муаммосини ечиш вазифаси қўйилади. Аккумляцияни оддийроқ тилда тушунтирганда, энергияни ўзида кўпроқ сақлаб турувчи элементларни ихтиро қилиш ва ўша сақланган энергияни механик энергияга айлантириб бериш деб тушуниш керак. Муаммо шундаки, масалан ўша аккумулятор батареяларида харакатланувчи электромобиллар, айтайлик, аккумуляторлари қуввати илгари 300 км гача юрган бўлса, энди уни 500 км ёки ундан ҳам юқорироққа кўтариш вазифаси қўйилади. Бу ерда олимларнинг вазифаси аккумуляция муаммосини ҳал қилиб беришдан иборат бўлади. Айнан манашу муаммони ҳал этиш учун турли амалий тадқиқот ишлари устида олимлар бош қотирадилар.

Келинг, дастлабки саволингизга ва ўзимизнинг шароитимизга қайтиб, бугунги Ўзбекистонимизда аънанавий энергия манбаларидан, яшил энергетикага ўтиш масаласини қисқача кўриб чиқсак. Таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистонда одатий энергетикадан, яшил энергетикага ўтишда ўзига ҳос муаммолар мавжуд.

Муқобил энергетиканинг 4 та тури юзасидан, Ўзбекистон шароитида қўлланилиши бўйича уларни бирма-бир кўриб чиқсак.

Кўп қўлланиладиган биринчи тури, бу ярим ўтказгичли элементлар асосида электр энергияси ишлаб чиқариш. Иккинчиси эса қуёш энергиясини иссиқлик энергиясига айлантириш тури бўлиб, ҳозирда табиий газ, кўмир ёки мазутдан фойдаланиб электр энергияси олинадиган тизимга буни улаш мумкин. Яъни, ўша қазиб олиш йўли билан олинадиган табиий ресурларимизни тежаган ҳолда, уларнинг ўрнига муқобил энергия сифатида фойдаланиш мумкин.

Қуёш энергиясини иссиқлик энергиясига айлантириб бериш тури тажрибада кузатилган ва Испаниянинг Алмерия шаҳри мисолида буни амалиётда кузатишга ҳам мувофақ бўлинган. Яъни, бу 100% ишлаш қобилиятига эга бўлган, фақат қуёш энергиясида, зарарсиз ишлайдиган ва алоҳида тизим қилиб ишлатиш ҳам мумкин бўлган, самарадор муқобил энергия тури бўлиб, аҳолига электр энергиясини сотади. Албатта у ерда ҳам ўзига ҳос муаммолари бор. Масалан, қўёш энергиясини иссиқлик энергиясига айлантириш учун қуёш йўқ пайтида уни ҳам аккумляция қилишига тўғри келади. Иссиқлик энергиясини сақлаш керак бўлади.

Ҳозир ўзимизнинг лабараторияда ҳам айнан манашу иш билан кўпроқ шуғулланилмоқда. Яъни, ўзида иссиқлик сақловчи моддаларни устида иш олиб борилмоқда. Ўша қўёш энергиясини иссиқлик энергиясига айлантириш учун, унда зарур бўлган иссиқлик энергиясини ўзида сақлайдиган ўша моддалар ҳисобланади.

Кейинги, яшил энергетикани яна бир учинчи тури, бу шамол генераторлари ҳисобланади.

Тўртинчи тури эса биоэнергия бўлиб, бунда биоёқилғидан электр энергиясини олиш учун фойдаланилади.

Бугунги пайтда кўпроқ манашу тўртта турдаги муқобил энергия манбаларидан ривожланган мамлакатларда қўлланилиб келинмоқда.

Яшил энергетикадан фойдаланиш бўйича, Европа тажрибасини кўриб чиқадиган бўлсак, масалан, юқорида айтиб ўтганимиздек Испанияда иссиқлик энергиясини электр энергиясига айлантириб, аҳолисига сотаётган бўлса, Германияда эса табиий имкониятлар Испаниянинг Алмериясидай эмас. Чунки, биласиз географик жойлашуви бўйича Испания Германияга нисбатан пастроқда, яъни, нисбатан экваторга яқинроқ жойлашганлиги учун имкониятлари кўпроқ. Худди бизнинг ўлкадагидай Испанияда ҳам қуёшли кунлар 270-300 кун атрофини ташкил этади. Қуёш радиацияси 800 Ваттдан юқори. Бизда одатий кунда 1 мкв майдонга 800-900 Ватт қуёш энергияси тушади. Испанияда ҳам худди шу холат бор.

