Инклюзивлаштирилмаган жамиятимиз ёҳуд қачон имконияти чекланган шахслар соғлом одамлар каби таҳсил олади?

Feruza Mamirova
Саралаш

Икки ой аввал “Sahar Ijtimoiy Tadbirkorlik Onlayn Maktabi” томонидан ўтказилган онлайн акцияда ОТМ ва талабалар мавзуси муҳокама қилинди. Акция доирасида кўплаб фикрлар ва таклифлар билдирилди, аммо, буни қарангки барча тўпланган фикр ва таклифлар орасида биронта ҳам имконияти чекланган шахсларга алоқадор фикр бўлгани йўқ. Шахсан ўзим жисмоний имконияти чекланган шахс бўла туриб ҳам бу мавзуни кўтармадим, акция ташкилотчилари мендан айнан шу мавзуда фикрлар кўтишган эди, лекин, шу пайтгача таълим соҳасида ўзим дуч келган муаммолар сабаблими билмадим, бу мавзуни умуман муҳокама қилгим келмади.

“ОТМларда жисмоний имконияти чекланган шахсларга яратилган шароитлар ёки мавжуд тўсиқлар” деган гапни эшитганимда бирозгина салбий ички туйғулар пайдо бўлди. Жисмоний имконияти чекланган шахслар ОТМларда таҳсил олишга қодирми? Албатта, ҳа! Улар ҳам ҳудди соғлом одамлар каби ақлий салоҳиятга, билимга эга ва соғлом одамлар билан тенг ҳуқуқлидир. Аммо, жуда оғриқли савол туғилади уларга етарлича шароит мавжудми? Афсуски, йўқ!

ОТМларни қўйиб турайликда, бундан олдинги таълимга тўхталсак… Яқин бир неча ойгача мактабларимиз 9 йиллик ва мактабдан кейин 3 йиллик коллеж ёки лицей умумий қилиб айтганда 12 йиллик мажбурий таълим бор эди. Ҳозирда эса таълим тизимида озгина ўзгариш бўлиб, мактаблар 11 йиллик, коллеж ва лицейлар эса ихтиёрий этиб белгиланди.

Мактабларда жисмоний имконияти чекланган шахсларга қандайдир маънода шароит бор дейиш мумкин. Мактаб ўқитувчилари ўқувчининг яшаш жойига келиб ўқитишади, бу албатта яхши. Лекин, таълим сифати ҳақида бундай дейиш бироз мушкул. Ўзим ҳам уйда таҳсил олганман, лекин, ўқитувчиларим ўз вазифаларига масъулиятли бўлишган ва мен жуда кўп билимларга эга бўлганман десам ёлғон гапирган бўламан. Инсон бутун умри давомида энг кўп билимни мактабда олса керак, аммо, менда бу ҳолатнинг акси бўлган десам адашмайман. Очиқчасига айтишим мумкин 9 йил мактабда ўқиган бўлсам, ушбу йиллар ичида бирон марта ҳам “тўйиб” билим олганимни эслолмайман. Албатта, “айб ўзингизда яхши ўқимагансиз” дейишингиз мумкин, лекин ҳақиқатдан ҳам шундаймикан? Агар ростдан ҳам шундай бўлганида, бошқа жисмоний имконияти чекланган уйида таҳсил олаётган шахслар етарлича билим олишяпти деб жуда хурсанд бўлган бўлар эдим. Аммо…

Балки айтишга ҳам арзимасдир, лекин уйида таҳсил олаётган шахслар етарлича билим олишмайди. Бу аччиқ ҳақиқат! Юртимизда бир неча йиллардан буён инклюзив таълим қўлланилмоқда, лекин бу усул Республикамизнинг барча ҳудудларида амалга оширилмоқда дейиш нотўғри бўлса керак. Нима учун жисмоний имконияти чекланган шахслар мактабда етарлича билим олишмайди? Бунга ким айбдор, ўқитувчими ёки ўқувчи? Нега ойлигини олаётган ўқитувчи ўз вақтида ўқувчининг уйига бориб ўқитмайди? Давлат ўқитувчига жисмоний имконияти чекланган шахсларга бир ҳафталик ёки бир ойлик қолиб кетган, аниқроғи ўқитувчи қолдирган дарсларни бир кунда “номига” ўқитиб кетиши учун ойлик тўлайдими? Балки муаммонинг туби таълим тизимидир? Бу саволларга ўзим ҳам шу кунгача жавоб тополмадим. Бу саволларнинг жавоблари бор ва бу муаммоларнинг ечими оддийгина дейишингиз мумкин, лекин афсуски бундай эмас.

