“Эсон-омон қутилиб олинг”

Уч кундан буён юрагимда симмиллаган оғриқ бор. Ўзим лўлидай ваҳимачи одамман. Дўстларимга айтсам, ваҳима қилавермай, яримтани олиб келсанг, сенинг ҳам, бизнинг ҳам юрагимиздаги ғуборлар ювилиб, оғриқлар ўтиб кетади, дейишди. Йўқ, мен сўзимда туриб олдим. Уч оғайни биргалашиб докторга бордик. Қабулда беш-олти чоғли киши ўтирибди. Бир семиз аёлнинг «очерти» экан. Унга: «Хола, онамга ўхшаркансиз, юрагим ёмон оғрияпти, мени олдинроқ ўтказворинг», десам, «Ука, "онагиз"нинг ҳам юраги қаттиқ оғрияпти», деб хафа бўлиб бошини буриб олди.

Буни эшитган дўстим Ибод, «Опажон, қўйверинг, бунинг ўзи шунақа, учрашувга чиққанда ҳам қизларга шундай деб қовун туширганлардан», деб «онам»нинг кўнглини юмшатган бўлди. Ва ниҳоят, вақт етиб, навбатим келди. Ичкари кирсам, доктор бир аёл билан чақчақни уряпти. Суҳбатга халақит бермай деб, юрагимни кўрсатгандим, шифокор ЭКГ қоғози сўради. Йўқ, деганимдан сўнг, «Тушиб келинг», деб буюрди. Пастки қаватда “ЭКГ” деб ёзилган хонага кириб, киссани бироз шамоллатиб чиқсам, яна навбат, ортимдан бир хотин ҳай-ҳайлаб қолишига қарамай, “Э, бор-э”, деб ичкари кирдим. Кириб, кирганимга пушаймон қилдим. Энди шифокор телефонда мириқиб «суҳбат қурар» эди. Қўлимдаги ЭКГ қоғозини олиб кўрди, қандайдир асбоби билан юрагимни эшитиб, текширди. Э, доктордан ҳам кўнглим қолди. Бу пайтда мени текширдими ё телефонда гаплашиб турдими, билиб бўлмайди. Кейин, менга раҳми келди шекилли, биттагина сироп ёзиб берди. Киссасига озгина пул солгандим, «олмайман» (кам) деб тихирлик қилди. Аммо мен ҳам анойилардан эмасман. Олдирмасдан қўймадим.

Эшикдан чиқиб, шифокордан қўлим совиб, бўлган воқеани ўртоқларимга гапириб берсам, бири ақлли фикр айтиб қолди.

– Э, жўра, сан нима деяпсан. Ҳозирга дўхтирлар сувни тескари айлантиради. Сани касалинг унга чўт эмас. Кўравериб кўзи қотган. Қара биттагина сироп билан ишингни ҳал қилиб берибди, – деб қолди. Унинг бу гапидан кейин кўнглим сал таскин топиб, дорихонага бордик. Лекин сиропнинг нархини эшитиб, тепа сочим тика бўлди. Нақ 300 000 сўм-а! Аммо ўртоқларим ноинсоф эмас, топганингда қайтарасан деб, икки юзмингини кўмаклашишди.

Уйга бориб бир қошиққинасини ичиб, енгил бўлиб ухладим. Эрталаб турсам ҳамма ёғим қичишиб, юзларимга бир нималар тошиб кетган. Буни кўриб юрагим яна оғриб кетди. Ҳалиги доридан бир яна қошиққина «уриб», ишга боролмаслигимни айтиб, ўралиб ётдим. Пешинда баданимдаги оғриққа чидай олмадим. Хотин акамиз скори чақирди. Келган доктор у-бу қилди-ю, машинасига босиб олиб кетди. Жонлантириш бўлимида мени саволларга кўмиб ташлашди. «Нима егандингиз, нима ичгандингиз?..» деган. Дорининг номи эсимга келмади. Хайрият, хотиним ақллилик қилиб, юракларининг мазаси бўлмай қолса, ичирамиз, деб олиб келган экан. Ўшани кўрсатди. Доктор унинг номини ўқиб ҳайрон бўлди. Ким буюрганини сўради, сўнг ҳамшираларга қараб кулиб юборди.

Энди ҳамма менинг олдимга келса, куладиган бўлиб қолди. Сабабини ҳеч тушунмадим. Кечда келиб шифокор, қайсидир ҳомиладорга жавоб бўлишини айтди. Қизиқ, эртасигаёқ менга ҳам жавоб беришди. Кетишимда ҳамма менга қараб, «Эсон-омон қутулиб олинг» дейди. Бунинг сабабини ҳеч тушунмадим. Фақат кета-кетишда хотиним айтиб берди.

Ҳалиги шифокор менга ёзиб берган сироп ҳомиладорлар учун бўлиб, мен ичганимда аллергиям қўзғаган. Шунинг учун докторлар менга шундай ҳазил қилаётган экан. Тўғриси жаҳлим чиқди. Қуртдай санаб берган 300 мингим кўзимга кўриниб кетди. Лекин бу воқеадан ўртоқларим хабар топмаганидан хурсанд бўлиб уйга борсам, ҳаммаси сўрига чиқиб олган, қорнини ушлаб, «Яхшими» деб айтади.

Ўша юрак шифокорини тутиб олсамми? Унинг бу қилмишини юрагимга тугиб қўяман, мен жим юрадиганларданмасман. Ахир энди бир йил ўртоқларимга кулги бўламан-да!

3.32 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.32 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.16 / 4
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 5

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4 Quramboyev Jamshid 26/04/2018
5 Aziza Sobirova 27/04/2018
5 Моҳинур Адҳамова 27/04/2018
5 Xurshidbek Ibrohimov 01/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
2 та фикр