Германияда эса айтиб ўтганимдай бундай имконият йўқ. Улар эътиборни кўпроқ ярим ўтказгичли элементларга асосланган энергияга қаратишган.

Шу ўринда ярим ўтказгич элементларга қисқача тўхталиб ўтсак. Ярим ўтказгичли элементларни ишлаб чиқариш технолгиясининг ўзи ҳам жуда катта электр энергияси талаб қилади. Бундан ташқари, ярим ўтказгичли элементларни ишлаб чиқариш технологиялари инсон саломатлиги учун зарар ҳисобланади. Устига устак утилизация қилиш муаммоси ҳам мавжуд. Балки, шунинг учун ҳам баъзи бир мамлакатлар бизга мурожаат қилиб, бу технологияни Ўзбекистонда жорий этишни таклиф этишган. Бу ерда жиддий экологик масала бўлгани учун, таклифга қизиқиш билдирилмаган. Агар экологик тарафини ўйлаб, ярим ўтказгичларни Ўзбекистонда қўллашни маъқул деб ҳисоблайдиган бўлсак, ярим ўтказгичларни четдан сотиб олишга тўғри келади.

Аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш масаласидаги олимларнинг вазифаси биринчи навбатда, агар у ярим ўтказгичли элементлар бўладиган бўлса, унинг ҳар тарафлама одамларга зарар бўлмайдиган тарафларини ўрганиб чиқиб, технологияларини ишлаб чиқиш ҳисобланади.

Шунингдек, инсон саломатлиги ва атроф муҳитга зарар етказмасдан туриб, иссиқлик энергетикасини жорий этиш борасида олимларнинг вазифаси, ўзида иссиқлик энергиясини кўпроқ сақловчи моддалар устида иш олиб бориш бўлади.

Биоэнергетика масаласида, бир қизиқ холатни айтиб ўтиш мумкин. Олимларимиз шу масала билан шуғулланиб кўришди. Тадқиқотлар натижасидаа маълум бўлдики, биоэнергетиканинг Европа технологияси Ўзбекистон шароитида керакли самарани бермади ёки ишламади. Бунинг сабаби аниқланганда маълум бўлдики, Европада стандарт рацион бўйича чорва моллар боқилади. Бизда эса нима топса ўшани бериб боқилади. Рационга кўп эътибор берилмайди. Ўзингиз биласизки, биоэнергетика олиш учун хом ашё сифатида фермадан келтириладиган гўнглардан фойдаланилади. Биоёқилғи олиш учун ўша гўнгларга маълум бир таркибли хом-ашёлар ишлатилади. Маълум бир рационда озиқлантирилган қорамоллардан, биоёқилиғи учун маълум бир таркибли хом-ашё чиқади. Унга турли таркибдаги ачитқиларни қўшиб, газ ажратиб олинади. Энди ўша гўнг стандарт таркибли бўлмаса, унга мўлжлланадиган стандарт таркибли ачитқини ишлатиб бўлмайди. Аниқроғи, 100% самара берадиган биогаз олиб бўлмайди. Чунки, биоэнергетик хом-ашё жуда сезувчан бўлади, таркиб жиҳатидан стандар бўлиши талаб этилади. Шунга яраша таркибга мослаб ачитқи ишлаб чиқарилади.

Юқорида ярим ўтказгичларни ва иссиқлик энергетикасини қисман муҳокама қилдик.

