Энергияни тежаш балиғини тутишга ўрганинг

Baxtiyor G'oziyev
Саралаш
Инсоннинг қорнини бир марта тўйдириш учун уни балиқ билан меҳмон қил. Аммо уни бир умрга тўйдирмоқчи бўлсанг, унга балиқ тутишни ўргат. Конфуций

Сўнги вақтда мактабгача таълим муассасалари ва бошланғич таълим тизимида бўлаётган ўзгаришлар одамни қувонтиради. Чунки шундай нарсалар борки, уни одамга ёшлигидан ўргатиш керак. Зеро, “ёшликда олинган билим, тошга ўйилган нақш” деб бекорга айтилмаган.

Ёшликдан берилиши керак бўлган билим, одат, кўникмалар қаторига мен табиатга муҳаббат ва энергия тежамкор фикрлаш маданиятини ҳам қўшган бўлар эдим. Агар ёш болаларга бу икки тушунчани биргаликда бериш методикасидан фойдаланилса, янада яхши самара беради деб ўйлайман.

Юқоридаги хулосага келишимга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулот бирлигига тўғри келувчи энергия истеъмоли камайиш тенденциясини кўрсатаётган бўлса ҳам, ҳали юқори эканлиги ва 8 йилга яқин энергия самарадорлигини ошириш бўйича турли лойиҳалар доирасида жуда кўп инсонлар билан суҳбатлар сабаб бўлди.

Ялпи ички махсулот бирлигига тўғри келувчи энергия истеъмоли (https://data.worldbank.org)

Чунки, аксарият корхона раҳбарлари ишлаб чиқариш жараёнини тўхтамаслигини ўйласа, бюджет ташкилотлари раҳбарлари эса ажратилган маблағни ишлатишни ўйлайди (агар ишлатмаса, кейинги йилда камроқ ажратилади). Оддий ходимларнинг аксарияти эса “бу менинг пулим эмаску, нима қиламан тежаб” қабилида фикрлайди. Бунинг натижасида эса кўп жойда қимматли энергиямиз исроф бўлиб, ўзимизга харажат, табиатга эса заҳарли газ ташланмаларини бўлиб келади.

Муаммонинг илдизини таҳлил қилганимда эса аксарият одамларимизда табиатга бўлган севги озлиги ва энергия тежамкор фикрлаш маданиятининг (яхши) ривожланмаганлиги бўлиб чиқмоқда. Бу нарсаларни ривожлантириш тизимли равишда йўлга қўйилиши керак ва унинг энг яхши босқичи — бу болаларга ёшликдан ўргатиш. Халқаро тажрибани ўрганган ҳолда қуйидаги босқичлардан иборат ечимни таклиф қиламан:

1. Тайёрлаш босқичи

Мактабгача таълим тарбияланувчилари ва бошланғич синф ўқувчиларида табиат қўйнида ўтиладиган дарсларда нафақат табиат сир-саноатларини тушунтириш, балки уни авайлаб-асраш, ҳамда зарарли тафсилот манбалари ҳақида ҳам айтиш керак. Кўп ёш болаларда кузатганим бир ажиб ҳолат бор. Улар кўз ўнгида ноҳақ зарар кўраётган, айбланаётган ва ютқазаётган қаҳрамонини яхши кўриб, унга зарар келтираётганни ёмон кўриб боради. Мана шундан фойдаланса бўлади, табиатга зарар келтирувчилар сифатида эса тежамкор бўлмаган шахсларни кўрсатиш мумкин. Тарбиячилар бу соҳада жуда кўп китоблар ўқиб бериши керак. Бунда улар соҳа мутахассиси бўлган блогерларни кузатиши, ғоя бериши ва биргаликда ишлашлари мумкин.

