Буни ҳар биримиз билишимиз керак!

Блогерлар чемпионатини кузатиб боряпман. Мақолалар турфа хил. Ҳаммасида муаммолар кўтарилган. Ечим топишга ҳаракат қилинган. Ўйлашимча, ҳаёт фақатгина муаммолардан иборат эмас. Аслида шу муаммоларни келтириб чиқарувчилар ҳам, унга ечим топувчилар ҳам ўзимиз. Шу сабали мен мақоламда муаммо ҳақида эмас, балки айрим ҳолатларда муаммога дуч келганимизда қандай йўл тутишимиз кераклиги ҳақида ёзишга қарор қилдим.

Ҳар биримиз истеъмолчимиз. Истеъмолчи сифатида алданиб қолмаслик учун нима қилиш керак?

Масалан, муддати ўтган маҳсулотларни харид қилдингиз. Қандай чора кўриш мумкин? Маҳсулотни ташлаб юборасиз ёки алмаштириб беришларини сўраб, яна ўша савдо дўконига борасиз. Ёки ишларингиз кўп эди, харидга зўрға вақт ажратгандингиз, «арзимаган пул турса, бошқасини оларман», қабилида иш тутасизми? Ҳурматли харидор! Бу борада сизнинг ҳуқуқларингиз бор.

Ўзига зарур сифатга эга бўлмаган товар сотилган харидор, агар нуқсонлар сотувчи томонидан айтилмаган бўлса, ўзининг танлашига кўра сотувчидан (озиқ-овқат товарларига нисбатан харидор харид қилингандан кейин 24 соат мобайнида бундай ҳуқуққа эга бўлади):

айнан шундай маркадаги (модел, артикулдаги) товарга алмаштиришни;

харид нархини тегишли равишда қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда бошқа марка (модел, артикул)даги айнан шундай товарга алмаштиришни;

харид нархи мутаносиб равишда камайтирилишини;

товарнинг нуқсонлари дарҳол бепул бартараф этилишини;

товарнинг нуқсонларини бартараф этиш харажатлари қопланишини талаб этишга ҳақлидир.

Бунда харидор зарур сифатга эга бўлмаган товар сотилганлиги оқибатида ўзига етказилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.

Савдо дўконидасиз. Бир қўлингизда харид қилинган маҳсулотлар, бир қўлингиз билан телефонда гаплашяпсиз. Касса олдидасиз. Сотувчи пластик картангиздан пул ечиб оляпти. Суҳбатингиз қизигандан-қизиди. Сотувчи қўлингизга харид чекини тутқазди. Хотиржам дўкондан чиқиб кетдингиз. Кечга бориб пластигингиздан икки марта пул ечиб олинганлигини sms хабарнома орқали билиб қолдингиз. Нима қиласиз? Тўғри, sms хабарномани ўша савдо дўкони сотувчисига олиб бориб баҳслашасиз, асабларингиз таранглашади. Пулингизни қайтариб оласиз. Бу жараённинг қонуний ечими қандай?

Пластик картадан икки марта пул ечиб олинганда кимга мурожаат қилиш керак?

Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида банк пластик карточкалари орқали тўловларни қабул қилиш бўйича тўлов терминалларининг мавжудлиги ва улардан фойдаланиш устидан назорат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш объектлари томонидан тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ҳамда улардан фойдаланиш талабларига риоя этилмаганлиги назорат-касса машиналарини ўрнатиш ҳамда фойдаланиш тартиби, савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш қоидаларини бузишга тенглаштирилади ҳамда улар зиммасига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарлик юкланади.

Кафе ёки ресторанда овқатдан заҳарлансангиз нима қилиш керак?

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ — ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланишини талаб этишга;

бузилган ҳуқуқлари ёки қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этишга;

cотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартнома муносабатларига киришган-киришмаганидан қатъи назар, ҳар қандай истеъмолчи товар (иш, хизмат)нинг нуқсони туфайли етказилган зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Театр, концерт билетларини концерт томоша бошланмасдан олдин кассага қайтариш мумкинми?

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгиланган. Шундай экан, истеъмолчи концерт томошалар бошланмасдан олдин чиптани қайтариш ҳуқуқига эгадир.

Қийимларни кимёвий усулда тозалаш (химчистка) дўконида кийимингиз ёки гўзаллик салонида сизга зарар етказишса...

Агар ижрочи шартнома шартларини иш (хизмат)ни ёмонлаштирган даражада жиддий бузган бўлса ёхуд ишда (хизматда) бошқа жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига кўра нуқсонлар бепул бартараф этилишини, бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини, худди шундай сифатли шу хилдаги материалдан бошқа буюм бепул тайёрлаб берилишини ёхуд ишнинг такроран бажарилишини ёки шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли.

Чекда сотувчи айтган нархдан баландроқ нарх кўрсатилган бўлса, нима қилиш керак?

Истеъмолчи сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эга, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) эса, назорат-ўлчов асбобларини, нархга доир ҳужжатларни тақдим этиши, товарни ишлатиб кўрсатиши, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши, зарур бўлса, товарни экспертизага юбориши шарт.

Авиарейс бекор қилинганда, истеъмолчининг қандай ҳуқуқлари бор?

Ҳаво лайнери ҳаракат жадвали авиакомпанияга боғлиқ сабабларга кўра ўзгартирилса, йўловчи:

— ҳаво лайнери ҳаракати жадвалининг ўзгариш сабабини билиш, аниқлаш;

— тизимдаги узилишлар тахминан қанча вақт давом этиши мумкинлигини билиш;

— авиакомпания ходимларига қолдирилган рейсни бошқа рейсга ўзгартириб беришни сўраб мурожаат этиш;

— чипта пулини ҳеч қандай жарима тўловларисиз қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

4.08 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    4.08 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.36 / 5
  • Муштарийлар баҳоси
    4.55 / 7

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Aziza Sobirova 31/05/2018
4 Farhod Abdurahmon 01/06/2018
4 G'ayrat Norqobil 01/06/2018
4.5 Doniyorbek Yulchiev 01/06/2018
5 Beknazar Raxmatov 01/06/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
5 та фикр