Жумладан, Ўзбекистонда иссиқлик энергетикасидан фойдаланишга имкониятлар бор. Биз Германиядаги Дрезден Техника Университети олимлари билан ва Германиянинг Кёленидаги космик изланишлар маркази институти олимлари билан биргаликда ушбу масалани ўрганиб чиқдик.

https://www.youtube.com/watch?v=GTVz3N3ulxk

Биринчидан, Ўзбекистонда иссиқлик энергиясини ажратиш учун, қуёш радиацияси билан боғлиқ хеч қандай муаммо йўқ. Бироқ, Ўзбекистоннинг саноати –аграр саноат ҳисобланади. Кўпроқ экинзорлари бор. Бўш майдонлар кам. Қуёш энергиясини, иссиқлик энергиясига айлантириш учун жуда катта майдон керак бўлади. Иложи борича ўша углеводород ёқадиган электростанцияларга яқин жойда бўлиши керак. Масалан, Сирдарёни оладиган бўлсак, у ерда бўш жой масаласи анча муаммоли. Яъни, паробалик қуёш нурини акс эттирувчи системаларни ўрнатиш анча муаммоли. Шунингдек, Ангренни оладиган бўлсак, у ерда кўпроқ кўмирдан фойдаланилади. Қуёш нурларини акс эттирувчи юзалар тез кирланиш муаммоси бор бўлиб, мунтазам ўша юзани тозалаб туриш талаб этилади.

Хуллас, булардан ташқари яна бошқа муаммоларига ҳам борлигига қарамай, бу тизимни Ўзбекистондан қўллаш мумкин. Олимлар томонидан, Ўзбекистон учун маъқбул варинат сифатида бирлаштирилган (комбинированный) станциялар қуриш мақбул эканлиги тўғрисида хулосага келинди. Қуёш нурини акс эттирувчилар ўрнатилинади ва қўшимча манба сифатида электр станицяиларига уланади. Қуёш бор пайтида табиий газ ёки қаттиқ ёқилғини тежаш учун ушбу системани улаб қўйиб ишлатиш мумкин бўлади.

Испания варианти каби 100% қуёш иссиқлик станицияларини қуриш анча қимматга тушганлиги сабабли, уни Ўзбекистон шароитига қўллаш масаласи, фикримча, ҳозирда кўриб чиқилаётгани йўқ.

Энди шамол орқали олинадиган энергияга келадиган бўлсак, Ўзбекистон шароитида буни қўллаш муаммоси олимлар томонидан ўрганиб чиқилди. Олимларнинг муаммоларни ўрганиш натижаси бўйича, Ўзбекистондаги шамол, генератор пропеллерларини айлантириш учун етарли тезликни бермайди. Чунки, керакли миқдордаги тезликда эсувчи шамол, Ўзбекистон шароитида маълум бир баландиликда мавжудлиги аниқланди. Буни кенг тарзда қўллаш учун талаб этилган шароит ва имкониятлар етарли эмас. Фақат, локал ҳудудларда қўллаш мумкин. Чунки, шамол генераторлари ўрнатилиши билан боғлиқ бир қанча техник муаммолари ва хавфсизлик билан боғлиқ талаблари бор. Масалан, шамол генераторларини аҳоли зич жойлашган ҳудудларга ўрнатиш мумкин эмас.

Муқобил энергетиканинг юқорида 4 турини кўриб ўтдик. Ўзбекистонда уларни қўллашнинг истиқболига келадиган бўлсак, биринчи навбатда турадиган, ярим ўтказгич асосида ишлатиладиган системалар қўллаш учун, дастлаб хуқуқий замин ва асослар яратилиши керак бўлади. Хуқуқий замин ва асос деганда, масалан, хорижда келтириладиган ярим ўтказгичли элементларнинг асосий деталларини олиб киришда қўшимча имтиёзлар, ишлаб чиқариш, уларга сервис хизмат кўрсатиш каби ишларни тадбиркорлар томонидан ташкил этиш учун қулай имконият ва шарт-шароитлар яратишни тушуниш керак. Ўз навбатида, аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминланишига ва сифатли сервис хизматлар кўрсатилинишига эришиш мақсадида, турли ҳил ноқонуний йўллар билан ярим ўтказгичли элементлар ёки тегишли қисмларини Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш орқали, бевосита ички ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлик субъектлари ҳимояланган бўлиши керак.

Масалан, Европа мамлакатларидан Германия тажрибаси мисолини кўриб чиқадиган бўлсак, у ерда 90 дан ортиқ электр энергияси етказиб берувчи компания ва бошқа субъектлар мавжуд. Ўзбекистонда эса фақат, ягона “Ўзбекэнерго” компанияси орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш ва сотиш хуқуқига эга.

