«Бу — менинг касбим, бироқ мен террорчи эмасман!»

Shukhrat Sattorov
Саралаш

Матбуот эркинлиги индексига кўра, сайёрамизнинг 13 фоиз аҳолиси эркин журналистикани кузатар экан. Яъни, журналистика эркинлиги таъминланган жамиятлар сони у қадар кўп эмас. Аксинча, аксарият ҳукуматлар журналистикани жиловлашга уринади ва журналистларга таҳдид ўтказади. Ваҳоланки, журналист – террорчи ёки танқид – зўравонлик дегани эмас.

Журналистнинг биргина айби бор – сукут сақлашни билмайди. Жонини хатарга қўйиб, ҳақиқатни ошкор қилган журналистнинг мақсади – ноҳақликка чек қўйиш, холос. Ҳақиқатни айтиш ёки журналистика жиноятми?

Журналистдан нега қўрқишади?

«Учта нарсани узоқ вақт яшириш имконсиз: қуёш, ой ва ҳақиқатни», — деган эди Будда.

Тинчлик ҳаётнинг гўзаллиги, болалар кулгиси, фуқаролар ҳамжиҳатлиги, тараққиётнинг тагзамини эканини биламиз. Тинчлик – ноҳақлик устидан қозонилган зафар эвазига қўлга киритилган ҳақиқатнинг меваси.

Ахборот урушлари авж олаётган бугунги дунёда ҳақиқат оёқкийимини кийгунча ёлғон дунёнинг бошқа чеккасига етиб бормоқда.

Катта миқдордаги бойликни ноқонуний ўзлаштириш, мансабни суиистеъмол қилиш, таниш-билишчилик ва коррупция авж олган жамиятларда журналистлар таъқиб қилинади, сиқувга олинади. Бундай давлатларда журналистдан қўрқишади ва уни ёмон кўришади, кези келганда сазойи қилиб, халқ душманига чиқаришади. Чунки журналист ёлғонни фош этувчи хавфли қурол – ҳақиқат учун курашади.

Журналистикани «бўғиш»дан ким манфаатдор?

1735 йил. «New York Weekly Journal» нашрининг журналисти Жон Питер Зенгер матбуот тарихида илк марта амалдорлар қаттиқ танқид қилинган мақолани эълон қилади. Мақола жиноятни одат қилган амалдорларга жамиятда кучли душманлари борлигини англатиб қўйди. Ўшандан бери журналистика ва қўли эгри амалдорлар ўртасидаги адоват давом этиб келади.

Мансабдорлар орасида ҳақиқатни хушламайдиганлари ҳар доим топилган. Танқидий фикрлайдиган одамни қора қутининг оқлигига ишонтириш қийин. Бундай одамлар сохталаштирилган ҳақиқатни пайқайди, охир-оқибат буни фош қилади – журналистларни ёлғон билан бошқаришнинг имкони йўқ.

Танқид – халқ дардига малҳам

Жамиятни самога интилган варрак деб тасаввур қилсак, журналистларни унинг қаршисида эсаётган шамолга қиёслаш мумкин: қаршидан эсгани билан, шамол варракнинг мақсади учун хизмат қилади.

Танқид – халқ дардига малҳам. Тасаввур қилинг, ногаҳон қаршингиздан чиққан табиб йиллаб қонаб, йиринглаб ётган жароҳатингизга малҳам босса, сиз унинг юзига шапалоқ торта оласизми?

Сўнгги йилларда интернет нашрларида нотариус хизматларининг қаттиқ танқид қилингани, хорижга ишга юборадиган давлат ташкилотларида коррупциянинг борлиги очиқ-ойдин эълон қилингани, прописка муаммосининг дадил олиб чиқилгани, айрим ҳоким ҳамда мансабдорларнинг қилмишлари жасурлик билан фош этилгани, турли қинғир ва хато ишларга қарши жамоатчилик назоратининг ўрнатилгани ўзбек журналистикасида алоҳида феноменал ҳодиса сифатида ўрганилиши мумкин.