Масалан, тарбиячи боғчада плакатлар осиб чиқади ёки расмда кўрсатилгандек жиҳозлайди, блогер эса шу жараённи содда тилда тасвирлаб беради. Болакай эса ҳар сафар шуни кўрганида ҳаёлида воқеани ўтказади. Блогер шуни инобатга олиб тасвирлаши керак. Зеро, Эйнштейн “агар сиз бирор нарсани олти ёшли болага тушунтириб бераолмасангиз, демак ўзингиз уни тушунмайсиз ” деб бекорга айтмаган. Блогер ҳам шунга харакат қилиши даркор. Агар ўз устида ишлайдиган блогер бўлса, жараённи ҳикоя, тасвирий ҳикоя (комикс) ва видеоблог кўринишида ҳам тасвирлаши мумкин. Бу эса анча самарали бўлади. Ҳикояни бирор режиссёр саҳналаштириб, театр ёки мультфильм сифатида жонлантириши мумкин. Шундай мультфильмлардан бири яқинда намойиш этилди.

2. Ривожлантириш босқичи

Бу босқичда болаларнинг фикрлаши янада ривожлантирилади. Бунда “Чироқни ўчирамиз ва табиатни асраймиз!”, “Болалигимдаги энергия тежамкорлиги”, “Энергия самарадорлиги болалар кўзида” каби расм чизиш ва бошқа акциялар ташкил этилади. Бу акцияларни кенг кўламда бўлишини ташкил этилган ҳолда тарғиб этилади. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва ОАВ бу жараёнда фаол иштирок этиши керак бўлади. Акцияга ҳомий сифатида эса табиатга энг кўп зарар келтираётган ташкилотлар жалб қилинади. Масалан, бундай тадбир жорий йилнинг январь ойида “Ўзбекнефтегаз” АЖ томонидан мувафаққиятли ўтказилди.

Энергия самарадорлиги бўйича болалар расм танлови (манба: ung.uz)

Бу босқичда болага ҳамма соҳаларнинг табиат билан боғлиқлигини ҳам кўрсатиб бориш талаб этилади. Буни амалга оширишда қуйидагича механизмни ташкил қилиш мумкин. Боғчага махсулот олиб келувчилар ҳизмат кўрсатиш шартномасига алоҳида ўз махсулотининг ишлаб чиқариш жараёнини ва уни табиатга алоқадорлигини кўрсатиб беришини талаб қўйса бўлади. Масалан, шундай тадбирлардан бирини яқинда “Nuteco Premium” МЧЖ ажойиб кўринишда ташкил этди. Бўлар эканку мана.

“Nuteco Premium” МЧЖ ташкил этган тадбирда глобал исиш тушунчаси кўрсатилмоқда (манба: facebook.com)

Бу турдаги тадбирлар болаларга унутилмас онлар тақдим қилиш билан бирга, табиатни севиш билан бирга энергия тежамкор фикрлаш маданиятини ривожлантиришда муҳим босқич ҳисобланади.

3. Жорий қилиш босқичи

Бу босқичда болалар ўз имконлари даражасида табиатни асрашга ва энергия тежамкор фикрлашни амалий бажаришлари талаб этилади. Айнан шу босқичда бир қанча педагоглар ўз тажрибасини қўллаган ҳолда самарали усуллар ишлаб чиқиши талаб этилади. Бунда болакай ҳар бир ишда табиатни ва энергия тежамкорлигини кўриш даражасига етиши керак. Қисқача айтганда Ҳиндистонда махсус “Bijli Bachao, Desh Banao — Энергияни тежа, Давлатни қур” шиори остидаги ижтимоий ҳаракат тақдим қилган видеороликдаги болалардек бўлиши керак. Бизга ҳам шундай лойиҳалар керак.

4. Амалий ёрдам бериш босқичи

Аслини олганда юқоридаги 3 та жараёнда ҳам Давлат амалий ёрдам бериш керак, аммо бу босқич эса энг муҳими ҳисобланади. Боланинг онгида кўз олдида қилинган ишлар яхшироқ қолади. Буни ҳаммамиз яхши биламиз. Айнан шу босқичда биз болаларга амалий ишларни кўрсатишимиз керак. Бунга эса боғча ва мактаб биноларини энергия тежамкор, замонавий ҳолатга келтиришимиз керак бўлади. Агар биз энергиядан самарали фойдаланиш бўйича гапириб турсак, аммо боғча совуқ ва ноқулай бўлса, шунча қилган ишимиз ўз моҳиятини йўқотади. Назаримда айнан ҳозирда инсонлардаги ҳолатни мана шу билан изоҳлаш мумкин.