Муқобил электр энергиясини аҳоли томонидан ҳарид қилиш бўйича Европа аҳолисининг имкониятлари Ўзбекистон аҳолисига нисбатан катта. Ёки бошқача тарафлама тушунтирилганда ярим ўтказгичли электр билан таъминловчи системаларни нарҳидан келиб чиқиб қараладиган бўлинса, Ўзбекистондаги асосий аҳоли қатламининг имкониятлари камроқ. Ойлик маошлари Европадагига нисбатан Ўзбекистонда пастроқ.

Масалан, 1 кВт электр энергиясини ишлаб чиқарувчи системани оладиган бўлсак, бизнинг пулимизга 7 -8 млн. сўм атрофида тан нарҳи келиб чиқади. АҚШ доллари ҳисобида ўртача нарҳи 1000 долларча бўлиши мумкин. Европада 1 кВт электр энергиясининг нархи, яна ўша Германияни кўрадиган бўлсак, у ерда 30 евроцентни ташкил этади. Бу , Ўзбекистонга нисбатан 15 баравар қиммат дегани. Демак, Европа аҳолисида бундай электр энергияни сотиб олиш имконияти бор. Ўзбекистон шароитида, масалан битта оддий оилани бир йиллик ўртача даромадидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилиб кўрдиган бўлсак, Ўзбекистонда ўртача бир оиланинг электр энергияга бўлган талаби 400-500 минг кВт ни ташкил этади. Шундан келиб чиқиб, ана боринг 600 минг кВт электр энергияга Ўзбекистондаги ўртача оилада талаб бор деб қарайдиган бўлсак, уни сотиб олиш оддий одамлар учун фойдали эмас. Чунки, юқоридаги ҳисоб-китоблар бўйича сотиб олинадиган 1 кВт ли қурилма қарийб 10-11 йилда ўзини оқлайдиган бўлса, олдиндан пул тўлаш одамларга малол келади. Бу орада аккумулятор ва бошқа қисмларини ишдан чиқиши, эскириши каби факторларин ҳам инобатга олиш керак бўлади.

Ўзбекистондаги электр энергияси нархининг тенденциясини олиб қарайдиган бўлсак, масалан 7-10% ҳар йили нархини ўсишини ҳисобга олинганда, умумий хулоса қилиб 7-8 млн.ни ташкил этиб, ўзгармайди дейиш мумкин.

Бугунги кунда аҳоли амалда фойдаланган электр энергиясига пул тўлаб ўрганганлиги холатидан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки, аксарият аҳоли узоғи билан 1 ёки 3 ойгача электр энергия учун пул тўлаши мумкин. Лекин, 12 йил олдинига пул тўлаб қўймаслиги аниқ.

Бу, Хукумат даражасида ҳал этилиши керак бўладиган масала. Электр энергияни аҳолига сотиш бўйича тизимли сиёсат ишлаб чиқилса, ушбу масалани ҳал этишнинг иложи бўлади. Албатта бу масалага кўпроқ иқтисодчи мутахасссиларни жалб этиш керак бўлади. Сабаби, муқобил электр энергиясини таъминотини амалга оширувчилар учун маълум бир чегирмалар, солиқ ва божхона тўловлари билан боғлиқ бир қанча имтиёзларни бериш масаласини қонунларга мувофиқлаштириш масаласи бор. Бунда эришиладиган натижа эса, амалдаги аънанавий оддий электр энергиясининг тан нарҳи билан, қуёш энергитикаси асосида ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг тан нарҳида кескин фарқ қилмаслиги керак. Шунда аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилишига эришиш мумкин бўлади ва истеъмолчи учун танлов имкониятлари кенгаяди.

Умуман, Ўзбекистонда электр энергияси билан таъминламанган ҳудуднинг ўзи йўқ аслида. Бироқ, электр билан тўлиқ таъминланмаган ҳудудлар бор деса тўғрироқ бўлади. Чунки, электр энергия тармоқлари Ўзбекистоннинг ҳар бир нуқтасигача етиб борган. Яъни, энергия бўлса, исталган ҳудудни электр билан таъминлаш имконияти бор. Тўлиқ таъминланмаган иборасини эса, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, масалан қиш мавсумида электр энергиясини ишлатишнинг тиғиз (пик) пайти бор ва оддий вақтларда истеъмол қилиш пайтлари мавжуд. Айнан, тиғиз пайтда электр энергиясини етказиб бериш имконияти етарли бўлмай қолади. Шундай пайтларда, локал қурилмалардан фойдаланиш мумкин бўлади. Яъни, ўша 1-2 кВт қувватга эга ярим ўтказгичли системларга асосланган қурилмаларни ишлатиш мумкин.

