ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, СУВ!

Сув – шундай яратиқки, борида ҳамма нарсамиз бор. Йўғида...

Ўзининг қадри ва қимматли хусусияти билан жонли табиатнинг энг муҳим қисми бўлган сув ҳам шифо сабабчиси, ҳам озуқа манбаи, ҳам тозалик воситаси. Бир сўз билан айтганда сув бу ҳаёт. Бироқ...

Сув балоси

Сув ўзида энг яхши хусусиятларни мужассам қилгани ҳолда инсонлар бошига кўпгина кулфатлар келтирувчи бир бало ҳам ҳисобланади. Сув сел тошқинлари, цунами тарзида ҳар йили минглаб одамларни ҳалок қилади. Ўн минглаб одамларнинг ҳаёт фаолиятини издан чиқаради. Ёмғир шаклида минглаб гектар экин майдонларини минглаб гектар боғларнинг меваларини нобуд қилади. Ер кўчкиларига сабаб бўлади.

Сув улкан иқтисодий талофатлар сабабчиси

Бундан ташқари сув инсонлар барпо этган бинолар, иншоотлар ва бошқа хил қурилмаларнинг аста-секин емирилиб вайрон бўлишига сабабчи бўлади. Ҳар йили таркибида метал бўлган юз минглаб тонна қурилма ва ускуналарнинг занглашига ва аста-секин емирилишга сабаб бўлади. Ёмғир шаклида ернинг энг унумдор бўлган устки қатламини ювиб кетади.

Статистик маълумотларга қараганда сўнгги 20 йил давомида сув тошқинлари дунё бўйича 424 млрд. доллар миқдорида иқтисодий зарар етказган, 126 000 одамнинг қурбон бўлишига сабаб бўлган. Шу йилдаги сув тошқинларидан биргина Германиянинг ўзи 12 млрд. евро миқдорида иқтисодий зарар кўрган.

Сув касаллик манбаи

Сув барча ифлосликларни ўзи билан олиб юради. Бу ифлосликлар сув билан бизнинг организмимизга тушиб ҳар хил касалликлар келтириб чиқаради. Сув ўзи билан чексиз миқдорда ва жуда ҳам хилма-хил микроорганзмларни олиб юриши мумкин. Шу йилнинг ўзида дунё бўйича 6 млн.дан ортиқ одам юқумли касаллик оқибатида вафот этган. Уларнинг катта қисми касалликни сув орқали юқтирган.

Бундан ташқари сув ўзида турли туман моддалар, шу жумладан ҳар хил заҳарли моддалар ҳамда оғир металларни олиб юриши мумкин. Бундай сув истеъмол қилинганда киши организмига тушиб қолган заҳарли моддалар танани заҳарлайди. Оғир металлар эса организмдан чиқиб кета олмай, ички аъзоларда ўтириб қолади. Натижада буйрак, жигар каби муҳим ички аъзолар фаолияти бузилади.

Бу аъзоларда аста-секин сурункали касаллик аломатлари пайдо бўлади. Кейинчалик бу аъзо ўз функциясини бажара олмай қолади.

Статистик маълумотларга қараганда дунё бўйича шу йилнинг ўзида 837 мингдан ортиқ одам ифлосланган сув истеъмол қилиш оқибатида заҳарланиб вафот этган.

Сув жодуси

Сувда яна бир хусусият борки, у атроф оламдаги маълумотларни ўзига сингдириб олади, шу жумладан, салбий маълумотларни ҳам. Фан олами сувдаги бундай хусусиятни яқин-яқинларгача ҳам инкор этиб келган бўлса, ҳозирги кунда олимлар одамларнинг ёмон кайфиятлари ва ғаразли ниятларини сув ўзида маълумотлар базаси шаклида сақлаши мумкинлигини айтмоқдалар ва бу борада изланишлар олиб бормоқдалар.

Олимлар қадимдан одамлар ўзлари ёмон кўрган одамларни жодулаш учун сувга жоду ўқиб ичиришганлиги оддий уйдирма гаплар эмаслигини, бу бор нарса эканлигини исботлаб бердилар ва ҳозирги кунда сув яна қандай маълумотларни ўзида сақлай олиш ва узатиш қобилиятига эга эканлигини аниқлаш мақсадида бутун бошли илмий лабораторияларнинг олимлари бош қотирмоқдалар.

Фойдали сув

Сув кўплаб офатлар сабабчиси бўлиши билан бирга, ҳар бир организмнинг тириклигини ва ривожланишини белгилаб берувчи восита бўлиб, кўплаб фойдали хусусиятларга эга. Бундай фойдали хусусиятга, яъни инсон танасини озиқлантирувчи, тозаловчи, ёшартирувчи, касалликлардан фориғ қилувчи хусусиятлар киради.