Мактабдан кейинги ўрта махсус таълимга келадиган бўлсак, шахсий тажрибамдан шуни айтишим мумкинки, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг ҳақиқий муаммолари айнан коллеж ёки лицейларда бошланар экан. Билишимча, Тошкент шаҳрида иккита имконияти чекланганларга мўлжалланган коллежлар мавжуд, биринчиси жисмоний имконияти чекланган шахслар ва иккинчиси ақлий имконияти чекланган шахслар учун (тўғриси иккинчи вариантни аниқ билмайман). “Ана, бу коллежларда сиз учун етарлича шароитлар борлиги аниқ!” — дейишингиз мумкин, лекин бундай дейишга шошилманг… Шахсан ўзимни жисмоний имконияти чекланганлар таҳсил оладиган махсус коллежга қабул қилишмаган. Мактабни тамомлаганимдан сўнг биринчи йил оилавий сабабларга кўра, коллежга топшира олмадим. Келаси йил эса бунга жуда қаттиқ ҳаракат қилдим, лекин буни қарангки жисмоний имконияти чекланганлар учун дея номланган коллеж шароити етарли бўлмагани учун мени қабул қилмади. Ушбу коллежга ҳужжатларимни олиб борган илк куниёқ “Биз фақат ўзини-ўзи эплай оладиганларни қабул қиламиз, бизда шунча ўқувчи учун биттагина “тарбиячи” сиз уларнинг орасида қолиб кетасиз” деган жавобни олдим. Бу жавоб қанчалик рост ёки ёлғонлигини билмадим-ку, лекин мантиққа тўғри келадиган жавоб эмаслиги аниқ. Буларни кўя туринг, мен аслида махсус коллежда ўқишни умуман истамаганман, аниқроғи бу коллежга мажбуран қабул жараёнининг энг охирги кунида борганман. Унгача нима қилганимни билишни истайсизми? Мен унгача соғлом одамлар ўқийдиган коллежда ўқиш “орзу”сида ва бунга ҳаракатда эдим. Аммо, ҳамма ўқийдиган оддий коллеж ҳам қабул қилмади, сабаблари аниқроқ айтганда “баҳона”лари жуда кўп экан. Оддий коллежга биринчи мурожаатимни шаҳодотномамдаги айрим камчиликлар сабабли қайтаришди. Бу камчиликни на мактаб на мактабга қарайдиган давлат идоралари ҳал қилиб беришди, натижада Халқ таълим вазирлигига мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Мурожаатимдан сўнг, менга шаҳодотномадаги камчиликни “ёпувчи” ҳужжат ёзиб беришди, “Мана шу ҳужжат билан коллеж қабул қилмасликка ҳаққи йўқ, қабул қилиши ШАРТ!” дея вилоят халқ таълими бошқармаси ходими “муаммойим ҳал бўлди” деган тилхат ёздириб олди. Бу тилхат нима учун кераклини билишингиз аниқ. Ҳа майли, битта тилхат ёзиш қийин иш эмас. Лекин, ўша ҳужжат билан ростдан ҳам муаммойим ҳал бўлди деб ўйлайсизми, ёки ўша “давлат ходими” жараённи охиригача кузатти дейсизми? Афсуски, йўқ! Муаммо ҳал бўлмади, “давлат ходими”га эса ўзи учун керакли тилхатни ёздириб олгач, муаммо қандай якунланади умуман қизиғи йўқ, ваҳоланки ишни охирига етказиш унинг вазифаси. Ҳужжатни коллежга олиб борган онамнинг сўзларига кўра, коллеж директори бир дунё баҳоналар қилибти, директорнинг айтишича, “мен соғлом талабалар билан ўқий олмас эканман, уларнинг ақли етган нарсага меники етмас эмиш, коллежда етарли шароит йўқ ва мен синфдан-синфга кўчиб юролмас эканман”. Биринчи ва иккинчи баҳона камситиш (дискраминация) дейилади, лекин қолганлари ҳақида нима дейишни ҳам билмайман. Синфдан-синфга ўзим кўчиб юролмаслигим рост, лекин бу ҳал қилиб бўлмас муаммоми? Албатта, йўқ! Бутун бир коллежнинг биттагина гуруҳини битта синфда ўқийдиган қилиш шу даражада қийин иш деб ўйламагандим. Менга жуда кўп шароитлар эмас, бор-йўғи юқоридаги нарса керак эди холос. Ўша пайтларда мен коллеждан ўн карра ўзоқда жойлашган хусусий ўқув марказида ўқир эдим, ушбу марказда бир йил инглиз тилини ўргандим буни қарангки бу марказ бинонинг иккинчи қаватида жойлашган. Биринчи қавати, ҳатто кенг ҳовлиси бор коллеждан фарқли равишда иккинчи қаватда жойлашган бу марказ сизни қабул қилмаймиз, сизга шароитимиз йўқ демади. Бир йил ўқиган бўлсам, коллежда “бир зумда” директор томонидан айтилган камситиш гаплар бу марказда бирон марта ҳам айтилгани йўқ. Албатта, бу хусусий ўқув маркази пул тўлаганингиздан кейин олишадида дейишингиз мумкин, лекин гап пулдами? Хусусий марказ ўқитувчиси олган ойликни коллеж ўқитувчиси олмайдими? Албатта, олади! Энди жуда ҳам ҳунук саволлар пайдо бўлмоқда: Нега хусусий марказ яратиб берган шароитни Давлат таълим муассасаси яратиб беролмайди, аниқроғи “ЯРАТИБ БЕРМАЙДИ”? Нима учун хусусий марказ директори, ходимлари ва ўқитувчилари ўз вазифаларига нисбатан ҳис қилган масъулиятни юқорида айтилган давлат ходими ва давлатга қарашли коллеж директори ҳис этмайди? Ахир, мен ҳам мустақил Ўзбекистон Республикасининг ўрта махсус таълим муассасаларида таҳсил олаётган одамлар билан тенг ҳуқуқлиман, ёки бундай эмасми?