Ufq.uz: Аҳолига бу ярим ўтказгичли қурилмалар қимматлик қилиш масаласининг ечими сифатида, балким уни ижарага бериш вариантини ҳам кўриб чиқса бўлар. Масалан, Ўзбекистон бўйича электр энергияси билан таъминлаб берувчи ягона бўлган Компания қошида, қўшимча кўмакчи шўбъа корхоналарми ёки балки умуман хусусий секторларнинг бу борадаги расмий фаолиятини ташкил этиш мумкин бўлар?

Ш.Нурматов: Менимча, балким мумкин бўлар. Аҳолига ижарага бериш вариантидан келиб чиқадиган масалаларни биргина олимлар даражасида ҳал этиб бўлмаслиги сабабли, бу саволга фан вакили томонидан бериладиган жавоб қаноатлантирилмаслиги мумкин. Шунинг учун, шу соҳа билан боғлиқ тегишли мутаҳассислар билан биргаликда ўрганиб чиқиб, ижобий хулосалар қабул қилинган тақдирда, балким Ҳукуматга масалани кўриб чиқиш учун таклиф сифатида киритиш мумкин.

Масалан, бугунги кунда шунга ўхшаш масала глобал миқёсда кўриб чиқилаётган бўлиб, айни пайтда Наманган, Самарқанд вилоятлари мисолида йирик лойиҳалар амалга оширилаётганлигини эътироф этиш мумкин. Бу лойиҳада турли ярим ўтказгичларга асосланган системаларнинг ҳар хил турлари синов, текширувдан ўтказилмоқда ва бундан, келгусида аҳолига электр энергиясини етказиб бериш вазифасини бажариш мақсади кўзланган.

Энди ҳудду шу каби масалани локал даражада амалга ошириш таклифини ҳам кўриб чиқиш мумкин бўлар. Бунда асосий эътибор аҳоли учун қулай ва арзон электр энергияси билан таъминлаш мақсади кўзланиши керак бўлади. Ўз навбатида, аҳоли учун қулайлик тарафи шундаки, ушбу қурилмаларга мунтазам равишда техник ва сервис хизмат кўрсатиш муаммоси аҳолининг зиммасида бўлмайди. Аксинча, аҳоли амалда ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланади ва кафолатли хизмат кўрсатишнинг яна бир тури яратилинади. Албатта бу ишларни йўлга қўйиш орқали қўшимча иш ўринлари вужудга келади.

Шунингдек, локал тарзда электр энергиясини ярим ўтказгичли системаларга асосланган қурилмалар орқали етказиб берувчи субъектлар Давлат акредитациясидан ўтказилганидан сўнг, улар тарафидан мамлакатимизга хориждан олиб кириладиган зарур эҳтиёт қисмлари амалдаги қонунчиликда эътироф этилган меъёрий ҳужжатларга асосан Давлат стандартига мослиги юзасидан лабаратория ва экспертиза текширувларидан ўтказилади. Демак, бу ердаги жараёнларни қулай тарзда ташкил этилишига ҳам эътибор қаратиш керак бўлади. Чунки, кўпинча ортиқча бюрократия ва мурккаб жараёнларни айланиб ўтиш учун тадбиркорлик субъектлари бошқа ноқонуний йўлларга кириб кетиш эҳтимоллари мавжуд бўлади. Албатта бу ҳолис фикрлар, юқорида айтиб ўтганимдек, бу масалани ваколатли идоралар мутахассислари билан биргаликда чуқурроқ ўрганиб чиқилса тўғри бўлади.

Ufq.uz: Ёш олимлар хақида ҳам сиз орқали қисқача маълумот олмоқчи эдик. Айтингчи, бугунги кунда ёшларнинг шу соҳага қизиқиши қай даражада? Умуман, олийгоҳларни тамомлаб келаётган ёш кадрлар билан ишлаш тизими сизларда йўлга қўйилганми?

