ГИРДОБ

...Биламан, СИЗлар мени эшитмоқдасиз, мен буни сезиб турибман. СИЗлар қўрқувдасизлар: биздан қўрқасиз, ислоҳотлардан қўрқасиз. Мен келажакни билмайман, айни вақтда уни қандай якунланишини ҳам башорат қилмоқчи эмасман, аммо мен уни СИЗларга нимадан бошланишини эслатмоқчиман, холос. Ҳозир гўшакни қўйиб, одамларга СИЗлар яширмоқчи бўлган оламни, яъни, СИЗлар мавжуд бўлмаган, тақиқ ва чекловлар ўрнатилмаган, чегара ва сарҳадларга эга бўлмаган дунёни кўрсатаман. Кейин эса нима содир бўлиши– БИЗга боғлиқ!                                                                                                                   ГОЛЛИВУД ФИЛЬМИДАН ПАРЧА

               Бу гирдоб жамиятимизда қачон пайдо бўлганини ҳеч ким аниқ айта олмайди. Эҳтимол, инсон табиати яралганидан буён у мавжуддир. Бироқ, ана шу гирдоб ютиб юборган ҳамда унинг комидан чиқиб кета олмаган бутун бошли жамиятлар ва давлатлар инқирозга юз тутади ёки қарам вассалга айланиши аниқ. Афсуски, биз ҳам ана шу гирдоб комида анчадан бери айланиб юрибмиз...             “Transparency International” халқаро нодавлат ташкилоти ҳар йили ана шу гирдобдаги мамлакатларнинг рўйхатини эълон қилади. Ўзбекистон ўтган 2017 йилда бу рўйхатда 180 та давлат ичида 157 ўринда қайд этилиб, 100 баллик баҳолаш тизимида 22 баллга лойиқ кўрилган (аслида, 30 баллдан кам баҳо олган мамлакатлар учун бу миллий иснодни англатади). Гап нима ҳақида кетаётганини кўпчилик дарров пайқади. Мазкур постнинг мавзуси айнан ўша, бизни кўпдан буён васвасага солаётган, қийнаётган, ўз комига тушириб қўйган улкан гирдоб – аксарият кулфатларимизнинг бош сабабчиси – коррупция тўғрисидадир.

Коррупциоген ҳолат баҳоланган давлатлар рўйхати 2017 йил ҳолатида (давлат харитаси қанчалик тўқ рангда бўлса, бу коррупция ушбу мамлакатда юқорилигини англатади).

                       1.КОРРУПЦИЯ: МОҲИЯТИ, САБАБЛАРИ ВА ФОЖИАЛИ ОҚИБАТЛАРИ

                                                   Коррупция сил хасталигига ўхшайди: касаллик бошланишида уни                                                                  аниқлаш мушкул, аммо, даволаш   енгил, борди-ю, касаллик тарқалиб                                                  бўлган бўлса, уни аниқлаш осон, лекин, даволаш мушкул ишдир.                                                                                                                                                Н.Макиавелли

        Кўпчилик коррупция сўзини тор маънода, яъни, мансабдор шахсларнинг ўз мансаб мавқеидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб содир этишадиган порахўрлик билан боғлиқ қилмишларини тушунишади. Бироқ, бу тушунчанинг моҳиятини тўлақонли англаш имконини бермайди. Коррупция сўзи асли лотинча “corruptio” сўзидан олинган бўлиб, “эврилиш”, “бузилиш” деган маъноларни англатади. Миллий қонунчилигимизда, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни 3-моддасида, коррупцияга қуйидагича таъриф берилган.

Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш.

