ИЛМИЙ СОВУҚҚОНЛИК ... ИЛМСИЗЛИК

Sirojiddin Shams
Саралаш

Мен матншунос-манбашуносман. Араб, форс ва эски ўзбек ёзувидаги қадимги қўлёзма ва тошбосмаларни ўрганаман. Ихтисослигим номи сизда енгил ҳайрат уйғотган бўлса, не ажаб! Рости, бунақа қўшалоқ номга ҳозиргача ўзим ҳам кўника олганим йўқ. Яқин шарқлик (бу минтақа бизнинг соҳа бешигидир) ҳамкасбим эса ўзини лўнда қилиб “муҳаққиқ” деб атайди ва у бир қўлёзма устида қиладиган ишнинг ақалли ўндан бирини ҳам мендай “...шунос” ҳеч қачон удда қилолмаслигини ҳар иккимиз ҳам яхши тушунамиз...

Нега?Бу ерда гап тил билан боғлиқ эмас. Айни вақтда Қоҳирада ёки Кувайтда йигирма етти яшар йигитча ҳимоя қилган магистрлик диссертацияси бизда Олий аттестация комиссиясининг минг чиғириғидан ўтиб эшитувга қўйилган навоийшуносликка доир докторлик ишидан ўн чандон пишиқ ва ўз халқига фойдали бўлиб чиқади. Бу ерда гап миллий меросни тадқиқ этишдаги ёндашувда, холос...

Навоийми ёки Навойи?Келинг, арабий ва форсий қўлёзма манбаларни ўз ҳолича қўя турамиз (худди Шарқшунослик институти фондида қўл урилмаган кўйи тургандек). Биргина эски ўзбек ёзувида яратилган ва миллий меросимизнинг каттагина қисмини ташкил қиладиган асарлар тадқиқига назар ташлашимизнинг ўзи етарли.Бундай манбалар ичида ҳазрат Навоий мероси ярқ этиб кўзни олади ва шунинг учун бўлса керак, бизда матншунос-манбашунос дейилса, истаса-истамаса, навоийшунос кўз олдига келаверади. Бу сўзлар аллақачон эгизак бўлиб улгурган...

Афсуски, бугун матншунос-навоийшунослигимиз бир жойда депсиниб турибди. Анча йиллардан буён. Эҳтимол, раҳматли Порсо Шамсиев ўз миссиясини якунлаганидан бери. Бу кишини ҳозирги “...шунос” авлод ҳам ажиб илиқлик ила “мадраса кўрган олим” деб эсга олади ва ҳалигача хизматларидан истифода этади, аммо ўзлари бир қунт қилиб “мадраса кўриш”га уриниб ҳам кўрмайдилар.

Алалоқибат:навоийшуносликдаги тадқиқотлар матнни тўғри ўқиш теварагидагина ўралашиб қолди (бугун кўзимиз ўрганган “Навоий” сўзи аслида “Навойи” сўзини нотўғри ўқиш маҳсули эканини кўпчилик билмайди ҳам);ҳазрат Навоий асарларида учрайдиган Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифларга муносабат, афсуски, беодобона аҳволда (динимизни чуқур билмаслик бунинг бош сабаби).

Муносабатни ўзгартириш керак!Мана бу байтга диққат қилинг:

...Инсон эди мақсудки, бўлди мавжуд,Инсондин ҳам Ҳабиби эрди мақсуд.

Бу – “Муҳокамат ул-луғатайн” рисоласидаги рубоийнинг охирги мисралари. Аввалги байтда Аллоҳ таоло оламни яратгани баён қилиниб, бу яратишдан мақсад эса мазкур мисраларда очиқланяпти. Яъни мақсад – Инсон. Хўш, Инсонни яратишдан мақсад нима эди? Бу саволга тўртинчи мисрада жавоб бор. Рисолани таҳлил, табдил ва талқин қилган матншунос-навоийшунос эса сўнгги мисрани “Инсоннинг ҳам мақсади ўз Ҳабибини англаш эди” дея шарҳлаб, рубоийнинг чиройини қора булут билан тўсиб қўяди. Аслида эса “Инсонни ҳам яратишдан мақсад Ҳабиби – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эди” дейиш ҳам мазмунан, ҳам моҳиятан тўғри бўлар эди...

Бу соҳамнинг бугунги аҳволини аниқроқ ифодалаш учун танланган энг оддий мисол, холос...

Энг катта хатар...Илмий совуққонлик!

Бугунги матншунос-навоийшунослигимизнинг “мадраса кўрмаган” авлоди аудиторияларда ўз шогирдларини, жумладан, мени ҳам шунга чорламоқдалар. Эмишки, бусиз фан докторлигига эришиб бўлмас экан. Ҳар гал дарсга олиб келинган, шу “мезон” асосида ёзилган докторлик ишларининг автореферату монографиялари билан танишар эканман, улардаги “бетарафлик” мени жунбушга келтиради, қалбимда “Ҳазрат Навоий ростдан ҳам бизникими? Имом Бухорийнинг меросхўри эмасманми?” деганга ўхшаш ғалаёнлар бош кўтаради. “Йўқ!” дейман ғалаёнларни босиб. Уларга мендан кўра бошқа ким ҳам ҳақлироқ бўлиши мумкин?!

Шу сабаб яна яқин шарқлик йигирма етти яшар ҳамкасбимнинг муҳаббатга тўла таҳқиқлари хаёлимни ўғирлайди. У “онаси ўлмагур” ҳатто менинг имом Бухорийим, менинг имом Термизийимни ўзиники деб алқашгача бориб, муҳаққиқлик олови билан ёнаётган бир пайтда мен илмий совуққонлик билан қучоқлашиб ўтирсам, эртага танамнинг бир бўлагини “меники” дейишга ҳам тараддуланиб қолишим турган гап!

Ҳозирча нима қила оламиз?

Аввало, манбашунослик – бу миллий меросни тирилтириш эканини англаб етишимиз зарур! Қачонки буни англаб етсак, собиқ Тошкент Ислом университетидаги “Ислом манбашунослиги” ва Тошкент давлат шарқшунослик институтидаги “Матншунослик ва манбашунослик” номли магистратура мутахассисликлари айни бир нарса эканини тушунамиз ва уларни бирлаштириш ҳаракатига тушамиз.

Кейин “Қаерда бирлаштирсак бўлади?” деган савол пайдо бўлади. Жавобни ҳам секин-аста топамиз: “Ислом академиясида”. Ана ундан кейин англаймизки, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент шарқшунослик институтини ўзининг ҳақиқий эгаларига топшириш фойдали бўлар экан. Ва шундай қиламиз: алалоқибат, “мадраса кўрган” матншунос-манбашунослар шаклланиб, ҳақиқий муҳаққиққа айланадилар, насиб қилса.

3.74 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.74 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.16 / 12
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 15

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Abduqahhor 30/04/2018
5 Kamolbek Botirov 30/04/2018
5 G'ayrat Norqobil 30/04/2018
4 Dovud Qalandarov 30/04/2018
5 Sardor Kattabekov 30/04/2018
3 Nilufar Baqoyeva 30/04/2018
4 Botirali Samadov 30/04/2018
1 Sarvar Erkinbayev 30/04/2018
5 Rakhmatillo Abdusamatov 30/04/2018
3.5 Nu Gof 01/05/2018
5 Shoirakhon Rashid 01/05/2018
4 Jasur 01/05/2018
5 Abunnazora Ferganius 01/05/2018
5 Ravshanbek 01/05/2018
5 Husniddin Kamolov 01/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр