«Дада, мен кам таъминланганманми?» ёхуд болалик орияти

Болаликнинг орияти кучли бўлади... У ўзини бировдан кам қўймайди. Қўёлмайди. “Мен зўрман, менинг отамдан кучли, менинг онамдан яхши одам йўқ”, дейди. Аммо баъзан мана шу ишонч, ғурурнинг эҳтиётланмаслиги, авайланмаслиги мурғак қалбга қаттиқ ботади. Ўзига бўлган ишончни сўндиради. Охир-оқибат, уни руҳан муте инсонга айлантириб қўйиши ҳам ҳеч гапмас.

Яқинда ёш бир муаллим билан суҳбатлашиб қолдим. Ўқитувчининг барча ўқувчиларга бир хил муносабтда бўлиши, уларни тенг кўриши, ажратмаслиги кераклиги, бола психологияси ҳақидаги фикрларини берилиб тингладим. Ўқувчи бошқа ўртоқларидан ажраб қолса, бу унинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилиши, пировардида бу ўқишдан буткул совутишини ёш муаллим кўп такрорлади. Фикрларини асослар экан ўз ҳаётидан келтирган мисол мени ўйлантириб қўйди ва баъзи масалалар ҳақида мулоҳаза юритишга ундади.

− Қиш эди. Бошланғич синфда ўқиётганимизда беш-олти синфдошимиз мактабга бир хил яп-янги кийимда келди. Оёқларидаги этиклари ҳам, қалпоқлари ҳам ўхшаш. Фақат қизларники ўғил болаларникидан бироз фарқ қилади. Танаффус пайти ҳаммамиз ҳайрон бўлиб, уларни сўроққа тутдик.

– Вой, бунақа уст-бошни қаердан олдинглар? Нимага ҳаммангизники бир хил? Жудаям антиқа эканми? Худди эгизакларга ўхшаб қолибсизлар... Улар негадир бу саволлардан ўнғайсизлана бошлади. Шунда бир билағон синфдошимиз: “Мен биламан. Булар кам таъминланганлар. Шунинг учун бу кийимларни уларга давлат берибди, аям айтди”, – деб қолди. Бирдан синфда ғала-ғовур кўтарилди. Биз “кам таъминлаган” нималигини тушуниб-тушунмай, бу дўст ва дугоналаримизни мазах қилдик. Кулдик. “Булар кам таъминлаган экан”. “Қаранглар, бу кийимда масхарабозга ўхшаб қолишибди”... Дадаси йўқ Нигора билан Умида йиғлаб юборди. Эсласам, ўшанда улар аччиқ кўзёш қилган экан. Салим деган бола эса бу сўзларга парво қилмади. Аммо Шокир (дадаси ногирон синфдошимиз) “Мен кам таъминланмаганман! Ўзларинг ўшанақасанлар! Мен кам таъминланмаганман! Мана сенларга”, деб эгнидаги куртка, бошидаги қалпоқ ва оёғидаги яп-янги этикни ечиб, бизга қарата отди. Кейин ялангоёқ, юпун, кўзида ғазаб ва алам билан югуриб чиқиб кетди... Шу-шу ҳар йили давлат томонидан бериладиган бундай кийимни кўпчилик синфдошлар, мактабнинг бошқа болалари ҳам киймай қўйди. Ўшанда ўқитувчимиз ақлимизни киритиб қўйгани сабабли кейин ҳеч уларнинг устидан кулмадик. Аммо ғишт қолипдан кўчганди... Шокир этиги йўқлиги учун қишда кўп дарс қолдирса-да, қайтиб бу кийимларни киймади. Йиртиқ-ямоқ бўлса-да, ота-онаси олиб берган эски этикда юрди. Салим эса аввалига уялиброқ, кўпчиликка қўшилмай юрди. Охири мажбурликдан кўникди. Нима қилсин, ота-онаси ҳаракат қилмаса, ишламаса... Орадан йиллар ўтиб, кап-катта йигит бўлса-да, у бугун ҳам негадир шундай ёрдамга муҳтож... Шокир эса орамизда энг бой-бадавлат йигит. Ҳам энг ориятли. Ҳарқалай, мен шундай ўйламан.

Ўқитувчининг бу гаплари болаликнинг орияти нақадар кучли бўлишини, аммо у асралмаса, кўп нарса бой бериб қўйилишини англатарди. Шу пайт раҳматли бобомнинг инсонлар оғир кунларда бир-бирига яхшилик қилиши керак, аммо бу пинҳон, ҳаммага овозаланмай қилинса, савоби ҳам, фойдаси ҳам кўп бўлади, деганини эслайман.

− Мустақилликдан кейин давлатга ҳам, халққа ҳам осон бўлмаган, – дерди бобом. – Шундай бўлса-да, камбағаллар, бева-бечоралар ташлаб қўйилмади. Имкон борича, маҳалла-кўй, қариндош-уруғ бир-бирларига ёрдам қилиб, шу кунларга етиб олдик. Эсласанг, кўзингга ёш келади, болам.

Шу гаплар ҳақида ўйлаб, ўша болалик хотираларини эслаб, мен ҳам ўзимча хулосалар ясайман. Фикр қиламан.

Бугунги кунда ҳам ёрдамга муҳтож оилаларга давлат томонидан катта эътибор қаратиляпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3268-сонли Қарори ҳамда 2018 йил 22 январда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисидаги ПФ – 5308 – сонли Фармони бу борада дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

2017 йил давомида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, вояга етмаган фарзандлари бўлган оилаларни қўллаб қувватлаш, соғлиғини тиклаш ва якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар ҳамда табиий офатдан жабр кўрган 24 536 нафар фуқарога 7424,9 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

Юқоридаги рақамларни бежиз келтирмадик. Уларда қанчадан-қанча инсонларнинг дард-у ташвиши, шунинг билан бирга қувончи ҳам кўриниб турибди. Минглаб оилаларнинг оғири енгил, бева-бечораларнинг мушкули осон бўлди. Аммо...

Масаланинг бошқа жиҳати ҳам борки, айтмаслик ўз айбимизни яшириш бўлади, менингча. “Мен одамларга балиқ эмас, қармоқ бераман, токи ўзлари тутиб есин, боқимандага айланмасин”, деган экан бир донишманд. Орамизда шундай кишилар ҳам борки, уларни кўпроқ “қармоқ” эмас, “балиқ” қизиқтиради. Таклиф этилган ишнинг маоши, шароитини кўпам маъқул кўравермай, тайёр “балиқ”қа кўз тикади.

Шуларни ўйлайман-у, суҳбатдош ўқитувчи айтиб берган манзара ичимда ғалаён уйғотаверади... Болалик орияти... Шокирнинг алам билан чопқиллаб кетиши...

Шу ўринда бир таклиф туғилди. Бола давлат томонидан “кам таъминланганлар” учун бериладиган кийимни кийишга уялар экан, унда бу ёрдамни бошқа шаклда қилиш керакдир, эҳтимол. Масалан, ҳамманинг олдида бир хил кийим-кечак бермасдан, яширинча боқувчисига пул берилса, улар сотиб олиб беради. Мактабларда ўқувчилар учун бир хил форманинг жорий этилаётгани ҳам балки бундай ҳолатларга буткул барҳам берар. Ҳа, шунда муаммонинг ечими анча осон бўлар экан. Кимдир бу билан нима ўзгариб қолади дейиши мумкин. Тўғри, кўп нарса ўзгармайди. Аммо бола кўнгли, ғурури бутун сақлаб қолинади...

3.64 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.64 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.15 / 8
  • Муштарийлар баҳоси
    4.35 / 18

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Jabbor Mavlonov 25/04/2018
3 Hayot Samarqandiy 25/04/2018
5 Шаҳноза Рофиева 25/04/2018
3 25/04/2018
3.5 Charos Omonova 26/04/2018
3 Murodxoja Muratov 26/04/2018
4 Aziza Qurbonova 26/04/2018
2.5 Madiyorbek 26/04/2018
4 VeeBoo - Sardor Karimov 26/04/2018
5 Хуршиджон 26/04/2018
3 Улуғбек Каримов 26/04/2018
5 Elmurod Nishonov 27/04/2018
5 Ғолиб Абдужабборов 27/04/2018
5 Ma'mur Parmonov 28/04/2018
5 Zuhriddin Qilichev 28/04/2018
5 Vahob Malikov 28/04/2018
5 Иброҳим Азиз 28/04/2018
4 Dilmurod Do‘stbekov 30/04/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
8 та фикр