         Демак, кенг маънода коррупция деганда бу мансабдор шахс ёки давлат хизматчиларининг нафақат порахўрлик жиноятларига оид қилмишлари, балки, ўзларининг мансаб ёхуд хизмат мавқеини суистеъмол қилиб шахсий ёки бошқа шахсларнинг манфаатлари йўлида сиёсий ҳомийлик, маҳаллиличилик, “таниш-билиш”чилик, уруғ-аймоқчиликка йўл қўйишлари ҳам назарда тутилади.         Олиб борилган илмий изланишларга қараганда, коррупция ривожланган жамиятларда унинг қуйидаги турлари тез-тез учрайди:       – Маиший коррупция, асосан мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларининг кундалик иш фаолиятида фуқаролар билан муносабатларида манфаатлар тўқнашади;      – Ишбилармонлик коррупцияси, бу ҳокимият вакилларининг тадбиркорлик субъект (бизнесмен)лари билан муносабатларида учрайди;      – Олий ҳокимият органлари коррупцияси, бу демократик жамиятларда сиёсий ҳукмрон доиралар ҳамда одил судлов тизими фаолиятида кўзга ташланади.

        Бундан ташқари, амалиётда коррупциядан бойиш манбалари ҳам мавжуд бўлиб, буларга:

    1. Йирик инвестицион лойиҳалар (асосан, катта пора эвазига ҳорижий корпорацияларга танловда “ғолиб” бўлиб, ички бозорда монопол савдо қилиш ҳуқуқи берилади);  2. Давлат харидлари (қоида бўйича, мансабдор шахс давлат номидан вакил сифатида очиқ танловда энг яхши тижорий таклиф билан ғолиб чиққан тижорат ташкилоти билан шартнома тузади, аммо, катта пора эвазига танловлар ҳақидаги маълумотлар ошкор этилмайди ҳамда олдиндан келишилган тижорат ташкилоти билан суммаси сунъий оширилган "откат" шартнома тузилади). 3. Бюджетдан ташқари жамғармалар (одатда, пенсия ёки йўл жамғармалари каби фондлар фаолияти устидан кучсизроқ назорат ўрнатилади ва ушбу фондлар бюджетининг даромадлар қисми ҳаражатлар қисмига қараганда бир неча баравар кўп бўлади, бу эса, ўз навбатида мазкур ташкилот раҳбарлари учун кучли жиноий мотив беради) киради.

      Кўпчилик олимларнинг фикрича, коррупциянинг жамиятда юқори экани бир қанча объектив сабаблар билан боғлиқ, масалан:

1) давлат секторида ойлик маошларнинг хусусий секторга қараганда анча пастлиги;

2) мамлакат иқтисодиёти давлат томонидан бошқарилиши;

3) муайян хизмат турларида давлат монополияси (якка ҳукмронлик) ўрнатилгани;

4) бюрократия (давлат бошқарув органлари)нинг халқ билан алоқалари узилиб қолганлиги;

5) иқтисодий барқарорликнинг мавжуд эмаслиги, инфляция;

6) халқнинг этник жиҳатдан бирдам эмаслиги;

7) иқтисодий ривожланиш (ЯИМнинг аҳоли жон бошига ўсиши) суръатлари пастлиги;

8) жамиятда радикал-диний қарашларнинг мавжудлиги;9) жамиятнинг ҳуқуқий маданияти пастлиги;

10) икки хил талқин этиладиган қонун нормаларининг мавжудлиги;

11) мамлакатдаги сиёсий беқарорлик;

12) фуқароларнинг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати сустлиги;

13) жамият ва давлат бошқарувида сиёсий ҳомийлик, маҳаллилийчилик, қариндош-уруғ ва “ошна-оғайнигарчилик” муносабатларининг юқорилиги сингари иллатлар.

        Шунингдек, тадқиқотлардан маълум бўлишича, коррупция мамлакатда қуйидаги фожиали оқибатларни келтириб чиқаради:

1- давлат ресурслари ва манбаларининг самарасиз исроф этилиши;2- солиқ маъмурчилигининг сусайиши, солиқларнинг давлат бюджетига тушиш миқдори камайиши;3- давлат аппаратининг иш самарадорлиги кескин тушиб кетиши;4- хусусий тадбиркорларнинг тез-тез “синиб” кетишлари;5- малакали мутахассисларнинг ҳорижга оммавий равишда чиқиб кетишлари;6- ишлаб чиқаришда инвестицянинг камайиб кетиши, иқтисодий ўсишнинг тўхтаб қолиши;7- жамоат хизматлари сифатининг ёмонлашуви;8- халқаро ташкилотларнинг ривожланаётган давлатларга кўрсатаётган молиявий ёрдамларидан мақсадсиз фойдаланиш;9- жамиятда ижтимоий тенгсизликнинг кучайиши;10- уюшган жиноятчиликнинг авж олиши – йирик мафия гуруҳлари пайдо бўлиши;11- сиёсий ҳокимиятнинг қонунийлигига путур етиши;12- жамиятдаги маънавий муҳитнинг бузилиши ва ҳ.а.

                                                                2. КИМ ҚАНДАЙ КУРАШГАН?

                                                                                                                – Коррупцияни қандай енгиш мумкин ?                                                 – Ўзингизнинг энг яқин учта дўстингизни қамоққа тиқинг, ишончим комил:                                        уларнинг қамоқда ўтиришгани боисини сиз ҳам, улар ҳам жуда яхши билишади.                                                                                                                                 Ли Куан Ю интервьюсидан

          Келинг ҳозир коррупцияга қарши чет давлатлар қандай курашгани тўғрисида қисқача тўхталамиз.         СИНГАПУР – Жанубий-ғарбий Осиёдаги кичик оролда жойлашган давлат. 1959 йилда Буюк Британия таркибидаги ўз-ўзини бошқарадиган давлатга, 1965 йилда эса Малайзия таркибидан чиқиб мустақил мамлакатга айланган. Ўша даврда давлат жудаям ночор ва ўта коррупциялашган эди. Аммо, ҳукумат раҳбарлигини эгаллаган Ли Куан Ю (1959-1990й.) ўз фаолиятини, мамлакатнинг “ўлиб бўлган” иқтисодиётини кўтариш учун, дастлаб ўлкада ҳукм сураётган коррупцияга қарши шафқатсиз курашдан бошлади ва қуйидагиларни амалга оширди:

– 1960 йилда Сингапурда “Коррупциянинг олдини олиш тўғрисида”ги Акт қабул қилиниб, унда “коррупция” тушунчасига аниқ тариф берилди ҳамда порахўрлик жиноятлари учун жазо кучайтирилди, иложи борича икки хил тушуниладиган ноаниқ қонун нормалари қонунчиликдан чиқариб ташланди;

– Коррупцияга қарши тизимли равишда кураш мақсадида қонундан бошқа ҳеч кимга бўйсунмайдиган мустақил ташкилот – Бюро ташкил этилди, барча давлат хизматчилари, шу жумладан, мамлакат парламент аъзолари иммунитет (дахлсизлик) ҳуқуқидан маҳрум этилди, антикоррупцион суриштирув ва тергов жараёнларига, ҳаттоки, ҳукумат раҳбари Ли Куан Юнинг қариндошлари ҳам тортилди. Оқибатда эса, кўпгина вазирлар озодликдан маҳрум этилдилар (хусусан, 1966 йили – Миллатни ривожлантириш вазири Так Киа Гана, 1975 йили – Табиатни муҳофаза қилиш вазири Ви Тун Бун), бир қанчаси ўз жонига қасд қилишди (масалан, Миллатни ривожлантириш вазири Те Чинг Ван) ёки бошқалари мамлакатдан қочиб кетишди.

– Коррупцияга қарши кураш бўйича Бюро терговчилари ҳеч қандай суд қарор (санкция)ларисиз, башарти коррупция жиноятини содир этганлиги ҳақда аниқ асослантирилган далиллар мавжуд бўлса, исталган одамни ушлаб туриши, қамоққа олиши ёки тинтув ўтказишларига рухсат этилди.

– 1980 йилдан бошлаб ҳукумат бюрократия (давлат бошқаруви)нинг сифатини ошириш юзасидан чораларини кўра бошлади, жумладан, давлат амалдорларининг маошлари сезиларли даражада оширилди (таққослаш учун, ҳозир Сингапурда оддий ишчилар ўртача ойига 3.5 минг АҚШ доллари миқдорида маош олсалар, амалдорлар ўртача 20 минг АҚШ доллари атрофида ойлик иш ҳақи олишади). Давлат хизматига номзодларни ишга қабул қилиш Бюро ходимлари томонидан, эркин рақобат ва шаффоф танловлар асосида, бўлажак ходимлар ўрта-мактабда ўқиб юрган кезлариданоқ амалга оширилади.

– Ҳар олти ойда вазирлар мамлакат Бош вазирига ўзининг ва оила аъзоларининг даромадлари тўғрисида ҳисобот (декларация) тақдим этишга мажбур. Борди-ю, вазирнинг реал даромадлари тақдим этилган декларацияга мувофиқ келмаса, дарҳол антикоррупцион тергов бошланади (Сингапур Жиноят кодексида “шахс эгаллаб турган мансаб ёхуд лавозим мавқеига номувофиқ бўлган бойлик орттириш” жинояти учун жазо белгиланган). Давлат хизматчилариниг банкдаги ҳисоб рақамлари доимий мониторинг (кузатув) предмети ҳисобланади. Суд коррупционерларнинг қонуний келиб чиқиши исботланмаган барча мол-мулк ва пул қимматликларини мусодара қилиш ваколатига эга.

– Суд тизимининг мустқаллиги оширилган. Судяликка номзодлар энг яхши хусусий адвокатлардан танланади, ҳозирги кунда уларнинг йиллик маоши 800 минг АҚШ долларини ташкил этади.

– Мафия ва уюшган жиноий гуруҳларга қарши аёвсиз курашилган.

– Пора беришлик ҳамда антикоррупцион терговларда қатнашишдан бўйин товлаш учун катта жарималар ўрнатилган, коррупцион жиноятларда айблаб туҳмат қилганлик учун озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган.

        Юқорида келтирилган тизимли ислоҳотлар самараси ўлароқ Сингапур коррупция салмоғи энг кам бўлган давлатлар қаторига қўшилди (мисол учун, 2017 йилда “Transparency International” ташкилотининг маълумотларига кўра, Сингапур 180 та давлат ичида 6 ўринда қайд этилиб, 100 баллик баҳолаш тизимида 84 балл тўплашга муваффақ бўлди), хорижий инвестициялар мамлакатга “оқиб” кела бошлади, иқтисодиёт гуркираб ривожланди, мамлакатнинг ЯИМ аҳоли жон бошига бир неча баравар ўсди, бугунги кунда Сингапур ривожланган мамлакат ҳисобланади.

       ГОНГКОНГ – Хитой Халқ Республикасининг ихтисослаштирилган маъмурий ҳудуди бўлиб, 1997 йилга қадар Буюк Британия мустамлака (колонния)си саналган. ХХ аср ўрталарида Гонгконг коррупция “ботқоғига ботиб қолган” (давлат ҳокимияти органлари 94% коррупциялашган) эди. Ҳокимият тепасига губернатор сифатида Мюррей Маклехоуз (Буюк Британия мустамлакаси даври 1971-1982 й.) келгач, давлат аппарати тубдан ислоҳ қилина бошлади ва қуйидаги амалий чоралар кўрилди:

– 1974 йили М.Мюррей мустақил ҳеч қайси давлат органига бўйсунмайдиган Қоррупцияга қарши кураш бўйича Комиссияни тузди. Комиссия жуда кенг ваколатларга эга бўлиб, улар коррупцияда гумон қилиб исталган давлат органи ёки ташкилотида текширув ўтказа олар эди.

– Мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларига нисбатан айбсизлик презумпцияси, яъни, жиноят содир этишда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда кўриб чиқилиб, унинг айбдорлиги тўғрисидаги суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирмагунича у айбсиз ҳисобланиши ҳақидаги тамойил бекор қилинди ҳамда унинг ўрнига “Мол-мулкингни пора эвазига орттирмаганингни исботла!” деган тамойил ўрнатилди. Агар мансабдор шахс ёки давлат хизматчиси сотиб олган машинаси, уйи ёки ҳориждаги банк ҳисоб рақамини қонуний очганини исботлаб бера олмаса сўзсиз узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиларди. Комиссия фаолияти биринчи йилининг ўзидаёқ 220 нафар амалдор порахўрлик жиноятлари субъектлари сифатида судланишган;

– Қоррупцияга қарши кураш бўйича Комиссия фаолияти устидан зиёлилар ва тадбиркорлардан иборат жамоатчилик назоратини амалга оширувчи ташкилотлар кузатиши белгиланди ва Комиссиянинг ўз вазифасини виждодан бажармаётган ҳар қандай ходими ишдан бўшатилар эди;

– Полиция тизимини тозалаш бошланди. Биринчилардан бўлиб Гонгконг полиция бошлиғи пора олгани учун қамоққа олинди;

– Маҳаллий ОАВ томонидан эркин тарзда коррупция билан боғлиқ ҳар қандай янгиликларни эълон қилиш ва журналистик суриштирувлар олиб бориш фаолияти тўлиқ равишда таъминланди. Журналистлар мансабдор шахслар ва уларнинг оила аъзолари амалга ошираётган ҳар қандай шубҳали иқтисодий фаолият юзасидан мустақил суриштирув ўтказишар, ўз навбатида, Комиссия ОАВнинг бу каби эълонларига дарҳол муносабат билдирар эди.

Амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида Гонгконгда коррупция даражаси кескин пасайди, бугунги кунда у Хитойнинг иқтисоди ривожланган энг яхши ҳудудларидан бири саналади (2017 йилда “Transparency International” ташкилотининг рўйхатида 13 ўринда қайд этилиб, 100 баллик баҳолаш тизимида 77 баллга лойиқ кўрилган).

       ФИНЛАНДИЯ – Скандинавия мамлакатларига кирувчи Шарқий Европада жойлашган давлат. Эътиборли жиҳати, давлатнинг миллий қонунчилигида “коррупция” тушунчасининг ўз мавжуд эмас, бу мазкур иллатнинг фин жамияти умуман амалда қабул қила олмаслиги билан изоҳланади. Аммо ҳар доим ҳам бундай бўлган эмас.

...ХХ аср ўрталари Финландияда коррупция жудаям авж олган давр бўлган. Унга қарши курашда мамлакат қуйидаги ислоҳотларни жорий этган:

– Пора олиш жинояти учун озодликдан маҳрум қилишдек жиноий жазо белгиланди;

– Пора олиш жиноятини содир этишда айбланаётган шахс ким бўлишидан қатъий назар жавобгарликка муқаррар равишда тортилади;

– 1996 йилда мамлакатда “Иқтисодий жиноятларга қарши кураш тўғрисида”ги Умуммиллий дастур қабул қилинган бўлиб, унда манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқарадиган вазиятларни олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан тизимли чора-тадбирлар белгиланган;

– ОАВнинг коррупция билан боғлиқ эълонларга муносабат билдириш учун давлатнинг коррупцияга қарши курашни амалга оширувчи махсус ваколатли органлари (Адлия вазирлиги, Тергов Бюроси ҳамда полиция) дарҳол текширув ўтказади ва унинг натижаларини оммага ошкор қилади;

– Давлат ҳокимияти органлари максимал даражада очиқ ва шаффоф ишлаш механизмини жорий этган, деярли барча маъмурий-бошқарув мажлисларда оддий фуқаролар қатнаша олишади;

– Давлат хизматида меҳнат қилувчи шихсларнинг моддий ва ижтимоий таъминоти бир неча баравар оширилган.