Фаолиятим давомида БМТТД-ГЭФ ва Ўзбекистон Ҳукуматининг «Ўзбекистонда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳасида 4 йил давомида иштирок этганман. Пилот объектлар сифатида нега мактаб ва қишлоқ врачлик пунктлари танланганини бошида тушунмаганман, аммо шу бинолар энергия самарадор биноларга айланганида лойиҳанинг ижтимоий томонини ҳам англаб етдим. Минглаб ўқувчи, ўқитувчи, ота-оналар кўз ўнгида энергия самарадорлиги оширилган мактабларда ўзгарган шароитлар нафақат иқтисодий, балки ижтимоий фойда ҳам келтиришни бошлаган.

Энергия самарадорлиги ортган мактабда коммунал тўловлари камайиб иқтисодий фойда келади. Мактаб раҳбари тежалган пулни яна энергия самарадор ишларга ишлатиши ва энергия тежамкор ўқитувчиларни рағбатлантириши мумкин. Ана шунда кўрасиз, энергия тежамкорлиги билан фойда олган ўқитувчининг болаларга табиий тушунтириш санъатини қандай даражага олиб чиқишини.

Мени диққатимни бу лойиҳада ижтимоий фойда ҳам тортган. Масалан, Андижон вилоятидаги мактаб биноси аксарият ўқувчиларинг уйларидан иссиқ эканлигини кўпчилик эътироф этишган эди. Бу ўз навбатида ўқувчи ва ўқитувчилар касал бўлиш кўрсаткичини деярли йўқотиб, давоматни ажойиб ҳолга олиб келган эди. Ота-оналар болаларини иссиқ мактабда ва ўқитувчи назоратида эканлигидан кўнгли тўлиб хар ҳил тўгаракларга беришган эди. Бу ўз навбатида таълим сифатини ошишига ва мактабнинг олимпиадалардаги натижасига ҳам тўғридан-тўғри таъсир қилган эди. Бу ютуқларни кўрган ота-оналар уй қуришдаги фикрлари ҳам анча ўзгарганини бизга берган саволларидан ҳам сезар эдим.

Умуман олганда боғча, мактаб, коллеж, олий ўқув юрти ва турар-жой биноларида энергия самарадорлигини ошириш бўйича Ҳукуматимиз сўнги йилларда ижобий қарорлар қабул қилмоқда. Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва энергия самарадорлиги масалалари бўйича Республика комиссиясининг январь ойидаги йиғилишида ҳам айнан бу биноларда энергоаудит ўтказиш ва энергия самарадорлигини ошириш жараёнини назорат қилиш бўйича параметрлар аниқлаб олинди.

Таклиф қилаётганим "Ахолида энергия тежамкор фикрлаш маданиятини ривожлантириш" ғоясининг 4-босқичида келтирилган ишлар бошланган, агар шу жараёнга юқорида кўрсатилган 3 та босқич ҳам қўшилган ҳолда тизимли равишда олиб борилса, биз келажакда табиатни севадиган ва энергия тежамкор авлодни яратган бўламиз. Бу эса тараққиётнинг локомотиви бўлишига ишонаман!

Шу ўринда, Давлат корхона ва ташкилотларда энергия самарадорлигини ошириш, тежамкорликка эришиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни тарғиб қилишда олиб бораётган ишлари Конфуций айтгандек балиқ билан меҳмон қилаётгандек вазиятга ўхшайди. Шунинг учун биз энергия тежамкор фикрлаш маданиятини ривожлантириш билан ҳаммага “балиқ тутишни” ўргатишмиз керак.

3.80 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.80 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.16 / 5
  • Муштарийлар баҳоси
    4.37 / 7

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

4 Bahromjon Abdurahmonov 05/05/2018
5 Feruza Mamirova 06/05/2018
5 Quramboyev Jamshid 06/05/2018
5 Sarvar Qurbonov 07/05/2018
4.5 Sherzod Shermukhamedov 20/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
2 та фикр