Ўзбек интернет журналистикасида янграган «халқнинг овози» ҳукуматни бефарқ қолдирмади. Давлат раҳбарлари муаммоларни бартараф қилиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаб беришди, ижобий натижаларга гувоҳ бўлаяпмиз. Бунинг мукофоти эса – халқнинг ишончи.

Журналистикага эркинлик берилса нима бўлади?

1804 йилда АҚШ давлат арбоби Томас Жефферсон халққа йўллаган мактубида шундай ёзади: «Бизнинг биринчи мақсадимиз фуқароларимизга ҳақиқат сари барча йўлларни очиш бўлмоғи лозим. Бунинг энг самарали йўли матбуотга эркинлик беришдир. Ўз хатти-ҳаракатларидан қўрққанлар эса матбуотга қарши курашадилар».

Эътибор қилинг, Финландия, Нидерландия, Норвегия, Германия матбуотга эркинлик берган жаҳондаги пешқадам давлатлар ҳисобланади. Энди янаям яхшилаб диққат қилинг, коррупция бўйича жаҳон рейтингида коррупция авж олганлиги бўйича энг паст кўрсаткич ҳам айнан ана шу давлатларга тегишли.

Ривожлана олмаётган давлатларнинг тақдири улардаги табиий бойликларга боғлиқ эмас. Коррупуция «учинчи дунё» мамлакатлари мағлуб бўлаётган ягона ғанимдир.

Хулоса аниқ: эркин журналистика коррупциянинг уруғини қуритади. Журналистика сукут сақлашни билмайди. Жамиятга таъсир қилишнинг самарали усули ва ривожланиш қуроли – журналистика.

Дўст ачитиб гапирар...

1994 йилда Жанубий Африка Республикасининг президенти этиб сайланган Нелсон Мандела инаугурация маросимида ушбу фикрларни баён қилади: «Танқидий, мустақил ва ҳақиқат ортидан қолмайдиган изланувчан журналистика ҳар қандай демократиянинг қон томиридир».

Журналист – ҳукуматнинг ҳам, халқнинг ҳам дўсти. Яқин дўстингиз башарангиздаги доғни артиб ташлашни сўраса, уни қийноққа солиб, бўйнига сиртмоқ ташлайсизми ёки шундай дўстингиз борлигидан хурсанд бўлиб, унга раҳмат айтасизми?

Ушбу мақолани ёзиш асносида кўплаб танқидий мақолалари билан танилган дўстимнинг куюнчаклик билан «мен журналистман, бироқ бу террорчиман дегани эмас-ку» деган фикри ёдимга тушди.

Ислом динида ҳақиқатгўйликка диннинг тагзаминларидан бири сифатида қаралади. Ҳақиқатни айтиш ва ёлғондан қочиш чин мусулмонга хос муҳим фазилатдир. Модомики, ҳақиқат ҳақ диннинг асосларидан экан, шубҳасизки жамият унингсиз илгари бора олмас. Шундай экан, журналистика хатоларни айтиб, тўғри йўлни кўрсатар экан, журналистга зуғум қилиш тараққиёт йўлига тўсиқ бўлишга тенг.

3.96 / 23

  • Ҳакамлар баҳоси
    3.96 / 23
  • Блогерлар баҳоси
    4.18 / 14
  • Муштарийлар баҳоси
    4.36 / 23

Ушбу блогпост учун овоз бериш муддати тугаган

5 Farhod Allamuradov 24/04/2018
3.5 Baxtiyor Ahmad 25/04/2018
5 Javohir Izzatullaev 26/04/2018
5 Kareem Abduljabbar 28/04/2018
5 Shukhrat Sattorov 30/04/2018
5 Rivojiddin Abdumalikov 01/05/2018
5 Elyorxon Rahimberdi 04/05/2018
4 Ботир Ғофуров 05/05/2018
3 Doston Qamariddinov 10/05/2018
4.5 Gayratjon Turdiev 10/05/2018
4.5 G'ayrat Norqobil 19/05/2018
5 Фозил Жабборов 19/05/2018
5 Mamur Akhlidinov 20/05/2018
4 Sherzod Shermukhamedov 20/05/2018
Фикр билдириш учун рўйхатдан ўтинг
5 та фикр