       Ҳозириги кунда Финландия ЯИМ энг юқори ривожланган давлатлар қаторидан жой олган (ўтган 2017 йилда у “Transparency International” ташкилотининг рўйхатида 3 ўринда қайд этилиб, 85 баллик кўрсаткич билан АҚШ ва Японияни ортда қолдирди).

       ЭСТОНИЯ – коррупция даражаси кам бўлган Шарқий Европада жойлашган Болтиқ денгизи бўйидаги мамлакатлардан бири. Лекин, ХХ аср 90-йиллар бошларида бу ерда уюшган жиноятчилик, рэкет ва коррупция ҳукмронлик қилар эди. СССРдан мустақил бўлиб чиққач, 1991 йилдан бошлаб бутун Эстония ҳукумати мамлакатда авж олган тизимсизлик ва бошбошдоқликни бартараф этиш учун қуйидаги таъсирчан чораларни қўллади:

– Электрон ҳукуматнинг инновацион модели яратилди ва муваффақиятли жорий этилди. Бу ўз навбатида, мансабдор шахсларнинг фуқаролар ҳамда корхона, муассаса, ташкилотлар билан ўзаро муносабатларида шахсий истакларнинг келтириб чиқаришига чек қўйган. Хусусан, 2000 йилда Эстония маъмурий-бошқарув мажлисларнинг қоғозсиз шаклини амалга киритиб, ҳужжатларнинг электрон шаклини интернет ёрдамида расмийлаштириш амалиётига ўтди;

– 2002 йилда қабул қилинган Жиноят кодексида порахўрлик ва мансабдорлик билан боғлиқ жиноятларга жазо кучайтирилиб, судланувчиларга озодликдан маҳрум этиш жазосидан ташқари мол-мулкни мусодара қилиш тарзидаги қўшимча жазо қўлланила бошланди.

– 2013 йилда Вазирларнинг Антикоррупцион Комиссияси ташкил этилди ҳамда бу комиссиянинг мақсади “Одил давлат ва назорат” стратегиясини ишлаб чиқиш этиб белгиланди;

– Ҳар йили мамлакатнинг барча тузилмалари раҳбарлари ўзларининг мол-мулклари тўғрисидаги ҳисобот (декларация)ни интернет тармоғи орқали кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этади;

– Коррупцияга доир қонунчилик такомиллаштирилди, жумладан, 2010 йилда Эстония БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига қўшилди, 2012 йилда бўлса, Коррупцияга қарши кураш ва Давлат хизмати тўғрисидаги қонунлар қабул қилинди.

                                                      3. ЎЗБЕКИСТОНДА КОРРУПЦИЯГА                                                     ҚАРШИ КУРАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

           Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда коррупцияга қарши самарали кураш мақсадида      ва олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг самарадорлигига эришиш учун қуйида таклифларни                    бермоқчимиз:

1) Барча поғонадаги таълим муассасаларида коррупция тўғрисида муайян дарс соатлари белгиланиб, йиллик ўқув-режаларига киритиш ва шу орқали етишиб чиқаётган кадрларни бу иллатнинг фожиали оқибатлари ҳақида хабардор этиш, уларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат шакллантириш;2) Суд тизимининг – учинчи ҳокимият сифатидаги ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш учун, судьяларнинг лавозим маошлари ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш (боиси, судьяни сотиб олса бўладиган мамлакатларга чет эллик инвесторлар капитал қўйишдан ўзларини тийишади). 3) Коррупцияга қарши курашадиган ва фақат Олий Мажлис ва Президентга ҳисобот берадиган мустақил орган ташкил этиш, унга ҳар қандай иммунитетга эга мансабдор шахс ва давлат хизматчиларининг коррупцияга доир ҳаракатлари юзасидан тергов ўтказиш ваколатини бериш. Тўғри, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунида коррупцияга қарши курашни амалга оширувчи махсус ваколатли органлар белгиланган, аммо, жамиятимизда коррупциянинг юқорилигини инобатга олсак, бизда бундай органга чиндан ҳам эҳтиёж бор. 3) Коррупцион тафсилотларни ёритишда сўз ва ОАВнинг эркинлигини, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятини юқоридаги Коррупцияга қарши курашадиган мустақил орган зиммасига юклаш. Таклифнинг ўринли эканини асослаш учун биргина “Reporters without borders” халқаро нодавлат ташкилотининг 2017 бўйича тузган ҳисоботини этиборингизга ҳавола этиш билан чекланамиз. 
Расмда давлатларнинг рангли хариталари мисолида ОАВ эркинлиги тасвирланган.