Ш.Нурматов: Ёшлар хақида гапирганда… Мен хорижий ҳамкорлар билан ўтгазилган мулоқотлар давомида шунга амин бўлдимки, хусусан бўлажак ёш мутахассис ва олимларга илмий изланиш фаолияти давомида фақатгина ўзбек тилини билиш кифоя қилмайди. Масалан, университет ёки институтни тамомлаб, бакалавр ёки магистр даражасини тамомлаган ўз соҳасини билган ёш мутахассис кадр бўлиши мумкин, лекин биргина ўзбек тилини билиш- менинг фикримча етарли эмас. Тил билиш энг асосий мезон, бугунги замон талаби.

Ufq.uz: Яъни, айтмоқчисизки, бугунги кунда қайси соҳа ва йўналишдаги мутахассис бўлмасин, дунёҳамжамиятида тан олинган олим даражасига етишиш учун, албатта қўшимча равишда хорижий тилларни эгаллаган бўлиши керак. Жумладан, нафақат ўзбек тили ва рус тилидан ташқари, дунёда энг замонавий илмий материаллар тайёрланадиган инглиз, немис, француз ёки керак бўлса япон, хитой ва х.к. тилларни билиш зарур бўлади.

Ш.Нурматов: Худди шундай. Масалан, хитойлик ҳамкорларимиз билан қўшма лойиҳаларимиз бор. Биз, Ўзбекистонда ўзимизнинг она тилимиздан ташқари рус тилида илмий ишларни олиб борамиз. Хитойга чиққанимиздан сўнг, ҳатто ўша рус тилини билишимиз ҳам имкониятларимизнинг чекланганлигини кўрсатди. Яъни, у ерда фақат инглиз тилида мулоқат қилишга тўғри келди. Шунда мен амин бўлдимки, қуёш энергияси сохасидаги бизга зарур бўлган маълумотларнинг 90% инглиз тилида мавжуд.

Агар инглиз тилини билсангиз, маълум бир маълумотларни олиб, уни қайта ишлаш имконияти кенгаяди ва интеграция жараёни янада тезлашади. Хорижда мавжуд технологияни ёки маълум бир олимларнинг ютуқларини Ўзбекистонга олиб келиш имконияти пайдо бўлади.

Айни суҳбатимизда мутахассислик – бу муҳокама қилинмайдиган масала. Дастлаб, мутахассис бўлиш керак. Агар киши мутахассис бўлмаса, айтайлик хорижга чиқса бир марта чиқар, кейинги сафар эса бу йўналишда чиқолмайди. Чунки, хорижлик олимлар ҳам ўзларининг манфаатларига фойдасиз кишилар билан вақтини сарфлаб ўтирмайди албатта. Балким, ўз шахсий ишлари билан чиқиши мумкин бўлар. Лекин, институтнинг ёки фанлар академиясининг олдидаги вазифаси бўйича масаланинг ечимини топиш учун қайта хорижга чиқолмайди.

Ufq.uz: Гарчи мутахассислар хақида гап кетар экан, шу ўринда мисол тариқасида яқинда бўлган бир воқеани эсга олиш керак. Ўтган йил ижтимоий тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлган, Андижон машинасозлик институтида лаборант бўлиб ишлаётган Ойбек Умаровнинг бундан уч йил аввал “Қалдирғоч” номли электромобиль ихтиро қилгани. Шундан сўнг унга жуда кўп хорижий мамлакатлардан таклифлар тушгани. Ушбу лойиҳани сотиб олмоқчи бўлганлар ҳам топилгани. Ўз мақсадидан чалғимаган Ойбек Умаров мақтовлардан маст бўлиб қолмасдан, аксинча, ўзи ихтиро қилган электоромобилга Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигидан патент олишга қўли калталик қилган эканлиги ва шундан сўнг Ойбек қуёш нурида ҳаракатланадиган автомобиль прототипини яратишга киришиб, бунинг уддасидан чиққанлиги хақида ёзишган эди.

Сўрамоқчи бўлганим эса, бугун манашундай истеъдодли, қобилиятли, қизиқувчан, изланувчан ёш олим, мутхахассислар билан Фанлар академияси қошидаги институтларда, жумладан сизларнинг институтингизда қандай алоқалар мавжуд. Умуман, улар билан ишлайдиган, уларни бирлаштирадиган қандайдир бир платформалар борми? Масалан, яқинда ташкил этилган Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи қўмитаси билан ҳамкорликда амалга ошириладиган дастурлар борми?