Фойдали сувлар қаторига одамлар яшамайдиган, ёвузликлар содир этилмайдиган, яъни ҳайвонлари овланиб маишатпарастликлар ўтказилмайдиган тоғлардан оқиб тушувчи жилға, ариқ ва анҳорларнинг, бундай жойлардан ёки бундай жойлар этакларидан оқиб чиқувчи булоқларнинг, текисликлардаги ифлосланмаган ҳудудларнинг ер остидан чиқариб олинган сувлари киради.

Сув барча ифлосликларни ўзига олгани каби ер остидаги ҳар хил минераллар қатлами орқали ўтган сув ҳам бу минерал қатламларнинг минерал тузларини ўзига олади ва шифобахш сувга айланади.

Сув – шифо

Сув ҳар хил маълумотларни ўзига олгани каби яхши гап, яхши ўй-фикрлар ҳақидаги маълумотларни ўзига сингдиради. Бежизга қадимдан одамлар дини ва эътиқодидан қатъий назар сувга дуо ўқиб уни касалманд одамларга ичиришмаган. Бундай сув шифобахш ҳисобланади. Оддий сувни қўлингизга олиб унга яхши фикр, яхши гап ва ниятлар билан мурожаат қилсангиз у шифобахш сувга айланади.

Сув билан суҳбатлашинг

Бинобарин сув ўзида маълумотларни сақлаш хусусиятига эга экан, у билан асло ёмон муносабатда бўла кўрманг. Сувни ифлослантириш, унга қаҳр билан муносабатда бўлиш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Агар бунга исбот қидирсангиз, муз шаклидаги айсберг билан иккига бўлиб ташлаб кейин ўз домига тортган “Титаник” кемаси ва шунга ўхшаш кўплаб фавқулодда вазиятларни эсланг ёки дарё бўйига чиқиб унинг қирғоғидаги ҳовлиларга эътибор беринг. Агар бу ҳовлиларга яхшилаб назар солсангиз улардан баъзилари сув тошқини оқибатида талофат кўрганини, бу талофат баъзи ҳовлиларда камроқ, бошқаларида кўпроқ бўлганини, баъзи уйлар бутунлай вайрон бўлганини кўрасиз. Гўёки сув “ақл” билан иш тутган. Шунинг учун сув билан яхши муносабатда, мулойим муносабатда бўлинг, беҳудага уни ифлосламанг, қаҳр билан, жаҳл билан сувга қараманг. Уни эъзозланг. Энг яхшиси сув билан ширин орзуларга берилган ҳолда яхши ниятларга бой суҳбатда бўлинг.

Сувнинг тинглаш, қабул қилиш ва ахборот узатиш сифатлари тўғрисида кейинги пайтларда кўп гапирилмоқда. Яхши сўзлар ва ниятлар айтилиб кейин ичирилган сув беморга ижобий таъсир кўрсатиши ҳақида кўплаб мақолалар ёзилмоқда, маълумотлар берилмоқда, кўрсатувлар тайёрланмоқда.

Кузатишлар шуни кўрсатадики, ширин сўзлар билан “бойитилган” сув қуйилган гуллар оддий сув қуйилган гулларга нисбатан тезроқ ривожланган.

Ёмон сўзлар, жанжалли жойдаги сувлар ҳам шу ахборотни қабул қилади ва истеъмолчига узатади.

Хулоса қилиб шуни айтамизки, сувга нисбатан ҳурматсизлик қилинган жойда агар у жой тоғли ҳудуд бўлса сув оддий бир кемирувчи — каламуш, юмронқозиқ инига кириб уни қишда музлатиб кенгайишга мажбур қилади, кейинги йилда ёриқ пайдо қилади. Кейинги йилда ёриқдан пастки ҳудудни таг-тагигача ивитиб кўчки пайдо қилади. Миллионлаб тонна ер қатлами сурилиб, кўчиб, йўлида учраган барча нарсани янчиб кетади. Текислик жойларда ер ости бўшлиқларини тўлдириб ер усти мувозанатини сақлаб туради. “Жаҳли чиқса” бу жойни тарк этиб — қурғоқчиликка сабаб бўлиб, ёки аксинча, жала билан ер қатламини ивитиб ернинг чўкишига - хонадонларимиз чўкишига сабабчи бўлади.

СУВНИ ҲАҚОРАТ ҚИЛМАНГ!

Муҳиддин Тинибеков,

Фуқаро муҳофазаси институти катта ўқитувчиси

3.22 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.22 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.13 / 1
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 1

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
0 та фикр