                                                                                 ХУЛОСА

             ...Яхши хабарим йўқ эдию, лекин “бу ит урғочи бўри билан топишган бўлса керак”, деб ўйлаб қолдим. Бир куни ўтин териш учун даштга чиқдим. Қарасам, бир бўри ўтлар ичига кириб олиб, қўйларга бемалол яқинлашаяпти. Бир бута орқасига яшириниб олиб кузатдим. Ит бўрини кўриб, олдига келиб думини ликиллатиб турарди. Бўри жим эди. Кейин ит у билан жуфт бўлиб, сўнг бир чеккага бориб ётди. Бўри ўзини қўйларга уриб, биттасини тутиб олиб ёриб ташлади. Ит индамади. Мен бўри ва итимнинг муомаласини кўриб, нима учун бундай аҳволга тушганим сабабини англадим. Буларнинг ҳаммаси итнинг хиёнатидан экан. Мен итни тутиб олиб, қилган хиёнати учун дорга осиб қўйдим.                                                                                     Низомулмулк, “СИЁСАТНОМА”

             Хулоса ўрнида битта ҳаётий мисолни келтирмоқчимиз. Орамизда, “коррозия” деб аталадиган физикавий ҳодиса ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. Маълумки, бу темир металлнинг занглаб, чириш жараёнидир. Коррозия ҳодисасига учраган темир мўртлашиб, ҳеч нарсага ярамай қолади, чириндисифат аҳлатга айланади (сал нарсага синиб кетаверади). Коррупциялашган шахс ва жамият ҳам моҳиятан худди шу коррозияга учраган темир кабидир. Мўрт бўлади, бу шахсни ҳам, жамиятни ҳам синдириш осон. Бунақа одамлар яшайдиган жамият асосига давлат қуриш – суицид (ўз-ўзини қурбон қилиш) билан тенг. Тан олиш керак, Ўзбекистонда охирги қарийб икки йил давомида жамиятнинг сиёсий муҳити секин бўлса-да, ижобий томонга ўзгармоқда. Буни янги раҳбар жамиятдаги кўпгина муаммоларнинг ечимини коррупцияни йўқотишда кўраётганлигидан сезиш мумкин: коррупцияга аралашган кишиларга навбат билан чиқиш эшиклари, бошқаларига “кириш” эшиклари кўрсатилмоқда...                Бироқ, коррупция жамиятимизга анча илдиз отиб улгурган, энди ундан халос бўлиш фақат бир кишининг ҳаракатларига боғлиқ эмас, назаримизда. Шу маънода, бугун БИЗ бу иллатга қарши бирлашиб, муросасиз курашмас эканмиз, кейин кеч бўлиши мумкин!..

4.20 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.20 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.34 / 7
  • Муштарийлар баҳоси
    4.55 / 8

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Otabek Safarov 31/05/2018
5 Doniyorbek Yulchiev 31/05/2018
5 Жавлонбек Садуллаев 31/05/2018
4 Farhod Abdurahmon 01/06/2018
2 Beknazar Raxmatov 01/06/2018
3.5 Javohir Izzatullaev 01/06/2018
4 G'ayrat Norqobil 02/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
5 та фикр