Ш.Нурматов: Ёшлар Иттифоқини Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан ташкил этилганидан сўнг… . Хусусан бизни лаборатория мисолида айтадиган бўлсам, лабораториямизда 4-5 нафар ёшларимиз бор. Илгари буларнинг интилиш, харакатлари даражаси пассив даражада бўлган бўлса, Ёшлар Иттифоқи ташкил этилганидан сўнг, уларни бу харакатлари активлик даражасига кўтарилганлигини шахсан кузатишга мувофақ бўлдим. Чунки, икки йил давомида мен лабаратория мудири сифатида шогирдаларга турли насиҳатлар қилиб келганимда, уларда қизиқиш ва интилишни сустлигидан гоҳида ранжиб кетардим. Бироқ мазкур Ёшлар Иттифоқи ташкилоти тузилгандан сўнг ёшларда фаоллик кузатила бошлади. Масалан, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ёшлар Иттифоқининг дастурларига қизиқишлари пайдо бўлди.

Улардан, бу ташкилотга аъзо бўлишдан қандай манфаатни кўзламоқдасизлар деган мазмундаги саволимга, келгусида хорижга чиқиб, малака ошириш имкониятлари ва бошқа имтиёзлар борлиги хақида мулоҳазаларини билдиришди. Ваҳоланки, мен икки йилдан бери уларга инглиз тилини яхшилаб ўрганинглар, кўпроқ ўз устингизда ишласанглар хорижга чиқиб малака ошириш имкониятларинг пайдо бўлади деб кўп бора насиҳат қилиб келаман. Яъни, илгари мен ташаббус кўрсатишга даъват қилган бўлсам, Ёшлар Иттифоқи ташкил этилгандан сўнг, фанларга бўлган қизиқиш, интилиш ташаббуси ёшларни ўзида чиқа бошлади. Менинг 2 йил давомидаги шунча қилган насиҳатларим кор қилмай, биргина Ёшлар ташкилотини тузилиши билан боғлиқ янгилик уларнинг фаоллашишига сабаб бўлди…

Умуман, Фанлар академияси, институтимиз қошида ёш олимларни бирлаштирувчи ёзги мактаб ташкил этилган. Бу ёзги мактаб Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган Катта Қуёш Печи жойлашган худудимизда юритилади ва бу ерда хар йили бир неча ўнлаб ёш олимлар, бакалавр, магистрлар иштирокида бир ой давомида асосан “Физика-Қуёш” ИИБда фаолият юритувчи олим мутахасислардан қуёш энергияси сохасидан таълим олишади. Бу тадбирда мамлакатимизнинг барча вилоятларидаги ва Қорақалпоғистон Республикасидаги билим юртлари талабалари иштирок этишади. Асосан физика йўналиши бўйича ёш олимлар билан биргаликдаги фаолиятимиз фақат манашу ёзги мактаб билан чегараланиб қолган эди.

Яқинда, Фанлар Академиясининг янги президенти Б.С. Юлдашев томонидан институтимиздаги тадбирда физикага қизиққан ёш олимларни ёки мактаб ўқувчиларини рағбатлантириш мақсадида турли олимпиадалар ташкил этиш ташаббус кўтарилди. Унда институтдаги малакали олимларни жалб қилган холда мавзулар танлаш, турли саволларни тайёрлаш ва бу ишларга бевосита институтнинг ўзи ҳомийлик қилиш хақида кўрсатма бердилар.

Ufq.uz:  Суҳбатимизни муҳтасар қилиб, якуний хулосаларни қисқача тарзда қуйидагича изоҳлаб ўтсак бўлар. Демак, бизда табиий қуёш билан боғлиқ муаммо йўқ. Табиий потенциал бор. Қуёш энергиясидан иссиқлик энергиясини олиш лойиҳаси кўпроқ бизнинг шароитимизга маъқул келади. Бу орқали мавжуд йирик ИЭС ва ГЭСларда ёқилғи учун фойдаланилаётган қазилма бойликлари – табиий газ, кўмир, мазутларни тежалади ва қўшимчасига атроф муҳит ҳавоси қисман ифлосланишининг олди олинади.Ўзбекистон шароитида ярим ўтказгичли элементлар ишлаб чиқариш инсон саломатлиги учун зиёни катталиги ва ишлаб чиқариш учун жуда катта миқдордаги энергия сарфланганлиги боис, асосий деталларни импорт қилган фойдалироқ.

