Ёқимли куй-қўшиқ тинглаб, ҳордиқ чиқаришни ким ҳам хоҳламайди, дейсиз? Бир соатлик бундай ҳордиқ кайфиятингизни чунонан кўтарадики, бир неча кун унинг унинг таъсирида юрасиз, хиргойига тушиб кетганингизни билмай ҳам қоласиз. Шу боис, эл-юртда машҳур ҳофизларнинг концертлари мухлисларда катта қизиқиш уйғотади, концерт заллари бир неча кун тирбанд бўлиб кетади. Омадингиз келиб, олдинроқдан жой олсангиз, жонли ижродан баҳраманд бўласиз, дилингиз яйрайди. Аммо...
Аммоси шуки, баъзан концертга бориб, маданият, санъат саройларидан дилингиз хуфтон бўлиб қайтиб келасиз. Қўшиқ энди авжига чиққанига, кимдир бир даста гул кўтариб, саҳнага чиқиб келади. Қўшиқ куйлаётган санъаткорни чўпиллатиб ўпади, қучоқлаб бағрига босади. Пастда қийқириқ, ҳуштаквозлик авжига чиқади. Хайриятки, ҳофиз қўшиқни фонограммада “ижро” этаётган бўлади, акс ҳолда матнни чалкаштириб, кулгига қолган бўлармиди.
Фонограмма масаласида кўп ёзилди. Баъзи ижрочиларга таъсир қилди шекилли, концерт билетига тегишли изоҳ ёзиб қўйиладиган бўлди. Баъзилари эса, аниқроғи, кўпчилик ижрочилар, танқидга парво қилмай, катта саҳналарда фонограммасиз иш битмайди, дея ҳануз шунчаки оғиз қимирлатиб туришдан нарига ўтишаётгани йўқ.
Бу борада ким ҳақ, ким ноҳақлигини тегишли мутахасисилар аниқлаб беришади. Аммо... яқинда бир қишлоқда бўлган тўйда оддий монтёр бола муаммони бир зумда ҳал қилди-қўйди. Мана, эшитинг:
Тўйга пойтахтдан номдор бир ҳофиз таклиф этилган эди. Кечикиброқ келган бўлса-да, барака топгур, дастурхонга ўтирмай, бирданига ашулани бошалб юборди. Жарангдор овози етти маҳалладан ошиб, қўшни қишлоқларгача етди десам, ишонаверинг. Мухлисларнинг завқи ошгандан ошиб турганида, бир нима бўлди-ю, электр ўчди-қолди. Электр ўчса майли, у билан бирга ҳофизнинг ҳам овози ўчди. Ана томоша-ю, мана томоша. Ҳурматли ҳофизимиз фонограммасиз қўшиқ айта олмас экан, бир ҳафтадан бери томоқ касалига мубтало бўлган эканлар, Шу ҳолатда тўйга келибдилар. Монтёр боланинг айби билан бутун қишлоқ фонограмма нима эканини бир зумда тушуниб, “Бу жуда расво нарса экан-ку”, дея аста-аста тарқала бошлашди, чунки тўйхонадан файз кетган эди-да.
Хўш, бунисига нима дейсиз, ҳурматли мухлис?
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
1 та фикр