Мақоламизнинг асосий мавзусига қайтсак, ОТМларда жисмоний имконияти чекланган шахсларга яратилган шароитлар ёки мавжуд тўсиқлар даганда ўз-ўзидан савол пайдо бўлади, жисмоний имконияти чекланган шахс қандай қилиб ОТМда таҳсил одлади? Ахир, унга ОТМда ўқиши учун аввал мактаб шаҳодотномаси, кейин эса лицей ёки коллеж дипломи керак-ку… Қисқаси, жисмоний имконияти чекланган шахсда ОТМга етиб келгунича бир дунё муаммолар бор. Шунинг учун, ОТМда таҳсил олиш ҳақида бирон нарса деёлмайман. Жисмоний имконияти чекланган шахсга ОТМгача етиб бориш юқоридаги муаммолар билан деярли иложи йўқ нарса экан. Балки ОТМларда шароитлар бордир, лекин улар етарлича эмаслиги аниқ.

Хулоса ўрнида шуни айтишим мумкинки, ниятим давлатимизда жисмоний имконияти чекланганларга умуман шароитлар йўқ дейиш эмас. Интилиб-интилиб коллежга ҳам ОТМга ҳам етишиш мумкин. Бир кун келиб, давлатимиз томонидан жисмоний имконияти чекланган шахслар таҳсил олиши учун керакли барча шароитлар яратиб берилар, лекин, бизга фақат шароитлар эмас, балки ўз вазифаларига нисбатан масъулиятни ҳис қиладиган ходимлар ва “фаҳм-фаросати” бўлган директорлар ҳам керак.

“Happy end”…

Юқоридаги воқелар нима билан тугаганини ва ўзим ҳақимда озроқ ёзмай ушбу мақолани якунлагим келмади… Мен Феруза Мамирова 1997 йилда Тошкент вилоятидаги туманларнинг бирида туғилганман, маълумотим ҳозирча бошланғич. Ҳаётда жуда камгап ва жиддий одамман. Касбим ва дипломим йўқ бўлса ҳам бир нечта интернет нашрларда фаолият юритаман. Ўқишимга келадиган бўлсак… Мен барибир ўқишга (коллеж) кирдим! Ҳозирда мен Россия давлатининг Москва шаҳрида жойлашган Синергия (Московский финансово-промышленный университет «Синергия») университети коллежининг биринчи босқич талабасиман. Ўқишим дистанцион яъни масофавий тарзда, ва энг муҳими ўзим истаган “интернет маркетинг” йўналишида ўқяпман. Бу ютуққа қандай қилиб эришганимга қизиқяпсизми…? Жуда қийин деб ўйламанг, бу жуда оддий… Ҳужжат топшириш жараёни бир неча ой давом этган бўлса ҳам, бирон жиддий муаммога учраганим йўқ. Россияга боришимга ҳам ёки эшикма-эшик юриб ҳужжат тўплашимга ҳам тўғри келгани йўқ, ҳужжат топширишнинг асосий қисми дистанцион тарзда амалга оширилди. Қисқаси ўзим каби инсонларга айтар сўзим…эришиб бўлмайди деб ўйласангиз ҳам олдингизга жуда улкан мақсад қўйинг ва унга етишмагунча “тинчиманг”. Ҳар ҳолда ўзимда ҳар доим шунақа… Имконияти чекланган кишиларга деярли имконсиз бўлган бирон нарса ёқиб қолдими ёки бирон нарсани истаяпманми ойлаб йиллаб вақтим кетса ҳам албатта унга эришаман… коллеж воқеаси бунинг исботи!

Ҳааа айтганча… чет давлатдаги коллежда дистанцион тарзда таҳсил олиш менинг мактаб давримдаги кичиккина “имконсиз” аниқроғи оддий оила фарзанди учун “эришиб бўлмас” деб аталувчи орзуим эди… Лекин бу орзулигача қолиб кетгани йўқ, Мен бунга ўз кучим ва интилишим билан эришдим!

3.71 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.71 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.14 / 8
  • Муштарийлар баҳоси
    4.35 / 5

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Xudoyberganov Ulug‘bek 18/04, 00:25
5 Шаҳноза Тўрахўжаева 22/04, 21:28
5 Aziza Sobirova 22/04, 22:19
2 Baxtiyor Ahmad 24/04, 04:23
5 Абдували Қурбонов 26/04, 17:03
3.5 Quvonchbek Usmonov 30/04, 17:32
5 Baxtiyor G'oziyev 05/05, 18:15
2.5 Masud Kayumov 06/05, 09:46
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
4 та фикр