Шу билан бирга, – бундан фойдаланиш учун деярли имкониятларимиз бор. Мазкур имкониятлардан унунмли фойдаланиш учун даставвал хуқуқий замин яратилиши керак; – хуқуқий замин эса, бу соҳани харакатлантирувчи асосий омил ҳисобланган тадбиркорлар билан бирга истеъмолчиларнинг ҳимояланган манфаатларини ўз ичига олиши керак. Ўз навбатида, барча учун фойдали бўлган тарафлари кўриб чиқилиши керак. Яъни, ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар учун кенг эркинлик, истеъмолчиларга эса арзон ва сифатли маҳсулот, сервис хизматларнинг хилма-хиллиги натижасида электр энергиясига бўлган эҳтиёжларининг тўлиқ қондирилиши, Хукумат учун эса аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга эриши натижасини беради. Бу ерда эса сиз каби мутаҳассис-олимларининг роли, мунтазам равишда соҳани ривожлантириб, такомиллаштириб бориш бўйича изланишлар, тадқиқотлар ўтказиб бориш керак.Бионэнергетикани ҳам ривожлантириш мумкин. Фақат чорва молларини рационга риоя қилган ҳолда озуқлантириш шартига эътборни қаратиш керак;Шамол генераторлари бўйича имкониятларимиз чекланган. Мавжуд имкониятлардан ҳам фақат локал миқёсда фойдаланиш мумкин.

Шу орада бир саволга ойдинлик киритиб ўтмоқчи эдим. Айтингчи, фикрингизча бугунги кунда мамлакатимизда соҳа мутаҳассисларимизнинг потенциаллари қандай даражада?

Ш.Нурматов: Бу саволингизга қисқача қуйидагича жавоб берсам, менимча тўғрироқ бўларди.Ярим ўтказгичли элементларни ишлатиш, уларни эксплутацион характеристикаларини тахлил қилиш ёки хориждан келтирилаётган бу каби маҳсулотларни Ўзбекистон шароитида ишлатиш имкониятларини баҳолаб берадиган олимларимиз етарли. Яъни, фотоволтаика соҳасида мутахассисларимиз етарли даражадаги салоҳиятга эга. Ўзбекистон шароитида бу йўналишда ишларни тадбиқ қилиш бўйича хеч қандай муаммо бўлмайди.Шамол энергетикаси бўйича бизда хозирча керакли салоҳиятга эга бўлган мутхассислар етарли эмас.Қуёш энергиясини иссиқлик энергиясига айлантириб бериш бўйича, ҳозир пионер ишларини амалга оширмоқдамиз. Паст ҳароратли қуёш қурилмалари ва уларнинг классификацияси характеристикаларини белгилаб бериш ва эксплуатация қиш учун оптимал турларини таклиф қиладиган олимларимиз ва мутахасисларимиз етарли.Биоэнергетика соҳасида ҳам етарлича олимларимиз бор. Умуман, Ўзбекистонда фундаментал жиҳатдан олимларимизнинг салоҳияти етарли деб ҳисобласа бўлади. Олимлар томонидан масалани таҳлил қилиб, тадбиқ қилиш билан боғлиқ муаммо бўлмайди деб ўйлайман.

Ufq.uz: Биз учун вақт топиб, суҳбат ташкил этишга рози бўлганлигингиз учун яна бир бора ташаккур этамиз. Умид қиламанки, келгусида сиз билан бу борада суҳбатларимиз давом этади.

3.62 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.62 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.09 / 8
  • Муштарийлар баҳоси
    4.33 / 8

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Jonuzoq Halil 26/04/2018
1.5 Eshonkhonov Akmal 26/04/2018
2 СаидАъзам Ҳабибуллаев 27/04/2018
3.5 Ботир Ғофуров 27/04/2018
1 Baxtiyor Ahmad 27/04/2018
4 Javohir Izzatullaev 27/04/2018
5 Baxtiyor G'oziyev 05/05/2018
4.5 G'ayrat Norqobil 21/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
4 та фикр